6-SON AMS

Sana01.01.1970
Hajmi
#241449
Bog'liq
6-SON AMS




[ОКОЗ:

1.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.04.00.00 Аудиторлик фаолияти / 09.04.03.00 Аудит ўтказиш тартиби]

[ТСЗ:

1.Молия / Аудиторлик фаолияти]

Ўзбекистон Республикаси
Молия вазирлиги томонидан
Вазир ўринбосари
Э.Ф. ГАДОЕВ
1999 йил 4 август, 61-сон
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«АУДИТНИ ҲУЖЖАТЛАШТИРИШ»
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ аудит МИЛЛИЙ СТАНДАРТИ
6-СОН аМС
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 3 сентябрда 812-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Умумий қоидалар
1. Мазкур стандарт Ўзбекистон Республикасининг «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 10 июндаги 296-сон «Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис XIV сессиясида қилган маърузасида баён этилган асосий қоидаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини норматив тартибга солиш элементи ҳисобланади.
Стандартнинг мақсади ва вазифалари
2. Мазкур стандартнинг мақсади аудиторлик ташкилоти (аудитор) томонидан аудитнинг иш ҳужжатларини тайёрлаш бўйича ягона талабларни белгилаш ҳисобланади.
3. Стандартнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:
3.1. Аудитни ҳужжатлаштиришнинг умумий принципларини шакллантириш;
3.2. Аудитнинг иш ҳужжатлари шакли ва мазмунига қўйиладиган талабларга мослаштириш;
3.3. Иш ҳужжатларини тузиш ва сақлаш тартибини тавсифлаш.
4.Тўғри расмийлаштирилган иш ҳужжатлари:
4.1. Аудитни режалаштириш ва ўтказишга, аудит жараёнида таҳлилнинг амалга оширилишига ёрдам беради;
4.2. Фикр билдириш учун ўтказилган аудитнинг натижалари ҳақида гувоҳлик беради.
Амал қилиш соҳаси
5. Мазкур стандартнинг талаблари расмий аудиторлик хулосасини тайёрлашни назарда тутадиган аудитни амалга ошириш пайтида барча аудиторлик ташкилотлари учун мажбурий ҳисобланади, тавсиявий тусда эканлиги бевосита кўрсатилган қоидалар бундан мустасно.
6. Мазкур стандарт талаблари, текширув натижалари асосида расмий аудиторлик хулосаси тайёрлашни кўзда тутмайдиган аудитнинг амалга оширилишида, шунингдек, аудитга турдош хизматлар (консалтинг хизматлари) кўрсатилишида тавсиявий тусга эга бўлади.
Аниқ топшириқни бажариш чоғида мазкур стандартнинг мажбурий талабларидан четга чиқилган ҳолларда аудиторлик ташкилоти буни ўзининг иш ҳужжатларида ҳамда аудит ва/ёки унга турдош хизматларга буюртма берган хўжалик юритувчи субъект раҳбариятига бериладиган ёзма ҳисоботда мажбурий тартибда кўрсатиб ўтиши лозим.
Аудитнинг иш ҳужжатларини тайёрлаш асослари
7. Аудиторлик ташкилоти томонидан ўтказиладиган аудит мажбурий тартибда ҳужжатлаштирилиши, яъни олинган ахборотлар аудитнинг иш ҳужжатларида акс эттирилиши ва мазкур аудит стандартига мувофиқ расмийлаштирилиши керак.
8. Аудитнинг иш ҳужжатларига қуйидагилар киради:
а) аудитни ўтказиш режалари ва дастурлари;
б) аудиторлик ташкилоти томонидан қўлланилган тартиб-таомиллар ва уларнинг натижалари тавсифи;
в) хўжалик юритувчи субъектнинг тушунтиришлари, изоҳлари ва аризалари;
г) хўжалик юритувчи субъект ҳужжатларининг нусхалари, шу жумладан, фотонусхалари;
д) хўжалик юритувчи субъектда бухгалтерия ҳисобининг ташкил этилиши ва ички назорат тизими тавсифи;
е) аудиторлик ташкилотининг таҳлилий ҳужжатлари;
ж) бошқа ҳужжатлар.
Иш ҳужжатлари таркибига киритилиши мумкин бўлган ҳужжатларнинг намунавий рўйхати аудитнинг мазкур стандартидаги иловада келтирилган.
9. Иш ҳужжатлари аудитни ўтказаётган аудиторлик ташкилоти томонидан тузилиши ёки аудит ўтказилаётган хўжалик юритувчи субъектдан ёки бошқа шахслардан олиниши мумкин.
10. Иш ҳужжатларининг шакли ва мазмуни қуйидаги омилларга боғлиқ:
а) олиб борилаётган ишнинг хусусиятига;
б) аудиторлик хулосасининг шаклига;
в) хўжалик юритувчи субъект фаолиятининг (бизнесининг) хусусияти ва мураккаблилигига;
г) хўжалик юритувчи субъектнинг бухгалтерия ҳисоби ва ички назоратнинг ҳолатига;
д) алоҳида тартиб-таомилларни бажариш чоғида аудиторлик ташкилоти ходимлари иши устидан раҳбарлик ва назорат қилишнинг зарурий даражасига;
е) аудитни ўтказиш жараёнидаги ўзига хос махсус аудиторлик усуллари ва технологиясига.
11. Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини тартибга соладиган ҳужжатларда тузилиши кўзда тутилган ҳужжатлар аудиторлик ташкилотининг иш ҳужжатлари таркибига мажбурий тартибда киритилади.
12. Иш ҳужжатларининг шакллари, агар Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини тартибга соладиган ҳужжатларда бундай шакллар назарда тутилмаган бўлса, аудиторлик ташкилоти томонидан мустақил равишда ишлаб чиқилади.
13. Иш ҳужжатлари аудитни ўтказаётган аудиторлик ташкилотининг тасарруфида бўлади. Хўжалик юритувчи субъектнинг ҳужжатлари нусхалари, шу жумладан, фотонусхалари аудиторлик ташкилоти иш ҳужжатлари таркибига ушбу хўжалик юритувчи субъектнинг розилиги билан киритилиши мумкин.
14. Аудит ўтказилган хўжалик юритувчи субъект ва бошқа шахслар, шу жумладан, солиқ ва бошқа давлат органлари, аудиторлик ташкилотидан иш ҳужжатларини ёки унинг нусхаларини тўлиқ ёки бирор-бир қисмини тақдим этишни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмаслар, бундан тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолатлар мустасно.
15. Иш ҳужжатларида келтирилган маълумотлар махфийдир ва аудиторлик ташкилоти томонидан ошкор этишга йўл қўйилмайди.
Иш ҳужжатлари мазмунига қўйиладиган талаблар
16. Иш ҳужжатлари ўзида қуйидагиларни мужассамлаштирган бўлиши керак:
а) аудитни режалаштириш тўғрисидаги ёзувлар;
б) бажарилган аудиторлик хизматларининг хусусияти, ўтказилиш вақти ва ҳажми тўғрисидаги ёзувлар;
в) аудит давомида олинган маълумотлар асосида чиқарилган хулосалар.
17. Аудиторнинг профессионал мулоҳазасини талаб этувчи барча муҳим масалалар, мазкур масалалар бўйича чиқарилган хулосалар билан биргаликда иш ҳужжатларида акс эттирилиши керак.
18. Иш ҳужжатлари етарлича тўлиқ ва батафсил бўлиши керак, токи тажрибали аудитор у билан танишиб чиққанидан сўнг, аудиторлик ташкилоти томонидан ўтказилган аудит тўғрисида умумий таассуротга эга бўлсин.
19. Иш ҳужжатлари таркибига киритилган маълумотлар шундай аниқ баён қилинган ва ифодаланган бўлиши керакки, уларнинг моҳияти ҳамда шакллари аниқ-яққол бўлиши ва турлича талқин қилишнинг имкони бўлмаслиги керак.
20. Иш ҳужжатларининг ҳажми ва мазмуни қуйидаги омилларга боғлиқ:
20.1. Мазкур хўжалик юритувчи субъект янги буюртмачи бўлиб ҳисобланадими;
20.2. Хўжалик юритувчи субъект нодавлат ташкилоти бўлиб ҳисобланадими;
20.3. Аудит учинчи томон талаби билан ўтказиляптими;
20.4. Махсус ҳисобот талаб этиладими.
Иш ҳужжатларини расмийлаштиришга қўйиладиган талаблар
21. Иш ҳужжатлари ўз вақтида: аудитнинг бошлангунига қадар, аудитни ўтказиш жараёнида ва тугаши бўйича тузилиши лозим. Хўжалик юритувчи субъектга аудиторлик хулосасини тақдим этиш пайтида барча иш ҳужжатлари тузилган (олинган) ва расмийлаштирилиши ниҳоясига етказилган бўлиши лозим.
22. Иш ҳужжатлари таркибига кирувчи ҳужжатлар қуйидаги реквизитларга эга бўлиши керак:
а) ҳужжатнинг номи;
б) аудит ўтказилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг номи;
в) аудит ўтказилаётган давр;
г) аудиторлик тартиб-таомилларини бажариш ёки ҳужжатни тузиш санаси;
д) ҳужжатнинг мазмуни;
е) ҳужжатни тузган шахснинг имзоси ва унинг расшифровкаси;
ж) ҳужжатни текшириш санаси ва ҳужжатни текширган шахснинг имзоси ва унинг расшифровкаси.
23. Аудитнинг иш ҳужжатларига кирувчи ҳужжатлар уларга киритилган маълумотлар манбаига ҳаволаларни ўзида мужассамлаштирган бўлиши лозим.
24. Агар иш ҳужжатларида шартли белгилардан (рамзлардан) фойдаланилган бўлса, у ҳолда бундай белгилар (рамзлар)тушунтирилган бўлиши керак.
25. Ҳар бир иш ҳужжати ўзининг рақам индексига эга бўлиши керак. Рақам индексларини тузиш тизими ва бериш тартиби аудиторлик ташкилоти томонидан белгиланади.
Иш ҳужжатларини сақлаш тартиби
26. Аудит тугаганидан сўнг, иш ҳужжатлари аудиторлик ташкилотининг архивига мажбурий сақлаш учун топширилиши керак.
27. Иш ҳужжатларининг сақланиши, уларнинг расмийлаштирилиши ва архивга топширилишини аудиторлик ташкилотининг раҳбари ёки у томонидан ваколат берилган шахс ташкил қилади.
Ўтказилаётган ёки ўтказилган аудитни қайд қилувчи иш ҳужжатларини мазкур хўжалик юритувчи субъектнинг аудит қилиниши билан банд бўлмаган аудиторлик ташкилотининг ходимларига берилишига, одатда, йўл қўйилмаслиги керак.
28. Аудиторлик ташкилоти иш ҳужжатларининг ишончли сақланишини таъминлаши шарт. Сақлаш муддати қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Иш ҳужжатларининг йўқолиши ёки йўқ бўлиши ҳолларида аудиторлик ташкилотининг раҳбари хизмат суриштиришини тайинлаши ва унинг натижалари тегишли далолатнома билан расмийлаштирилиши керак.
29. Иш ҳужжатларини аудиторлик ташкилотидан олишни Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда, фақатгина унга ваколатли бўлган органлар томонидан амалга оширилиши мумкин.
Кучга кириш санаси
30. Мазкур Аудитнинг миллий стандарти 2000 йилнинг 1 январидан кучга киради.
6-сон АМСга
ИЛОВА
Аудиторлик ташкилотининг иш ҳужжатлари таркибига киритилиши мумкин бўлган ҳужжатларнинг

Download

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling