Фаттоҳ Назаров

Sana01.01.1970
Hajmi
#104997
Bog'liq
Фаттоҳ Назаров


Маърузали концерт
Ассалому алайкум ҳурматли устозлар ва ота-оналар!
Бугунги концертимиз таниқли композитор Фаттоҳ Назаровнинг 100 йиллигига бағишланади. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларида хизмат кўрсатган артист, дирижёр, композитор, профессор Фаттоҳ Назаров ўз ижодкорлик, дирижёрлик, ўқитувчилик ва жамоатчилик фаолияти билан 20-аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. Унинг яратган турли жанрдаги куй-қўшиқлари болалар боғчалари, ўрта таълим ва мусиқамактабларида кенг қўлланиб келинмоқда.
Фаттоҳ Назаров 1919-йил 1-январда Бишкек шаҳрида ҳунарманд оиласида туғилди. Фаттоҳ Назаровнинг мусиқага ҳаваси жуда эрта уйғонди. У онасининг аллалари, дутор чалиб қўшиқ айтишларини ва байтларини тинглаб ўсди. Маҳалланинг ўзбек ва қирғиз аҳли тўйларида янграган мусиқа садолари уни ўзига мафтун қилар эди. Унинг бахтига умум таълим мактабини битирган йили шаҳар мусиқа студияси очилди. Фаттоҳ Назаров биринчилардан бўлиб кларнет чалишни ўргана бошлади. Унинг мусиқий қобилияти ва аъло ўқишини назарга олиб, 1935-йил Ипполитов-Иванов номидаги Москва мусиқа билим юртига ўқишга тавсия этилди. Мазкур ўқув юртида кларнет ва виолончель мутахассисликлари бўйича ўқиди. Ўқув юртини битириш арафасида 1939-йили ҳарбий хизматга чақирилди. У ҳарбий қисм дамли оркестрида кларнетчи бўлиб хизмат қилди. Бу унга ўқишни битириш имконини берди. Иккинчи жаҳон уруши ҳарбий хизматдан қайтишга йўл қўймади. 1941-1944-йилларда Фаттоҳ Назаров оддий аскар бўлиб хизмат қилди.
Москва Консерваторияси қошидаги ҳарбий дирижёрлик факултетида ўқигач, у 1945-йили она шаҳрига қайтди. Бишкек драма театри мусиқа раҳбари ва Қирғизистон Давлат филармониясининг халқ чолғулари оркестрининг дирижёри лавозимларига тайинланди. 1947-йили Фаттоҳ Назаров Тошкент Давлат Консерваториясининг опера симфоник дирижёрлиги мутахассислиги бўйича ўқишга қабул қилинди. 1949-1950-ўқув йилидан бошлаб Георгий Мушель синфида композитциядан дарс ола бошлади. 1951-йили Консерваторияни дирижёрлик синфи бўйича битириб, Ўзбекистон радиоси қошидаги симфоник оркестр дирижёри лавозимига тайинланди. Сўнгра ўзбек филармониясининг симфоник оркестрига ишга ўтказилди. 1955-йили ёзган 4 қисмли симфониясига ўзи дирижёрлик қилиб, Консерваторияни битирди ва иккинчи марта диплом олишга муваффақ бўлди.
1952-1958-йилларда Муқимий номидаги мусиқали театрда дирижёр бўлиб ишлади.
1952-1982-йилларда Консерваториянинг ўзбек халқ чолғулари факултетида ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент ва профессор лавозимларида ишлади. Фаттоҳ Назаров 1948-йилда скрипка ва фортепиано учун басталаган “Қўшиқ ва рақс” куйи, ғижжак ва фортепиано ҳамда скрипка ва фортепиано учун поема, фортепиано учун “Ноктюрн”, “Марш”, “Фуга”, “Рақс”, “Вальс” каби пьесалари, скрипка ва фортепино учун “Концертино”, ғижжак ва фортепиано, дутор ва фортепиано, виолончель ва фортепиано учун пьесалар, болалар симфоник оркестри учун 4 қисмли сюита, рубоб учун “Амударё” вальс-концерти каби асарларни яратди. Фаттоҳ Назаров “Равшан”, “Куйчелек козли яр”, “Алданган қиз”, “Афсонавий шахс”, “Ҳарфлар жанги” мусиқали драмалари, “Ойгул ва Баҳтиёр” номли радиопастановкалари учун мусиқалар басталаган.
Композитор симфоник оркестр, ўзбек чолғулари оркестри, дамли оркестр, кларнет ва эстрада оркестри учун 20 га яқин сюита ва пьесалар яратди. Фаттоҳ Назаровнинг ижодий фаолиятида оммавий қўшиқ, айниқса, болалар учун ёзилган қўшиқлар устувор туради. Катталар учун “Ўзбекистон”, “Ватан меҳри”, “Теримчи қиз”, “Қайдасан”, “Қирғизистон”, “Кел бу оқшом”, “Тўй таронаси”, “Қалдирғоч”, болалар учун “Сайра, булбул”, “Пахтаой”, “Бўз тўрғай”, “Ойижон”, “Қиш чоғлари”, “Ўқувчилар саройи”, “Меҳрибоним ойижон”, “Дадажон” каби қўшиқларни яратди. Композитор болалар ва катталар учун 150 дан ортиқ турли мавзуда қўшиқлар басталади.
Фаттоҳ Назаров Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларида хизмат кўрсатган артист фаҳрий унвони билан тақдирланган. Тошкент шаҳридаги 23-Болалар мусиқа ва санъат мактабига унинг номи берилган.
Фаттоҳ Назаров 1982-йили вафот этди.
Download

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling