Баҳор келди,сени сўроқлаб

Sana01.01.1970
Hajmi
#127615
Bog'liq
Баҳор келди,сени сўроқлаб


Баҳор келди сени сўроқлаб...

Мана, замин узра яна бир сафобахш тонг отди. Борлиқни ажиб гўзаллик чўлғаб олди. Тоғ ортидан аста-секин бобоқуёш бош кўтара бошлади. Ер юзига янги ҳаёт туҳфа этиш учун кўкка кўтарила бошлаган қуёшнинг чиқиши бугун бошқача. Тонгнинг отишию, табиатнинг янги кунни қарши олиб уйғониши бугун ўзгача. Бугунги субҳнинг ҳавоси кўнгилларга хуш ёқувчи ифор билан йўғрилган. Бу турфа гўзалликларнинг барига сабаб бўлган воқелик, фаслларнинг лобар келинчаги баҳорнинг илк куни бошланганидадир.


Ҳа, бугун ўлкамизга кўклам ўз нафасини ҳадя этди. Эрта тонгдан биз баҳорнинг илк кунини, 1-март санасини қарши олдик. Бундан роппа – роса 105 йил аввал ҳам зумрад баҳор тонги худди шундай отган бўлса, ажабмас. 1915-йилнинг 1 март санасида Исроил дегрез хондонида жажжигина қизалоқнинг дунёга келиши гўёки, биз баҳорни қувонч билан қарши олганимиз каби оилага бахт олиб келган бўлса, ажабмас. Қизалоқнинг баҳор фаслининг илк кунида туғилиши Оллоҳ томонидан унинг тақдирига эл орасида суюкли инсон бўлиш битилганидан дарак, албатта. Айнан, барчамиз кўкламни қандай хуш кўрсак, ўзбек шеъриятининг гўзал маликаси, вафою садоқатда тенгсиз аёл Зулфияхонимни ҳам шундай эъзозлаймиз, эслаймиз, хотирлаймиз. Бир ўзбек аёлининг жамики эзгу хислатларини ўзида мужассам этган шоира бугун яна халқнинг эътиборию ардоғида. Зулфияхонимни бугун нафақат шеърияту адабиёт аҳли, балки барча соҳанинг фидойи инсонлари ёд этадилар. Чунки ҳар бир ўзбек хонадонида шоирага ҳавас қилиб, унинг издоши бўламан деган қизалоқлар улғаймоқда. Зулфияхоним номидаги Давлат мукофотини кўксига фахру ифтихор билан тақиб юрган юксак мукофот соҳибалари ватанимиз равнақига муносиб хисса қўшмоқда. Қизим келажакда Зулфияхонимдек улуғ шоира бўлсин дея,қизига шеъриятимиз маликасининг исмини қўйган ота-оналар фарзандини тарбияламоқда. Буларнинг бари Зулфия Исроиловага бўлган юксак ҳурматнинг ёрқин намунаси.
Зулфияхоним эса бундай улуғ бахтга осонликча эришгани йўқ. У қанчадан қанча оғир синовларга кичкина жуссаси билан дош бера олди, метиндек иродаси билан ижодини бир лаҳза бўлсада тўхтатмади, ўз орзу ва мақсадларини амалга ошириш учун фақат олдинга қараб интилиб яшади. Суюкли турмуш ўртоғи Ҳамид Олимжон билан бирга қисқагина йиллар оралиғида ҳаёт кечирган бўлса ҳам, ушбу онлар ижодкор учун энг бахтли дамлар эканини ўз сатрларида баралла куйлаб келди. Айниқса, бахт ва шодлик куйчиси, фарзандларининг меҳрибон отаси, жондан азиз бўлган ёри Ҳамид Олимжон вафотидан сўнг Зулфияхоним бундан кейин икки киши учун ижод қилиши кераклигини, нафақат керак, балки шарт эканлигини англаб етди. Катта куч, жуда кучли сабру бардош билан бу улкан маррани ҳам забт эта олди. Зулфияхоним, гарчи умрининг чорак асрини оиласининг суянч тоғи саналган Ҳамид Олимжонсиз ўтказган бўлсада, ўзини у билан ёнма ён бирга яшаётгандек ҳис этди. Шоирага фарзандлари Ҳулкар ва Омон қанот, қоғоз ва қалам нажот, шеърлари эса куч-қувват бўлди. Ёзган ҳар бир сатрида бахт ва шодлик куйчисини эсга олмай қолмади.
Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,
Ҳаётни куйлайман чекинар алам.
Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,
Мен ҳаёт эканман,ҳаётсан сен ҳам.
Сатрлари орқали Зулфияхоним ўзи ҳаёт эканми,демак турмуш ўртоғининг ҳам тирик эканлигини, у билан ҳамнафас яшаётганини эътироф этиб ўтган. Зулфияхонимнинг Ҳамид Олимжон хотирасига бағишлаб ёзилган ҳар бир сатри замирида шоирнинг ўлмаганлигига,доим хаёлида яшашига ишора қилиши билан дийдорлашиш онлари борлигига ишонч руҳи мужассам. Худди шундай сатрлардан яна бирига мурожаат этамиз:
Сени бирдан жонсиз кўрдим,
Жоним чиқди менинг-да.
Эс-ҳушимдан ажраб турдим,
Туйғум кетди сенинг-ла.

Кошки эди, мен бошингда


Турган бўлсам ўша дам.
Кирмасмидим мен қонингга,
Бермасмидим жонни ҳам...
... Яшаш сенинг ҳаққинг дедим,
Кечир, қолдим ғафлатда.
Йўқ эди-ку бўлмоқ маҳрум
Бизнинг илк мунис аҳдда?
Бу ўз ёрини жонидан ҳам ортиқ кўрган вафодор аёлнинг сўзлари. У бахтини асраш учун бешафқат ажалга ишқини беришга ҳам тайёрлигини, уларнинг мунис аҳдида бахту саодатдан маҳрум бўлмоқлик йўқлигини,қалбида орзулар бисёрлигини дардли сатрлар ила баён этади. Умрининг сўнгги онларига қадар Ҳамид Олимжонга бўлган меҳру муҳаббати,вафою садоқатини ўз шеърларида тараннум этади. Ана шу жиҳатлари орқали Зулфияхоним ўзбек аёллари учун ибрат намунасига айланган.
Бугун Зулфияхоним ва Ҳамид Олимжон номи ҳамиша бирга тилга олинади.Буни биз Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним номидаги ижод мактаби, хиёбон ва музейнинг ташкил этилганида кўришимиз мумкин. Айнан уларга бағишлаб барпо этилган бу иншоотлар ҳақида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах шаҳрида Шароф Рашидов ҳайкалининг очилишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида шундай сўзлар бор:
“...Жиззах шаҳрида миллий адабиётимизнинг улкан намояндалари – Ҳамид Олимжон ва Зулфия хотирасига қўйилган муаззам ҳайкал очилди. Уларнинг номи билан аталган хиёбон, ижод мактаби ва музей ўз ишини бошлади. Бу маънавият кошонасининг эшиклари нафақат Жиззах вилояти, балки бутун мамлакатимиз ёшлари учун очиқдир... Бор-йўғи ўттиз беш йил яшаб, адабиётимиз осмонида чақмоқдек чақнаган нодир истеъдод соҳиби Ҳамид Олимжон ва атоқли шоира Зулфияхонимнинг ҳаёт ва ижод йўли ёш авлодимиз учун ҳар жиҳатдан ибрат намунасидир. Ана шу ижод маскани ёшларимиз, энг аввало, мунис ва лобар қизларимизнинг истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш, уларни Зулфияхоним каби вафодор, доно ва оқила, ўз юртига садоқатли инсонлар этиб тарбиялашда мустаҳкам замин бўлади...”
Дарҳақиқат,мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек,Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним ҳаёт йўли ва ижодий мероси жуда катта ибрат мактабидир. Зулфияхоним ҳақида эса севимли шоиримиз Эркин Воҳидов шундай деган: “Зулфия сингари сиймолар халқнинг бахти бўлиб яраладилар. Бу бахт, аввало, ўзбекники, Ўзбекистонники, сўнгра эса дунёники.”
Бугун илк баҳор тонгиданоқ ўзбекнинг, Ўзбекистоннинг, қолаверса дунёнинг бахтли аёли Зулфияхонимни хотирлар эканмиз, шоиранинг номи мангуликка муҳрланганлиги билан аҳамиятли эканини унутмаслигимиз лозим. Шоиранинг таъбири билан айтганда эса, унинг бахти ўзбекнинг Зулфияси эканлигида.
Download

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling