Иш билганга бир танга, тил билганга минг танга


Download 27.42 Kb.
Sana15.02.2023
Hajmi27.42 Kb.
#1201510
Bog'liq
З.Кенжаев тахлилий иш


ИШ БИЛГАНГА БИР ТАНГА, ТИЛ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА.
Тил – миллат кўзгуси
Давлатимиз раҳбари бошчилигида ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-еътиборини тубдан ошириши, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбек тилига Давлат тили мақомининг берилиши жамият аҳолиси учун жуда катта имкониятлар эшигини очиб берди. Бу имконият нафақат оддий мулоқот жараёнида, балки давлат идоралари томонидан қабул қилинаётган ҳужжатлар, иш қоғозлари билан ишлаш жараёнларида ҳам бирмунча қулайликлар яратди. Айниқса, 1993-йил 2-сентябрьда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ва янги алифбога ўтиш босқичма-босқич амалга оширилиши халқимиз учун яна бир енгиллик туғдирди.
Ҳозирги кунда “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан тил бирликларини қўллашда маълум бир нормалар белгиланган. Мазкур нормалар республикамизнинг турли жабҳаларида турлича қўлланмоқда. Бу борадаги айрим ҳолатлар кишининг энсасини қотиради. Масалан, кўча-кўйдаги дўконлар, ошхоналар, сартарошхоналар ва шу каби маиший хизмат шохобчалари пештахталарига осилган лавҳалардаги имло хатолари, чет сўзларнинг бузиб ёзилиш ҳолатлари, менимча, ҳар қандай зиёли кишини ўйга толдиради, таъбини хира қилади. Бу каби салбий ҳолатлар оқибати нима билан тугайди?! Биз ортимизда ўсиб келаётган ёш авлодга шу каби саводсизларча ёзилган пешлавҳаларимизни кўз-кўз қилиш билан ўрнак бўламизми?! Бунинг оқибати билан курашиш ҳар доим ҳам кутилган натижа беряптими? Менимча, йўқ.
Ҳуқуқни қўллашнинг ягона амалиётидан келиб чиқиб, мазкур ҳолатнинг пайдо бўлиш сабабларини “лекин ушбу медалнинг иккинчи тарафи ҳам бор…” иборасини қўллаш орқали таҳлил қиламиз. Халқимизда “Иш билганга бир танга, тил билганга минг танга”, деган ибора бор. Ҳозирги кунда чет тилларини ўрганишга бўлган эҳтиёжнинг тобора ортиб бораётганлиги, жамият ривожланиши билан тилимизга чет сўзларнинг кўплаб кириб келаётганлиги, натижада ёш авлод ҳаёт билан ҳамнафас яшаётганлигини э`тироф этмай иложи йўқ. Шу билан бирга, ҳар қандай саводхон инсон имло ва лавҳалардаги хатоликларни солиштириб хулоса чиқаради.
Жамиятдаги саводсизликни бартараф этишда бир қатор имкониятларга эга эдик. Жумладан, она тилимизнинг софлигини сақлаш ҳар бир ўзбек оиласида тарбияланаётган ёш авлодга ўз она тилига бўлган муҳаббатни сингдириш, чет тилларни ўрганиш борасида ўша тилга ҳурмат билан муносабатда бўлиш туйг`усини шакллантиришимиз лозим. Мактабларда она тили дарсларини сифатли ташкилланишнинг асосий масалага айланиши мақсадга мувофиқдир.
Давлат тилининг ахборот ва коммуникатсия технологиялари, хусусан, Интернет жаҳон ахборот тармог`ида муносиб ўрин эгаллаши таъминланди, ўзбек тилининг компютер дастурлари яратилди. Давлат тили қоидаларининг бузилиши билан бог`лиқ ҳолатлар мунтазам ва ҳар томонлама ўрганилди, уларни бартараф этишга доир чора–тадбирлар ишлаб чиқилди. Мамлакат ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатлар тилларининг ривожланиши учун кенг имкониятлар яратилди. Уларга давлат тилини ўрганиш учун қулай шароитлар яратиб берилди.
Бироқ, жамиятдаги тобора дабдабабозлик, жарангдор сўзларни қўллашга бўлган истакнинг кучайиб бораётганлиги халқнинг саводсизлик ботқог`ига ботишига сабаб бўлди, миллат ўзлигини йўқота бошлади, ёшлар соф ўзбек тилида гапиришдан иймана бошлади.
Ўзбек тили АҚШ, Буюк Британия, Германия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Туркия ва шу каби бир қатор давлатларнинг 60 га яқин университетлари ва 100 дан зиёд мактабларида ўрганилаётган бир пайтда биз қурилган биноларимизнинг, рекламаларимизнинг номини инглиз ёки рус тилларида номлашимиз тилга бўлган ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас.
Айнан шу ерда БМТ вакилларининг тил борасида келтирган фактини эслаб ўтсак: “Қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 мингтагача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди. Бу асосан цивилизация туфайли маданиятидан айрилаётган кам сонли миллатларнинг тилларидир. Бу тилларда сўзловчи аҳолининг айримлари ёзувга эга бўлса, айримлари бундан бебаҳрадир. Масалан, Африка тилларида сўзлашувчи аҳолининг 80 фоизи ҳамон ўз ёзувларига эга эмас. Лингвист олимларнинг фикрича, яна 25 йилдан сўнг ҳозир муомалада бўлган тилларнинг ўнтасидан биттаси сақланиб қолар экан”.
Ўзбек тили ҳам шундай тиллар сирасига киришига яна озгина ҳаракат қилинса бўлди, ўзбек миллатининг кўзгуси ҳисобланмиш тил бутунлай йўқ бўлади қолади! Қурилган биноларга бошқа тилларида ном бераверсак, замон талаби деб ходим томонидан ишчига иш учун ўзбек тилининг ўзигина кифоя эканлигини била туриб ҳам рус ва инглиз тилларини билишинг керак деган талаб қўяверсак, оилада ўзбек тили билан бир қаторда инглиз ва рус тилларидаги сўзларни аралаштириб ишлатишни, тилнинг аҳамияти ҳақида фақатгина Тил байрами кунида эслаб ўтсак, ОАВда ўзбек тилинг бузиб талқин этилган вариантидаги сўзлар ва хато ёзилган сўзларни аёвсиз намойиш қилишни давом эттираверсак ўзбек тилини йўқотиш учун 25 йил эмас, балки 10 йилнинг ўзи ҳам кифоя қилади.
Янги таҳрирдаги “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг 3-моддасида Ўзбекистон Республикасининг давлат тили миллий қадрият сифатида э`тироф этилган бўлса, 5-моддасида давлат тилини О`збекистон Республикасининг маданий мероси сифатида тарг`иб этилиши белгилаб қўйилган. Давлат тилига э`тибор тил сиёсати даражасига кўтарилишига қарамай айрим ҳолларда давлат тили тўг`рисидаги қонун ҳужжатлари етарлича таъминланмаётганлигининг гувоҳи бўламиз. Бунга, аввало, она тилимизга бўлган э`тиборсизлигимиз, бепарволигимиз, кўриб кўрмасликка олишимиз сабаб бўлмоқда.
Жамият саводсизлигини енгишда бир қатор имкониятларга таяндик. Жумладан, таълимга эътибор кучайтирилди. 2020-йил март ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг Давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига биноан ўзбек тили ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди.
Келинг, шу ўринда вазиятни ҳуқуқий жиҳатдан баҳолаймиз. 
Биринчидан, таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Реклама тўғрисидаги Қонунининг 5-моддасига кўра, давлатимиз ҳудудида реклама давлат тилида берилиши билан бирга, реклама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилларда ҳам эълон қилиниши мумкин. Шу масалага боғлиқ бўлган яна бир муаммо бу реклама ёзув тахталари ва баннерларидаги реклама матнларининг жиддий хатолар билан ёзилаётганидир. Реклама матнларини эътиборсизлик натижасида жиддий хатолар билан ёзиш учун жавобгарлик борми? Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 42-моддасига кўра, давлат тилини менсимаганлар энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жаримага тортилиши мумкин. Аммо Кодексда қайси ҳолатлар «менсимаслик» деб баҳоланиши мумкинлиги ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Ўзбек тилининг изоҳли луғатига кўра, «менсимаслик» деб «еътиборсизлик ва паст назар билан қараш»га айтилади. Давлат тили ёки бошқа тилларда ёзилган матндаги хатоларни эътиборсизлик деб баҳолаш мумкин, аммо уларнинг «паст назар билан қараш» мақсадида қилинганини исботлаш қийин. 
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларининг ҳамда Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарорининг 16-бандига кўра, «сотувчи, товарлар ва уларни тайёрловчилар тўғрисидаги маълумотлар харидорлар эътиборига давлат тилида етказилади, шунингдек, бошқа тилларда такрорланиши мумкин». Лекин чакана савдо расталарида товарлар тўғрисидаги маълумотлар харидорлар эътиборига ҳар доим ҳам давлат тилида етказилмайди. Масалан, пишлоқнинг ҳар-хил турларини сотаётган сотувчи бир пишлоқ тури устига «Галански Сир! Свежи!» деб ёзиб қўйган бўлса бу реклама ҳисобланадими ёки маҳсулот тўғрисидаги маълумотми? Агар реклама ҳисобланса, унда реклама давлат тилида берилиши талаб этилмайди. Агар мазкур ёзув маҳсулот тўғрисидаги маълумот деб талқин этилса, унда бошқа тил билан бирга давлат тилида ҳам ёзилиши шарт. 
Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги давлат органлари, ташкилотлари ва муассасаларида давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг айрим нормалари бузилишига гувоҳ бўлишимиз мумкин. «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг 10-моддасига кўра, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш давлат тилида, лекин ишловчиларининг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкин. Аммо, айрим давлат ташкилотларида, органларида ва муассасаларида иш юритиш давлат тилида эмас, балки бошқа тилларда, жумладан рус тилида олиб борилиши ҳолати кузатилади. Бу, ўз навбатида давлат тилига бўлган ҳурмат ва эътиборнинг пасайишига сабаб бўлиши барчамизга бирдек аёндир. Шунинг учун ҳам Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42-моддаси «Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш» деб номланган бўлса-да, ушбу модда давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик билан боғлиқ муносабатларни қамраб олмаган.
Юқоридагиларга кўра, айни ўзбек тили соҳаси мутахассисларидан ўзбек тилини билиш даражасини тасдиқловчи сертификат олиш тартибини ишлаб чиқиш, давлат тил ҳақидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш ва оммавий ахборот воситаларида ўзбек тилини жозибадорлиги хусусидаги тур хил теледастурлар, давра суҳбатлари, рекламалар ва роликларни кўпайтириш, давлат ташкилотларида расмий ҳужжатларни юритилишида ички назоратни кучайтириш таклифи билдирилади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, ўзбек тилини бошқа тиллар билан қориштириб юбориш, китобхон оилаларнинг камлиги, аҳоли асосий қисмининг ўз она тилини ўрганишга бўлган лоқайдлиги каби ҳолатларни хавфларни енгиш имкониятларини ишга солишдаги заиф томонлар дейиш мумкин. Буларни бартараф қилиш учун курашиш ҳар доим ҳам ижобий натижасини беравермайди. Чунки жамиятдаги аҳолининг асосий қисми саводхонлар қатламига мансуб эмас ва уларга тилимиз софлигини сақлаш, тил бирликларидан ўринли фойдаланиш каби масалалар қизиқ эмас. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун мактаб-маҳалла-оила тизими яхши йўлга қўйилиши, оилавий муҳитга асосий эътибор қаратилиши, тилга бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор сифатида баҳолашимиз лозим бўлади.
Зеро, буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний ёзганидек: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурғон ойинаи ҳаёти ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.
Download 27.42 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling