Режа Фуқаролик жамияти институтларининг фалияти


Download 40.31 Kb.
Sana06.02.2023
Hajmi40.31 Kb.
#1170355
Bog'liq
18-мавзу Фуқаролик жамияти институтларининг давлат ҳокимияти


18-мавзу: Фуқаролик жамияти институтларининг давлат ҳокимияти органлари устидан жамоатчилик назорати.

Режа

  1. Фуқаролик жамияти институтларининг фалияти.

  2. Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунда давлат ҳокимияти органлари устидан жамоатчилик назорати.

Ўзбекистонда жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич ўтказилмоқда. Аввало, Конституциямизда давлатнинг жамият олдидаги масъуллиги мустаҳкамлаб қўйилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-моддасига мувофиқ давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар. Шунингдек, 2014 йил 16 апрелда қабул қилинган қонунга асосан, Конституциямизнинг 32-моддаси жамоатчилик назоратини амалга оширишга оид янги норма билан тўлдирилди. Асосий қонунда бундай нормаларнинг акс этиши, жамоатчилик назорати институтига конституциявий-ҳуқуқий мақом берди. Шу билан бирга, жамоатчилик назоратини амалга оширишга оид қонунчилик тизимининг шаклланишига замин яратди.

Юқоридаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.

– Кўплаб ривожланган мамлакатлар тажрибасида учрамайдиган бундай яхлит қонуннинг қабул қилиниши, кенг жамоатчилик томонидан ижобий кутиб олинди. Шу маънода, янги қонун орқали белгилаб берилган жамоатчилик назоратининг субъектлари ва шакллари хусусида гапирсангиз.

– Мазкур Қонун билан жамоатчилик назоратининг субъектлари, уни амалга ошириш шакллари ва ҳуқуқий механизмлари аниқ белгилаб берилди.

Қонунда жамоатчилик назорати субъектлари сифатида Ўзбекистон Республикаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, жамоатчилик кенгашлари, комиссиялар белгиланган. Улар бир сўз билан айтганда, фуқаролик жамияти институтлари ҳисобланади.

Қонуннинг 6-моддасида жамоатчилик назоратининг қуйидаги саккизта шакллари белгиланган:

давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар;
давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш;
жамоатчилик муҳокамаси;
жамоатчилик эшитуви;
жамоатчилик мониторинги;
жамоатчилик экспертизаси;
жамоатчилик фикрини ўрганиш;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ижро этувчи ҳокимият органларининг, бошқа ташкилотлар ва муассасаларнинг ҳисоботларини эшитиш.

Айнан ушбу шакллар орқали давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигини ўрнатиш, бу орқали таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш мумкин. Масалан, жамоатчилик назорати субъектлари давлат органларига аризалар, шикоятлар ва таклифлар билан мурожаат қилишга, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларга сўровлар юборишга ҳақли. Фуқаролик жамияти институтлари муайян ҳудудда аҳолини ташвишга солаётган масала юзасидан мурожаат ёки сўров юбориш орқали мазкур муаммони ҳал этишга кўмак бериши мумкин.

– Ушбу қонуннинг 16-моддасида акс этган давлат органларининг жамоатчилик назорати соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари қаторида “жамоатчилик назоратини ўтказиш юзасидан ташаббус кўрсатишга ҳақли” экани белгиланди. Бу нима дегани? Ушбу норма амалиётда нима беради?

– Дарҳақиқат, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунда яна бир муҳим қоида мустаҳкамландики, уни тўғри ва самарали қўлланиши келгусида давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Айнан сиз айтган жиҳатларни назарда тутмоқдаман. Агар, мазкур норма амалда тўғри ва мақсадли қўлланса, муайян давлат органи раҳбари ўз фаолиятини яхшилаш, унга четдан баҳо бериш мақсадида фуқаролик жамияти институтларига жамоатчилик назоратини амалга ошириш юзасидан ташаббус билан чиқади. Натижада ўз ишидаги айрим камчиликлар, қонуний фаолияти давомида эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар ҳамда фойдаланилмаган имкониятлари ҳақида қўшимча маълумотлар олиб, ўз фаолиятини яхшилашга эришади.

Бу ҳуқуқий норма ўз аҳамиятига кўра, муайян давлат органлари фаолиятини қонуний асосда ташкил этишга, ўз ваколатларидан самарали фойдаланиш ва мажбуриятларни тўлиқ бажариш йўлида янги имкониятдир. Шу билан бирга, моҳиятан давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтиришга хизмат қилади.

– Яна бир муҳим масала норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки ижтимоий аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан жамоатчилик муҳокамаларини ўтказишдир. “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун қабул қилингунга қадар ҳам мазкур амалиётнинг ҳуқуқий механизмлари айрим қонунларимизда ўз аксини топган эди.

– Тўғри, масалан бундай тартиб «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасида мавжуд эди. Унга кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш учун лойиҳани ишлаб чиқаётган ташкилот томонидан ишчи гуруҳ (комиссия) тузилиши мумкинлиги унинг таркибига нодавлат ташкилотлар вакиллари ва фуқароларнинг ўз розилиги билан кириши мумкинлиги белгиланган. Мазкур қоидаларнинг амалий ижроси сифатида, сўнги вақтларда парламент фаолиятида, унинг қўмиталари ва комиссиялари ишига нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларини кенг жалб этиш кузатилмоқда. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлари таркибига давлат органлари, илмий муассасалар вакиллари билан бир қаторда, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ҳам киритилмоқда.

Мазкур жараённинг ҳуқуқий механизмларини “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасида янада тўлиқ шаклда қуйидагича баён этилди: “Ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, давлат органларининг бошқа қарорларини оммавий муҳокама қилиш жамоатчилик муҳокамасидир.

Жамоатчилик муҳокамасини нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари ўтказиши мумкин. Жамоатчилик муҳокамаси турли ижтимоий гуруҳларнинг вакиллари, шу жумладан, муҳокама этилаётган масала ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ёки дахлдор бўлиши мумкин бўлган шахсларнинг иштирокида ўтказилиши мумкин”.

Бу нормалар давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга. Масалан, 2017 йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилиб, у билан бирга қуйидаги иккита ҳужжат – 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди. Лойиҳаларни тайёрлаш давомидаги муҳокамаларда фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан юксак фаоллик кўрсатиб, олиб борилаётган ислоҳотларга алоҳида қизиқиш ва дахлдорликни намоён қилдилар. Хусусан, лойиҳаларнинг «Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими» порталида йўлга қўйилган жамоатчилик муҳокамаси натижалари бўйича 1 310 та таклиф ва мулоҳазалар келиб тушиб, улар асосида Давлат дастурининг 41 та банди қайта кўриб чиқилди.

Юқоридаги жамоатчилик муҳокамаларига қўйилган давлат дастурида фақат давлат ёки, давлат органларининг манфаатлари эмас, балки оддий халқнинг, аҳолининг турли қатламларининг хоҳиш-иродаларини ҳам акс этишига эришилмоқда. Ёки, ушбу муҳокамалар сабаб, бир қатор давлат органлари билан турли нодавлат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик ўрнатилди. Бу давлат аҳамиятига молик энг муҳим қарорларни қабул қилишда фуқаролик жамияти институтларини давлат органлари билан ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини амалга татбиқ этилишининг ёрқин намунасидир.

– Юқоридаги ижобий тенденциялар билан бирга, жамоатчилик назорати амалга оширилиши зарур бўлган яна қандай масалалар бор?

– Дарҳақиқат, жамият ҳаётидаги энг долзарб, аҳолини, уларнинг муайян қатламини ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этиш учун жамоатчилик назоратини амалга ошириш муҳим. Масалан, коррупцияга қарши кураш, аҳоли бандлигини таъминлаш, маҳаллий давлат ҳокимияти раҳбарларининг қонун ҳужжатларига зид равишда айрим соҳа (таълим, тиббиёт ва ҳ.к.) вакилларини мажбурий ишларга жалб этиш каби аҳолини ташвишга солаётган, мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига, аҳолининг кайфиятига салбий таъсир кўрсатаётган соҳалар устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш зарур.

Айниқса, коррупцияга қарши курашда давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлиги кучайтирилиши лозим. 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни кучга кирди. Коррупциоген кўринишларнинг ўсишига йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида” қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги Қарори билан “2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури” қабул қилинди.

Шунингдек, “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясига (Нью-Йорк, 2003 йил 31 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида” Қонун қабул қилинди, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимида коррупцияга қарши кураш бўйича бошқармалар тузилди.

Амалиётда фуқаролик жамияти институтларининг давлат, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, билан коррупцияга қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлик турли кўринишларда амалга оширилмоқда.

Лекин, бугунги кунда мазкур соҳадаги икки сектор ҳамкорлиги талаб даражасида эмас. Фикримизча, аввало давлат томонидан коррупцияга қарши кураш фақатгина норматив ҳужжатларни қабул қилиш ёки тарғибот ишлари билан эмас, балки замонавий ва таъсирчан чораларни кенг қўллаш билан амалга оширилиши лозим. Шунингдек, тегишли давлат органлари томонидан нодавлат секторининг мазкур соҳадаги ҳамкорлигига кенгроқ йўл очиш, коррупциоген вазиятларни аниқлаган, улар ҳақида огоҳлантирган фуқаролик жамияти институтларини рағбатлантиришнинг ҳуқуқий механизмлари ишлаб чиқилиб, амалга татбиқ этилиши зарур.

– Қонуннинг 4-моддасида жамоатчилик назоратининг объектлари сифатида “Давлат органларининг, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмаларнинг ва улар мансабдор шахсларининг” фаолияти назарда тутилган. Лекин аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қиладиган хўжалик бошқаруви органларининг фаолияти объект доирасига киритилмаган. Ваҳоланки, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Ўзтрансгаз”, “Ўзбекэнерго” ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти каби хўжалик бошқаруви органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг фаолияти устидан ҳам жамоатчилик назоратини амалга ошириши бугунги куннинг энг муҳим масалаларидан. Аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қиладиган хўжалик бошқаруви органларининг фаолияти қонунда нега объект доирасига киритилмади?

– Айнан ушбу жиҳатлар Қонунчилик палатасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Эҳтимол хўжалик бошқаруви органларининг фаолияти объект доирасига киритилмагани назарий-ҳуқуқий жиҳатдан тўғри бўлиши мумкин. Бироқ, саволингиз ўринли. Кўплаб фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қиладиган хўжалик бошқаруви органларининг фаолияти объект доирасига киритилиши керак эди. Мамлакатимиздаги бугунги реал вазиятдан келиб чиқсак, хўжалик бошқаруви органларининг фаолияти ҳам объект доирасига кириши мақсадга мувофиқ. Жамоатчилик назоратининг субъекти бўлган оддий фуқаро ўзи ҳаёти давомида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Ўзтрансгаз”, “Ўзбекэнерго” ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти каби хўжалик бошқаруви органлари фаолияти билан кўп тўқнашади. Шу нуқтаи назардан, хўжалик бошқаруви органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг фаолияти устидан ҳам жамоатчилик назоратини амалга ошириши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Чунки фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг ижро этилишини таъминлаш бўйича; ўз зиммасига юклатилган социал ва ижтимоий манфаатларга дахлдор бўлган вазифалар ва функцияларни самарали бажариш бўйича; самарали ва сифатли хизматларни кўрсатиш бўйича; ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни бажариш бўйича уларнинг фаолияти ҳам жамоатчилик назорати объекти бўла олади. Келгусида амалиётдаги эҳтиёждан келиб чиқиб, бу масалани ҳам қонунчиликка киритиш лозим.

Шу ўринда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасини ёдга олайлик. Давлатимиз раҳбари “Бугун ҳаётнинг ўзи парламент назорати объектлари доирасини кенгайтиришни ҳам талаб этмоқда. Амалдаги қонунга кўра, парламент фақат давлат органлари фаолияти устидан назорат олиб бориши мумкин. Бироқ хўжалик бошқаруви органлари, хусусан, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзбекэнерго” ва бошқа компания ва бирлашмалар бундан четда қолмоқда. Шу мақсадда “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лозим, деб ҳисоблайман” дея фикр билдирган эдилар.

Бундан сўнг, 2018 йил қабул қилинган қонунга асосан, парламент назорати объектлари доираси кенгайтирилиб, жамоатчилик назорати объектлари доирасига хўжалик бошқаруви органлари ҳам киритилди.

Ушбу тажрибадан келиб чиқиб, келгусида Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунининг 4-моддасидаги, жамоатчилик назорати объекти доирасига хўжалик бошқаруви органлари ва улар мансабдор шахсларининг фаолияти ҳам киритилса, халқимиз учун фойдали бўлар эди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур қонун ҳуқуқий амалиётимизда янги ҳужжат, назорат-синов десак ҳам тўғри бўлади. Агар қонун нормалари ҳаётга изчил татбиқ этилиб, кейинчалик камчиликлари намоён бўлса, келажакда янада такомиллаштирилади, албатта.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари томонидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун ҳуқуқий асослар яратилган. Таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш орқали давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигига шароит яратилади. Ушбу Қонун жамиятга жуда зарур ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Агар хўжалик бошқаруви органларининг фаолияти ҳам объект доирасига киритилганида, балки ушбу Қонунни мукаммал ҳуқуқий ҳужжат дейишимизга тўла асос бўлар эди. “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун юртдошларимизнинг мамлакатда кечаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини оширади.


Жамоатчилик назорати демократия ва халқ ҳокимиятчилигининг муҳим институти ҳисобланиб, у давлат органлари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш орқали фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари муҳофазасини таъминлашга хизмат қилади.

У фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари муҳофаза этилишини ҳамда қонун ҳужжатлари талабларига давлат органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари томонидан оғишмай риоя қилинишини, улар олдида турган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Шу боис кучли фуқаролик жамияти шакллантирилаётган юртимизда жамоатчилик назоратини такомиллаштириш, уни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич ўтказилмоқда.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Конституциямизга 2014 йилда киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатлари ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг конституциявий асоси шакллантирилди. Унга мувофиқ, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштироки давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш йўли билан ҳам рўёбга чиқарилади. Эътиборли жиҳати, жамоатчилик назорати институтига конституциявий-ҳуқуқий мақомнинг берилиши юртимизда мазкур назорат институтини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.


Амалдаги қатор қонун ва қонуности ҳужжатларида жамоат назорати ҳақида қатор нормалар мавжуд бўлса-да, ушбу институтнинг моҳияти, турлари, уни амалга оширишнинг усул ҳамда шакллари, умуман олганда, назорат қилиш механизмларини назарда тутувчи махсус қоидалар, ягона ҳужжат мавжуд эмас эди. Бу эса қонунлардаги мазкур қоидалар, ҳатто, конституциявий норманинг ҳам тўлиқ ишламаслигига сабаб бўлаётганди.

Бундан ташқари, жамоатчилик назорати борасида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бирхиллаштириш ва ягона тизимлаштирилган таянч қонунни қабул қилишга, жамоатчилик назорати масалаларини тартибга солувчи қонун ҳужжатларидаги “ҳуқуқий бўшлиқлар”ни бартараф этишга эҳтиёж мавжуд эди.

Шунинг учун ҳам Ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид Давлат дастури асосида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун парламентимиз қуйи палатаси депутатлари томонидан ишлаб чиқилиб, кенг муҳокамалардан сўнг қабул қилинди, Сенат томонидан маъқулланди ҳамда Президентимиз имзолаганидан сўнг кеча матбуотда эълон қилинди.

Қонун Конституцияда назарда тутилган нормани амалиётда қўллашга, мамлакатимизда давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг қонунчилик асослари ва механизмини тўлиқ белгилашга қаратилгани билан ниҳоятда эътиборлидир.

Давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг ўрнатилиши муҳимлиги нимада?
Авваламбор, жамоатчилик назорати фақатгина жамият учун эмас, балки давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятини самарали ташкил этишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зеро, жамоатчилик назорати қонунларнинг самарали ишлашини таъминлашга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш билан бирга, уни муҳофаза этишга даъват қилади, давлат тузилмаларининг такомиллашувини таъминлайди. Бу эса пировардида жамоатчилик назорати орқали бугунги кунда ўта долзарб ҳисобланиб келинаётган давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлиги ҳамда масъулиятини оширишга замин яратади.

Айни пайтда жамоатчилик назорати орқали фуқаролар фикр-мулоҳазаларининг ижтимоий ҳаётдаги таъсирчанлиги ортади, давлат келажагига бефарқ бўлмаган ва ижтимоий фаол аҳоли қатлами шаклланиб боради. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатда ислоҳотларнинг янада самарали олиб борилишини таъминлайди. Давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари жамоатчиликнинг ишончи ва кўмагида ўз фаолиятини янада самарали ташкил этиш имконига ҳам эга бўлади.

“Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунда жамоатчилик назорати субъект ҳамда объектлари, асосий принциплари ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш шакллари белгиланиб, назорат шакллари билан боғлиқ тартиб кенг ёритилган. Шунингдек, жамоатчилик назорати субъектлари ҳамда объектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, унинг натижаларини расмийлаштириш тартиби очиб берилди.

Қонунга мувофиқ, жамоатчилик назоратини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари олиб бориш ҳуқуқига эга.

Давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, қарорларда, шунингдек, давлат, тармоқ ҳамда минтақавий ривожлантириш дастурларида жамоатчилик манфаатларини, жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш, фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг ижро этилишини таъминлашга оид фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиши мумкинлиги кўзда тутилган.

Қонунга мувофиқ, жамоатчилик назорати субъектлари давлат органлари фаолияти устидан қатор шаклларда, яъни давлат органларига мурожаатлар ҳамда сўровлар йўллаш, давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида қатнашиш, жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик экспертизаси, жамоатчилик фикрини ўрганиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ижро этувчи ҳокимият органларининг, бошқа ташкилотлар ва муассасаларнинг ҳисоботларини эшитиш каби усулларда назорат олиб боради.

Қонунни ишлаб чиқиш жараёнида миллий қонунчилик, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда экспертларнинг фикрлари ва хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилди, жамоатчилик назорати соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлил қилинди. Жумладан, АҚШ, Бельгия, Германия, Буюк Британия, Франция, Россия ва Қозоғистон каби мамлакатларнинг жамоатчилик назорати соҳасидаги қонун ҳужжатлари тўлиқ ўрганилган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мазкур Қонун давлат органлари ҳамда мансабдор шахслари фаолияти самарадорлигини янада оширишга, энг муҳими, бевосита фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза этиш механизмининг янада такомиллашувига хизмат қилади. Бу эса “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг амалда қарор топишини таъминлайди.


Очиқ фуқаролик жамиятини барпо этиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган ислоҳотларда нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) муҳим роль ўйнайди. Айни вақтда мамлакатимизда 9 мингдан зиёд ННТлар, 29 халқаро ва хорижий нодавлат ташкилотлар филиаллари ва ваколатхоналари фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, ҳали ҳамон жамоат ташкилотларининг аҳоли муаммоларини тизимли равишда ўрганиш, уларни ҳал этиш, айниқса ёшлар ва аёллар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишдаги иштироки талаб даражасида эмас.

Коррупция каби салбий ҳолатга қарши курашни такомиллаштириш масалалари алоҳида эътиборни талаб этмоқда. 2017 йил декабрида мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлисга Мурожаатномасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев коррупцияга қарши таъсирчан механизмларни жорий этиш муҳимлигини алоҳида қайд этди. Таъкидлаш жоизки, O‘zLiDePнинг дастурий ҳужжатларида, шу жумладан, Сайловолди платформасида коррупцияга қарши курашиш масалаларига алоҳида аҳамият бериш ҳамда мансабдор шахслар томонидан иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қонунда кўзда тутилган ҳуқуқни қўллаш амалиётида қонунийликни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги бевосита қайд этилган, бу эса уларнинг фаолиятида коррупция, бюрократизм ва расмиятчилик ҳолатларига қарши курашишнинг таъсирчан воситаси бўлиб хизмат қилади.

Ушбу масалалар ва O‘zLiDePнинг сайловолди ваъдаларини ҳаётга тадбиқ этиш йўллари ҳақида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳарақати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Республика коррупцияга қарши курашиш идоралараро комиссияси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш” мавзусидаги давра суҳбатида сўз юритилди.

Мазкур тадбирда ташкилотчилар билан бир қаторда турли вазирлик ва идоралар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, ЎзРННТМА, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, ФЖШМҚМИ, «Нуроний» ва «Маҳалла» жамғармалари, Савдо-саноат палатаси, Банклар ассоциацияси, Адвокатлар палатаси, «Ижтимоий фикр» ИФЎМ, ЭОАВМА, Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва АА қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Жамоат фонди вакиллари ва журналистлар иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда ҳали ҳам давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг аниқ ҳуқуқий механизми яратилмаган, бу эса нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг уларга юклатилган вазифаларни ижро этишларини объектив баҳолашга тўсиқ бўлмоқда. Бунда 2017-2018 йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурида давлат органлари фаолияти устидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасидаги муносабатларни тартибга солувчи “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Қайд этилишича, O‘zLiDeP депутатлик корпуси мазкур омилни ушбу йўналишдаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш доирасида ҳисобга олиши лозим.

Шунингдек, мажлис иштирокчилари таъкидлаганидек, давлат ва жамоат бошқарувида жамоат назоратини амалга оширишнинг таъсирчан ва амалий механизмларини жорий этиш учун ташкил этилиши давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича Маслаҳат кенгашининг самарали фаолияти зарур.

Давлат органларининг ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан коррупцияга қарши курашиш ва унга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш соҳасида ижтимоий шерикликни фаоллаштириш масалаларини ҳал этиш ҳам зарур. Хусусан, давра суҳбати доирасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўртасида коррупцияга қарши курашиш, мазкур соҳада ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмларни мустаҳкамлаш соҳасида ижтимоий шерикликнинг мазмун-моҳияти ва ўзига хос жиҳатлари очиб берилди.

Давра суҳбатининг иккинчи қисмида кичик гуруҳлардаги шўъба муҳокамаларида коррупцияни, давлат органлари, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича қўшма режаларини амалга оширишга ҳалақит қилаётган омилларни олдини олиш ва уни бартараф этиш соҳасида ижтимоий шериклик самарадорлигини оширишда тўсиқ бўлаётган асосий муаммолар ҳар томонлама кўриб чиқилди. Баҳс-мунозаралар давомида давлат органлари, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида битимлар ва шартномалар тузиш, коррупцияга қарши курашиш соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмлари ҳамда давлат органларининг коррупцияга қарши курашиш ва олдини олиш бўйича жамоат кенгашларини уларнинг таркибига жамоат ташкилотлари ва ОАВ вакилларини киритган ҳолда ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.



Умуман олганда, давра суҳбати коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида фикр алмашиш учун навбатдаги мунозара майдончасига айланди. Тадбир якунлари бўйича O‘zLiDeP ва Республика коррупцияга қарши курашиш идоралараро комиссиясининг ижтимоий шериклик доирасида “Йўл харитаси” лойиҳаси тайёрланди, уларни “Жамоатчилик назорати тўғрисида” қонун лойиҳаси устида иш олиб бориш ва давлат органларининг коррупцияга қарши курашиш ва олдини олиш бўйича жамоат кенгашларини тузиш жараёнида эътиборга олиш учун таклифлар ишлаб чиқилди. Бу каби амалий ишлар O‘zLiDePнинг давлат тузилмалари билан ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш каби стратегик муҳим вазифани ҳал этишга салмоқли ҳисса бўлади.
Download 40.31 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling