2 5213278372431399838

Sana01.01.1970
Hajmi
#206675
Bog'liq
2 5213278372431399838


ИШОНЧЛИ ҲАДИСЛАР ВА УЛАРГА АМАЛ ҚИЛИШ
Режа:

  1. Саҳиҳ ҳадис ва унинг шартлари.

  2. Ҳасан ҳадис ва унинг ишончлилик даражаси.

  3. Энг ишончли ҳадис тўпламлари.

  4. Ишончли ровийларнинг мартабалари.

  5. Муҳкам ва ихтилоф, носих ва мансух ҳадислар.



Таянч иборалар: адолат, марфу, муттасил, саҳиҳайн, шайхон, сиқа, забт, машҳур.


1. Саҳиҳ ҳадис ва унинг шартлари. Ишончли ҳадис тўпламларида ҳадиснинг матнидан аввал Пайғамбар алайҳис-саломдан тортиб, муҳаддисгача бўлган ровийлар бирма-бир зикр қилинади. Муҳаддисларнинг асосий ишлари ровийларнинг ишончлилик даражасини аниқлашдан иборат бўлган. Ровийлари тўлиқ ва аниқ зикр қилинмаган ҳадислар муҳаддислар томонидан ишончли ривоят сифатида қабул қилинмаган. Шу билан бирга ровийларни ишончли деб қабул қилиш учун ҳам маълум шартлар қўйилган. Бунда, бир ҳадисни қабул қилиш учун ровий ва ҳадисга жуда қаттиқ талаблар қўйилган. Ровийларга қўйилган асосий шартлардан бири уларнинг «адолатли» ва «забтли» бўлишлари эди.
«Саҳиҳ» сўзи «соғлом», «ҳақиқий», «ишончли», «тўғри» деган маъноларни англатади. У мақбул ҳадисларнинг биринчи туридир. Саҳиҳ ҳадис истилоҳда исноди бошидан охиригача адолатли, аниқлик эгаси бўлган кишиларнинг бир-бирларидан ривоят қилиш йўли билан узатилган ҳадис бўлиб, унинг ровийси шозз ва санади ёки матнида иллат бўлмаслиги керак.
Ҳадис саҳиҳ бўлиши учун қуйидаги бешта шарт бўлиши керак:
1. Иттисол ас-санад – исноднинг муттасил, яъни узлуксиз бўлиши лозим. Бунда ҳар бир ровий ҳадисни ўзидан аввалги ровийдан бевосита олган бўлиши ҳамда бу ҳолат исноднинг бошидан охиригача давом этиши талаб этилади.
2. Адолат ар-рувот – ровийларнинг адолати, яъни ҳадис ровийларининг ҳар бири мусулмон, балоғатга етган, оқил, тақво эгаси бўлиб, фосиқлик, бемурувватлик, яъни нокасликдан узоқ бўлиши шарт.
3. Забт ар-рувот – ровийларнинг ҳадисни мукаммал эгаллаган бўлиши, яъни унинг ровийлари ва матнига оид билимларни жуда мустаҳкам билиши ҳамда хотирасида ёдлаган ёки ёзма равишда сақлаган бўлиши, исталган вақтда ҳадисни аниқ ва камчиликларсиз бир хилда айта оладиган бўлиши керак.
4. Адам аш-шузуз – шозз бўлмаслиги, яъни бир ровий ўзидан кучлироқ ровийга мухолиф бўлмаслиги керак.
5. Адам ал-иллат – иллатдан холи бўлиши, яъни ҳадиснинг санади ёки матнида ноқислик ва камчилик бўлмаслиги керак.
Ушбу шартларнинг барчаси мавжуд бўлган ҳадис саҳиҳ лизотиҳ (ўзидаги хусусиятларига кўра саҳиҳ) ҳисобланади. Агар ҳадисда мазкур беш шартдан бирортаси мавжуд бўлмаса, ҳадис саҳиҳ деб аталмайди. «Бу ҳадис саҳиҳ эмас» дейилса, билинадики, ушбу ҳадисда талаб қилинган беш шартнинг бирортаси ёки барчаси мавжуд эмас. Лекин, бу ҳолат ҳадисни ёлғон дейишга асос бўла олмайди.
Ҳадиснинг саҳиҳлик даражасини қуйидаги мисол орқали кўриш мумкин: Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Юсуфдан ривоят қилган ҳадисда: «Мен Расулуллоҳ (с.а.в.) шом намозида «Тур» сурасини ўқиганларини эшитдим», деган. Бу ҳадис қуйидаги сабаблар билан саҳиҳ ҳисобланади:
а) ҳадиснинг барча ровийлари бир-бирларини кўриб, ўз шайхи билан бевосита учрашгани ва ундан ҳадис эшитгани учун исноди муттасилдир; б) жарҳ ва таъдил олимлари фикрича, исноддаги барча ровийлар ўзининг одиллиги ва аниқлиги билан сифатланган ва улардан 1) Абдуллоҳ ибн Юсуф ишончли бўлиб, ўзининг аниқлиги (забт) билан ажралиб турган, 2) Молик ибн Анас имом ва ҳофиз олимлардан бўлган, 3) Ибн Шиҳоб Зуҳрий кўплаб олимларнинг фикрига кўра, кучли забтга эга фақиҳ ва ҳофиз бўлган, 4) Муҳаммад ибн Жубайр ишончли киши бўлган, 5) Жубайр ибн Мутъим саҳобалардан бўлган; в) ҳадисда оғиш йўқ ва бошқа бундан кучлироқ ривоятга мухолиф эмас; г) ҳадисда камчилик йўқ.
Ишончли ҳадис саҳиҳлик шартларини ўзида мужассамлаштириш даражалари жиҳатидан бир-биридан фарқланади. Бу фарқ матнда ҳам, иснодда ҳам бўлиши мумкин. Бирор иснод бошқа иснодлардан фарқли равишда мутлақ тўғри деб айтиб бўлмайди. Чунки олимлардан баъзилари энг тўғри иснодлар борасида ҳам баҳс юритиб, уларни аниқлаштиришга ҳаракат қилганлар ва ҳар бир олим ўз наздида кучли бўлган иснодни афзал кўрган. Масалан, Исҳоқ ибн Роҳувайҳ ва Аҳмад ибн Ҳанбал каби муҳаддислар Зуҳрий Солимдан, у эса отаси Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттобдан нақл қилган ҳадисларни энг ишончли ҳисоблаганлар ва ўзлари мазкур иснод орқали ҳадис ривоят қилганлар. Шунингдек, Ибн Мадиний ва Фаллос каби муҳаддислар Ибн Сирин Абидадан, у Али ибн Абу Толибдан нақл қилган ҳадисларни энг ишончли ҳисоблаганлар ва ўзлари мазкур иснод орқали ҳадис ривоят қилганлар. Имом Бухорий эса Молик Нофеъдан, у Ибн Умардан нақл қилган ҳадисларни энг ишончли ҳисоблаган ва ўзи мазкур иснод орқали ҳадис ривоят қилган.
Саҳиҳ ҳадисларнинг саҳиҳ лизотиҳдан ташқари саҳиҳ лиғайриҳ тури ҳам мавжуд бўлиб, унга қуйидагича таъриф берилган: «Ўзидан бошқа кучлироқ ёки баробар ҳадис билан қувватланган ҳадис саҳиҳ лиғайриҳ бўлади. Бу турдаги ҳадис иснодларини алоҳида-алоҳида ҳолда кўриб чиқилганда, уларнинг барчаси саҳиҳлик талабларига жавоб бермаслиги мумкин. Аммо, иснодларнинг барчасини жамлаган ҳолда қаралганда, умумий тарзда санад кучли бўлади. Саҳиҳ лиғайриҳ бўлган ҳадислар саҳиҳликнинг энг паст даражаси ҳисобланиб, саҳиҳ лизотиҳдан паст ва ҳасан лизотиҳдан баланд даражалидир.
Ишончли ҳадисларнинг умумий адади бўйича аниқ маълумот бўлмасада, Имом Бухорийнинг «Мен юз минг саҳиҳ, икки юз минг ғайри саҳиҳ ҳадисларни ёдладим» деган сўзи орқали уларнинг сони юз мингдан ортиқ экани билинади. Муҳаддис ва усул ал-фиқҳ олимлар саҳиҳ ҳадисларни шаръий масалаларни ҳал қилишда ишончли асос сифатида қабул қилганлар.
Уламолар саҳиҳ ҳадиснинг ҳукмини қуйидагича белгилаганлар:
1) Саҳиҳайн, яъни икки саҳиҳда бўлса ҳадиснинг саҳиҳлиги аниқ бўлади.
2) Шайхон, яъни икки шайхда чиқмаган ҳадис саҳиҳ бўлса, у ҳам шаръан мақбул ҳисобланади.
3) Саҳиҳ ҳадисга амал қилинмаса ҳам у мақбул ҳисобланаверади.
4) Ҳадиснинг битта саҳоба томонидан ривоят қилиниши унинг саҳиҳлигига зарар етказмайди.
Шунингдек, олимлар саҳиҳ ҳадисларни ҳам кучлилик жиҳатидан бир неча даражаларга ажратганлар. Жумладан, Ибн Салоҳ қуйидаги даражаларни санаб ўтган этган:
1) Имом Бухорий ва Муслим томонидан ривоят қилинган бир хил ҳадис энг саҳиҳ ҳисобланиб, улар «муттафақун алайҳи» («шунга келишилган») деб номланган.
2) Имом Бухорийнинг ўзи ривоят қилган ҳадис.
3) Имом Муслимнинг ўзи ривоят қилган ҳадис.
4) Имом Бухорий ва Муслимнинг шартларига биноан саҳиҳ бўлиб, уларнинг китобларида келмаган ҳадис.
5) Имом Бухорий шартига биноан саҳиҳ бўлиб, китобида келмаган ҳадис.
6) Имом Муслим шартига биноан саҳиҳ бўлиб, китобида келмаган ҳадис.
7) Имом Бухорий ва Муслиминг шартидан бошқа йўллар билан ривоят қилинган ҳадислар.
Бир қатор олимлар ҳадисларнинг саҳиҳлигини ривоят қилинган минтақасига қараб ҳам белгилаганлар. Хатиб Бағдодийнинг (ваф. 463/1071 й.) фикрига кўра, Макка ва Мадина аҳллари иснодларида тадлис (ноаниқлик) учраш эҳтимоли кам бўлиб, энг ишончли ҳисобланади. Кейинги ўринда Яман, ундан кейин Басра иснодларидир. Аммо Куфа иснодларида иллатли ҳадислар кўп учрайди. Шунингдек, Шом аҳли ҳадисларининг ҳам кўпи мурсал ва мақтуъдир. Бироқ, мазкур фикрлар ҳамни ҳам мутлақ ҳақиқат деб қабул қилинмайди.

Download

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling