Жинсий кўпайиш иккита ҳар хил жинсий ҳужайранинг кўшилишидан ҳосил бўладиган зиготалар орқали рўй беради
Download 16.02 Kb.
|
Замбуруғлар
Замбуруғлар Замбуруғлар [Fungi ёки Mycetes] – эукриот организмлар дунёси (бўлими). Замбуруғлар тайёр органик моддалар ҳисобига яшайди, яъни гетротроф организм ҳисобланади. Одатда, ўсимликларда, тупроқда, сувда, ҳайвонларда ёки уларнинг қолдиқларида ҳаёт кечиради. Озиқланиш усулига қараб улар паразит ва сапрофит турларга бўлинади. Уларнинг одамлар ва ҳайвонлар учун зарарли ва фойдали юз мингдан ортиқ тури учрайди. Замбуруғлар ҳақидаги фан микология деб аталади. Тузилиши. Кўпчилик замбуруғларнинг (баъзи ҳужайра ички паразитларидан ташқари) вегетатив танаси мицелий кўринишида, яъни озиқланиш субстрати сиртига ёки ичига тарапиб, уйидан ўсадиган ингичка ипча – гифалардан иборат. Кўпайиши. Замбуруғлар вегетатив ва репродуктив (жинссиз ва жинсий) кўпаяди. Вегетатив кўпайиш мицелий ипчаларининг бўлиниши ёки склероциялар билан амалга ошади. Бу бўлачалар ҳар хил йўл билан тарқалиб, қулай шаритга тушганда янги мицелийси ҳосил бўлади. Жинссиз кўпайиш мицелийнинг махсус шохчаларида ҳосил бўладиган споралар орқали рўй беради. Споралар ҳосил бўлишига қараб эндоген ва экзоген бўлади. Эндоген споралар, одатда, гифа (спорангий ёки зооспорангий) нинг шарсимон уйларида кўп миқдорда ривожланади. Экзоген споралар (конидиялар) мицелийнинг махсус шохларида якка, гуруҳ бўлиб, кўпинча, занжирсимон ривожланади. Жинсий кўпайиш иккита ҳар хил жинсий ҳужайранинг кўшилишидан ҳосил бўладиган зиготалар орқали рўй беради. Бу организмлар ҳамма жойда кенг тарқалган. Аксари замбуруғларнинг табиатда умри қисқа. Уларнинг мицелийси бир неча суткада ривожланиб, спора ҳосил қилгач, ўсишдан тўхтаб, нобуд бўлади. Мицелийси кўп йил яшайдиган турлари ҳам бор. Жумладан, патоген ва паразит замбуруғлар мицелийси бир неча йиллаб яшайди. Шунингдек, склероцийлари ва турли-туман споралари билан узоқ вақтгача сақланадиган замбуруғлар ҳам бўлади. Кўп споралар қуруқ ҳолатда ҳаётчанлигини ўн йиллаб сақлаши мумкин. Муҳим физиологик хусусиятлари. Замбуруғлар ривожланиши учун кислород зарур бўлиб, аэроб организм ҳисобланади. Лекин айрим турлари, масалан, ачитқи замбуруғлар ига озгина кислород ҳам етарли. Кўпчилик турлари (спиртли, лимонли) ачитиш хусусиятига эга. Улар 20-25° да яхши ўсади, баъзилари 2-4° да ҳам ўсаверади. Замбуруғларнинг ўсиши учун ёруғлик зарур эмас, лекин қуёш нури уларнинг ўсиши ва спора ҳосил қилишига салбий таъсир этади. Табиат ва инсон ҳаётидаги аҳамияти. Тупроқда яшайдиган замбуруғлар ўсимлик қолдиқлари (жумладан, қийин парчаланадиган целлюлоза ва лигнин)ни емиради ва минераллаштиради. Ёғочларни, асосан, пўкак замбуруғлар емиради. Бу микроорганизмларнинг кўпчилик турлари ўсимликларда турли касалликларни кўзғатади. Одамлардаги қатор касалликлар: кал, кирма темиратки ва бошқаларларни улар кўзғатади. Фойдали замбуруғлар ҳам кўп. Penicillium ва Aspergilius туркумига мансуб замбуруғлардан витаминлар, антибиотиклар, лимон кислота ва стероид дори воситалар олишда фойдаланилади. Ачитқи замбуруғлар вино, нон, пиво тайёрлашда ишлатилади. Улардан кўнчилик, тўқимачиликда ва саноатнинг бошқа тармоқларида қўлланиладиган турли ферментлар олинади. Дунёнинг кўпгина мамлакатларида замбуруғлар овқатга ишлатилади; истеъмол қилинадиган З. нинг тури 100 дан ортади. Булардан кўплари қимматли бўлиб, таркибида оқсил моддалари, витаминлар ва ферментлар бор. Улар, асосан, концервалаб (куритиб, тузлаб, зиралаб) истеъмол қилинади. Замбуруғлар таснифи: I синф – тубан замбуруғлар ёки фикомицетлар (Phycomycetes); II синф – халтали замбуруғлар ёки аксоцимелар (Ascomycetes); III синф – базидиомицелар (Basidiomycetes); IV синф – такомилламаган замбуруғлар (Deuteromycetes ёки Fungi imperfecti). Улар ўсимлик, ҳайвон ва одамларда касаллик қўзғатиш хусусиятига эга, озиқ-овқат маҳсулотларини бузади. Ғўзада вилт ва чириш касалликларини пайдо қилади (яна қ. Замбуруғли касалликлар). Баъзи З. ҳашаротлар сонини ҳамда касаллик туғдирувчи (патоген) микроорганизмларни ривожини сусайтиришда ижобий аҳамиятга эга. Вертциллёз сўлишни қўзғатувчи З. кушандаси (антагонист) Trichoderma Iignoram Hars., Aspergilius sp., Penicillium sp. ва бошқа(лар) киради. Замбуруғлар тупроқда бактериялар, актиномицетлар ва Микроорганизмлар билан биргаликда органик моддаларни парчалаб, санитарлик вазифасини бажаради ва табиатда моддалар айланишида иштирок этади. Шу билан бирга, тупроқда ўсимлик касалликларини қўзғатувчи З. тўпланиб ҳам қолади. Монокультура натижасида ўсимликларнинг маълум турларигагина ихтисослашган З. йиғилади. Aspergilius, Penicillium, Mucor, Trichothecium, Rhizopus ва бошқа(лар) туркумга мансуб баъзи тур З. уруғлик материалнинг моғорлашига сабаб бўлиб, уларнинг унувчалигини пасайтиради. Кўпгина моғор З. хомаёни сақлаш даврида пахта толаси сифатини бузади. Баъзи турлари истеъмол қилинади (жумладан, қўзиқорин). Уларнинг ферментатив, антибиотик, токсик ва паразитлик хусусиятлридан ветеринарияда ҳамда ўсимликларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилишда, шунингдек, енгил саноатда, озиқ-овқат ва фармацевтика саноатида фойдаланилади. Download 16.02 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling