АМИН ВАФОЕВ

Sana01.01.1970
Hajmi
#130188
Bog'liq
АМИН ВАФОЕВ


АМИНБОЙ ҲОЖИ ВАФОЕВ ЭГАМБЕРГАН ЖУМАТОВ ҲАҚИДА.
Мен туғилиб ўсган Сақтиён қишлоғини Қиличниёзбой канали Боғолон қишлоғидан ажратиб туради. Каналнинг ўнг қирғоғида Сақтиён, чап қирғоғида Боғолон қишлоғи жойлашган. Коллективлаштириш даврида 1927 йил Гурланда биринчи колхоз ташкил қилинган. Бой-бадавлат кишилар Зокир Эшон боболарнинг мол мулки мусодара қилиниб, шу мулклар эвазига янги от-арава, ҳўкиз-омоч ва бошқа мулклар базасида “Болтаев” номли колхоз тузилган. Гурлан туман ижроия комитети раиси бўлиб ишлаган Қўшман “сари” деган киши раис бўлган. Айтмоқчиманки бизнинг қишлоқ аҳолиси неча йиллардан буён Боғолонликлар билан қалин дўст бўлиб, борди-келди қилиб, аҳилликда ҳаёт кечирганлар. Мен 1959 йил район партия комитетида Боғолон қишлоғи бўйича инструктор бўлиб ишладим. У пайтлари Юқори Боғолорнда Матқурбон ака раис, Собир Холметов бухгалтер, Қуйи Боғолонда Салим ака раис, Абдужаббор ака бухгалтер, Тўра ака агроном бўлиб ишлар эдилар. Боғолон эли жуда меҳнаткаш, очиқкўнгил, саҳий, тиниб-тинчимас халқ. Меҳнат баробарида таълим ва тарбияни юксаклиги билан бу қишлоқ аҳолиси таҳсинга сазовор. Қишлоқ ва колхоздан турли соҳаларда кўплаб мутахассислар, олий маълумотли кишилар, етишиб чиққани сўзимнинг яққол исботи.
Мен меҳнат фаолиятим давомида жуда кўплаб боғолонликлар билан бирга ишладим. Жумладан Боғолон раислари Солий Ҳайитбоев, Жумабой Аллоберганов, Матқурбон ака кабилар. Боғолоннинг гўзал боғлари, поёнсиз далалари, серҳосил ерлари ҳар бир кишининг кўнглида хавас уйғотади. Бу гўзал боғлар, ҳосилдор далалар барпо бўлишида, қишлоқ аҳолиси турмуши равнақ топиши замирида кўплаб раҳбар ходимлар ва Боғолон аҳолисининг мислсиз меҳнатлари ётади.
Боғолонни эслаганимда кўз ўнгимда биринчилардан бўлиб Эгамберган Жуматов гавдаланади. У кишини чин маънода Боғолон ва Гурланни бирлаштирувчи кўприк дейиш мумкин. Сабаби Эгамберган Жуматов Гурланлик дўст ва қадрдонларини асло унутиб қўймайди, тўй-у маърака, яхши-ёмон кунларда ҳамиша елкадош бўлиб туради. Биз Эгамберган билан меҳнат фаолиятимиз давомида кўп учрашганмиз, бирга ишлаганмиз. Бир-биримизга ҳурматимиз, меҳримиз баланд. Хеч иккиланмай айта оламанки Эгамберган қишлоқ фаровонлиги учун борини аямасдан, кеча-кундуз тер тўкканлиги, тинимсиз меҳнатлари самараси ўлароқ бугунги кунда эл-юрт, маҳалла-кўй орасида юксак хурмат-эҳтиромга сазовор бўлди. Боғолонда, наинки Гурлан ва Янгибозорда бу кишини билмайдиган, ҳурмат қилмайдиган ва ёки ундан ёмонлик кўрган бирор кишини топмайсиз. Мен Эгамберганни тўй ва байрамларда учратганимда унинг ўзига ҳам “Сиз Боғолон ва Гурланни бирлаштириб турувчи инсонсиз, доим шундай бўлиб қолинг” дея бот-бот такрорлайман. Шундай инсонлар бор экан эллар, овуллар, маҳалла-ю туманлар орасида меҳр-оқибат инсонийлик йўқолмайди, балки янада ортиб бораверади.
АМИНБОЙ ҲОЖИ ВАФОЕВ
ЭГАМБЕРГАН ЖУМАТОВ ҲАҚИДА.
Download

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling