Электрон ҳукумат


Download 440.65 Kb.
Sana22.09.2020
Hajmi440.65 Kb.

1-мавзу: “Электрон ҳукумат” тушунчаси, вазифалари ва асосий принциплари. (4 соат)

Режа:

  1. Электрон ҳукумат тушунчаси.

  2. Электрон ҳукумат таърифлари.

  3. Электрон ҳукуматнинг асосий вазифалари.

  4. Электрон ҳукуматнинг асосий принциплари.

  5. Ўзбекистон Республикасида электрон ҳукумат тизимининг ривожланиш босқичлари.


Таянч сўз ва иборалар: Электрон ҳукумат, электрон ҳукумат тизимининг бошланғич маъноси, маҳаллий ҳисоблаш тармоғи (локал тармоқ), минтақавий тармоқ, глобал тармоқ, давлат интерактив хизматлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали.
<<1>>

Электрон ҳукумат тушунчаси.

Ахборот-коммуникация технологиялари тараққий этиши билан ҳаётимизни қулайликлар билан бойитиш мақсадида тақдим этилаётган тежамкор ва ишончли имкониятлардан бири «Электрон ҳукумат» тизимининг жорий этилишидир.

Электрон ҳукумат” тизими мутахассисларининг фикрича, давлат бошқарувига ахборот-коммуникация технологияларининг кириб келиши иқтисодиётнинг ривожланишини тезлаштириш имкониятини яратади, маъмурий буйруқбозлик асосида келиб чиқадиган сарф-харажатларни камайтиради, давлат ташкилотларининг иш унуми ва самарасини оширади, аҳолининг турли ахборотларга бўлган эҳтиёжини қондириш ҳисобига фуқаролик жамиятини шакллантириш бўйича имкониятларни кенгайтиради, давлат хизматларининг фаолиятидаги шаффофликни яратади ва бюрократик тўсиқларни камайтиради.

Электрон ҳукумат” тушунчаси 1990-йилларнинг бошида пайдо бўлган, лекин амалиётга сўнгги йиллардан бошлаб тадбиқ қилина бошланди. Электрон ҳукуматни ишлаб чиқиш билан биринчи галда АҚШ ва Англия, ҳамда Италия, Норвегия, Сингапур, Австралия ва айрим бошқа давлатлар (Франция, Германия, Қатар, БАА ва ҳ.к.) шуғулландилар. Электрон ҳукуматнинг уч асосий ривожланиши тизими ажратилади: -ҳукумат – аҳоли (G2C); -ҳукумат — бизнес (G2B); - ҳукумат — ҳукумат (G2G).



Электрон ҳукумат тизимининг бошланғич маъноси: бу давлат бошқарув органларида ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали янги кўникмаларни жорий қилиш ва ташкилий ўзгартиришлар асосида давлат хизматлари ва демократик жараёнларни, давлат сиёсий институтларига ёрдам беришни таъминлашни такомиллаштиришга қаратилган тизимдир.

Электрон ҳукуматнинг яратилиши ҳужжатларнинг қайта ишлаш жараёнлари билан боғлиқ бўлган барча масалалар ечими тўлиқ амалга оширилган тақсимланган умумдавлат жамият бошқаруви тизими яратилишини тақозо қилади. Ахборот–коммуникация технологиялари тезкор суръатлар билан ривожланаётган шароитда барча соҳаларда давлат органларининг электрон кўринишдаги фаолиятларига фуқаролар ҳамда ҳар қандай мулкчилик шаклларига асосланган ташкилот ва муассасалар томонидан эҳтиёж мавжуддир. Бугунги кунга келиб бутун дунёда тан олинган ягона электрон ҳукумат яратиш концепцияси мавжуд эмас.



Электрон ҳукумат тизимининг жорий этилишидан мақсад: аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш самарасини кўтариш; фуқароларнинг ўз–ўзига хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш; инсонларнинг малакаси ва технологик хабардорлиги даражасини ошириш; барча сайловчиларнинг мамлакатни бошқариш жараёнларидаги иштирок даражасини ошириш ва географик жойлашув ҳамда иш вақти омиллари таъсирини камайтиришдан иборатдир. Бунинг натижасида давлат хизматларининг самарали ва кам ҳаражатли бошқарув усули жорий этилади, жамият ва ҳукумат муносабатларини тубдан янги босқичга олиб чиқилади ва фуқаролик жамияти ривожлантирилиб, ҳукуматнинг халқ олдидаги жавобгарлик даражаси оширилади.

Электрон ҳукуматнинг юзага келиши натижасида фуқароларга хизмат ва ахборотлар улар истаган жойда ва вақтда инсонларга қулай шаклда тақдим этилади. Мувафаққиятли амалга оширилган давлат хизматлари очиқ, ҳаммабоп, оддий фойдаланувчига қулай, интеграллашган ҳамда давлат ва хусусий секторларнинг ҳамкорлиги тамойилига асосланган бўлади, улар нафақат Интернет тармоғига уланган инсонларни, балки шу кунгача тармоққа кирмаган ва у билан таниш бўлмаганларни ҳам жалб қила олади. Аҳолига хизмат кўрсатиш йўлларини юқори даражада ошириш давлат манфаатлари мақсадлари қаторига киради ва бугунги кунда пайдо бўлаётган электрон ҳукуматнинг яратилиши жамият ва ҳокимият ўртасидаги муносабатларнинг тубдан ўзгаришига сабаб бўлмоқда.

Охирги вақтларда электрон ҳукумат атамаси одатий ҳаётда кўплаб қўлланилмоқда. Бироқ ҳозирча кўпчилик ушбу атаманинг тўлиқ маъносини билишмайди. E – government концепцияси ўзбек тилига таржима қилинганда “электрон ҳукумат” маъносини беради. Атама давлат тузилмасига давлат аппаратининг фаолияти самарадорлигини ошириш ва очиқлигини кўрсатиш мақсадида замонавий ахборот ва компьютер технологияларини киритиш ғояси каби Ғарбда пайдо бўлган. Бу концепция ғояси хизмат кўрсатишга йўналтирилган ҳукумат маъносида, яъни, ўз фуқароларига хизмат кўрсатувчи ташкилот ғояси билан ажралмас бўлган.

Бу вазифаларни ечиш учун бутун дунёда мос мақсадли дастурий воситалар яратила бошланди: E-Europe, E-Austria, Indonesia National E-Strategy. Электрон ҳукумат давлат хизматлари ва фуқаролар ўртасида алоқаларни ривожлантириш ва ўзаро муносабатни яхшилаш учун биринчи навбатда Интернет тармоғидан ва янги технологиялардан самарали фойдаланишни кўзда тутади.



“Электрон ҳукумат” ёки электрон бошқариш давлат бошқарув органлари ахборот – коммуникация технологиялари(АКТ)дан фойдаланиш сабаблари:

  • давлат хизматларини самарали ва тезлаштирилган босқичда кўрсатилиши;

  • ички самарадорликни ўзгартириш;

  • фуқаролар, корхоналар ёки бошқа давлат муассалари ўртасида ахборот алмашинуви;

  • харажатларни камайтириш ва даромадни ошириш;

  • маъмурий жараёнларни тузилмасини қайта тузиш.



<<2>>

Электрон ҳукумат таърифлари.

“Электрон ҳукумат”нинг турлича таърифлари мавжуд бўлиб, унинг асл мазмун ва моҳиятини билиш мақсадида бу таърифлардан бир нечтасини келтирамиз:

Давлат бошқарувида ахборот коммуникацияси технологиялари.

Давлат томонидан хизмат кўрсатиш жараёнларини автоматлаштириш.

Давлат ҳокимияти органлари ва жамият ўртасида ахборотлаштиришдаги ўзаро муносабатларни ахборот-коммуникация технологиялари асосида ташкил этиш.

Давлат бошқарувида ахборотга ишлов бериш, уни узатиш ва тарқатишни ҳамда ҳокимиятнинг барча даражаларида давлат органларининг фуқароларга хизмат кўрсатишини электрон воситалар асосида ташкил этиш.

Қуйидаги асосий хизмат ва вазифаларни ўз ичига олган автоматлаштирилган давлат хизмати:


  • фуқароларни керакли давлат ахборотидан эркин фойдаланишини таъминлаш;

  • солиқлар йиғиш, патентлар ва транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш;

  • давлат аппарати учун зарур материал ва жиҳозларни харид қилишни расмийлаштириш ҳамда битимлар тузиш.

Электрон ҳукумат — бу ҳам “ички”, ҳам “ташқи” алоқалар ва жараёнлар мажмуаси тегишли ахборот-коммуникация технологиялари билан қўланиланиладиган ва таъминланиб турадиган ҳукумат. Коммуникация тармоқлари (шу жумладан Интернет) орқали ахборотга ишлов бериш учун қабул қилиш, узатиш ва тарқатишни, электрон воситалар асосида давлат бошқарувининг ташкил қилишни, давлат ҳокимияти органларини барча бўғинлари томонидан фуқароларнинг барча тоифаларига электрон воситалар билан хизматлар кўрсатишни, ўша воситалар ёрдамида фуқароларга давлат органларининг фаолияти ҳақида ахборот беришни таъминлайди.

Ҳозирги кунда электрон ҳукумат тизимининг умумий таърифи – бу давлат ва мурожаат қилувчи ўртасидаги ўзаро муносабат осонлаштирилган ва ахборот технологиялари максимал даражада қўлланиладиган боғланишга эга шакланган давлат хизматларини, ахборотни фуқароларга, тадбиркорликка, ҳукуматнинг бошқа соҳаларига ва давлат мансабдор шахсларига тақдим этиш кўзда тутувчи назорат остидаги тизим сифатида кўрсатилади.

Турли давлатларда ва ташкилотларда электрон ҳукуматни бажарадиган вазифаларига кўра қуйидагича таърифланади:

Жадвал 1.1



Электрон ҳукумат таърифлари

Ўзбекистон Республикаси

Давлат бошқарув органларида ахборот ва коммуникацион технологияларни қўллаш орқали янги кўникмаларни жорий қилиш ва ташкилий ўзгартиришлар асосида давлат хизматларини ва демократик жараёнларни, давлат сиёсий институтларига ёрдам беришни таъминлашни такомиллаштиришга қаратилган тизим.

Корея Республикаси

Давлат ва ҳукумат органларини бошқариш вазифаларини самарали бажарилишини таъминловчи бошқарув ташкилоти ва фуқаролар ўртасидаги ўзаро алоқа тизими.

Америка

Қўшма

Штатлари

(AҚШ)

Халқ – ҳукумат тизимини яратиш, ахборот ва хизматлардан фойдаланишни таъминлаш, шунингдек давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва давлат хизматларидан унумли фойдаланиш учун ахборот технологияларини қўлланилаш.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)

Электрон ҳукумат фуқароларга давлат органлари томонидан ахборот ва хизматларини eтказиб бериш учун Интернет фойдаланиш деб таърифланган. Ҳукумат ва халқ ўртасидаги ўзаро муносабатларни яхшилаш мақсадида халқ ва давлатга ахборотни ҳамда хизматларни тақдим этиш учун интернетдан фойдаланиш тизими.

Жаҳон банки

Электрон ҳукумат давлат органлари ахборот технологияларидан фойдаланиб фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа давлат органлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни яхшилашни назарда тутади.

Ушбу технологиялар турли мақсадларга хизмат қилиши мумкин: фуқароларга давлат хизматларини яхшироқ этказиб бериш,   бизнес ва ишлаб чиқариш билан ўзаро мулоқотни такомиллаштириш, керакли маълумотларни олиш орқали фуқаро ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, ёки янада самарали давлат бошқарувини амалга ошириш.



Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти

Электрон ҳукумат термини хукумат томонидан АКТдан фойдаланиб, бир қатор амалий функцияларини тўлақонли бажариши назарда тутади.

Хусусан, Интернет ва тегишли технологиялар томонидан таклиф этилган тармоқ салоҳияти тузилмалари ва ҳукуматнинг ишлаш жараёнини трансформацияси тушунилади.


Электрон ҳукумат атамаларини қуйидаги тўртта асосий қисмлари орқали умумлаштириш мумкин. Электрон ҳукумат қуйидагича тавсифланади1.



  1. АКТ дан фойдаланиш (компьютер тармоқлари (Глобал тармоқлар - WAN (Wide Area Network) ўзига бутун дунё бўйича ҳамма абонентларни, локал ва минтақавий тармоқларни ўзига телефон ёки спутник алоқа тармоғи орқали бирлаштиради), интернет, факс ва телефон).

  2. Ҳукумат фаолиятини қўллаб-қувватлаш (ахборот билан таъминлаш, хизматлар, маҳсулотлар, мамурий бошқарув).

  3. Фуқаролар билан ҳукумат муносабатларини ривожлантириш (янги алоқа каналларини яратиш, сиёсий ёки маъмурий жараёнларига фуқароларни тарғибот ва ташвиқотлар орқали жалб қилиш).

  4. Белгиланган стратегияларга мос равишда иштирокчиларни жараёнларда қатнашиш қийматини белгилаш.

<<3>>

Электрон ҳукуматнинг асосий вазифалари.

Электрон ҳукуматнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:



  • давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини, тезкорлигини ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг масъулиятини ва ижро интизомини кучайтириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ахборот алмашишни таъминлашнинг қўшимча механизмларини яратиш;

  • ариза берувчилар учун мамлакатнинг бутун ҳудудида давлат органлари билан ўзаро муносабатларни электрон ҳукумат доирасида амалга ошириш бўйича имкониятлар яратиш;

  • ўз зиммасига юклатилган вазифалар доирасида давлат органларининг маълумотлар базаларини, Ягона интерактив давлат хизматлари порталини ва Электрон давлат хизматларининг ягона реестрини шакллантириш;

  • аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда электрон ҳужжат айланиши, давлат органларининг ўзаро ҳамкорлиги ва уларнинг маълумотлар базалари ўртасида ахборот алмашинуви механизмларини шакллантириш ҳисобига давлат бошқаруви тизимида «бир дарча» принципини жорий этиш;

  • тадбиркорлик субъектларини электрон ҳужжат айланишидан фойдаланишга, шу жумладан статистика ҳисоботини тақдим этиш, божхона расмийлаштируви, лицензиялар, рухсатномалар, сертификатлар бериш жараёнларида, шунингдек давлат органларидан ахборот олиш жараёнларида электрон ҳужжат айланишидан фойдаланишга ўтказиш;

  • тадбиркорлик субъектларининг электрон тижорат, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали маҳсулотни сотиш ва харидларни амалга ошириш тизимларидан фойдаланишини, шунингдек коммунал хизматларни ҳисобга олишнинг, назорат қилишнинг ва улар учун ҳақ тўлашнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этишни кенгайтириш;

  • нақд бўлмаган электрон тўловлар, давлат харидларини амалга ошириш, масофадан фойдаланиш тизимларини ва банк-молия соҳасидаги фаолиятнинг бошқа электрон шаклларини ривожлантириш.

<<4>>

Электрон ҳукуматнинг асосий принциплари.

Электрон ҳукуматнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:



  • давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги;

  • электрон давлат хизматларидан ариза берувчиларнинг тенг равишда фойдаланиши;

  • «бир дарча» принципи бўйича электрон давлат хизматлари кўрсатиш;

  • давлат органларининг ҳужжатларини бирхиллаштириш;

  • электрон ҳукуматнинг ягона идентификаторларидан фойдаланиш;

  • электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартибини мунтазам такомиллаштириб бориш;

  • ахборот хавфсизлигини таъминлаш.

<<5>>

Ўзбекистон Республикасида электрон ҳукумат тизимининг

ривожланиш босқичлари

Республикамизда ҳам дунёнинг бошқа мамлакатлари каби электрон ҳукуматни шакллантириш ва жорий этишга катта эътибор қаратилган. Ривожланиб бораётган мазкур тизим давлат ҳокимияти органлари, бизнес соҳаси, айниқса, фуқароларга турли давлат хизматларини кўрсатиш юзасидан ахборот хизматини тақдим этиши ҳеч кимга сир эмас.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг "Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2012 йил 21 мартдаги ПҚ-1730-сон қарори ҳамда ушбу қарор билан тасдиқланган "2012-2014 йилларда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенг жорий этиш ва ривожлантириш дастури", 2013 йил 27 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги ишларнинг самарадорлигини ошириб, фуқаролар томонидан ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳамда ахборот хизматларидан фойдаланиш тизимини такомиллаштиришда муҳим ўрин тутмоқда. 2013 йил 27 июнда қабул қилинган қарор билан мамлакатимизда "электрон ҳукумат" тизимини жорий этиш ва ривожлантириш бўйича бир қатор лойиҳалар ва чора-тадбирлар белгиланди, уларни амалга ошириш механизмлари ва муддатлари аниқланди.

Жумладан, “Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида қабул қилинган 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантиришнинг комплекс дастури тегишли меъёрий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, аҳолининг давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро муносабатини электрон шаклда амалга оширишини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимида “ягона ойна” принципини жорий этиш каби долзарб вазифаларни ўз ичига олган.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг юқорида келтирилган қарори доирасида Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси (ҳозирги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги) ҳузурида икки янги тузилма — “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази ва Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази ташкил этилди. Ушбу марказлар олдига мамлакатимиз ахборот ресурслари, тизим ва тармоқларини жадал ривожлантиришдек устувор вазифа қўйилди.

"Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш маркази фаолияти мамлакатимизда давлатнинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан электрон ҳамкорлик тизимини такомиллаштириш ва янада ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини ишлаб чиқишга қаратилган. Давлат органларида фойдаланиладиган маълумотлар базаси ва ахборот ресурсларини лойиҳалаштириш, ишлаб чиқиш ва бирлаштириш механизмини назарда тутадиган ушбу тизимни шакллантиришга ягона технологик ёндашувни таъминлайдиган мазкур марказ бу борадаги жаҳон тенденциялари ҳамда хорижий мамлакатлар тажрибасини таҳлил ва тадқиқ этади, “электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш жараёнида тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига вақт ва маблағни тежаган ҳолда сифатли давлат хизматлари кўрсатиш, янги-янги хизматларни электрон равишга ўтказиш каби вазифларни ҳал этади.

Ахборот хавфсизлигини таъминлаш марказининг асосий мақсади эса "электрон ҳукумат" тизими маълумотлар базаси, ресурслари ва ахборот тизимлари комплексининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш, давлат органларининг тегишли ресурс ва тизимларининг ахборот хавфсизлиги сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашиш, "электрон ҳукумат" тизимининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани ривожлантириш, шунингдек, миллий интернет сегментини такомиллаштириш борасида ишларни амалга оширишдан иборат.

2013 йилнинг 1 июлида Республикамизда "электрон ҳукумат" тизимининг энг муҳим воситаларидан бири бўлган Ягона интерактив давлат хизматлари портали ишга туширилди (www.my.gov.uz). Ягона порталнинг шиори "Хизматлар янги қиёфада" деб номланиб, унинг маъноси реал вақт режимида фойдаланувчилар учун интерактив давлат хизматларини ягона нуқта орқали тақдим этишни англатади. Бугунги кунда Ягона портал орқали фойдаланувчиларга 220 дан ортиқ хизматлар тақдим этилмоқда.

Ягона портал Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 14 февралдаги ПФ-1920-сон Фармони билан тасдиқланган "Обод турмуш йили" Давлат дастурига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Интерактив давлат хизматлари кўрсатишни ҳисобга олган ҳолда Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2012 йил 30 декабрдаги 378-сон қарорига асосан яратилган.

2013 йил 27 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ва дастурга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб ва у Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди.

Сўнгра “Ўзбекистон Республикасининг Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонуни Қонунчилик палатаси томонидан 2015 йил 18 ноябрда қабул қилинди. Сенат томонидан 2015 йил 3 декабрда маъқулланди ва 2015 йил 9 декабрь, ЎРҚ-395-сон билан Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.А. Каримов томонидан имзоланди. Ушбу Қонун «Халқ сўзи» газетасининг 2015 йил 10 декабрдаги 237 (6420)-сонида эълон қилинди ва кучга кирди.

Электрон ҳукумат Қонунининг асосий мақсади электрон ҳукумат соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат, яъни айнан ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш асосида давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, электрон давлат хизматларини кўрсатиш тартибларини мақбуллаштириш, электрон давлат хизматларининг сифати ва улардан фойдаланиш қулайлигини ошириш, процедураларни соддалаштириш ва уларни кўрсатиш муддатларини қисқартириш, шунингдек, давлат хизматларини олиш билан боғлиқ маъмурий харажатларни камайтириш, давлат органларининг ахборот маълумотлар базаларини шакллантириш, давлат бошқаруви тизимида «ягона ойна» принципини жорий қилиш, тадбиркорлик субъектлари томонидан электрон тижорат тизимидан фойдаланиш масалаларига қонуний асос яратишдир.

Қонун асосий тушунчалар, электрон ҳукумат принциплари, электрон ҳукумат инфратузилмаси, электрон ҳукумат соҳасидаги давлат бошқаруви, электрон давлат хизматларини кўрсатишга қўйиладиган талаблар, шунингдек, давлат органларининг электрон ҳукумат доирасидаги ҳамкорлигини белгиловчи 5 та боб ва 34 та моддадан иборат.

Қонуннинг кучга кириши орқали қуйидаги натижаларга эришилади: Биринчидан, мамлакатимизда "Электрон хукумат” тизимини жорий этиш ва ривожлантиришнинг қонуний асослари яратилиб, ушбу тизимни шакллантириш, тўлақонли ишлашини таъминлаш ва тизимли ривожлантиришга замин яратилади;

Иккинчидан, мамлакатимизда демократик ислохотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгилаб берилган демократик бозор ислохотларини янада чуқурлаштириш ортиқча рухсатнома ва рухсат бериш тартиб-қоидаларининг янги турлари киритилишини қонун билан тақиқлаш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигини кафолатлаш каби вазифалар ижроси таъминланишига асос бўлади;

Учинчидан, давлат хокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг самарадорлиги, жумладан бошқарув ва маъмурий иш унумдорлиги ошиб, уларнинг жамият олдидаги хисобдорлиги, очиқлиги таъминланади. Пировардида халқнинг давлат органларига ишончи янада ортади.

Тўртинчидан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун давлат хизматлари сифати ва улардан фойдаланиш қулайликлари ошади. Бинобарин, давлат органлари фаолиятига инновация ғоялари изчил жорий қилинади, бизнес сохаси, хужжат айланиш механизмлари такомиллаштирилади, фуқароларга уйи ёки иш хонасидан туриб электрон шаклда мурожаат қилиш, маълумотнома ва бошқа хужжатларни олиш ёки тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш имкониятини берадиган интерактив хизматлар кўрсатилишини таъминлайди.

"Электрон хукумат тўғрисида”ги Қонуннинг кучга кириши юқорида санаб ўтилган натижалар билан биргаликда мамлакатимизда демократик ислохотларни янада чуқурлаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш йўли билан чет эл инвесторларини жалб қилишга, халқ фаровонлигини, юрт равнақини янада оширишга, мамлакатимизда барқкаpop иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлашга хизмат қилади ҳамда худудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун муҳим аҳамият касб этади.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда бир қатор ривожланган мамлакатларнинг электрон ҳукумат соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва ушбу соҳани тартибга солиш амалиёти таҳлил қилинди. Жумладан, АҚШ, Корея Республикаси, Финляндия ва Австрия давлатлари таҳлилий-қиёсий ўрганилган.



Шунингдек, ушбу ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилгунга қадар uForum.uz Бирлашган форум майдончасида жамоатчилик муҳокамасидан ўтди, унинг натижаларига кўра 100 дан ортиқ таклифлар берилди, улардан 55 дан ортиқ таклифлар қонунни қайта ишлаш давомида қабул қилинди. 2013-2014 йилларда БМТ халқаро экспертлари томонидан муҳокама қилиниб, уларнинг таклиф ва мулоҳазалари асосида қайта ишланди.



"Электрон ҳукумат" тизимини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан бир қатор қарорлар қабул қилинди.

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 23 апрель 2014 йилдаги “Давлат ва хўжалигик бошқаруви, маҳаллий давлат хокимияти органлари фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларни жорий этиш ва ривожлантиришнинг ҳолати ўрганишни амалга ошириш тартиби тўғрисиаги Низомини тасдиқлаш ҳақида” 102-сонли қарори.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 16 сентябрь 2013 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат кўмитаси ҳузуридаги “ Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази ҳамда Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлар тўғрисида” 250-сонли қарори

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 31 декабрь 2013 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ҳолатини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлар тўғрисида” 355-сонли қарори.



4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 13 май 2015 йилдаги "Давлат хизматлари кўрсатиш ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг идоралараро ахборот ҳамкорлиги тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" қарори. 


1 e-Government Applications, by Nag Yeon Lee and Kwangsok Oh, printed in Scand-Media Corp., Ltd., Republic of Korea, in 2011, page–17

Download 440.65 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2020
ma'muriyatiga murojaat qiling