Гадоий ижодида дунё образи талқини


Download 57.76 Kb.
Sana22.04.2023
Hajmi57.76 Kb.
#1381308
Bog'liq
Гадоий ижодида дуйё образи


ГАДОИЙ ИЖОДИДА ДУНЁ ОБРАЗИ ТАЛҚИНИ
Туркий адабиётнинг юксалишига улкан ҳисса қўшган ижодкорлардан бири мавлоно Гадоийдир. XV асрда яшаб ижод туркигўй шоир ҳақида маълумотлар жуда кам сақланиб қолган бўлса-да, бизгача етиб келган биргина девони орқали ҳам шахсияти ва ижоди ҳақида яхшигина тасаввурга эга бўлишимиз мумкин. Алишер Навоий ўзининг “Мажолисун - нафоис” ҳамда “Муҳокаматул - луғатайн” асарларида шоир номини ҳурмат билан тилга олади, шеърларига холисона баҳо беради. Гадоий ўзига хос дунёқарашга эга шоир, етук ғазалнавис. Унинг лирик қаҳрамони фақат ўзининг ички кечинмалари билан яшамайди, асло, “ўз қобиғига ўралиб олган” эмас. Адолатсиз замонани, бошига балолар ёғдирган, “чархи кажрафтор”ни, “дунёи дун”ни аёвсиз тасвирлайди. Шоирнинг ғазалларида ошиқлик ҳолатлари, ватандан айрилиқ, ҳижрон азоби, бетакаллуф ёрдан шикоят кенг ўрин эгаллайди. Шунингдек, ишқий ғазалларидан тасаввуфона оҳанглар ҳам ўрин олган.
Туркий адабиёт – ҳаёт ҳақиқати, дунё гўзалликлари, воқелик талабларига содиқ ва охират тасаввурларини ҳам унутмаган адабиёт. Шу билан бирга, унда дунёга танқидий қараш ҳам бор. Ташхис, яъни шахслантириш усули орқали дунёнинг алдоқчи, золим бақосиз сингари салбий сифат ва ёмонликларини кўрсатиш бу адабиётда анча қадимий анъана эди1. Гадоий ижодида дунё образи алоҳида ўрин тутади. Мавлоно шеърларида жаҳон, олам, дунё-йи дун (разил дунё), ишратобод-и жаҳон (дунё ҳаёти), дори-дунё, дайр, ер юзи, гардун каби ўнлаб маънодош сўзларни қўллаб дунё образини яратадики, бу ҳам бўлса шоир истеъдодининг яққол исботидир. У дунёнинг, бевафо, маккора, бесабот, бетариқ, фоний, бақосиз, кечар каби ўнлаб салбий жиҳатларини санайди. Таносуб, ташхис, сифатлаш каби шеърий санъатларни қўллаб тасаввуримизда дунё образини жонлантиради:
Хуш тут охир бир даме бизни-ки, бу дунйо-йи дун
Бевафо маккорайедур, бесабот-у бетариқ2.
[110]
Шоир фақатгина дунёнинг ёмон қиёфасини кўрсатиш билан чекланмайди. Дунёнинг ўткинчилигига ишора қилиб, дунё ҳаёти ёқимли, лекин афсуски оқибатда бир кун завол топади, дейди.
Ишратобод-и жаҳон дилкаш мақомедур, вале
Охиру-л-амр, эй дариғо-ким, топар бир кун завол3.
[135]
Лирик қаҳрамон ғаддор дунёнинг қилмишларидан озорланса-да, беш кунлик ўткинчи дунёни ғам-қайғу билан ўтказмаслик тарафдори. Шоирда фикрий қарама-қаршилик бўлганми? Шу ерда муаллифнинг фикри ойдинлашади. У дунё фақат ёмонликдан иборат эмас, уни тубан нафсоний истаклардан ҳоли этиш зарур деб ҳисоблайди. Беш кунлик дунёда фурсатни ғанимат билиб, реал ҳаётдан қочмай туриб, борлиқ, табиат ноз-неъматларидан баҳраманд бўлишга ундайди.
Беш кун фурсат ғанимат тут бу дор-и дунйода,
Айш-у ишрат қил, бегим-ким, асру фоний кўрнадур4.
[68]
Ўзбек адабиётида ҳам, жаҳон адабиётида ҳам дунёнинг одамга “дўст” эмас ағёрлиги, унинг хийла-найрангларига учмаслик қайта-қайта уқдирилади. Ҳатто, буюк валий Фаридиддин Аттор ҳам ўзининг “Илоҳийнома”сида: Бу дунёда мен беғам кишини кўрмадим, шундай одамни кўрганимда эди, этагини ушлаб тавоф этардим5, дейди. Гадоий ҳам таассуф билан буни таъкидлайди. Шоир умрининг фақат меҳнату-қайғуда ўтаётганидан, бунинг устига она ватанидан, Ҳиротдан йироқдалигидан надомат чекади.
Меҳнат-у қайғудин ўзга кўрганим йўқ дунйода,
То тушупмен Талл-и Қутбон-у Хийовондин йироқ6.
[106]
“Кўнгул” радифли ғазалида шоир кўнглининг бу дунёда айш-ишрат, лаззат ичида меҳнату дарду балони ихтиёр этганлиги билан фахрланади. Шу икки мисра шоирнинг шахсияти, турмуш тарзи ҳақида аниқ тасаввур пайдо қилади. Лирик қаҳрамон – шоир истаса лаззат ичида ҳам яшаши мумкин эди. Эътиборлиси, у дард-у бало бошимга тушди дея зорланмайди. Аксинча, кўнгли шуни ихтиёр этганлигини таъкидлайди. Тазод, таносуб санъатларини қўллаб гўзал байт яратади.
Мунча айш-у ишрат-у лаззат ичинда дунйода
Меҳнат-у дард-у балони ихтийор эткан кўнгул7.
[127]
Шоирнинг тахаллуси ҳам руҳий оламининг қанчалар гўзал ва теранлиги, маънан ғанилигидан далолат бериб турибди. У аслан фақирона ҳаёт кечирган бўлиши мумкин, асло гадо бўлмаган. Агар мулку бойлигинг еру кўкдан иборат бўлса ҳам, оқибат гадойсан. Худо меҳрининг гадойи8. У ёрни султонга, ўзини эса унинг эшигидаги бир гадога қиёслайди. Агар султон бўлсанг ҳам ошиғингнинг (гадоингнинг) ҳолидан хабар ол, дея ёрга насиҳат қилади.
Бегим, дунйо вафосиздур, ғанимат тут (уш)бу дамни,
Гадо, аҳволиндин сўрғил бирор, ҳар неча султонсен9.
[161]
Дунё қанчалар мафтункор бўлмасин, ўткинчи ва фоний. Бу ҳақиқатни таъкидлаб Фаридиддин Аттор: “Сен жаҳонни икки эшикли работ деб бил – бу эшигидан кириб, у эшигидан чиқиб кетасан10”, дейди. Шундай экан, ўзни ортиқча қийнаб, нафсга эрк беришдан ҳеч қандай маъно йўқ. Ахир, сен йўловчисан, йўловчи учун мунча юк на ҳожат. Худо ҳақи, йўловчи кўзига дунёнинг барча матои бир дона арпага арзимайди11. Баъзида инсоний тубан хислатлар, хирс, нафс, мол-дунё дунё образи орқали ифодаланади. Шунинг учун ҳам лирик қаҳрамон кайфиятида дам дунёга нафрат, дам надомат, дам огоҳликка даъват сезилади. Мавлоно ўзининг фалсафий мушоҳадаларини ҳаётий фактлар билан далиллайди. Агар бу ўткинчи дунё боқий бўлса (бақосиз бўлмаса), Кайхисраву Исфандиёрдай дунёни эгаллаган жаҳонгирлар қани деган саволни ўртага ташлайди. Шоир талмеҳ санъатидан фойдаланиб, дунёнинг шоҳга ҳам, гадога ҳам вафо қилмаслигини айтади.
Эй Гадо, гар бу кечар дунйо бақосиз бўлмаса,
Пас қани Кайхисрав-у Исфандийор-у пур-и Зол?
[139]
Шундай экан яхшиларга ер юзида яхшилик қилишдан яхшироқ нарса йўқ, деган гуманистик ғояни илгари суради. Бу ўринда шоир ўз замонасининг ҳукмдорларига ҳам насиҳат қилади. Тож-у – давлатингни яхшилик қилишга сарфла, оқибат Золу Заҳҳок каби шоҳларнинг ҳам борар ери тупроқ, дейди. Давр-и ишратни ғанимат тут-ким, ушбу Зол эрур –
Ким, совурли елга тож-у маснад-и Заҳҳок-у Жам.

Йер йузинда яхшиларға йахшилиқтин йахши йўқ,


Охир(о) тупроқ ичинда чунки бўлғундур адам.
[156]
Гадоий муҳаббатсиз ҳаётни тан олмайди. Ишқ-муҳаббатда бу дунёнинг мазмун-моҳиятини, инсон ҳаётининг барча гўзалликларини кўрганлиги учун ҳам ишққа катта маъно беради. У севгини инсоннинг энг олижаноб сифати ва маънавий гўзаллиги сифатида улуғлайди. Одамзот бу дунёда яшар экан, доимо муҳаббат ва унинг дарди билан яшаши керак, деб ҳисоблайди. Унинг лирик қаҳрамони – ошиқ жўшқин, оташқалб соҳиби. Бу дунёда ёрнинг висоли насиб этмаса, ҳатто жонидан ҳам кечишга тайёр.
Дин-у дунйодин манга ҳаққо висолингдур ғараз,
Гар муяссар бўлмаса, валлоҳ керакмас танда жон.
[174]
Ишқни улуғлаган шоирнинг фикрича киши дунёнинг қаерида бўлса ҳам, мақсад ёрнинг висолидир. Шундай экан ошиққа дунёнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Олам Ҳақ ошиқлари учун оддий бошпана, ўткинчи ва бақосиздир.
Дайр ичра хоҳ муътакиф ўл, хоҳ хонақоҳ,
Ҳар қайдадур киши, ғараз анинг висолидур.
[85]
Шоир дунё образи воситасида фақат макон эмас, замонни, нафсни ҳам тасвирлайди. Шу сабабдан ҳам у дунё образини турли қиёфада тасвирлайди. Ундан кечишга ундовчи ўринлар бўлмаса-да, нафснинг турли товланишларидан эҳтиёт бўлишни, яъни дунёга маҳлиё бўлиб қолмасликни насиҳат қилади.
Муяссар ИБРОҲИМОВА

1Қаранг: Ҳаққулов И. Занжирбанд шер қошида. Тошкент: Ёш гвардия, 1989. 145-149 бетлар.

2Гадоий. Девон. Тошкент: ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи таҳрир бўлими, 2007. 147-бет.

3Гадоий. Девон. Тошкент: ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи таҳрир бўлими, 2007. 158-бет.



4Ўша манба

5Фаридиддин Аттор. Илоҳийнома. Тошкент: Ёзувчи, 1994. 8-бет.

6Гадоий. Девон. Тошкент: ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи таҳрир бўлими, 2007. 146-бет.

7Гадоий. Девон. Тошкент: ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи таҳрир бўлими, 2007. 155-бет.

8Фаридиддин Аттор. Илоҳийнома. Тошкент: Ёзувчи, 1994. 9-бет

9Гадоий. Девон. Тошкент: ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи таҳрир бўлими, 2007. 170-бет.

10Фаридиддин Аттор. Илоҳийнома. Тошкент: Ёзувчи, 1994. 9-бет.

11Ўша манба.


Download 57.76 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling