Хожа Аҳрор Валий қарашларида ахлоқий фазилатлар талқини. Холида Холиқовна Рахматова Бухоро муҳандислик-технология институти


Download 33.75 Kb.
Sana25.10.2022
Hajmi33.75 Kb.
#871296
Bog'liq
Рахматова мақола 3
matlab 1 lab, uy vazifa ko'm., 01 03, 13, 01 03, maruza (1), 9-Nаzоrаt savollariga javoblar, KompArx MI 1, Turdaliyev Jasurbek.610-19 MT va A 26-labaratoriya, gh, 16e217c1-c4b3-497b-b836-a7f60db501ba 22567, Matematik sistemalar 57825, Ámeliyat jumısı 36723, 1-Ámeliyat jumısı. 16967, A Placement Report

Хожа Аҳрор Валий қарашларида ахлоқий фазилатлар талқини.
Холида Холиқовна Рахматова
Бухоро муҳандислик-технология институти
Ижтимоий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси,
фалсафа фанлари номзоди

Носириддин Убайдуллоҳ бинни Маҳмуд аш-Шоший Тошкент вилоятининг Боғистон қишлоғида рамазон ойида ҳижрий 806 йилда, милодий 1404 йил 25 мартда таваллуд топган.1 Мутасаввиф Хожа Аҳрор Валий номи билан машҳур бўлганлар. Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат” асарида Хожа Аҳрорнинг туғилган жойи ва ота-онаси ҳақида қуйидаги маълумотларни беради: “... Аларнинг мавлиди Тошканддур ва оталари дарвеш киши эрмиш ва она тарафиндан ҳамоноки, Шайхи Таҳурки, ул вилоятда мутааййин шайх эрмиш, анга етарлар ва ўзларида бу иш чошниси туфулият айёмидир бор эрмиш”.2


Аҳрор-арабча сўздан олинган бўлиб, “ҳур, озод” демакдир.3 Тасаввуфда уч хил озодликдан халос топган кишига ҳур деб ном берилади. Биринчиси, ҳайвоний ва шаҳвоний ҳис-туйғуларни енгиб, уларнинг асирлигидан қутулиш. Иккинчиси, ўзининг барча хоҳиш ва иродасидан воз кечиб, фақат Аллоҳнинг иродасига таслим бўлишлик. Учинчиси, расм-русум ва ҳаёт кечиришнинг барча одат ва анъаналаридан озод бўлиб, илоҳий нур ёғдусига ғарқ бўлишлик. Хожа Аҳрор Валий лақабини олган Носириддин Убайдуллоҳ ҳурларнинг сардори бўлганликлари учун ҳам шу унвонга мушарраф бўлганлар.4 Валий5- арабча сўздан олинган бўлиб, луғавий маъноси “дўст, эга, яқин” бўлиб, тасаввуфда Аллоҳнинг зоти ва сифатларини яхши билган, унинг буйруқларини бажариб, гуноҳ ишлардан ўзини сақловчи мўъмин-мусулмон одамга шундай нисбат берилади.6
Хожа Аҳрор Валий ўз замонасининг етук инсонларидан таҳсил олган. Алишер Навоий “Насойим ул муҳаббат” асарида Хожа Аҳрор Валийнинг устозлари ҳақидаги маълумотларни келтиради: “Кўп машойих ва авлиё хизматиға етиб, суҳбатлариға мушарраф бўлибдурлар, Хуросон машойихи-дин Ҳазрат Мирсайид Қосим Анвор хизматлариға етибдурлар ва шайх Баҳоуддин Умар мулозаматиға мушарраф бўлибдурлар ва шайх Зайнуддин Хавофий суҳбатиға етибдурлар ва Мавлоно Муҳаммад Асад ва Мавлоно Саъдуддин Қошғарий била суҳбат тутибдурлар. Мавлоно Яъқуб Чархий (қ.с.) дин иршодлар ва тарбиятлар топибдурлар ва сўнгра Ҳазрат Хожаға онча мукнат даст бердики, маълум эмаски, машойихдин ҳеч кимга ул даст берибдур, ё йўқ”.7
Хожа Аҳрор Валий таълимотидаги ахлоқий қарашларнинг моҳияти ва марказини инсоннинг руҳий камолоти, хулқ одоби эгаллайди. Хожа Аҳрор Валий ахлоқий ғояларини рашҳалар яъни ҳикматли сўзларида баён этганлар. Хожа Аҳрор Валий инсон руҳий камолотида холис, тамаъсиз хизмат - эзгу ишларнинг аҳамияти ниҳоятда катта эканлигини таъкидлаганлар, уларни зикр ва муроқабадан устун қўйганлар. Мутасаввиф “зикр ва муроқабани ул вақтда хизмате бўлмасаким, ондин мусулмонга роҳате етушур бўлса”8 шу вақтда мумкин деган. “Ва хизматеким, кўнгул оларнинг қабулига сабаб бўлса, зикр ва муроқабадин муқаддам турур” – деб, нафл ибодатдан ҳам хизматни устун қўйганлар. “Хизматнинг самараси муҳаббат ва кўнгилларга тамкин турур”, “Ҳаргиз навофилнинг асароти ва самароти ул асар ва самара натижаким, мўъминларнинг муҳаббатига мураттаб бўлур, онинг била баробар бўлмас”9.
Хожа Аҳрор Валий ўз йўлларини китоблардан эмас, “балки одамларнинг хизматидан олдим”, “ҳар кишини бир эшикдан келтирубдурлар, мани хизматнинг эшикидан келтуруб турурлар, бу жиҳатдан турурким, хизмат манинг марзом ва мухтор маҳбубам турур” деб қуйидаги байтни ўқиганлар:
Ҳиммати хизмат туро ба кунгураи кибриё кашад,
Он сақфгоҳро беҳ аз ин нардбон махоҳ.
(Хизматда ҳиммат кўрсатиш сени кибриё кунгурасига етказади,
У томни бу нарвондин яхши деб билма)10.
Хожа Аҳрор Валий 29-рашҳасида нақшбандия йўли учун ботин, моҳият, қалб ҳаракати, ҳолати асосий эканлигини айтади, зоҳирпарастлик, қилу-қол сўзи асосий эмаслигини таъкидлайди. Унда айтадиларки, Баҳоуддин Нақшбанд меҳмонхоналарида икки киши иймондан баҳс қилардилар. Уларнинг сўз баҳслари узоққа чўзилгач, Баҳоуддин уларнинг сўзлашувларини эшитиб, ёнларига келиб айтдилар: “Агар манинг суҳбатимни хоҳларсизлар сизларга иймондин ўтмак керакдур.” Улар ҳайратда қолиб, неча муддат изтиробда эдилар, то охир бу сўз маъноси уларга зоҳир бўлди. Бу ерда “иймондин ўтмак керак” деганда иймонни зоҳиран тушунадиган чегарадан ўтиб, асл иймон ҳолига тушиш кераклиги назарга олинади. Бу билан Хожа Аҳрор Валий Баҳоуддин Нақшбанд таълимотига асосланиб, тасаввуф ҳол илми эканлиги, қалб ҳолати билан боғланганлигини айтиб, асосий эътиборни ҳар бир тушунча, нарса ва ҳодисанинг мазмун-моҳиятига қаратиш лозимлиги, уни моҳиятини англаш, уни тўла қабул этиб, улғайиш кераклигини таъкидлайди. Бу ҳолат инсонга риё, кибр, тамаъ каби нафс истакларидан қутулишга ёрдам беради.
Хожа Аҳрор Валий ўзлари айтган қудсий каломлардан иборат рашҳаларнинг 58-чисида Баҳоуддин Нақшбанд таълимотидаги энг муҳим томонлар ўз аксини топган. Хожа Аҳрор Валий вақтеким, азимат ва эҳтиёт тариқиға амр этсалар айтар эдилар: “Луқмада ва таомда эҳтиёт этмак лозимдир. Таом пиширувчи киши, керакким, таҳорати комил била бўлса, машъур ва огоҳлик юзидан ўчоққа ўтун қўйиб ўт ёқса. Ҳар табҳидаким, онинг бошида ғазаб ўтган бўлса, ё паришон сўзлар айтилган бўлса Ҳазрати Хожа Баҳоуддин қуддиса сирраҳу ул таомдин емас эрдилар ва ойтур эрдилар: “Бу таомға зулмате турурким, бизга они емак раво эмастур”11.
Хожа Аҳрор Валий ва Баҳоуддин Нақшбанднинг бу ўгитлари ва рашҳалари шундан далолат берадики, улар бутун борлиқдаги барча нарсалар бир-бирига боғлиқ ва бир-бирига таъсир этади, деб билганлар. Инсоннинг амали, хулқи, ҳолати жонли ва жонсиз нарсаларга таъсир этиши ва улар ўз томонидан қайтиб инсонга акс таъсир этиши мумкинлигини айтмоқдалар. Ғафлат, паришонлик ҳолати сув, ўтин, овқат таркибига ёмон қувват бўлиб кириб, уни истеъмол этган, ундан фойдаланган инсонга ҳам зулмат, ғафлат ва паришонликни туғдиради, ёки шундай қувватларни тортади. Қалб огоҳлиги билан, меҳр-муҳаббат, шукроналик билан муносабат сув, таомни ҳам шу сифатли қилиб, истеъмолчи вужуди ва руҳиятига нур бўлади. Баҳоуддин Нақшбанд ғазаб, кароҳат билан таомга бир кафкир урилган бўлса, ҳам бундай таомни емаганларки, бу бутун вужудда иллат туғдиради12. Шу билан инсонлар доимо тупроққа ҳам, сувга ҳам, ўсимлик ва бутун борлиққа эзгу, хайр ният билан, меҳр-муҳаббатли муомала билан муносабатда бўлиши лозим демоқдалар. Бу ҳолат агар кундалик турмуш тарзимизга айланганда, ҳозирги умумбашарий муаммолар ҳам бўлмасди ва шу руҳда ёшларни тарбияласак қалб экологияси бутун борлиқни гўзал қилиш воситаси бўлади.
Хожа Аҳрор Валий 60-рашҳасида инсон меъёрида ухлаши ва меъёрида таом ейиши лозимлиги айтилмоқда. Унда Баҳоуддин Нақшбанднинг бу соҳадаги фикр ва амаллари ҳақидаги Алоуддин Аттор сўзлари келтирилганким, бу мавзеда хизматда бўлган кишилардан зарурий миқдорда таом еб, ухлашларини у киши талаб этган. “Таом енглар ва кеча уйқуланглар, вақтеким, субҳ бўлса, бизнинг ёнимизга келинглар” деганлар13. Бу билан Хожа Аҳрор Валий ҳам, Баҳоуддин Нақшбанд ҳам, инсон “Даст ба кору, дил ба Ёр”да бўлиши, ҳалол меҳнат қилиши учун тана ва руҳ талаби бўлган таом ейиш ва ухлашга меъёрда муносабатни зарурий деганлар. Чунки таом емаслик танани, уйқусизлик руҳни касал қилади. Натижада инсон меҳнат ҳам, ибодат ҳам қилолмайди, демакки бандалик вазифаларини адо этиб билмайди. Ҳолбуки тириклик бандалик учундир.
Нақшбандия таълимотини асосий тамойилларидан бири “хилват дар анжуман” бўлиб, бир томондан, у “Даст ба кору, дил ба Ёр”лик ҳолатига ёрдам берса, иккинчи томондан, суҳбат орқали хилватдаги шуҳрат ва кибру ҳаводан инсонни сақлайди, учинчидан, комили мукаммаллар билан инсон зоҳири ва ботинида ниёзмандлик, шикасталик, камтаринлик ва фақру фанони муяссар этади.
Хожа Аҳрор Валий муомала маданиятининг асоси бўлган суҳбат одобига катта эътибор берганлар. 59-рашҳа най овози таҳлилига бағишланган. Бу ерда Жалолиддин Румий тилга олинмаган бўлсада, унинг моҳияти “Маснавийи Маънавий”даги най ҳақида ёзилган ғояга уйғундир. Бизнингча, най ҳақидаги ғоя жуда машҳур ва маълум бўлганидан иқтибосга ҳожат бўлмаган.
“Маснавийи маънавий” дебочасида шундай ёзилган:
Тингла найдин, чун ҳикоят айлагай,
Айрилиқлардин шикоят айлагай.
Мен қамиш эрдим, кесиб келтирдилар,
Нолишимдин эл ҳама ўртандилар14.
Бу сатрларнинг шарҳини ёзганлар “най” истилоҳи билан Жалолиддин Румий ориф ва оқиллик мартабасидаги инсони комилни назарга олган, чунки унинг оғзидан ҳамиша ошиқона, лаззатбахш ва сермаъно сўзлар зуҳур бўлади, дейдилар. “Айрилиқлардан шикоят айлагай” – комил инсон асл ватани – руҳи пайдо бўлган макондан жудо бўлгани учун фиғон тортишини айтди. “Тингла”- дан мақсад най овози, комил инсон сўзи, суҳбатини эшитиш қалб ҳолати учун зарур15.
