Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Пардаев Ўзбекистонда саноатга жалб қилинган илғор технологиялар, соҳада эришилган ютуқлар


Download 178.11 Kb.
Sana19.08.2020
Hajmi178.11 Kb.
#126905
Bog'liq
кластер


Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Пардаев Ўзбекистонда саноатга жалб қилинган илғор технологиялар, соҳада эришилган ютуқлар, бу борадаги долзарб вазифалар ҳақида ЎзА мухбирига гапириб берди: 
– Пахтадан рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида Президентимизнинг 2017 йил 14 декабрдаги “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Шу асосда Вазирлар Маҳкамаси пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар режасини қабул қилди. Пировардида пахтачиликда илғор агротехнологиялар жорий қилиниб, кластер корхоналари ёрдамида фермер хўжаликлари ҳам замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминланмоқда.
Биргина 2018 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 14 пахта-тўқимачилик кластери ташкил қилинди. Улар томонидан 368 минг тонна пахта хом ашёси етиштирилиб, қайта ишланмоқда. Жорий йилда эса 74 кластер фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган. Демак, пахтадан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми яна ортади.
Кластер тизимининг афзал бир жиҳати техникалар харид қилишда ҳам қўл келмоқда. Яъни пахта-тўқимачилик кластерлари қишлоқ хўжалиги техникалари паркини яратиши, эҳтиёжига кўра, зарур янги қишлоқ хўжалиги техникаларини чет элдан 2020 йил 1 январга қадар божхона тўловларисиз олиб келиши мумкин. Шу имтиёздан фойдаланган кластер корхоналари 2018 йилда 1400 га яқин замонавий, тежамкор қишлоқ хўжалиги техникасини харид қилди.
Сир эмас, хом ашёдан кўра, уни тайёр маҳсулот кўринишида сотиш, экспорт қилиш ҳам давлатга, ҳам ишлаб чиқарувчига мўмай фойда келтиради. Кластер тизимида эса шу мақсадга эришиш мумкин. Гап шундаки, Ўзбекистонда пахта-тўқимачилик йўналишида иш бошлаган кластерларнинг кўпчилиги хорижий инвестициялар иштирокида хом ашё етиштириб, ундан тайёр маҳсулот тайёрламоқда. Масалан, ўтган йили Бухоро вилояти Ромитан туманида “ВСТ Cluster Agrokomplex” МЧЖ ташкил этилди. Лойиҳа ташаббускорлари томонидан 123 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция йўналтирилиб, дунёнинг етакчи давлатларида ишлаб чиқарилган замонавий калава, уни бўяш ва тўқув-трикотаж фабрикаларини ташкил этиш белгиланди. Ҳозир бу кластерга Ромитан туманидан 8 минг гектар ер майдони ажратилди. 
Кластер тизимининг яна бир афзаллиги шундаки, улар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотлардан эркин фойдаланади, маҳсулоти нархини, уларни сотиш ҳажмини ҳам мустақил белгилайди. Шунингдек, барча меҳнаткашларнинг манфаатлари уйғунлашади. Яъни хом ашё етиштирувчидан бошлаб, уни қайта ишловчигача маҳсулот сифатига бирдек жавобгар бўлади. Чунки якуний жараён натижасига кўра, товарни сотишдан тушган қўшимча қийматнинг бир қисми шу ишга ҳисса қўшган меҳнаткашларга тақсимланади. Қолаверса, ишлаб чиқариш жараёнида янги иш ўринлари пайдо бўлади.
Президентимиз жорий йилнинг 1 март куни Наманган вилояти фаоллари билан ўтказган учрашувида қишлоқ хўжалиги йўналишидаги кластер корхоналари фаолиятини ташкил этиш, уларнинг вазифалари, мажбуриятлари, ер ва сув ресурсларидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини ўз ичига олган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берган эди. Ҳозир Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш бўйича тегишли ишларни бошлаб юборган. Унда депутатлар, хусусан, бизнинг қўмита аъзолари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида янги йўналиш – кластер тизимига ўтиш бошланган. Бу тизимга соҳа одамларининг муносабати турлича. Уни ёқлаётганлар қаторида танқид қилаётганлар ҳам бор.

Фермерларнинг ери кластерга бирлаштирилиши важи билан тортиб олинаётгани борасидаги танқидий чиқишлар ҳам тез-тез кузатилиб турибди.

Хўш, ўзбек тилида янги атама сифатида қўлланилаётган «кластер» ўзи нима? Бу тизим Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига нима беради? У кўп йиллар «чўлоқ» бир соҳа бўлиб келган қишлоқ хўжалигини ўнглай оладими? Ундан ким даромад кўради?

Кластерлар соҳанинг айрим кишилари айтаётгани каби монополиянинг янги кўринишими?

Kun.uz ўз манзилига келаётган кўплаб мурожаатлар, саволларни инобатга олган ҳолда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раҳбари Илҳом Ҳайдаров билан интервью ташкил қилди.

«Президентнинг кластер борасидаги таклифи мени қўрқитган эди»

Кластер – оддий тилда айтганда қандай тизим? У фермер хўжалигидан нимаси билан фарқ қилади? Илҳом Ҳайдаровдан дастлаб шу ҳақида сўрадик.

–Масалага фермерликдан кластерга ўтиш деб эмас, балки қишлоқ хўжалигида, пахтачиликда бўлаётган ислоҳотларнинг намунаси деб қаралишини хоҳлардим.

Яхши эслайман, 2017 йил февраль ойларида президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига борди. Шу ташрифда президент биринчи бор кластер ислоҳотини илгари сурган эди. Президент айтдики, тўқимачилик корхоналаримиз оёққа туриб олди, бу корхоналар энди пахтачиликда мустаҳкам манба сифатида ишлаб кета олади, деб.

Тўғрисини айтаман, бу ташаббус мени дастлаб бироз қўрқитди. Чунки энди-энди оёққа туриб келаётган ва ўзини дунёга кўрсата бошлаган саноатимиз катта сармоялар ва қишлоқ хўжалигига таклиф қилинди.



Бу катта янгилик эди.

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раҳбари Илҳом Ҳайдаров

Шавкат Мирзиёев буни оддий қилиб тушунтириб берди. У айтдики, «пахтачилик саноати соҳага катта сармоя киритган ва энди тўқимачиликка кафолатланган миқдорда хомашё керак. Тўқимачилик соҳаси ишбилармонлари бунга бемалол киришиб кета олади».

Бу сўзларнинг тўғрилигини вақт исботлаяпти.

Масалан, 2017 йилда Ўзбекистонда 1 дона кластер ишлаган бўлса, 2018 йилда 15та ва 2019 йилда бу рақам 75тага чиқди.

Кластер бу – тўпланиб ишни амалга ошириш. Масалан, пахта етиштирилди. Маҳсулот ишлаб чиқариш учун уни энди толага айлантириш керак. Кейинги қадамда тола ип калавага, ип калава эса матога айлантирилади. Сўнгги қадамда матодан маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Кластер – мана шу бутун тизимни шакллантириш.

Унинг фермерликдан фарқи нимада? Аввал фермерларимиз бевосита «Ўзпахтасаноат» билан шартнома тузиб, уларни пахта толаси билан таъминлаб берган. «Ўзпахтасаноат»дан эса тўқимачилик корхоналари пахта сотиб оларди. Эндиликда фермер ва тўқимачилик корхонаси ўртасида узвийлик пайдо бўлмоқда.

Кластер тизими иккита йўналишда ташкил қилинди. Биринчиси, фермерлар ва тўқимачилик корхоналари ўртасида бевосита шартнома. Иккинчи, салмоғи юқори бўлган тўқимачилик корхоналари фермерликни ўзи шакллантирмоқда. Бунга мисол – Қуйи Чирчиқ туманидаги «TCT cluster» корхонаси.

Кластер тизими дунёдаги бир қанча йирик давлатларда ўз самарасини кўрсатган. Масалан, Франция ва Нидерландия қишлоқ хўжалигида кластер тизими қўлланилади.

Бугун биз тўқимачилик соҳасида дунёдаги энг нуфузли «Герце» тўқимачилик ташкилоти билан учрашув ўтказдик. Улар Ўзбекистондаги кластер тизимини уникал сифатида баҳолади. Яъни, тўқимачилик корхоналари пахта етиштиришга аралашиб, бевосита шундан манфаат кўриши бу – уникал.



«Фермер эндиликда ҳосил миқдорини ошириш орқали даромадини ошириши керак»

2020 йилдан бошлаб пахта хомашёси ишлаб чиқариш ва мажбурий сотиш режаси, унинг нархини давлат томонидан белгилаш амалиёти бекор қилинади. Шунингдек, давлатга мажбурий ғалла сотиш ҳажми 25 фоизга камайтирилиши белгиланган.

Хўш, бу янги тизимда шартнома бандлари қандай тузилади? Нархни эркин белгилаш тизими қандай йўлга қўйилади?

 

– Биз ҳам фермерларнинг даромадини ошириш тарафдоримиз. Бу тизимда бизнинг тўқимачилик саноати корхоналаримиз бир кунда бойиб кетиши шарт эмас.

Биз тўқимачиликдан келаётган даромадни пастга, фермерларга етказиб боришимиз керак.

Тўғри, биз нархларни оширдик, лекин фермер эндиликда ҳосил миқдорини ошириш орқали ҳам даромадини ошириши керак.

Давлат буюртмасини йўқ қилишнинг бир омили унинг нархга аралашувини йўқ қилиш.

Ҳозир шундай келишув устида ишланяптики, унга кўра, харажатларга қараб нарх шакллантирилади. Бу фермер томонидан шакллантирилади. Албатта, бунда халқаро бозорда шаклланаётган нархлар ҳам инобатга олинади.

Бунда фермер, дейлик, Америкадаги нархга қараб интилади.

Тўқимачилик корхоналаримиз ҳозир ҳам пул, ҳам техника-технология кўринишида қишлоқ хўжалигига инвестиция киритмоқда. Бу сармоялардан ютадиган – фермердир. Чунки киритилаётган сармоядан ҳосил ошиб боради.

Авваллари фермерларга пахта учун гектарига 30 центнер режа қўйиларди. Ҳозир эса биз фермерларга 40-50 центнер айтяпмиз. Шунга яраша фермерлар ҳам ўзига янги талаблар қўйиши керак.

«Агар фермер кафолатланган миқдорда пахта етказиб бераман, деса, уларга ҳеч қандай эътирозимиз йўқ»

Жаҳон тажрибасида кластерлар фермерларнинг ихтиёрийлик асосида бирлашувидан юзага келади. Нега бу тизим Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида фермер хўжаликларини мажбурий тугатиб юбориш ва кластерларга мажбурий бирлаштириш орқали жорий этилди?

Бу босқичма-босқич бўлиши керак эмасмиди?

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раҳбари саволга жавоб берар экан, бизнинг фикримизга қўшилмаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, яхши ишлаб келаётган фермер хўжалигини тугатиш тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган иш.

– Тўқимачилик корхоналарининг асосий иши – тўқимачиликдан даромад топиш. Бу борада бизда айрим пайтларда узилиш пайдо бўлди. Яъни бизда керакли пайтда керакли сифатдаги хомашё топишда қўрқув пайдо бўлган.

Агар фермер сизга кафолатланган миқдорда пахта етказиб бераман, деса, биз томонимиздан уларнинг фаолиятига ҳеч қандай эътироз бўлмайди.

Масалан, Қуйи Чирчиқ туманида ҳозир фермер хўжаликлари деярли сақлаб қолинмади.

– Қуйи Чирчиқ туманини истисно тариқасида кўришингиз мумкин. Йиллар давомида бу туманда пахтачиликда бирор ютуқ ва юқори ҳосилдорлик бўлмаган.

Биз томонимиздан жуда катта тушунтириш ишлари олиб борилди, фермерлар билан гаплашилди.

Уларга айтдикки, сизларга ҳосилдорлигида кафолати бўлмаган фермерликдан кафолатланган ойликли тизим маъқул эмасми, деб.

Кластер тизими шундан кейин, босқичма-босқич жорий қилинди.

Мен сизга фермерларимиз яхши ишлаб келган бошқа туманларимизни айтишим мумкин. Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида ҳисоб-китобни биладиган яхши фермерлар бизга айтганки, сиздан ҳеч нарса керак эмас, вақтида пулимизни тўласангиз бўлди, деб.

Бундай мисолларни яна Хоразмнинг Хива, Хонқа туманлари мисолида ҳам келтириш мумкин.

Бу фермерларга вақтида таъминот еткизилиши ва терилган маҳсулотини сотиб олиш керак.

«Ишлаб чиқариш муддати узайгани фермерга пул тўлолмасликнинг узри бўлолмайди»

2019 йилда айрим кластерлар фермер хўжаликларига олинган ҳосил учун тўловни амалга оширолмади. Бу каби ҳолатларда фермерларнинг кластерга нисбатан ишончи йўқолмайдими?

– Қишлоқ хўжалигида молиялаштириш масаласи маълум вақт талаб қиладиган тизим. Масалан, март ойида ерга қадалган чигитни маҳсулоти кузга келиб етиштирилади ва 5-6 ой мобайнида толага ўтказилади. Тайёр тола тўқимачилик маҳсулотларига ўтказилади ва ўшандагина охирги тўлов ўтади.

Бу тизимда ишлаб чиқариш муддати узаймоқда. Лекин бу нарса ҳеч қачон фермерга пул тўлолмасликнинг узри деб қабул қилинмаслиги керак.

Фермер етиштирган маҳсулоти учун ўз вақтида пулини қабул қилиши керак.

Мен юқорида айтдим: фермер маҳсулотни етиштириб беради, кластер унинг пулини етказиб беради. Бу ерда икковининг ҳам мажбуриятлари ва ҳуқуқлари бор.

Сиз ҳосил учун пуллар вақтида тўланмагани ҳақида гапиряпсиз. Бу жуда тўғри. Бизда яхши бир ибора бор: меҳнат қилган кишига унинг пешона тери қуримасдан ҳақини тўлаш керак.

Афсус билан айтишим мумкинки, қандайдир истисно ҳолатлари ҳам учраяпти.

Мен ишонч билан айта оламанки, март ойига келиб фермерлар олдидаги қарздорликлар тўлиқ узилди. Тизимнинг ҳақ-ноҳақлиги бунга қараб шаклланмаслиги керак.



Пахтани етиштирмаган фермернинг қарздорлигини кластер тўлаб бериши каби ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин. Масалан, 80 млрд.гача бўлган қарздорликни кластер ўзини маблағидан тўлаб беришига тўғри келди.

Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин
Download 178.11 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling