карим шониёзов

Sana01.01.1970
Hajmi
#99410
Bog'liq
карим шониёзов


АКАДЕМИК КАРИМ ШОНИЁЗОВ – ЎЗБЕК ЭТНОЛОГИЯ МАКТАБИНИНГ АСОСЧИСИ

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги, тарих фанлари доктори, профессор, марҳум устоз Карим Шониёзов ўзбек этнографияси – элшунослиги тамал тошини қўйган ва мазкур фан соҳасида ўзига хос мактаб яратган фидойи инсон эди.


Муборак туманидаги Қарлуқ қишлоғида 1924 йилда таваллуд топган Карим шониёзов ёшлигида ҳаётнинг аччиқ синовларини бошидан кечирди. Ўсмирлик чоғидаёқ етимлик, оғир меҳнат ва муҳтожлик азобини тортди. Лекин ҳаётга доимо чанқоқлик билан боқди. Ватан меҳри ва туйғусини доимо дилига жо этди. Бутун умрини, куч-ғайратини ва ақл-заковатини илм-фанга бағишлади. У таниқли элшунос олим, академик даражасига етгунча ниҳоятда машаққатли ҳаёт ёълини босиб ўтди.
Олим иккинчи жаҳон урушининг бошидаёқ кўнгиллилар қаторида фронтга жўнади. Разведкачи сифатида кўрсатган жасоратлари учун 21 та жанговар нишонга сазовор бўлди.
У жанггоҳдан қайтиб билимини оширди, ёшларга сабоқ берди ҳамда ташкилотчилик ишларига бош-қош бўлди. 1952 йилда Тошкент Давлат педагогика институтининг тарих факультетини тугатди. 1957 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих ва археология институтига аспирантурага ўқишга киргач, унинг кенг кўламли илмий фаолияти бошланди. Карим Шониёзов 1960 йилда номзодлик, 1975 йилда эса докторлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилди. 1960 йилда шу институтда катта илмий ходим, 1967 йилда тарихий этнография, 1973-1999 йилларда эса этнография, тарихий этнография ва этногенез тадқиқотлар бўлимининг раҳбари сифатида самарали фаолият кўрсатди. 1999 йилдан то умрининг охиригача шу бўлимда етакчи илмий ходим бўлиб ишлади.
1994 йилда ЎзФАнинг мухбир аъзолигига, 2000 йилда эса ҳақиқий аъзолигига сайланди.
Карим Шонийзов Ўзбекистоннинг энг йирик тарихчи олимларидан бири бўлиб, этнография бўйича ўзбеклардан етишиб чиққан биринчи фан доктори ва академик ҳисобланади. Ўзбек этнографияси фанида Карим Шониёзов Ўрта Осиё халқларининг этник тарихи бўйича ҳар томонлама кенг кўламли билимга эга бўлиб, шу билан бирга ўзбек халқининг келиб чиқиши (этногенези) ва этник тарихни изчил ўрганган олим эди. Устознинг илмий фаолияти даврида унинг 200 дан ортиқ илмий мақолалари, 6 та йирик монографиялар ва кўплаб рисолалари нашр этилган.
Унинг “Жанубий ва Ғарбий Ўзбекистон қарлуқлари тўғрисида тарихий-энтографик очерк”, “Ўзбеклар-қарлуқлар”, “Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни” номли асарлари ёзма, тарихий, антропологик, нумизматик, этнографик ва бошқа ноёб манбалар асосида ёзилган бўлиб, уларда ўзбек уруғларининг негизи ҳақида фикр юритилган.
Карим Шониёзов ўзининг самарали тадқиқотлари билан ўзбек элшунослик мактабига асос солди.
Олимнинг илмий ишлари Россия, АҚШ, Франция, Ҳиндистон, Афғонистон, Туркия каби хорижий мамлакатларда ҳам нашр этилган. Устоз ўзбек Қомусини яратишга 200 дан зиёд мақоласи билан ўз ҳиссасини қўшган эди.
Тарихий ва этнографик маълумотларини археология, антропология, нумизматика, фольклоршунослик каби ёндош фанлар ютуқлари билан қиёсий ўрганиш ва шу орқали у ёки бу долзарб муаммони ёритишда муайян тўхтамларга келиш Ўзбекистон тарихида К.Шониёзов асос солган янги йўналишнинг ўзига хос хусусиятидир.
Халқимизнинг миллий ўзликни, узоқ ўтмишдаги аждодлар тарихини билишга интилаётган ҳозирги янгиланиш даврида устознинг илмий тадқиқотлари ғоятда муҳим аҳамиятга эга. Мазкур тадқиқотлар ўзбек халқининг келиб чиқиши (этногенези) ва давлатчилик тарихига шубҳа билан қаровчиларга муносиб ва асосли жавоб бўлиб хизмат қилади.
Download

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling