Жамоатчилик билан алоқалар


Download 75.5 Kb.
bet1/4
Sana15.01.2023
Hajmi75.5 Kb.
#1094297
  1   2   3   4
Bog'liq
1-мавзу Кириш (2)


1-мавзу. “Жамоатчилик билан алоқалар” фанига кириш


Режа:
1. Жамоатчилик билан алоқаларнинг асослари ва моҳияти.
2. Жамият тараққиётида жамоатчилик билан алоқаларнинг ўрни.
3. Ўзбекистон Президенти маърузалари ва асарларида жамоатчилик билан алоқалар – халқ билан мулоқотга оид фикрлар талқини.

Ўзбекистонда жамоатчилик билан алоқалар, яъни, халқ билан мулоқот муҳим ижтимоий институтга айланмоқда. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, чунончи, турли ташкилот ва муассасаларнинг жамоатчилик билан алоқалари асосан Ахборот хизмати орқали амалга оширилади. Ахборот хизматларида асосан шу соҳа сирларидан бохабар журналистлар фаолият кўрсатиши мақсадга мувофиқдир.


Ахборот хизмати ходимлари ҳам оммавий ахборот воситалари (ОАВ)да фаолият кўрсатаётган журналистлар каби асосан ахборот тўплаш ва тарқатиш билан шуғулланади. Ахборот хизмати ходими аввало ўқимишли бўлиши зарур. Яъни, айтмоқчи, ёзмоқчи бўлган ҳар бир фикрини аввало ишончли манбалардан ўз кўзи билан ўқиб-ўрганиши зарур.
Жамоатчилик билан алоқаларни амалга оширишга хизмат қилгувчи Ахборот хизматининг (бошқа мавзуларнинг ҳам) қуйидаги учта муҳим асоси мавжуд:
1. Методологик асоси (Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари ва нутқларида баён этилган фикрлар);
2. Ҳуқуқий асоси (Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатларда баён этилган фикрлар);
3. Назарий асоси (илмий асосланган китоблар, дарсликлар, қўлланмалар, мақолалар ва бошқа ёзма манбаларда баён этилган фикрлар).
Ушбу манбаларни ўқимасдан гапирган масъул ходим хатоликка йўл қўйиши ҳеч гапмас. Ташкилот раҳбари номидан гапиришга ҳақли бўлган Ахборот хизмати раҳбари хатоликка йўл қўйиши кечирилмас ҳолдир. У ўша асоссиз, хато гапи билан ташкилотнинг обрўсига путур етказади...
Биз кейинги мавзуларда жамоатчилик билан алоқалар ҳамда Ахборот хизматининг ана шу муҳим асослари ҳақида кенгроқ тўхталамиз.
Ҳозирча (яъни, кириш қисмида) шу уч асоснинг қисқача моҳиятини шарҳлаб ўтамиз.
Фаннинг назарий асосини тушуниб олгач, методологик ва ҳуқуқий асосларини англаб етиш осон кечади. Демак, гапни қисқача назарий асосдан бошлаймиз. Жамоатчилик билан алоқалар – инглизча “Public Relations” (Паблик рилейшнз – PR, пиар) фанига асосланган. Демак, PRга оид фанлар жамоатчилик билан алоқаларнинг назарий асосини ташкил этади. Бу фан (PR) моҳияти – давлат ва халқ, ташкилотлар ва жамоатчилик ўртасидаги алоқаларни илмий ташкил этиш ҳамда мунтазам йўлга қўйишдан иборатдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари ва нутқларида баён этилган фикрлар фаннинг методологик асосини ташкил этар экан, муҳтарам Юртбошимизнинг жамоатчилик билан алоқалар – халқ билан мулоқот, ОАВ ва ахборот соҳасига оид жамики фикрлари замиридан биз ўзимиз учун зарур бўлган методологик асосни кашф этамиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригида таъкидланганидек, “Халқ билан мулоқот, одамларнинг орзу-интилишлари, дарду ташвишлари билан яшаш давлат сиёсати даражасига кўтарилаётган бугунги кунда ҳар бир оммавий ахборот воситаси чинакам мулоқот майдончасига, эркин фикр минбарига айланган тақдирдагина биз ўз олдимизга қўйган мақсадларга эриша оламиз”1. Дарҳақиқат, жамоатчилик фикри – жамият ҳаётини ўзида акс эттирадиган бамисоли бир кўзгудир. Жамоатчилик билан алоқалар – халқ билан мулоқот давлат сиёсати даражасига кўтарилган мамлакатимизда тараққиёт, турли соҳалар ривожи шунга яраша бўлишини ҳаёт ўзи кўрсатмоқда.
Жамоатчилик билан алоқалар ва Ахборот хизматининг ҳуқуқий асослари қонунлар ва Президентимиз ҳамда ҳукумат қарорларида ўз аксини топган. Чунончи, Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 5 майда қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунида жамоатчилик билан алоқалар ва уни амалга оширишда муҳим ўрин тутувчи Ахборот хизматларининг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 17 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 125-қарорида давлат ва хўжалик бошқаруви соҳасида очиқлик ва шаффофликка асосланган самарали қарорлар қабул қилиш тизимини жорий этиш, ахборот олишда мансабдор шахсларнинг жамият олдидаги ҳисобдорлиги, очиқлиги ва масъулиятини таъминлаш вазифалари белгилаб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур соҳани янада ривожлантиришда ғоят муҳим қадам бўлди.
Шунингдек, журналистикага оид фанлар ҳамда қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари Ахборот хизматларининг назарий ва ҳуқуқий асослари ҳисобланади.
Бўлғуси журналистлар жамоатчилик билан алоқалар (PR) фани назарияси ва амалиётини, Ахборот хизматини махсус курс орқали ўрганиш билан бир қаторда республика етакчи ташкилотлари, вазирликлар, сиёсий партиялар ва бошқа идораларнинг Ахборот хизматларида маҳорат сирларини ўзлаштирмоқдалар. Республикамиздаги қатор ташкилотларнинг Ахборот хизматларида ҳозирги вақтда мазкур ўқув даргоҳидан етишиб чиққан кадрлар самарали фаолият кўрсатишмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февраль куни қабул қилинган “Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида “Давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва ташкилотлари матбуот хизматларининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги етарли даражада йўлга қўйилмаган”и қайд этилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги зиммасига давлат органлари ва бошқа ташкилотларга улар фаолиятининг очиқлигини таъминлашда, давлат хизматчиларига оммавий ахборот воситалари билан очиқ, оммавий ўзаро ҳамкорлик қилиш маданиятини сингдиришда, шу жумладан, уларнинг Ахборот хизматлари (жамоатчилик билан ишлаш бўйича бўлинмалари) фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий жиҳатдан таъминлаш орқали кўмаклашиш вазифаси ҳам юклатилди. Бу вазифалар тўла-тўкис бажарилиши учун аввало ҳар бир вазирлик, идора, муассаса ва ташкилотнинг Ахборот хизматлари ҳам масъулдирлар.
Ахборот хизматининг асосий вазифаларидан бири – ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантиришдан иборат экан, бунда оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик ҳамда парламент назоратини таъминлаш, давлат ва жамоатчилик ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Юртимизда ОАВнинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шароит ва имкониятларни яратиш, фуқароларнинг ахборотни эркин ва монеликсиз олиш ҳамда фойдаланиш ҳуқуқларини амалга ошириш, ахборотнинг муҳофаза қилиниши, шахс, жамият ва давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигини таъминлаш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Соҳадаги изчил ислоҳотлар жараёнида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, барча вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотларида ахборот хизматлари ташкил этилиб, улар фаолияти давр талаби асосида йўлга қўйилмоқда.
Турли идора ва ташкилотлар томонидан мунтазам равишда долзарб мавзуларда матбуот конференциялари, брифинглар ўтказилиши, бунда жамоатчилик билан мулоқотнинг интерфаол усулларидан кенг фойдаланиш, тегишли маълумотларнинг махсус веб-сайтларда жойлаштирилиши аҳолининг ахборот олишга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилмоқда. Айни пайтда бу йўналишдаги ишларни янада самарали ташкил этиш, давлат ва жамоат бирлашмалари ахборот хизматлари, медиа-тузилмалар ишини фаоллаштириш, соҳа мутахассисларининг билим ва кўникмаларини муттасил ошириб бориш долзарб аҳамиятга эга.
Ушбу мавзуни тайёрлашда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг маърузаларида илгари сурилган халқ билан мулоқотни ривожлантиришга оид ғоялар, тегишли қонунлар ва қарорларда белгиланган нормалар методологик ҳамда ҳуқуқий асос қилиб олинди.
Мамлакатимизда халқ билан мулоқот жараёнларини илмий тадқиқ этган ҳолда бу борада тўпланган билим ва тажрибалар, илмий хулосалар юзасидан тегишли тавсиялар берилади. Унда идора ва ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқалар (PR), Ахборот хизматлари фаолиятини илмий ташкил этиш ҳамда босқичма-босқич такомиллаштириш, бу борада тўпланган тажрибалар ҳақида сўз юритилади.



Download 75.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3   4




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling