. Узб.фойдали усим.тарихи

Sana01.01.1970
Hajmi
#215733
Bog'liq
. Узб.фойдали усим.тарихи


1-мавзу. ЎЗБЕКИСТОН ФОЙДАЛИ ЎСИМЛИКЛАРИНИ
ЎРГАНИЛИШ ТАРИХИ
Ўзбекистон фойдали ўсимликлари фанининг мақсад ва вазифалари. Ўзбекистон табиати ўзининг бетакрор гўзалликлари, серқуёшлиги, тупроқ ва суви билан алоҳида ажралиб туради. Шунинг учун ҳам унинг ўсимликлар дунёси ниҳоятда бойдир. Кўп ўсимликлар ўзининг шифобахшлиги билан ҳалқимиз орасида кенг тарқалган бўлиб, улар ҳалқ ва илмий табобатда муваффаққиятли қўлланиб келинмоқда.
Ўзбекистон фойдали ўсимликлари фани — фойдали ўсимлик турлари, фойдали ўсимликларнинг фойдали хусусиятларига кўра гуруҳларини ўрганади, таҳлил қилади.
Ўзбекистон фойдали ўсимликлари фанининг вазифаси фойдали ўсимликларнинг ботаник тавсифи ва систематикаси, табиий тарқалиши ва экологияси, фойдали хусусиятлари ва халқ хўжалигида қўлланилиши, инсон ҳаётидаги роли ва аҳамияти масалаларини ўрганишдан иборат.
Ўсимликлар ўз таркибида киши организмига қандайдир таъсир кўрсата оладиган биологик фаол моддалар сақлайди. Биологик фаол моддалар ўсимликларнинг ҳамма органларида бир хил миқдорда тўпланмайди. Баъзи ўсимликларда ер остки органларида, баъзиларида ер устки қисмида тўпланади.
Ҳозирги пайтда шифобахш ўсимликлардан тайёрланган дори-дармонлар кенг миқёсда қўлланилиб келинмоқда. Руҳий хасталикларни даволашда доривор ўсимликларнинг 18 туридан, саратонни даволашда 7 туридан, қандли диабетда 24 туридан, атеросклероз, юрак-қон томирлари склерозида 25 туридан, ошқозон хасталикларида 10 туридан, қон босими хасталикларида 22 туридан кенг фойдаланилмокда. Бундан ташқари, кашандалик ва алкоголизмнинг олдини олишда, қондаги холестеринни мувофиқлаштириб туришда ҳам шифобахш гиёҳлардан тайёрланган дори-дармонлар ёрдам бермоқда.
Мева, сабзавот-полиз ва зиравор ўсимликлар киши организмини витаминлар, углеводлар, органик кислоталар, минерал тузлар ва бошқа муҳим биологик фаол моддалар билан таъминлашда асосий, баъзан ягона манба. Сабзавот, мевалар, айниқса зиравор ўсимликлар меъда ширасининг ажралишини кучайтиради, иштаҳа очади ва овқат ҳазм бўлишини яхшилайди. Натижада организмдаги модда алмашинувига катта таъсир кўрсатади. Лекин бундан хулоса қилиб, фақат ўсимлик маҳсулотлари билан овқатланиб кун кўриш мумкин, деган хулосага келинса тўғри бўлмайди. Сабаби ўсимлик маҳсулоти қанчалик фойдали бўлмасин, уларни кўпчилигини таркибида оқсил ва мой кам сақлангани учун биргина ўсимликларнинг ўзи инсон организмини юқори сифатли, керакли овқат моддаси билан таъминлай олмайди. Фақат ўсимлик ва ҳайвонлар маҳсулотларининг керакли миқдордаги аралашмасидан ташкил топган овқат анча фойдали бўлиб, инсонни соғлом бўлиб ўсишини таъминлай олади.
Фойдали ўсимликларнинг асосий аҳамияти касалликни даволаш эмас. Улар биринчи галда инсон ва ҳайвон организмига фақат ўсимлик маҳсулоти билан кирадиган биологик фаол моддалар (витаминлар, органик кислоталар ва бошқалар) етишмаслигидан келиб чиқадиган касалликларни олдини олишда катта аҳмиятга эгадирлар. Бу моддалар юқорида айтилганидек организмга овқат билан бирга кириб, баъзи жараёнларни кучайтиради, модда алмашинувига кучли таъсир кўрсатади. Бошқача қилиб айтганда тирик организмга турли биологик таъсир кўрсатади.
Таркибида органик (олма, лимон ва бошқалар) кислоталар (баъзан кўп миқдорда) бўлгани учун сабзавот, мева ва зиравор ўсимликлар меъда ширасини ажралишини кучайтиради, иштаҳа очади ва овқат ҳазм бўлишини яхшилайди. Баъзи сабзавот ва меваларда калий тузларини кўп бўлгани сабабли улар юрак касалликларида фойдали бўлиб, истисқо, юрак ва буйрак фаолиятини сусайганида, буйрак-тош ва сийдик йўлларини бошқа касалликларида организмда йиғилиб қолган ортиқча суюқликни чиқиб кетишига кўмаклашади. Айни вақтда гипертония касаллигида ҳам фойдали. Уларни таркибида ош тузи жуда кам бўлади. Шунинг учун гипертония касаллигида сабзавот ва қуритилмаган меваларни кўп истеъмол қилиш яхши.
Атеросклероз касаллигини келиб чиқиш сабабларидан бири холестеринни организмдаги алмашинувини бузилиши ва уни қон томирларининг деворларида ўтириб қолиши. Витамин C холестеринни қондаги миқдорини камайтиришда ва атеросклероз касаллигини тараққий қилишини тўхтатишда маълум аҳамиятга эга. Шунинг учун бу касалликни олдини олишда витамин C га бой бўлган сабзавот ва меваларни истеъмол қилиш кўп фойда келтиради.
Демак сабзавот, мевалар ва зираворлар жуда фойдали экан. Лекин доимо шундай эмас. Улар меъда ширасини ажралишини кўпайтиради. Шунинг учун пиширилмаган сабзавотларни, кўпчилик мева ва зиравор ўсимликларни, айниқса нордон ва аччиқ мева ва ўсимликларни меъда-ўн икки бармоқ ичак яра ҳамда меъда ширасида кислоталикни кўпайиши билан ўтадиган гастрит касалликларини кучайган вақтида истеъмол қилиш тўғри келмайди. Нордон мевалар, аччиқ зираворларни яна жигар, ўт қопи ва буйрак касалликларида ҳам истеъмол қилиб бўлмайди. Акс ҳолда касаллик кучаяди, оғриқ зўраяди ва беморни аҳволи оғирлашади. Бундай мисолларни кўп келтириш мумкин.
Ўзбекистон фойдали ўсимликлари фанининг ўз олдига қўйган асосий мақсади қуйидагилардан иборат:

  • Халқ хўжалигининг турли соҳаларида қўлланиладиган фойдали ўсимликлар турларини ўрганиш.

  • Табиий шароитда йўқолиб кетиш хавфи бўлган ва камайиб кетаётган ноёб ўсимликларни муҳофаза қилиш.

  • Республикамизда ёввойи ҳолда ўсадиган ўсимликлардан оқилона фойдаланиш.

  • Фойдали ўсимликлар хазинасини бойитиш мақсадида янги ўсимлик турларини излаб топиш ва улардан самарали фойдаланиш.

Ўзбекистон фойдали ўсимликлари фани ўз олдига қўйган мақсадни амалга ошириш учун қуйидаги вазифаларни белгилаб олади:

  1. Халқ хўжалигининг турли соҳаларида қўлланиладиган фойдали ўсимликлар турлари ўрганилади.

  2. Фойдали ўсимликлар турларини асраб қолиш ва суғориладиган ерларда ўстириш тадбирлари ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.

  3. Фойдали ўсимликларнинг табиий майдонларини излаб топиш, заҳирасини аниқлаш, уларни йиғиш, қуритиш, сақлаш ва транспортда жўнатиш тадбирлари ишлаб чиқилади.

  4. Ўсимликларни маданийлаштириш ва иқлимлаштириш ишлари ташкил қилинади ва амалга оширилади.

Ўзбекистон фойдали ўсимликларини фойдали хусусиятлари ва ишлатилишига кўра қуйидаги гуруҳларга ажратилади: 1.Озиқ-овқат ўсимликлари; 2.Сабзавот-полиз ўсимликлари; 3.Зиравор ўсимликлар; 4.Доривор ўсимликлар; 5.Витаминли ўсимликлар; 6.Сапонинли ўсимликлар; 7.Манзарали ўсимликлар; 8.Наркотик ўсимликлар; 9.Асал берувчи ўсимликлар; 10.Бўёқ берувчи ўсимликлар; 11.Эфир мойли ўсимликлар; 12.Толали ўсимликлар; 13.Ошловчи моддали ўсимликлар; 14.Мойли ўсимликлар; 15.Ем-хашак ўсимликлари; 16.Маданий ўсимликлар; 17.Заҳарли ўсимликлар ва б.
Ўзбекистон фойдали ўсимликлари фани ҳам барча соҳаларда бўлганидек, бошқа фанларнинг ютуқларига таянмасдан туриб, ўзи мустақил равишда ривожлана олмайди. Ўз навбатида Ўзбекистон фойдали ўсимликлари фани ҳам ўсимликшунослик, ботаника, фармокогнозия, агрокимё, тупроқшунослик, ўсимликлар физиологияси, ўсимликлар биокимёси, ўсимликлар биотехнологияси, кимё, физика ва бошқа фанларнинг ютуқларига таянган ҳолдагина ўз олдига қўйган мақсадларга эриша олади.
Ўзбекистон фойдали ўсимликлари фанининг биология йўналиши талабаларига ўқитиладиган барча фанлар билан боғлиқлиги катта. Ўсимликлар дунёсини билиш ва яхши ўрганишда айниқса кимёвий-биологик фанларни чуқур ўзлаштиришнинг аҳамияти катта.
Биология йўналишининг биринчи ва иккинчи курсларида ўтиладиган ботаника (ўсимликлар анатомияси ва мофологияси, ўсимликлар систематикаси), кимё (айниқса органик ва аналитик кимё), экология ва табиатни муҳофаза қилиш ва бошқа фанлар (математика, информатика ва ахборот технологиялари, чет тили) Ўзбекистон фойдали ўсимликлари фанини ўқитишга асос бўлса, Ўзбекистон фойдали ўсимликлари фанининг ўзи энг муҳим ва қимматбаҳо ҳисобланган, халқ хўжалигининг турли соҳаларида ишлатиладиган ўсимликлар ва улардан фойдаланиш усуллари, ўсимликларни суғориладиган ерларда ўстириш технологияси тўғрисида батафсил маълумот беради.
Талабалар ботаника фани орқали ўсимликларнинг анатомик тузилиши ва морфологик белгиларини ўрганадилар, уларнинг систематик гуруҳларини, табиий тарқалиш майдонларини билиб оладилар. Кимё фанидан ўсимликларнинг кимёвий таркиби ва кимёвий таснифини ўрганадилар. Экология ва табиатни муҳофаза қилиш фанини ўқиш жараёнида ўсимликларни экологияси, ўсимликларни муҳофаза қилиш, улардан оқилона фойдаланиш, муҳофазага муҳтож турлар ҳақида ўрганадилар.
Информатика ва ахборот технологиялари фанини ўзлаштириш орқали дунё флорасига оид турлар билан интернет маълумотлари орқали танишишлари мумкин, чет тилини мукаммал ўрганиш орқали талабалар бошқа чет мамлакатлар флорасига мансуб бўлган қимматбаҳо ўсимлик турлари ҳақидаги илмий манбаларни ва маълумотларни ўзлари мустақил ҳолда чет тилида батафсил ўқиб ўргана оладилар ва ҳ.
Маълумки ҳар бир фаннинг ўзига хос методлари — услублари мавжуд. Ўзбекистон фойдали ўсимликлари фани эса номлари юқорида кўрсатилган барча фанларнинг услубларига таянган ҳолдагина тараққий эта олади.

Download

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling