Илмий тадқиқот. ўқув қўлланма

Sana01.01.1970
Hajmi
#227537
Bog'liq
Илмий тадқиқот. ўқув қўлланма


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ

ФАРҒОНА ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ


АБДУМУТАЛ ҚАМБАРОВ

ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТ МЕТОДОЛОГИЯСИ

Фарғона – 2019


КИРИШ
Жаҳонда илмий-техникавий тараққиёт шиддат билан ривожланаётган ва глобаллашув жараёнлари чуқурлашиб бораётган ҳозирги шароитда илм-фаннинг салмоғи ҳар қачонгидан ҳам ортиб, ҳар бир давлатнинг риқожланишига, халқ фаровонлигининг ошишига, мамлакатнинг жаҳондаги нуфузига таъсир кўрсатадиган муҳим омилга айланиб бормоқда.
Мамлакатимизда фан ва фалсафани ҳозирги давр талаблари даражасида ривожлантириш олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадига айланган бугунги кунда фаннинг табиати, муҳим хусусиятлари ва унинг ривожланишига жиддий халақит бераётган объектив ва субъектив шарт-шароитлар тўғрисида фикр юритиш муҳим назарий ва амалий аҳамиятга моликдир.
Аввало, шуни алоҳида таъкидлаш ва эътироф этиш лозим, дастлаб илмий билимлар қадимги Шарқ мамлакатларида вужудга келган ва ўрта асрларда унинг ривожига Марказий Осиёдан етишиб чиққан улуғ аждодларимиз катта ҳисса қўшган. Шундай бўлса-да, фаннинг илмий билимлар системаси, алоҳида социал институт, фаолият тури ва касб сифатидаги ривожланиши XIX асрда Европада рўй берди: фан Европа халқлари маънавий маданияти, демократияси, фикрлаш ва ҳаёт тарзининг маҳсули сифатида ривожланди.
Шундай қилиб, фан, бугунги кунда жуда катта ютуқларни қўлга киритди, тўпланган турли хил эмпирик билимларни муайян фан доирасида умумлаштириш ва тизимлаштиришга эришди.
Фан тараққиёти, илмий билиш, ижод муаммолари билан қадимдан файласуф олимлар қизиқиб келганлар. Билиш ҳақидаги фалсафий фикрлар тараққиёти, илмий билиш, илмий тадқиқот муаммолари таҳлили эпистемология – илмий билиш назариясини шаклланиши ва тараққиётига сабабчи бўлган.
Илмий тадқиқот – мураккаб фалсафий муаммо бўлиб, бу муаммони, аввало, соф интеллектуал ходиса, инсон маънавий фаолиятининг ўзига хос мураккаб кўриниши сифатида ўрганилади.
Илмий тадқиқот – кишилик жамияти тараққиётига таъсирини англаш, ижоднинг ўзига хос томонларини билиш, илмий тадқиқот методлари ва методологияси ҳақида назарий ва амалий билимларни эгаллаш йўлини танлаган мутахассислар учун жуда муҳимдир. Илмий тадқиқот фанга аввалдан маълум бўлмаган объектив қонунларни очишга йўналтирилган инсон маънавий фаолиятининг энг мураккаб шаклларидан биридир.
“Илмий тадқиқот методологияси” номли ўқув қўлланмаси магистрларга фанни ўзлаштиришга, илмий тадқиқот методологиясининг ўзига хос томонларини англаш, илмий изланишларни олиб бориш йўллари, методларини билиш ва улардан оқилона фойдаланиш кўникма ва малакаларини хосил қилишга ёрдам беради.
Мазкур фаннинг бош мақсади ёш тадқиқотчилар – магистрларнинг илмий асарларини таҳлил қилиш, пухта ўзлаштириш, илмий фактлар тўплаш, илмий билиш усулларидан фойдаланиш, илмий асарлар яратиш кўникма ва малакаларини ривожлантириш, тадқиқотчининг истеъдод ва қобилиятларини рўёбга чиқаришдир.
Ўқув қўлланма олий ўқув юртларининг барча йўналишдаги магистрларига ўқитилаётган “Илмий тадқиқот методологияси” фанининг намунавий дастури асосида тайёрланди. Мавзуларни изчил ва системали равишда баён этишга, фаннинг фалсафий моҳияти, ижтимоий онг системасида тутган тутган ўрни, жамиятнинг маънавий янгиланиши ва шахс ҳаётидаги аҳамиятини, илмий ижод фалсафаси ва психологияси, илмийлик мезонлари, илмий тадқиқот олиб бориш усуллари, илмий тадқиқот шакллари, жумладан, диссертация ёзиш қоидалари ва усулларини ёритишга ҳаракат қилинди.

Download

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling