Ривожланиш фалсафаси

Sana01.01.1970
Hajmi
#166574
Bog'liq
Ривожланиш фалсафаси


Ривожланиш фалсафаси. Фалсафий қонунлар ( 2 соат)
Режа:

  1. Ўзгариш, ҳаракат, тараққиёт ва ўзаро алоқадорлик тушунчалари.

  2. Қарама-қаршиликлар бирлиги ва кураши қонуни.

  3. Миқдор ўзгаришларининг сифат ўзгаришларига ўтиши қонуни.

  4. Инкорни инкор қонуни.



1. Фалсафа тарихида тараққиёт тўғрисидаги ғояларнинг келиб чиқиши ва шаклланиши.
Оламдаги нарса ва ҳодисаларнинг ўзгариши, ҳаракати, ривожланиши, бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиб туриши, улар ўртасидаги алоқадорлик ва ўзаро таъсир каби масалалар азалдан олимлар, файласуфлар ўртасида турли хил баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келган. Сабаби улар ҳақида аниқ билимга эга бўлмасдан туриб, олам ва унинг тараққиёти, ривожланиш манбаи, ҳаракатлантирувчи кучлари ҳақида ва асосийси, келажак ҳақида илмий тасаввурга эга бўлиш мушкул.
Бизни ўраб турган атроф-муҳит доимо ҳаракат, ўзгариш ва ривожланишдадир. Улар ўртасида абадий ўзаро боғлиқлик, ўзаро таъсир ва алоқадорлик мавжуд бўлиб, унда ўз-ўзидан ҳаракат ҳам, ўзгариш ҳам юз бермайди.
Диалектикада тараққиёт деб, моддий объект ва маънавий омилларнинг, биринчидан, янги сифатларини юзага келтирадиган; иккинчидан, такрорланмайдиган аниқ йўналишида юз берадиган; учинчидан, қонуниятли асосда кечадиган туб ўзгаришларга айтилади. Бу тараққиёт нарса ва ҳодисаларнинг ривожланиши, ривожлантирилиши, оддий, қуйи ҳолатдан мураккаб, юқори ҳолатга томон юксалиб бориш жараёнидир.
Тараққиёт оддий ўзгаришларнинг йиғиндисига, шунчаки ривожланишига қараганда анча мураккабдир. Унга тобора тўпланиб борадиган, орқага қайтмайдиган, узоқ давом этадиган, олға қараб борадиган, қонуний ўзгаришлар хосдир.
Тараққиёт ҳақидаги фалсафий таълимотни ижтимоий фалсафа яратган. Натижада диалектик тараққиёт ҳақидаги махсус илмий назария вужудга келган. Тараққиётда диалектика алоҳида ўрин тутади. Унинг ўзи табиат, жамият, тафаккур тараққиётининг қонунлари ҳақидаги таълимотдир.
Тараққиётнинг икки асосий тури бўлиб, бири эволюцион, иккинчиси революцион (инқилобий) туб сифат ўзгаришларидир.
Эволюцион тараққиёт нисбатан секин, узоқ давом этадиган, муайян давргача пинҳоний жараёндир. Масалан, ўсимлик ва ҳайвон турларининг вужудга келиши.
Революцион тараққиёт эса тез, ошкора, портлаш, янги сифатга ўтиш жараёнидир. Масалан, XVII асрдаги Буюк француз буржуа инқилоби.
Тараққиётда 2 майл – йўналиш бўлиб, булар прогресс ва регрессдир.
Прогресс (лот. “progressus” – олға қараб ҳаракатланиш, муваффақият) – мураккаб тараққиётнинг бир йўналиши бўлиб, бунда қуйидан юқорига унча мукаммал бўлмаганликдан мукаммалликка ўтиш содир бўлади.
Регресс прогресс тушунчасига кескин қарама-қарши туради ва кейингиси, биринчисининг акси ўлароқ, илгариланиш ҳаракатининг барҳам топишини ифодалайди.
Прогресс ҳақидаги ғоялар қадим даврлардан бери мавжуд бўлиб, фалсафада асосан, бутун дунёда инсоният фаолиятида прогрессив ўзгаришлар содир бўлиши ҳақидаги масала тарзда илгари сурилади.
Прогресс ёки регресс мезонларини аниқлаш бўйича фалсафа тарихида якдиллик бўлмаган ва у ҳозир ҳам йўқ. Масалан, қадимги юнон файласуфлари Гесиод, Сенека нуқтаи назаридан тарих ҳолатларининг прогрессив, бошқа юнон файласуфлари Афлотун (Платон), Арасту (Аристотель) ғояларида эса улар цикллар даврий алмашинуви тарзида намоён бўлган.
Қадимги донишмандлар ғояларини янгича нуқтаи назардан такрорлаган файласуфлар ХХ аср фалсафасида ҳам бор. Масалан, Ғарб ва Шарқнинг етук билимдони ҳисобланган, дунё фалсафаси ва динларни теран ўрганишга ўзини бахш этган ва ислом сўфий донишмандлигининг изчил намояндасига айланиб, Қоҳирага кўчиб бориб, сўфийлик даражасига эришган француз традиционалисти Рене Генон (1886-1951) борлиқни прогрессив эмас, балки регрессив йўналишларда ўзгаришларга дуч келганини, ўзининг “Борлиқнинг қотиб бориши” деган концепциясида баён этди. Айнан шу каби ғояни машҳур ҳинд файласуфи Ауробиндо Гхош ҳам илгари сурди.
Демак, тараққиёт оддий ҳолатдан юқори ҳолатга томон сифатий ўзгариб бориш жараёнидир, унинг асосий, туб хусусиятлари эскиликнинг йўқ бўлишидан, янгиликнинг пайдо бўлишидан иборат.

Download

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling