1- МАВЗУ

Sana01.01.1970
Hajmi
#169609
Bog'liq
1- МАВЗУ


МАВЗУ: АГРАР СЕКТОРДА БОЗОР МУНОСАБАТЛАРИГА ЎТИШНИ ҲУҚУҚИЙ ТАРТИБГА СОЛИШ.

Ўзбекистон Республикасининг аграр сиёсати. Аграр ҳуқуқининг тушунчаси ва предмети. Аграр ҳуқуқининг субектлари ва обектлари. Аграр ҳуқуқи тизими ва асосий тамойиллари. Аграр ҳуқуқининг ҳуқуқ тизимида тутган ўрни ва бошқа ҳуқуқ тармоқлари билан нисбати.


1-§. Ўзбекистон Республикасининг аграр сиёсати


Ўзбекистон Республикасининг аграр сиёсати - унинг иқтисодий сиёсатининг таркибий қисмларидан бири бўлиб, у қишлоқ хўжалиги ва унга боғлиқ хўжалик соҳаларини қамраб олади, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини ва аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни яхшилаш, аграр сектор ишлаб чиқаришининг самарадорлигини ошириш, қишлоқларни обод этиш асосида қишлоқ аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини юксалтириш вазифаларининг амалга оширилишини кўзда тутади. Аграр сиёсатни аграр иқтисодиёт соҳасида энг таъсирчан шакл ва усуллар орқали юз берадиган иқтисодий жараёнларнинг ўзаро таъсири орқали амалга ошувчи аграр секторда хўжалик-молиявий ва ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитларни яратишга қаратилган давлатнинг фаолияти сифатида кўриш мумкин.


Давлатнинг аграр фаолияти қишлоқ хўжалиги ва ҳудудларини барқарор ривожлантиришга қаратилган бўлиб, қишлоқ ҳудудларининг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг ўсиши, қишлоқ хўжалиги самарадорлигининг ошиши, қишлоқ аҳолиси тўлиқ бандлигига эришиш ва турмуш даражасининг ошиши, қишлоқ хўжалик мақсадларига мўлжалланган ерлардан оқилона фойдаланишни ташкил этиш каби масалаларни қамраб олади.
Давлатнинг аграр сиёсатни амалга оширишдаги асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
1. Ҳуқуқий тартибга солиш вазифаси – қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари фаолиятининг ташкилий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа асосларини тартибга солиб турувчи ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва уларга риоя этилишини назорат қилиш.
2. Ҳуқуқий ҳимоялаш ва кафолатлаш вазифаси – аграр соҳада хўжалик юритувчи субектларни тенг шароитларда фаолият юритишини таъминлаш ва улар фаолиятига турли назорат этувчи ҳамда текширувчи органларнинг ноқонуний аралашувларини чеклаш.
3. Барқарорлаштириш вазифаси – аграр иқтисодиётда инқирозли ҳолатларни бартараф этиш, ишлаб чиқаришнинг пасайишига йўл қўймаслик, инфляция ва ишсизлик даражасини камайтириш, қишлоқ хўжалиги тармоқлари таркибининг мутаносиблигини таъминлаш.
4. Рағбатлантириш вазифаси – қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини, шунингдек, уларга хизмат кўрсатувчи тармоқлар фаолиятини турли иқтисодий дастаклар ёрдамида рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш.
5. Аналитик-таҳлил ва истиқболни белгилаш вазифаси – аграр соҳада фаолият юритаётган турли ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги хўжаликлар ривожланишини кузатиб бориш, чуқур таҳлил қилиш ва шу асосда истиқболда ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилашга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқиш.
Давлат аграр сиёсатининг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:
 қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва товар ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлигини ошириш, озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини таъминлаш;
 қишлоқ ҳудудлари барқарор ривожланишини, қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш, уларнинг турмуш даражасини, шунингдек қишлоқ хўжалигида банд бўлганларнинг иш ҳақини ошириш;
 қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши эҳтиёжлари учун қўлланилувчи табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;
 қишлоқ хўжалигида товар ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш;
 қишлоқ хўжалиги соҳасида инвестициялар ҳажмини ошириш ва қулай инвестицион муҳитни яратиш;
 қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хомашё ва қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари қўлловчи саноат маҳсулотларига нарх индексини кузатиш ва бу нархлар индекси ўзаро нисбатини ушлаб туриш.
Давлат аграр сиёсатнинг асосий вазифаларига қуйидагилар киради:
 мамлакат аҳолисини иқтисодий асосланган баҳолардаги сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш;
 қишлоқ хўжалигининг умумий даромад яратиш соҳасидаги иштирокини таъминлаш, аграр секторни ривожлантириш;
 аграр ташқи савдо сиёсатини олиб бориш, қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини яратиш;
 қишлоқ хўжалиги соҳасига инвестицияларни жалб қилиш;
 аграр теграларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш муаммоларини ҳал қилиш.
Давлат аграр сиёсатини амалга ошириш қуйидаги тамойилларга асосланади:
 қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг манзиллилиги;
 давлат аграр сиёсати ҳолати тўғрисида ахборотнинг мавжудлиги;
 қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хомашё ва озиқ-овқат маҳсулотлари бозорининг ягоналиги ва бу бозорда рақобат тенг шартларининг таъминланиши;
 давлат аграр сиёсати чора-тадбирларини амалга оширишнинг кетма-кетлиги ва унинг барқарор ривожланиши;
 давлат аграр сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг иштирокини таъминланиши.
Давлат аграр сиёсатининг асосий йўналишлари:
 озиқ-овқат товарлари билан аҳолини барқарор таъминлаш;
 қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари, хомашё бозорларини шакллантириш ва тартибга солиш, унинг инфратузилмасини ривожлантириш;
 қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватланиши;
 ички ва ташқи бозорда қишлоқ хўжалиги товар маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш;
 агросаноат мажмуаси соҳасида аграр фанни ва инновацион фаолиятни ривожлантириш;
 қишлоқ ҳудудларини барқарор ривожлантириш;
 қишлоқ хўжалиги учун мутахассисларни ўқитиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш.
Давлат аграр сиёсати негизида аграр қонунчилик шаклланади. Аграр қонунчилик қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши жараёнларида вужудга келган ижтимоий муносабатларга таъсир ўтказувчи ҳуқуқий меъёрлар йиғиндисидирдир. Аграр қонунчилик қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этишга қаратилган ер, мулкий, меҳнат ва ташкилий – бошқарув соҳаларидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солади. Ўз навбатида аграр қонунчилик ҳуқуқнинг мустақил соҳаси ҳисобланган аграр ҳуқуқининг манбаси сифатида хизмат қилади.