Хожа Аҳрор Валий найни ким чалишига эътибор қаратишга чақирган. Бидъат аҳли уни чалиб, уни эшитишни ўзлари касб қилган бўлсалар, ундайлардан йироқ туришни маслаҳат беради. Бу самоъ ва жаҳрия мақомда бўлган сохта шайхлардан эҳтиёт бўлиш лозимлигига ишоратдир. Масалан: пичоқ рўзғор учун зарурий нарса, агар у нобакор қўлига тушса одамни ўлдирувчи қуролга айланиши мумкин. Шунинг учун Хожа Аҳрор Валий най “Маснавий”да улуғланган бўлса-да, ёмонлар қўлидаги найга нисбатан бу сўзлар раво эмас, дейди.
Хожа Аҳрор Валий инсон камолотида ҳамсуҳбатининг яхши ёки ёмонлиги, албатта, таъсир этади дейди. “Чунки Ҳақ жалла жаллалоҳу дилни шундай яратганки, одам ким билан суҳбатдош бўлса, ўша одамнинг суҳбатидан таъсир олади”16. Инсонда қалб – дил борки, у жуда таъсирланувчан ва ўзгарувчандир. Хожа Аҳрор Валий айтадики, агар инсон мотамзада билан ўтирса, унда ғамгинлик, агар шод киши билан ҳамсуҳбат бўлса шодлик пайдо бўлади. “Бу дилнинг комиллик қобилияти туфайлидир. Агар унда қобилият бўлмаганда эди, камолотларни ҳосил қилиш мумкин бўлмас эди”17, - дейди Хожа Аҳрор Валий. Бу билан инсондаги қалбни тез ўзгарувчан ва таъсирчанлиги инсониятга комиллик сари тараққий этиш учун қобилият эканлигини таъкид этади. Шунинг учун Хожа Аҳрор Валий инсон камолотида ҳамсуҳбатнинг ўрни катта эканлигини англаб, шундай ўгит беради:
Нахўст мавъизати пири суҳбат ин ҳарф аст,
Ки аз муҳосиби ножинс эҳтироз кунед18.
Мазмуни:
Суҳбат пирининг биринчи насиҳати бу ҳарфдирки,
Ножинс ҳамсуҳбатдан узоқда бўлинг!
Хожа Аҳрор Валий ножинс кишини “дунёни ўз қибласи деб билган одамлар”, яъни инсон зоти, жинсига уйғун бўлмаганлар, ёки ахмоқлар дейди. Қуйидаги байтда шундай баён этади:
Аз ахмоқон бигрез чун Исо гурехт,
Суҳбати ахмоқ басе хунҳо бирехт19.
Мазмуни:
Исо (а.с.) қочгани каби ахмоқлардан қочгин,
Ахмоқ суҳбати кўп қонларни тўккан.
Ёмон ҳамсуҳбат инсон камолоти учун жуда зарарли эканлигидан, Хожа Аҳрор Валий уни илондан ҳам бадтар дейдилар ва шундай ёзадилар:
Ба ҳаққи зоти поки Оллоҳу – с - Самад,
Беҳ бувад мори бад аз ёри бад.
Мори бад жон меситонад аз салим,
Ёри бад орад сўи нори жаҳим20.
Мазмуни:
Оллоҳу – с - Самад зоти поки ҳаққи,
Ёмон илон ёмон дўстдан кўра яхшироқдир.
Ёмон илон соғ одамнинг жонини олади,
Ёмон дўст эса дўзах олови сари этади.
Илон заҳридан соғ одам ўлса ҳам, лекин унинг имони бутун қолади. Аммо ёмон ҳамсуҳбат инсонни имондан айириб, икки оёқли ҳайвонга мубаддал қилиб, дўзахий қилади.
Шунинг учун Хожа Аҳрор Валий яхшилар, хусусан содиқ-қалби ва тили тўғри инсонлар суҳбатдоши бўлиш керак дейди. “Агар субҳонаҳунинг ҳузур мақомида шайтоннинг васвасаси-ю макридан озод бўлишни хоҳласанг... сенга лозимки, ўзидан қутула олган, дилу жони Зоти таъолонинг зикрида мустағриқ бўлолган бир мард инсоннинг ёнида ўтиргайсан, ҳамнишин бўлгайсан”21.
Аҳли сидқ билан давомли суҳбат инсон ботинини уларнинг сифатлари ва ахлоқларининг нурларидан мунаввар бўлишига олиб келади. “Одамийға, ул жиҳатдинким, ҳамнишинларидин таъсири томмға истеъдод ҳосилдур”, инсон ҳамсуҳбатига уйғун қувватни, яъни яхши ёки ёмонни тортади. Шунинг учун Хожа Аҳрор Валий суҳбат давомида инсон ўз мусоҳибидан ҳозир ва огоҳ бўлиши, уни таниши лозим дейди.
Хожа Аҳрор Валий Абдулхолиқ Ғиждувонийни қуйидаги сўзларини икки марта таъкидлаганлар:
Шайхлик эшигини боғлағил, Ёрлик эшигини очгил,
Хилватнинг эшигини боғлагил, суҳбатнинг эшигини очгил.
Хожа Аҳрор Валий иккинчи мартаба бу шеърни айтишда Жалолиддин Румий “Маснавий Маънавий”сидан шундай байтни ўқиганлар:
Фақр хоҳи он ба суҳбат қойим аст,
Не забонат кор меояд, не даст22.
Мазмуни:
Фақр истасанг, у суҳбат ила қоимдир,
Унга тилинг билан ҳам, қўлинг билан ҳам эришаолмайсан.
Тил билан илм ўрганиш, қўл билан ҳунар ўрганиш мумкин, лекин фақр мақоми, яъни ўзни Оллоҳ олдида ниёзманд, шикасталик, камтарин ҳолатда ҳис этиш содиқ, мард, азиз-авлиёлар суҳбати билан амалга ошади, дейди Хожа Аҳрор Валий.
Буюк мутафаккир Абулқосим Фирдавсий шундай деган эди: “Оламда энг аввало инсон ақли яралган. Ақл қалб посбонидир. Ақл яна уч қўриқчи: тил, кўз, қулоқнинг устидан ҳам посбонлик қилгувчидир. Зеро, эзгулик ва ёвузлик айнан ана шу уч аъзо орқали қалбга кириб боради”23. Хожа Аҳрор Валий ҳам ақлни қалб посбони, дейди24. Ақл тил, кўз ва қулоқ устидан назорат қилиши билан қалб ҳолатини асрайди. Чунки инсон ҳамсуҳбатини кўзи билан кўриб, яхши ёки ёмонлигини кўради, қулоғи билан унинг сўзларини эшитиб, қанақа одамлигини пайқайди. Тили билан ё унга эргашади, ёки уни рад этиб, уни инкор қилади.
Хожа Аҳрор Валий деганларки, суҳбат асносида ножинс, номуносиб кишини ўзи бўлмасаю, унинг бирор нарсаси бўлса ҳам, ундай суҳбатнинг файзи кетади. Мисол қилиб келтирадиларки, Шайх Абу Язид Бастомий суҳбатларида футур етганда, асолар турадиган жойда бир бегона асони топиб улоқтиргандан кейин, Аҳмад Яссавий суҳбатида футур етганда, бир бегонанинг кафшини чиқариб ташлагандан сўнг ва Хожа Аҳрор Валий суҳбатида бир муридларининг бегонанинг чопонини кийиб келганини пайқаб, у чопонни ечиб ташлагандан кейин суҳбат исталган даражада бўлган ва етарли файзу футуҳ ҳосил бўлган. Демак, бу рашҳа ёмон кишининг ўзидан ҳам, унга тегишли барча нарсалардан ҳам узоқроқда туриш лозим, деган Хожа Аҳрор Валий.
Хожа Аҳрор Валий Ҳазрат Азизон номи билан машҳур Хожа Али Ромитанийнинг қуйидаги машҳур рубоийларини талаб йўлига кирган киши учун лозим дердилар:
Бо ҳар ки нишастию нашуд жамъ дилат,
Аз ту нарамид заҳмати обу гилат,
Аз суҳбати вай агар табарро накуни,
Ҳар гиз накунад руҳи Азизон беҳилат25.
Мазмуни:
Ким билан ўтирсангу қалбинг хотиржам бўлмаса,
Сендан сув ва гил (яъни тана талаби, нафс истаги) заҳмати кетмаса,
Ундайлар суҳбатидан агар воз кечмасанг,
Азизон руҳи ҳаргиз сени кечирмайди.
Хожа Аҳрор Валий суҳбатни тарғиб этиб, узлатни манъ қилиб шундай байтни ўқиганлар:
Шакар танҳо махўр, бо гул баромиз,
Ки дар таркиб бошад нафъи бисёр26.
Мазмуни:
Шакарни танҳо, бир ўзини ема, уни гулга қўш,
Чунки улар таркиби (бирлиги)да кўп нафъ, фойда бор.
Дарҳақиқат, шакар ҳам фойдали, гул ҳам фойдали. Аммо шакар ва гул қўшилиб гул мураббоси, гулли ширин чой, гулқанд кабилар ҳосил бўлса, бу таркиб, тузилманинг инсон учун фойдаси янада кўпроқдир.
Бундан келиб чиқадики яхши инсон (шакар) ўзига уйғун ҳамсуҳбат (гул)ни топиб, бирга суҳбат қилсалар, тезроқ камолга етадилар.
Хожа Аҳрор Валий айтадиларким, “Жамъе билан ўлтурунгларким, сизларга ғолиб бўлмасунлар, то сизларни емасунлар ва ғолиб бўлмасунлар, яъни нафсу ҳаво юзидин қавий бўлмасунлар ва сизларни емасунлар, яъни сизларни вақтингизни зойиъ ва нобуд этмасунлар.” Демак, ёмон ҳамсуҳбат, нафсга берилган бўлса, у билан ўтган вақт зоеъ кетади, нобуд бўлади ва у сизни ейди, яъни сиздаги ижобий қувват, фазилатларингизни йўқотади.
Шунингдек, Хожа Аҳрор Валий яхшилар билан суҳбатни беҳишт, жаннат билан тенглаштириб, азиз-авлиёлар суҳбатини ғанимат санаш лозим деганлар. Хожа Аҳрор Валий айтган эдиларким, “Соҳиби “Баҳр ул-ҳақойиқ” Шайх Нажмуддин Доя алайҳир раҳма ойтиб турурлар, “Дариғоким, ҳеч киши авлиёларнинг суҳбатлари қадрин билмади ва билмаслар”27. Бу билан бизларга яхшиларни қадрлаш ва улар суҳбатини ғанимат билиш лозимлигини таъкид этмоқдалар. Шу маънода яна бу байтни айтганлар:
Бо ошиқон нишину, ҳама ошиқи гузин,
Бо ҳар ки нест ошиқи бо ў машав қарин28.
Мазмуни:
Ошиқлар билан ўтиргину, ҳама ошиқликни олгин,
Кимда-ки ошиқлик бўлмас, у билан яқинлашма.
Бу мисраларда ошиқ-илоҳий ишқдан сармаст, фақат илоҳийлик сифатларни севувчи кишидир. Шундай ҳамсуҳбат билан ўтирган инсонда ҳам ишқ ўти алангаланиб, тўла ошиқ бўлади. Аммо ишқи йўқ, дарди йўқ, кесакка ўхшаш кишилар билан умуман яқинлашма, дейди Хожа Аҳрор Валий. Шу мазмундаги Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи Маънавий” асаридан ҳам Хожа Аҳрор Валий шундай мисраларни келтирганлар:
Пешин устоде, ки ў нахви бувад,
Жони шогирдаш аз ў нахви шавад29.
Мазмуни:
Наҳвий (тилшунос) бўлган устоз олдида,
Шогирднинг жони (тани, жисми ва руҳи) ҳам тилшунос бўлади.
Демак, ҳамнишинининг руҳияти, сифати суҳбатдошига таъсир этади. Айниқса, бу узоқ муддат бўлса, яъни устоз-шогирд сифатида кўпроқ мулоқотда бўлса. Шунинг учун тасаввуфда устоз танлашга ҳам жуда эътибор берганлар.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, рашҳаларда тавсиф этилган ахлоқий фазилатларнинг моҳияти қуйидагиларда намоён бўлади:

  • Хожа Аҳрор Валий юксак ахлоқий фазилат сифатида меҳнатсеварликни – “Даст ба корлик” сифатида тарғиб этганлар. Бу бир томондан эл-юртнинг фаровон яшашига имкон берса, иккинчидан жамият аҳлининг тинч-тотув яшашига, учинчидан халқ оғирини енгил қилишга имкон беради.

  • Хожа Аҳрор Валий меҳнатсеварлик ахлоқий тамойилини холис, пок, таъмасиз жараён сифатида талқин этади. Бу тамойил инсонда фидойилик, халқпарварлик, инсонпарварлик каби фазилатларни шакллантиради ва уни жамият учун керакли, фойдали, зарурий шахсга айлантиради.

  • Нақшбандия йўли асоси хизмат – инсонлар оғирини енгил қилиш эканлигини Баҳоуддин Нақшбанд ва Хожа Аҳрор Валий таъкид этганлар. Хожа Аҳрор Валий ўз камолотининг асоси хизмат туфайли эканлигини таъкид этиб, хизмат зикр, муроқаба, нафл ибодатлардан устунлиги ва бунга сабаб бир мўъмин қалбини шод этиш эканлигини таъкидлаганлар. Бу Хожа Аҳрор Валий ахлоқий тамойилларида динийлик ва дунёвийлик уйғунлигидан далолат беради.

  • Хожа Аҳрор Валий ахлоқий фазилат сифатида ҳиммат тушунчасига махсус эътибор қаратганлар. Ҳимматни ирода, жидду-жаҳд маъносида тушунганлар. Мутасаввиф ҳимматни меҳнатсеварлик ва халқ хизматида бўлиш учун инсонга зарурий фазилат, шунингдек ҳиммат билан инсон нафси устидан ғолиб бўлиб, холис эзгулик қила олади, деб билган.

  • Хожа Аҳрор Валий инсон ахлоқий камолотида ихтиёр эркинлиги масаласига тўхталган. Ихтиёрни инсон ақл идроки билан уйғун таҳлил этганлар.

  • Рашҳаларда инсонлар оғирини енгил қилишда дин, мазҳаб, миллат айирмасликка, бағрикенгликка даъват этилади. Рашҳалардаги ахлоқий қарашларда яхшилик ва ёмонлик масалаларига эътибор қаратилади. Хожа Аҳрор Валий рашҳалари инсонпарварлик ғояси билан суғорилган, унда инсон деган ном миллати, мазҳаби, динидан қатъий назар улуғ эканлигига урғу берилади. Зеро, ҳозирги кунда ҳам инсонпарварлик Президентимиз таъбири билан айтганда, танлаган йўлимизнинг маънавий-ахлоқий негизларидан биридир.

  • Хожа Аҳрор Валий ахлоқий қарашларида оддий ахлоқ нормалари сифатида овқатланиш, кийиниш, ювиниш одоби ҳақида гапириб, ҳалол луқма ва огоҳликка махсус эътибор берганлар. Мазкур амаллар пайтида ғазаб, ғафлатни қоралаганлар. Мутасаввифнинг фикрича, яхшилик яхши қувватларни, ёмонлик ёмон қувватларни тортади. Унинг бу қарашлари фанда инқилоб ясаган Ньютоннинг бутун олам тортишиш қонунларига уйғундир.

  • Хожа Аҳрор Валий ахлоқий категория – яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик, муҳаббат ва нафрат каби ахлоқий тамойиллар ва оддий ахлоқ нормаларига қўядиган асосий талаблари меъёр ва мезондир. Хожа Аҳрор Валий фикрича, инсон барча ҳолатларда меъёрга амал қилсагина, камолотга етади.

  • Хожа Аҳрор Валий томонидан рашҳаларда айтилган нафс ва унинг меъёри, нафсни жиловлаш тўғрисидаги фикрлар бугунги кунда баркамол авлодни моддий, нафсоний-маънавий тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.

  • Хожа Аҳрор Валий баркамол инсон тарбиясида суҳбатнинг роли катта эканлигини таъкидлаганлар. У киши бу масалада Қуръон, ҳадисларга, буюк аждодлар – Боязид Бистомий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Аҳмад Яссавий, Ҳазрат Азизон – Хожа Али Ромитаний, Жалолиддин Румий, Баҳоуддин Нақшбандларнинг ғояларига таянган ва уларнинг таълимотини ривожлантирган.


1 Фахруддин Али Сафий. Рашаҳоту айнил-ҳаёт / Нашрга тайёрловчилар, сўз боши ва изоҳлар муаллифлари Маҳмуд Ҳасаний, Баҳриддин Умрзоқ. - Тошкент: Абу Али Ибн Сино, 2004. – Б.287.

2 Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. Мукаммал асарлар тўплами. 17-жилд. – Тошкент: Фан, 2002. – Б.280.

3Бобохонов.Ш, Мансур.А. Нақшбандия тариқатига оид қўлёзмалар фиҳристи. -Тошкент: Мовароуннаҳр, 1993. – Б.109.

4Ўша манба. – Б.110.

5 “Рашаҳот”да Хожа Аҳрор рашҳаларининг 40-сида валийларнинг уч белгисига тўхталиб ўтилади. Бу ҳақда батафсилроқ қаранг: Фахруддин Али Сафий. Рашаҳоту айнил-ҳаёт / Нашрга тайёрловчилар, сўз боши ва изоҳлар муаллифлари Маҳмуд Ҳасаний, Баҳриддин Умрзоқ. -Тошкент: Абу Али Ибн Сино, 2004. – Б 352.

6 Ўша асар. -Б. 111.

7 Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. Мукаммал асарлар тўплами. 17-жилд. - Тошкент: Фан, 2002. – Б.280.

8 Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор. Рисолаи Ҳавроиййа /Табаррук рисолалар. Нашрга тайёрловчи, таржимон, сўз боши ва изоҳ муаллифлари – М.Ҳасаний, Б.Умрзоқ, Ҳ.Амин. Тошкент: Адолат, 2004,. –Б. 310.

9 Рашаҳот. – Б. 311.

10 Рашаҳот. – Б. 311.

11 Рашаҳот. – Б. 375.

12 Батафсил қаранг: Наврўзова Г. Баҳоуддин Нақшбанд. Бухоро: Фалсафа ва ҳуқуқ институти, 2009. – Б.100-104.

13 Рашаҳот. – Б. 379.

14 Мавлоно Жалолиддин Румий. Маснавийи Маънавий. Биринчи китоб /Форсийдан Камол Жамол таржимаси. -Тошкент: Фан, 2005. – Б. 17.

15 Батафсил қаранг: Жалолиддин Румий. Маснавийи Маънавий. Куллиёт. Биринчи жилд. Биринчи китоб /Таржимон Асқар Маҳкам. Шарқ муаллифлари Обиддин Пошшо, Карим Замоний, Асқар Маҳкам. -Тошкент: Шарқ, 1999. – Б. 22-56.

16 Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор. Рисолаи Волидиййа. /Табаррук рисолалар. Нашрга тайёрловчи, таржимон, сўз боши ва изоҳ муаллифлари – М.Ҳасаний, Б.Умрзоқ, Ҳ.Амин. Тошкент: Адолат, 2004. - Б. 35.

17 Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор. Рисолаи Анфоси Нафийса /Табаррук рисолалар/ Нашрга тайёрловчи, таржимон, сўз боши ва изоҳ муаллифлари : М.Ҳасаний, Б.Умрзоқ, Ҳ.Амин. -Тошкент: Адолат, 2004. –Б. 38.

18 Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор. Рисолаи Анфоси Нафийса /Табаррук рисолалар/ Нашрга тайёрловчи, таржимон, сўз боши ва изоҳ муаллифлари: М.Ҳасаний, Б.Умрзоқ, Ҳ.Амин. Тошкент: Адолат, 2004. – Б. 38.

19 Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор. Рисолаи Анфоси Нафийса /Табаррук рисолалар. – Б. 38.

20 Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор. Рисолаи Анфоси Нафийса. /Табаррук рисолалар. – Б. 39.

21 Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор. Фиқроти Аҳрориййа /Табаррук рисолалар /Нашрга тайёрловчи, таржимон, сўз боши ва изоҳ муаллифлари: М.Ҳасаний, Б.Умрзоқ, Ҳ.Амин. Тошкент: Адолат, 2004. – Б. 70.

22 Фахриддин Али Сафий. Рашаҳот (Оби ҳаёт томчилари) /Табдил қилувчи ва сўнг сўз муаллифи М.Ҳасаний. Тошкент: Абу Али ибн Сино, 2003. – Б. 342.

23 Ҳақиқат манзаралари. Тошкент: Янги аср авлоди, 2007. – Б.190.

24 Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор. Рисолаи Ҳавроиййа /Табаррук рисолалар. Нашрга тайёрловчи, таржимон, сўз боши ва изоҳ муаллифлари – М.Ҳасаний, Б.Умрзоқ, Ҳ.Амин. Тошкент: Адолат, 2004,. – Б. 22.

25 Рашаҳот. – Б. 343.

26 Рашаҳот. – Б. 388.

27 Рашаҳот. – Б. 351.

28 Рашаҳот. – Б. 330.

29 Рашаҳот. – Б. 330.

Download 33.75 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2023
ma'muriyatiga murojaat qiling