2-§. Аграр ҳуқуқининг тушунчаси ва предмети


Аграр ҳуқуқи - ижтимоий аграр муносабатларни тартибга солувчи, давлат томонидан ўрнатилган ва санксияланган ҳуқуқий нормалар йиғиндисини ифодаловчи мустақил ҳуқуқ тармоғи. Аграр ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ тизимидаги мустақил ҳуқуқ соҳаларидан бири бўлиб, қуйидаги белгиларга эга:


 аграр сектордан келиб чиқувчи, махсус ҳуқуқий тартибга солишни талаб этувчи, ўзига хос ижтимоий муносабатлар доирасидан иборат, мустақил ҳуқуқий тартибга солиш предметига эга;
 ушбу тармоқ предмети хусусиятларига таалуқли бўлган, аграр муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш усуллари ва тамойиллари йиғиндисини мавжудлиги;
 аграр-ҳуқуқий нормаларни кўзда тутувчи, бошқа ҳуқуқ тармоқлари манбаларидан олинмаган ва улар таркибига кирмайдиган, ўз ҳуқуқий манбасига (аграр қонунчилигига) эгалиги;
 ушбу ҳуқуқ тармоғини шакллантиришга давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун аҳамиятли бўлган аграр муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган давлат аграр сиёсатини амалга ошириш асосида кўринадиган давлат манфаатини мавжудлиги.
Бу ҳолда давлат аграр сиёсати аграр ҳуқуқининг шаклланиши ва ривожланишида субектив асос ҳисобланади. Ўз навбатида аграр ҳуқуқи аграсаноат комплекси ва қишлоқ хўжалигини узоқ муддатли ривожланиш истиқболларини белгиловчи давлат дастурларида акс этадиган давлат аграр сиёсатининг ҳуқуқий шакли сифатида кўринади.
Аграр ҳуқуқи ҳуқуқнинг мажмуалашган (комплекс) тармоғи сифатида эътироф этилади. Аграр ҳуқуқи юридик табиати бўйича турлича бўлган ҳуқуқ нормалари йиғиндисидан иборат. Бу ушбу тармоқ предметига кирувчи, қайсидир бир ҳуқуқ тармоғи нормалари билан тартибга солиб бўлмайдиган, ижтимоий аграр муносабатларнинг турли туманлиги билан боғлиқ. Бу тармоқ асосини қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ўзига хос хусусиятларини акс эттирувчи, келиб чиқиши бошқа ҳуқуқ тармоғлари билан боғлиқ бўлган махсуслашган аграр-ҳуқуқий нормалар ташкил этади. Масалан, ер, фуқаролик, маъмурий, меҳнат ва бошқа. Бу ҳуқуқ нормалари аграр ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган ер, мулкий, меҳнат ва ташкилий-бошқарувга оид аниқ аграр муносабатларни тартибга солишга қаратилади.
Аграр ҳуқуқи нормалари хусусида сўз борганда, уларни интеграциялашган нормалардан ҳам иборатлигини айтиб ўтиш лозим. Чунки, аграр ҳуқуқи нормалари турли-туман аграр субектлари муносабатларини, уларни фаолияти хусусий, жамоа ва давлат мулкчилигига асосланган бўлсада, масалан: фермер хўжалиги, деҳқон хўжалиги, давлат хўжаликлари, ширкат хўжаликлари, умумлашган ҳолда ёки бир хилда ҳуқуқий тартибга солади.
Шу ўринда аграр ҳуқуқини махсуслашган ҳуқуқ тармоғи сифатидаги кўринишларига тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Бу аграр ҳуқуқи субектлари томонидан ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида асосий ишлаб чиқариш воситаси сифатида қишлоқ хўжалик мақсадларига мўлжалланган ерлардан фойдаланишида кўринади.
Аграр ҳуқуқининг умумий тушунчаси ҳақида фикр юритганда, унинг қуйидаги учта тавсифларда тушунчаси борлигини таъкидлаш ўринлидир:
1. Аграр ҳуқуқи Ўзбекистон ҳуқуқ тизимининг мустақил ҳуқуқ соҳаси ҳисобланади.
2. Аграр ҳуқуқи Ўзбекистон ҳуқуқ фанининг мустақил соҳасидир. Аграр ҳуқуқи фан сифатида, аграр ҳуқуқий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш қонуниятлари ҳақидаги назарий қарашлар, ҳуқуқий ғоялар, илмий билимлар тизимидан иборат.
3. Аграр ҳуқуқи ўқув курси ҳисобланади. Аграр ҳуқуқи ўқув курси сифатида қишлоқ хўжалик фаолияти соҳасидаги қонунчиликни, уни қўллаш амалиётини, хорижий мамлакатлар агарар қонунчилигини ўрганади. Унинг ўқув курси сифатидаги ҳажми, мазмуни ва мақсадлари турли ўқув юртларида учун ҳар хил бўлиши мумкин.
Маълумки, ҳуқуқ предмети деганда, ижтимоий фаолият
жараёнида вужудга келадиган, қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган еркин муносабатлар тушунилади. Айтиш мумкинки, аграр ҳуқуқи тартибга соладиган ижтимоий муносабатлар ўзига хослиги, турли туманлиги, кенг доирада эканлиги билан тавсифланиб, аграр ҳуқуқи мустақил ҳуқуқ соҳаси сифатида ўзаро боғлиқ, бир-бирига яқин бўлган бир мақсадга хизмат қиладиган, бир-бири билан узвий боғланган, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этишга қаратилган ер, мулкий, меҳнат ва ташкилий-бошқарув соҳаларидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солади. Демак, аграр ҳуқуқи комплекс аграр муносабатларни тартибга солишга қаратилган бўлади.
Аграр ҳуқуқи предметига кирувчи ижтимоий муносабатларни кўриб чиқишда ер, мулкий, меҳнат ва ташкилий – бошқарув соҳаларидаги барча муносабатлар ҳам аграр ҳуқуқи нормалари билан тартибга солинмаслигига эътибор қаратиш лозим. Бу муносабатларни тартибга солиш маъмурий, фуқаровий, ер ва меҳнат ҳуқуқи соҳасига ҳам тегишли ҳисобланади.
Аграр ҳуқуқи билан тартибга солинадиган ташкилий–бошқарувга оид муносабатлар қишлоқ хўжалик корхоналарини бошқариш билан боғлиқ бўлади. Ўз навбатида бу муносабатлар ички ва ташқи муносабатларга бўлинади. Аграр ҳуқуқидаги ички ташкилий-бошқарувга оид муносабат қишлоқ хўжалик корхонасининг ичида ташкил топади. Уни ўзига хос хусусияти бўлиб, локал ҳуқуқий акт нормалари ва диспозитив нормаларни устуворлиги ҳисобланади. Аграр ҳуқуқидаги ташқи ташкилий-бошқарувга оид муносабат-бир тарафдан давлат органлари иккинчи тарафдан қишлоқ хўжалик корхоналари ўртасидаги муносабат ҳисобланади.
Мулкий муносабатлар ҳам ташкилий-бошқарув муносабатларига ўхшаб, қишлоқ хўжалик корхоналари иштирокида бўлсагина, аграр ҳуқуқи соҳасидаги мулкий муносабат ҳисобланади. Бу муносабатлар ҳам корхонанинг ичида содир бўлишига қараб ички ва аграр шаклларнинг бир-бири билан ёки бошқа ҳуқуқ субектлари билан келиб чиқадиган ташқи мулкий муносабатларига бўлинади.
Аграр ҳуқуқи билан тартибга солинадиган меҳнат муносабатларига қишлоқ хўжалик корхоналаридаги меҳнат, уни ўзига хос шароитлари, меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби, даромадларни тақсимлаш кабилар киради.
Юқорида билдирилган фикр ва мулоҳазалардан ҳамда ўзига хос хусусиятлардан келиб чиқиб аграр ҳуқуқига қуйидагича таъриф бериш мумкин. Аграр ҳуқуқи - қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариш жараёнида келиб чиқадиган аграр муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар йиғиндисидир.
Ҳуқуқ тизимининг алоҳида соҳаси сифатида аграр ҳуқуқи ўзининг тартибга солиш услубига эга. Агар ҳуқуқий тартибга солиш предмети ҳуқуқ нимани тартибга солади деган саволга жавоб берса, ҳуқуқий тартибга солиш усули эса ҳуқуқ шу ижтимоий муносабатларни қандай, қайси йўл ва усул билан тартибга солади деган саволга жавоб беради.
Ҳуқуқий тартибга солиш усули деганда, аграр муносабатлар иштирокчиларининг хатти ҳаракатларига ҳуқуқ ёрдамида давлат томонидан юридик таъсир этиш усул ва воситалари мажмуи тушунилади.
Давлат аграр муносабатларни ҳуқуқий тартибга солар экан, қишлоқ хўжалик фаолияти субектларини хўжалик мустақиллигини сақланишига алоҳида эътибор қаратиши лозим. Аграр муносабатларни тартибга солишда аграр ҳуқуқи императив ва диспозитив усуллардан фойдаланади.
Аграр муносабатларни императив усул билан тартибга солишда “хокимият ва бўйсунув” тамойили намоён бўлади. Бундай муносабат иштирокчилари тенг ҳуқуқли бўлмайди, чунки бу муносабатларда рухсат бериш, тақиқлаш, мувофиқлаштириш (координации), кўрсатма бериш усулларидан фойдаланилади. Императив усул билан давлат ва унинг органларини фуқаролар ва бошқа ҳуқуқ субектлари билан муносабатлари тартибга солинади. Императив усул қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариш субектлари фаолиятини, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сифатини, солиққа тортишни давлат томонидан назорат қилишда, қишлоқ хўжалик товар ишлаб чиқарувчиларини давлат томонидан қўллаб қувватлашда, аграр ишлаб чиқарувчиларга субсидиялар ва кредитлар бериш каби муносабатларни тартибга солишда қўлланилади. Улар республика ва махаллий органларнинг давлат аграр сиёсатини амалга ошириш ва қишлоқ хўжалик соҳасини бошқаришдаги фаолияти доирасини ташкил этади.
Императив усул қонунларда мустахкамлаб қўйилади. Масалан,
2004-йил 26-августда қабул қилинган, янги тахрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжалиги тўғрисида” ги 662-ИИ-сон қонуни
13-моддасида фермер хўжалигига берилган ер участкаларини хусусийлаштиш, олди-сотди қилиш, гаровга бериш, ҳадя қилиш ва айирбошлаш тақиқлаб қўйилган.
Қишлоқ хўжалигида диспозитив усул билан томонларнинг юридик тенглиги, бир бири билан эркин алоқаларга киришиши кўзда тутилган муносабатлар тартибга солинади. Бундай муносабатлар шартномаларни тузиш ва бажаришда, фуқароларнинг аграр ишлаб чиқаришдаги меҳнат ва аъзолик муносабатларида, деҳқон хўжалигини ва қишлоқ хўжалигидаги тижоратчи ташкилотларни тузишда бўлиши мумкин. Бу муносабатларни тартибга солишда ихтиёрийлик, еркин ҳаракат ва аграр муносабат иштирокчиларининг мустақил қарорлар қабул қилиши қўлланилади.
Кўриниб турибдики, аграр муносабатларни тартибга солишда императив ва диспозитив усулларни қўлланилиши қишлоқ хўжалик ишлаб чиқарувчиларнинг мустақиллигини таъминлаш билан бирга давлат тартибга солишининг заруриятини ифодалайди.

3-§. Аграр ҳуқуқининг субектлари ва обектлари


Аграр ҳуқуқининг субектлари деганда, қишлоқ хўжалиги фаолияти ва у билан боғлиқ бошқа фаолиятни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар тушунилади. Турли ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги қишлоқ хўжалик ташкилотлари, тижоратчи ва тижоратчи бўлмаган ташкилотлар, фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари, боғдорчилик, узумчилик билан шуғулланувчи ширкатлар, агрофирмалар, чорвачилик билан шуғулланувчилар аграр ҳуқуқининг субектлари бўлиши мумкин.


Қишлоқ хўжалиги фаолияти ва у билан боғлиқ бошқа фаолиятни амалга оширувчи тузилмалар турли туманлиги билан ажралиб туради. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши фаолияти билан ҳозирги вақтда фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари, қишлоқ хўжалик кооперативлари (ширкат хўжалиги), давлат хўжаликлари, томорқа ер эгалари, ижара жамоалари ва бошқалар шуғулланмоқдалар. Бугунги кунда Республикамизда қишлоқ хўжалик фаолияти билан боғлиқ бошқа фаолиятни амалга оширувчи тузилмалар-Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари, Сув истеъмолчилари уюшмалари ҳам мавжуд бўлиб, улар ҳам аграр ҳуқуқининг субектлари ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида фермер хўжалигини Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг асосий субекти сифатидаги ҳуқуқий мақоми мустахкамланган. Қонунга кўра, фермер хўжалиги ижарага берилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини йетиштириш ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланувчи тадбиркорлик субектидир. Кўп тармоқли фермер хўжалиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотини йетиштириш билан бирга қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш, сақлаш ва реализация қилиш, саноат ишлаб чиқариши, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланувчи фермер хўжалигидир.
Ўзбекистон Республикасининг “Деҳқон хўжалиги тўғрисида” ги қонунда деҳқон хўжалигини оилавий майда товар хўжалик эканлиги, оила аъзоларининг шахсий меҳнатига асосланиши, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш учун оила бошлиғига берилган томорқа ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти йетиштириши ва реализация қилиши белгиланган. Деҳқон хўжалигидаги фаолият тадбиркорлик фаолияти жумласига киради ҳамда деҳқон хўжалиги аъзоларининг истагига кўра юридик шахс ташкил этган ҳолда ва юридик шахс ташкил этмасдан амалга оширилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида” ги қонунида қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги)ни товар қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш учун пай усулига ва асосан оила (жамоа) пудратига, фуқароларнинг ихтиёрий равишда бирлашишига асосланган, юридик шахс ҳуқуқларига эга мустақил хўжалик юритувчи субект сифатидаги белгилари мустахкамланган.
Аграр ҳуқуқининг яна бир субекти, бевосита қишлоқ хўжалик фаолияти билан шуғулланмасадан, у билан боғлиқ бошқа фаолият, фермер хўжаликлари ва аҳоли томонидан йетиштирилган мева-сабзавот маҳсулотлари ва узумни қайта ишлаш ҳамда сотиш фаолияти билан шуғулланувчи Агрофирмалар ҳақида тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006-йил 10-мартдаги 42-сон қарори билан тасдиқланган “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида агросаноат фирмалари ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисида” ги низомга мувофиқ, мева-сабзавот маҳсулотлари ва узум, шунингдек бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари, барқарор хўжалик алоқаларига ва илғор ишлаб чиқариш технологияларига эга бўлган мева-сабзавот маҳсулотлари ва узумни қайта ишлаш корхоналари, юридик шахс бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорлар, Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва хорижий инвесторлар агрофирманинг муассислари бўлиши мумкин. Агрофирмалар унинг қатнашчилари томонидан ихтиёрий тартибда ташкил этилади ва агрофирмани таъсис этишда унинг қатнашчилари ўз мустақиллигини сақлаб қолади. Агрофирмалар тижорат ташкилотлари ҳисобланади ва қонунда назарда тутилган ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил этилиши мумкин.
Аграр ҳуқуқи субектлари орасида тижоратчи бўлмаган ташкилотлар ҳам мавжуд бўлиб, улар бевосита қишлоқ хўжалик фаолияти билан ёки у билан боғлиқ бошқа фаолият билан шуғулланадилар. Ушбу субектлар орасида боғдорчилик ва узумчилик ширкати алоҳида ўринга эга. Боғдорчилик-узумчилик ширкати ширкат аъзоларига умумий ижтимоий-хўжалик вазифаларини ҳал этишда ҳамда боғдорчилик ва узумчиликни юритишда кўмаклашиш учун жисмоний шахслар томонидан ихтиёрий асосларда таъсис этилган нотижорат ташкилот ҳисобланади. Ширкат юридик шахс ҳисобланади, ўз номи ёзилган штампга, муҳрга ва бланкаларга, шунингдек банкда ҳисоб рақамларига эга бўлади ҳамда ўз фаолиятини ширкат уставига мувофиқ амалга оширади. Ширкат фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг 2011-йил 1-мартдаги 51-сон қарори билан тасдиқланган “Боғдорчилик-узумчилик ширкатлари тўғрисида” ги низом билан тартибга солинади.
Республикамизда асосий қишлоқ хўжалик товар ишлаб чиқарувчилари бўлган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг фаолияти муҳим ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил
10-октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” ги ПҚ–3318-сон қарори кенгашнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларини қуйидагича белгилаб берди:
фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, шу жумладан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан муносабатларда, назорат қилувчи органлар томонидан текширишлар ўтказиш жараёнида ҳамда судларда ишларни кўриб чиқишда ҳимоя қилиш;
фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш ишларида, шу жумладан агротехник тадбирларни амалга оширишда ҳамда шартномалар тузишда, маҳсулотларни ташқи бозорларга экспорт қилишда ҳар томонлама кўмаклашиш;
қишлоқ хўжалигида шартнома интизомини мустаҳкамлаш, фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ошириш, аграр соҳада меҳнат муносабатларини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда самарали фаолият юритаётган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини рағбатлантириш, фаолиятида камчиликларга йўл қўяётган ер эгаларига нисбатан жамоатчилик йўли билан таъсир чораларини кўриш;
соҳада замонавий ресурстежовчи илғор агротехнологияларни, муқобил энергия воситаларини, шунингдек инновация ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга кўмаклашиш;
кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантиришга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш, улар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратишда бевосита иштирок этиш;
чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа соҳаларга ихтисослашган фермер хўжаликларини ривожлантириш юзасидан амалий чоралар кўриш, мазкур йўналишларда фаолият юритаётган намунавий фермер хўжаликларининг тажрибаларини кенг оммалаштириш;
қишлоқ хўжалигида ҳуқуқий, иқтисодий, молиявий, агротехник ҳамда бошқа масалалар бўйича консалтинг хизматини, шунингдек маҳсулотни ишлаб чиқариш, харид қилиш, қайта ишлаш, сотиш, таъминот ва хизмат кўрсатиш бўйича фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг бошқа ташкилотлар билан кооперациясининг турли шаклларини ташкил этиш ва кенгайтириш, бу соҳада илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш;
қишлоқ жойларда аҳолининг деҳқончилик маданиятини юксалтириш, уларнинг экин майдонларидан самарали фойдаланиш, шахсий манфаатдорлиги ва масъулиятини ошириш юзасидан кенг қамровли тарғибот ишларини олиб бориш.
қишлоқ хўжалигида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари иштирокидаги шартномавий мажбуриятларнинг ижросини мониторинг қилиш ва жамоатчилик назоратини олиб бориш.
Юқорида санаб кўрсатилганлардан ташқари қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликлараро ташкилотлар, шунингдек фуқаролар, чет эл юридик ва жисмоний шахслари ҳам аграр ҳуқуқининг субектлари ҳисобланишлари мумкин. Аграр ҳуқуқининг субектлари юридик шахс ҳуқуқига эга бўлишлари ёки юридик шахс ҳуқуқига эга бўлмасдан ҳам фаолият кўрсатишлари мумкин. Юридик шахс мақомига эга бўлган барча белгилар аграр ҳуқуқи субектларига ҳам тааллукли бўлади.
Аграр ҳуқуқининг обекти сифатида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш билан боғлиқ юридик ва жисмоний шахсларнинг фаолияти тушунилади.

4-§. Аграр ҳуқуқи тизими ва асосий тамойиллари


Мустақил ҳуқуқ соҳаси ҳисобланган аграр ҳуқуқи нормалари мазмун жиҳатидан хилма-хил бўлгани учун уларни маълум бир тизимга солиш катта аҳамият касб этади. Аграр ҳуқуқи тизими деганда, ўзаро яқинлик хусусиятига эга бўлган бир жинсли аграр ҳуқуқий муносабатларини тартибга солувчи ҳар бири аграр ҳуқуқий нормаларининг гуруҳларидан ташкил топган аграр-ҳуқуқий институтлар мажмуи тушунилади. Институтлар ва уларга жамланган нормалар эса ўз навбатида аграр ҳуқуқи тизимининг ички бирлигини ташкил этади. Жумладан, қишлоқ хўжалик корхоналарининг ердан фойдаланиши билан боғлиқ бўлган муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар йиғиндиси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ердан фойдаланиш ҳуқуқий институтини ташкил этади.


Аграр ҳуқуқининг институтлари деганда бир турдаги қишлоқ хўжалик ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи бир-бирига яқин бўлган ҳуқуқий нормалар йиғиндиси тушунилади, йаъни бир-бирига ўхшаш бўлган моддалар йиғилиб битта аграр ҳуқуқи институтини ташкил этади. Бундай ҳуқуқий моддалар битта қонунда эмас, балки бир неча қонунларда ўз ифодасини топиши мумкин. Масалан, қишлоқ хўжалик корхоналарининг ердан фойдаланиш ҳуқуқи институтига оид нормалар Ер кодексида, “Фермер хўжалик тўғрисида”, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунларда ўз ифодасини топган.
Аграр ҳуқуқи институтлари табиати аграр ҳуқуқи хусусиятидан, унинг ўзига хос жиҳатларидан келиб чиқади. Маълумки, аграр ҳуқуқи ўзида турли ҳуқуқ соҳаларига тегишли бўлган муносабатларни тартибга солувчи турли қонунчилик соҳаларига тааллуқли бўлган нормаларни жамлайди. Аграр ҳуқуқий муносабатлари ўзида молия, фуқаролик, хўжалик, ер, кооператив, меҳнат ва бошқа ҳуқуқ соҳалари нормалари билан тартибга солинадиган ташкилий, молиявий, шартнома, мулкий муносабатлар тизимлари йиғиндисини ифода этади. Аграр ҳуқуқи институтларининг мураккаблиги ва ўзига хослиги мана шу хусусиятлар билан боғлиқдир.
Аграр ҳуқуқи институтлари қишлоқ хўжалик муносабатларини янада тўлароқ тасаввур қилишга ёрдам беради. Бу институтлар ёрдамида аграр ҳуқуқи тартибга соладиган муносабатлар доираси, турлари тўғрисида маълумот олиш мумкин. Аграр ҳуқуқи мажмуалашган ҳуқуқ соҳаси бўлганлиги учун унинг институтлари бошқа ҳуқуқ соҳасининг ҳам институти ҳисобланиши мумкин. Чунончи, қишлоқ хўжалик корхоналарининг ердан фойдаланиш ҳуқуқи институти ер ҳуқуқининг ҳам мустақил институти, қишлоқ хўжалик корхоналарининг молиявий фаолияти институти молия ҳуқуқининг ҳам институти, қишлоқ хўжалик корхоналари мулкининг ҳуқуқий ҳолати институти фуқаролик ҳуқуқининг ҳам институти, меҳнат муҳофазаси, иш ҳақи каби институтлар меҳнат ҳуқуқининг ҳам институтлари, қишлоқ хўжалигида шартнома муносабатлари институти хўжалик ёки фуқаролик ҳуқуқининг ҳам институтлари бўлиши мумкин. Аграр ҳуқуқи мажмуалашган ҳуқуқ соҳаси бўлганлиги учун унинг институтлари ҳам шундай тусда бўлади.
Аграр ҳуқуқи умумий қисмини ташкил этадиган институтлар умумий институтлар ва алоҳида қисмидагилар эса махсус, йаъни предметли институтлар деб аталади. Умумий қисм институтлари ўзидаги нормаларда мазкур фан тармоғи ва қонун ҳужжатлари ривожланиши учун асос бўладиган энг муҳим ҳолатлар, қоидалар ёки тамойилларни акс эттиради. Бу институтларда жамланган ҳолатлар, қоидалар ва принсиплар аграр ҳуқуқининг махсус институтлари мазмуни ва таркиби шаклланишига катта таъсир кўрсатади. Алоҳида қисмнинг институтлари эса умумий институтларга нисбатан бўйсинувчи вазиятда бўлади. Улар мазкур ҳуқуқ тармоғининг умумий ҳолатлари, қоидалари ёки тамойилларини намоён қилмайди. Уларнинг амал қилиш доираси маълум ижтимоий муносабатлар билан чекланган бўлади. Бу тоифадаги институтларнинг нормалари ижтимоий муносабатлар қатнашчиларининг субектив юридик ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.
Аграр ҳуқуқи юридик фан соҳаси ва ўқув предмети сифатида умумий, алоҳида ва махсус қисмдан иборат бўлади. Ушбу фаннинг махсус қисмда чет мамлакатлар аграр ҳуқуқи тўғрисида маълумот берилиши мумкин.
Аграр ҳуқуқи фанининг умумий қисмига қуйидаги масалалар киради:
аграр ҳуқуқининг предмети ва тизими;
аграр ҳуқуқининг манбалари;
аграр ҳуқуқий муносабатлар;
қишлоқ хўжалик корхоналарининг ҳуқуқий ҳолати;
фермер хўжалиги фаолиятининг ҳолати;
деҳқон хўжаликларининг ҳуқуқий ҳолати;
қишлоқ хўжалигини давлат йўли билан бошқариш;
қишлоқ хўжалигида ижара муносабатларини ҳуқуқий тартибга
солиш.
Фаннинг алоҳида қисми:
қишлоқ хўжалик корхоналари ва бирлашмаларининг бошқарувининг ташкилий ҳуқуқий шакллари;
қишлоқ хўжалик корхоналари мулкининг ҳуқуқий ҳолати;
қишлоқ хўжалигида меҳнатни ташкил қилиш, меҳнат интизоми ва меҳнатни муҳофаза қилишни ҳуқуқий тартибга солиш;
қишлоқ хўжалигида меҳнатга ҳақ тўлашни ҳуқуқий тартибга солиш;
қишлоқ хўжалик корхоналари ва бирлашмаларининг ишлаб чиқариш, хўжалик ва молиявий фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш;
қишлоқ хўжалик корхоналарида шартнома муносабатлари;
қишлоқ хўжалиги қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик;
қишлоқ хўжалигида юридик хизматнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан ташкил топади.
Аграр ҳуқуқининг асосий тамойиллари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини бозор иқтисоди талабларига мувофиқлигини таъминлаш тамойили;
мамлакатимиз халқ хўжалигида қишлоқ хўжалигининг устуворлик тамойили;
қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришининг турли хил мулкчилик ва турли хил хўжалик юритиш шаклини жорий этишни таъминлаш тамойили;
қишлоқ хўжалик корхоналарининг ишлаб чиқаришни ташкил этишдаги мустақиллигини таъминлаш тамойили;
қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши натижаларидан манфаатдорликни таъминлаш тамойили;
давлат раҳбарлиги тамойили;
қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришга фан ва техника ютуқларини кенг жорий қилиш тамойили;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга нисбатан давлат мулкчилигини сақлаб қолиш тамойили;
қишлоқ хўжалигида ер ва сувдан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш тамойили;
суғориладиган ерлардан фойдаланишнинг устуворлиги тамойили;
қишлоқ хўжалик корхоналарини бошқаришда демократия ва қонунчиликни таъминлаш тамойили.

5-§. Аграр ҳуқуқининг ҳуқуқ тизимида тутган ўрни ва бошқа ҳуқуқ тармоқлари билан нисбати


Аграр ҳуқуқи ҳуқуқ тизимида алоҳида ўрин эгаллаган, муҳим аҳамиятга эга бўлган, иқтисодиётда туб ўзгаришлар юз бераётган шароитда долзарблиги янада ошиб бораётган ва бошқа ҳуқуқ тармоқларининг (масалан, тадбиркорлик ҳуқуқи, ер ҳуқуқи) ривожланишига катта таъсир кўрсатаётган мустақил ҳуқуқ тармоғидир. Қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши туфайли келиб чиқадиган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш вазифасини аграр ҳуқуқи бажаради.


Аграр ҳуқуқи бошқа ҳуқуқ тармоқларининг ичида конституциявий ҳуқуқ билан энг яқин ва узвий боғлиқдир. Зотан, конституциявий ҳуқуқ нормалари аграр ҳуқуқи тамойилларининг асоси ҳисобланади. Конституцияда давлат иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш еркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини кафолатлайди, деб ўрнатилган
(53-модда). Конституциянинг бошқа нормаларини талқин этиб айтиш
мумкинки, ҳар бир фуқаро мулкдор бўлишига ҳақли (36-модда), ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шартномаларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга (37-модда), ёлланиб ишлаётган барча фуқаролар дам олиш ҳуқуқига эга (38-модда) ва ҳоказо.
Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан тартибга солиш, қишлоқ хўжалик қонун ҳужжатларини маъмурий-ҳуқуқий тартибда бузганлик учун айбдорларни маъмурий жавобгарликка тортиш соҳасидаги аграр ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда аграр ҳуқуқи маъмурий ҳуқуқ нормаларидан фойдаланади. Бунда маъмурий ҳуқуқнинг предмети давлат бошқаруви органларининг фаолиятини ўрганиш бўлганлиги учун у қишлоқ хўжалик соҳасини бошқаришини амалга ошираётган давлат органлари тизимини, улар фаолиятининг шаклларини белгилаб беради. Аграр ҳуқуқи нормаларида эса, давлат бошқарув органлари фаолиятининг мазмуни томонлари ҳамда қишлоқ хўжалик фаолиятининг асосий йўналишлари белгиланади.
Аграр ҳуқуқи ҳуқуқ тизимининг асосий ҳуқуқ соҳаси бўлган фуқаролик ҳуқуқи билан алоқадорлиги катта аҳамият касб этади. Аграр ҳуқуқи ва фуқаролик ҳуқуқининг бир бири билан боғлиқ бўлиши негизида қишлоқ хўжалик ва фуқаролик муносабатлари ижтимоий-иқтисодий табиатининг умумийлиги ётади. Қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши муносабатларининг айримлари мулкий муносабатлар бўлганлиги учун фуқаролик муносабатлари билан турдош бўлади.
Қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариш натижасида олинган ҳосилга, иншоотларга бўлган ҳуқуқ, ўзганинг ер участкасидан чекланган тарз¬да фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқи, қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бўлган ҳуқуқнинг суд ҳимояси, аграр ҳуқуқи нинг бузилиши натижасида етказилган зарарни ундириш ҳуқуқи ўртасидаги боғлиқлик қишлоқ хўжалик ва мулкий ҳуқуқларнинг бир-бири билан жипс эканлигини билдиради.
Аграр ҳуқуқи экология ҳуқуқи билан ҳам чамбарчас боғлиқдир. Конституциямизда белгиланишича, мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги лозим (54-модда). Шунингдек, қишлоқ хўжалик қонунчилигида ўрнатилишича, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришининг асосий воситаси ҳисобланувчи ер ва сув ресурсларини муҳофаза этиш лозим, уларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, экология талабларига риоя этган ҳолда фойдаланиш зарур.
Юқорида айтилганлардан ташқари, қишлоқ ҳўжалик ҳуқуқи, меҳнат ҳуқуқи, молия ҳуқуқи каби ҳуқуқ соҳалари билан ҳам чамбарчас боғлиқдир. Меҳнат ва молия ҳуқуқининг иш вақти, дам олиш вақти, меҳнат интизоми, меҳнат муҳофазаси, иш ҳақи, молиявий
муносабатларга тааллуқли қоидалари қишлоқ ҳўжалиги ишлаб
чиқариши билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.

Назорат учун саволлар:


1. Аграр ҳуқуқи қандай ҳуқуқ соҳаси ҳисобланади?


2. Аграр ҳуқуқи тамойилларини тушунтириб беринг?
3. Аграр ҳуқуқи тизими деганда нимани тушунасиз?
4. Аграр ҳуқуқини бошқа ҳуқуқ соҳалари билан ўзаро алоқаси нималарда кўринади?

1. Юридик адабиётларда аграр ҳуқуқининг ҳуқуқ тизимида мустақил ҳуқуқ соҳаси эканлигини рад этувчи, шунингдек бошқа ҳуқуқ соҳаларининг бир қисми сифатида тавсифловчи фикрлар ва бу қарашларни рад этувчи илмий мунозаралар мавжуд. Мазкур масала юзасидан сиз қандай фикрдасиз. Фикрингизни асослаган ҳолда жавоб беришга ҳаракат қилинг.


Мазкур ҳолатни муҳокама қилинг.
Download

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling