#Рўза китоби (1)


Download 158.3 Kb.
Sana26.06.2022
Hajmi158.3 Kb.
#777997
Bog'liq
Рўза
2 - sinf O'qish test, 2 - sinf O'qish test, 7-sinf matematika test 25, New Doc 2021-01-18 11.28.14, 2-laboratoriya ishi topshiriq. Mavzu Plazmoliz va deplazmoliz h (1), Bir kabutar, shoxida opa, Anan, CCF 012477, sinf rahbari daftari, sinf rahbari daftari, Tarjimashunoslik (4), ozbetibshe tapsirma(12), 8-mart, tasviriy sanat darslarida sharq miniatyurasiga oid mavzularining oqitilishi-1

#Рўза_китоби (1)
Рўзанинг таърифи, унинг турлари, шартлари, ҳукми, Кимларга вожиб бўлиши, дуруст бўлиш шартлари, рўзани бузувчи амаллар, каффорат, рўзани бузмайдиган амаллар ва унинг макруҳлари ҳамда суннатлари ҳақида.

1) Рўзанинг таърифи нима?


«Рўза» деб луғатда бир нарсадан ўзини тийишга айтилади.
Шариатда эса тонг отгандан то қуёш ботгунга қадар Аллоҳ таолога ибодат қилишни ният қилган ҳолда емоқ, ичмоқ ва жимоъ қилмоқ(жинсий алоқа)дан тийилмоқдир.

2) Рўза неча турга бўлинади?


Уч турга бўлинади:
а) фарз рўза;
б) вожиб рўза;
в) нафл рўза.

3) Фарз рўза қандай рўза?


Фарз рўза Аллоҳ таоло томонидан қатъий буюрилган бўлиб, у икки турга бўлинади:
а) Муайян (маълум вақтга тайинланган) фарз рўзаси. Бунга Рамазон рўзаси мисол бўлади. Чунки бу рўза Рамазон ойига тайин қилинган.
б) Муайян бўлмаган фарз рўзаси.
Масалан, каффорат ва Рамазоннинг қазо рўзаси.

4) Вожиб рўза неча турга бўлинади?


Икки турга бўлинади.
а) Муайян (маълум вақтга тайинланган) вожиб рўзаси.
Масалан, муайян назр рўзаси. Бир киши шу ҳафтанинг пайшанба куни рўза тутишни назр қилдим деса, муайян назр рўзани ният қилган бўлади. Чунки у назр рўзани пайшанба кунга тайин қилди.
б) Муайян бўлмаган вожиб рўза.
Масалан, муайян бўлмаган назр рўзаси.
Бир киши бир кун рўза тутишни назр қилдим деса, муайян бўлмаган назр рўзани ният қилган бўлади ва қайси кунда бўлса ҳам тутса бўлади.

5) Нафл рўза неча турга бўлинади?


Нафл рўзаларнинг барчаси бир турлидир.

6) Бизга қайси рўза фарз?


Бизга Рамазон ойидаги рўза фарз.

7) Фарзлигининг далили нима?


Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз». (Бақара сураси, 183-оят).

«Рамазон ойи унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган. Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин».


«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом беш нарса устига бино қилинган: «Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтириш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», дедилар». Имом Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоий ривоят қилган.


8) Рўза тутиш вақти қачон?


Субҳи содиқ(тонг отган)дан то қуёш ботгунча.

9) Бир киши ҳали тонг отмади деган гумон билан саҳарлик қилса-ю, тонг отган бўлса ёки қуёш ботган деган гумон билан ифторлик қилса-ю, қуёш ботмаган бўлса, нима қилади?


Ўша кунги рўзасининг қазосини тутади, каффорат бермайди. Чунки у қасддан емади.

10) Бир киши тонг отган-отмаганлиги ҳақида шакка тушса, нима қилади?


Емаслиги афзалроқдир. Бордию еса, бироқ тонг отганидан кейин еганига аниқ ишонч ҳосил қилмаса, рўзаси тугал бўлади. Кейин қазосини тутиб қўяди.

11) Рўзаниг шартлари нималар?


Рўзанинг шартлари уч турли бўлади:
1. Рўзанинг вожиб бўлиш шартлари.
Улар:
а) Мусулмон бўлиш.
б) Ақлли бўлиш.
в) Балоғатга етган бўлиш.
2. Рўзани адо этишни вожиб қиладиган шартлар.
а) соғлом бўлиш.
б) муқим бўлиш, яъни сафарда бўлмаслик.
Агар соғлом ёки муқим бўлмаган киши ҳам Рамазон рўзасини тутса, рўзаси ўтади. Лекин унга рўза тутиши фарз эмас. Соғайганидан кейин ёки сафардан келгач, Рамазондан бошқа кунларда тутиб берса ҳам бўлади.
3. Рўзанинг адо бўлиш шартлари.
а) ният;
б) ҳайз ва нифосдан пок бўлиш;
в) рўзани бузадиган амаллар содир бўлмаслиги.
Агар киши рўзани ният қилмаса ёки аёл киши ҳайз ва нифосдан пок бўлмай рўза тутса, рўзаси адо бўлмайди, яъни ўтмайди.

12) Рўзанинг нияти нима?


Қалби билан рўза тутишни қасд қилмоқ ёки саҳарлик учун уйғонишни азму қарор қилишдир. Тил билан талаффуз қилиш шарт эмас. Балки у суннатдир.

#Рўза_китоби (2)


13) Рўза учун ниятни қачон қилиш керак?
Рўза ниятининг вақти ҳар бир кун учун кечанинг аввали, яъни қуёш ботгандан кейин то эрталаб катта бошгоҳгачадир. Аниқроқ айтадиган бўлсак, шу куннинг кундузининг ярмидан бир дақиқа бўлса ҳам олдингача бўлган вақтдир. Фақатгина тонг отгандан кейин рўзадорликка оид иш қилмаган бўлиши, яъни бирор нарса емаган ёки ичмаган ёки жимоъ (жинсий алоқа) қилмаган бўлиши шарт. Агар киши тонг отгандан кейин бир бурда нон ёки таом еган бўлса ёки бир ҳўплам сув ичган бўлса ёки жимоъ қилган бўлса, ният қилиши билан рўзадор ҳисобланиб қолмайди. У ишларни қасддан қиладими ёки унутиб қиладими – фарқи йўқ.

14) Бир киши бирор сабаб билан рўзани ният қилмаган бўлиб, тонг отгандан кейин ёки қуёш чиққандан кейин ният қилса, субҳ(тонг)дан шомгача деб ният қиладими ёки ният қилиш вақтимдан шомгача деб ният қиладими?


Субҳдан шомгача рўза тутишни ният қилдим деб ният қилади. Агар ният қилиш вақтимдан шомгача рўза тутишни ният қилдим деб ният қилса, нияти ҳам рўзаси ҳам ўтмайди. Чунки рўза тутиш вақти субҳдан шомгачадир. Ният ҳам шунга мувофиқ бўлиши шарт.

15) Рамазон ойининг бошида Рамазон ойининг рўзасини ният қилдим деб бир марта ният қилса бўладими ёки ҳар кун учун алоҳида ният қилиш шартми?


Рамазон ойининг бошидаги битта ният кифоя қилмайди. Рамазоннинг ҳар куни учун алоҳида-алоҳида ният қилиш шарт.

16) Бир киши рўза тутмайман деб саҳарлик қилса, ният қилган ҳисобланадими?


Йўқ, ният қилган ҳисобланмайди.

17) Бир киши тунда эртанги рўзани ният қилса, кейин эса тонг отишидан олдин ниятидан қайтса, нима бўлади?


Барча турдаги рўзада у ниятидан қайтган ҳисобланади. Тундаги нияти бекор бўлади.

18) Бир киши: «Иншааллоҳ, эртага рўза тутишни ният қилдим», деса, Нияти дуруст бўладими?


Ҳа, нияти дуруст бўлади.

19) Агар бир киши эртага зиёфатга чақирилсам, рўза тутмасликни, агар чақирилмасам, рўзадорликни ният қилдим, деб ният қилса рўзадор бўладими?


Йўқ, бу нияти билан рўзадор бўлмайди. Чунки у иккиланди, ният қатъий қасддир, иккиланиш эмас.
Рамазон рўзаси, муайян назр рўзаси ва нафл рўзаси тундан кундузининг ярмидан олдингача ўша куннинг рўзасини ёки мутлақ рўза ёки нафл рўзасининг нияти билан жоиз бўлади.

20) Рўзанинг баъзи баъзи фойда ва фазилатлари?


1. Рўза тутиш зиммадаги фарзни соқит қилади. Аллоҳдан бўладиган савобга сабаб бўлади. Рўзадорни ажрини миқдорини фақатгина Аллоҳнинг Ўзи билади.
2. Рўза кишининг мақомини юқори кўтарилишига, тақво ва парҳезга сабаб бўлади. Рўзадор рўза тутиш орқали сабр, сабот ва матонатни ўрганади. Рўза нафсни жиловлаш ва ўзини бошқариш ва мустаҳкамлаш малакасини оширади.
3. Рўза неъматни ҳис қилиб, Аллоҳга шукр қилишга ундайди.
4. Рўза нафсни тарбиялайди ва қалбда меҳрибончилик истакларини ҳаракатлантиради, ҳамдардликка чорлайди.
5. Рамазон ойида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон нозил қилинган. Рамазоннинг аввалги кечасида Иброҳим алайҳиссаломнинг саҳифалари нозил қилинган. Рамазондан олти кун ўтгандан кейин Таврот нозил қилинган. Рамазондан ўн уч кун ўтгандан кейин Инжил нозил қилинган. Рамазондан йигирма тўрт кун ўтгандан кейин Қуръон нозил қилинган.
6. Рамазон ойида муборак кеча бор. У минг ойдан яхши бўлган Қадр кечасидир.

21) Рамазон ойининг рўзаси кимларга фарз бўлади?


Ақли расо, балоғатга етган барча мусулмоннинг зиммасига рўза фарз бўлади.

22) Агар киши жинни бўлса, гоҳида ҳушидан кетиб, гоҳида ўзига келса, қандай қилиб рўза тутади?


Қарайди, агар Рамазон ойининг барча қисмида ёки бир қисмида ҳушида бўлса, шу қисмида рўза тутади. Тута олмай ўтиб кетган қисмини кейин қазосини тутади. Агар Рамазон ойининг бирор қисмида ҳушига келмаса, унинг зиммасида рўза тутиш ҳам, қазо ҳам йўқ. Чунки у Рамазон ойида тўлиқ ёки унинг бир қисмида ақли жойида бўлмади.

23) Етти ёшдаги ақли кириб қолган ёш болаларнинг балоғатга етгунча бўлган даврдаги рўзасининг ҳукми нима бўлади?


Агар улар рўза тутсалар, тутган рўзалари тоат ҳисобланиб, уларга савоб ва рўзани икром қилганлик ёзилади. Уларнинг зиммасига рўза фарз эмас, чунки улар мукаллаф эмас. Лекин валийси (ота-онаси) уни босқичма-босқич рўза тутишга одатлантириб боради.

#Рўза_китоби (3)


24) Рўзани бузувчи амаллар қайсилар?
Рўзани бузувчи амаллар икки турга бўлинади:
Биринчиси: Қазо ва каффоратни вожиб қилувчи амаллар.
Иккинчиси: фақат қазонинг ўзини вожиб қилувчи амаллар.

25) Каффорат нима?


Каффорат шариатда қайтарилган баъзи ишларни қилганда қўлланадиган жазо чораси.

26) Рўзанинг каффорати ва унинг ҳукми нима?


Рамазон рўзасини қасддан очиш билан, Рамазон ойининг ҳурматини бузганлиги учун каффорат вожиб бўлади. Аммо бир киши Рамазондан бошқа ойда рўзани қасддан очса, гарчи у очса, гарчи у Рамазоннинг қазоси бўлса ҳам унинг зиммасига фақатгина қазо вожиб бўлади. Каффорат вожиб бўлмайди. Қасддан рўзасини очган кишига куннинг қолган қисмида рўзани очишни мубоҳ (рухсат) қиладиган касаллик пайдо бўлса ёки аёл киши ҳайз ёки нифос кўриб қолса, қасддан очган рўзасининг каффорати соқит бўлади. Қасддан рўзасини очган киши куннинг қолган қисмида сафар қилса, қасддан очган рўзасини каффорати соқит бўлмайди.

27) Рамазон рўзасининг каффорати нима?


Каффорат: аввало, айблардан саломат бўлган қул озод қилиш. Уни топа олмаса, кетма-кет икки ой рўза тутиш. Унинг орасида икки ийд ва ташриқ кунлари бўлмаслик керак. Агар заифлиги ёки кексалиги ёки ожизлиги сабабли рўза тутишга қодир бўлмаса, олтмишта мискинни таомлантиради. Яъни уларга икки маҳал қорин тўядиган таом беради ёки ҳар бир фақирга ярим соъ буғдой ёки унинг қийматини беради. Ярим соъ икки килограмга тўғри келади.

Агар каффоратни битта камбағалга берса, дуруст бўлади, лекин бир камбағалга ҳар куни бир кунлик таом миқдорида бериш шарт. Агар каффоратнинг барча қисмини бир фақирга бир дафъада берса, жоиз эмас.


28) Бир неча йиллик каффоратлари бўлган кишининг ҳукми нима?


Унга охирги (битта) каффорат кифоя қилади. Чунки у охирги каффорат охирги ва олдинги гуноҳларга каффорат бўлади. Аллоҳга истиғфор айтади.

29) Қазо ва каффоратни вожиб қилгувчи амаллар қуйидагилар:


Жинсий яқинлик қилиш. Бунда маний нозил бўлиш ёки бўлмаслигининг эътибори йўқ.
Қасддан озуқа ёки даво бўладиган нарсани еб-ичиш. Ейиладиган нарсани ютиш. Агар у озуқа бўладиган нарса ёки озуқа маъносидаги нарса бўлса ёки у билан қорин қонадиган (тутун ва дорига ўхшаш) нарсалар бўлса.

30) Каффоратни эмас, балки фақат қазони вожиб қиладиган амаллар қайсилар?


Инсон табиати тортмайдиган ва одатда инсон учун озуқа ҳисобланмайдиган нарсаларни ютмоқ. Агарчи хатодан бўлса ҳам. Мисол учун, гуруч, хом хамир, темир парчаси ва тошчани ютмоқ.

Музтар(ночор)ликдан ёки бировнинг мажбурлови билан ёки хато туфайли емоқ ва ичмоқ.


Музтар: дорига муҳтож бўлган бемордир. Мажбурлов: ўзидан кучли киши ейишга мажбурлаши ёки бир киши сув сепиб ичига сув кириши.


Хато қилувчи: рўзадорлиги ёдида бўла туриб, бир нарсани қасд қилмасдан ютган киши. Мисол учун, оғиз чайишда ичига сув ўтиб кетиши. Аёл киши таом татиб кўраётиб, ичига ўтиб кетиши.


Уйқудаги аёлни ватий қилиш. Аёл фаржининг ичига ёғ томизиши. Рўзадор сув билан ҳўлланган ёки ёғланган бармоғини орқа йўлга тиқиши. Истинжо қилганда орқа йўлнинг ичига сув кириши. Рўзадор аёл сув билан ҳўлланган ёки ёғланган бармоғини ички фаржига тиқиши. Шунингдек, рўзадор аёл олдига ёки орқасига тиббий шамча киргизса, рўзаси очилади ва қазо вожиб бўлади.


Рўзадор қўёш ботди деган гумон билан ёки ҳали саҳар вақтидан бор деган гумон билан еб-ичса, лекин қўёш ботмаганлиги ёки тонг отганлиги маълум бўлса. Рўзадор бир ишни қилиб, у иш рўзани бузувчи амал деб ўйлаб, кейин еб-ичса. Ваҳоланки, у иш рўзани бузувчи бўлмаса.


Куннинг ўртасида рўзадор аёлга ҳайз ёки нифос келса.


Ким рўзасини қасддан ёки хатодан бузса, Рамазон ойининг ҳурматини сақлаш учун куннинг қолган қисмида рўзани давом эттириб, кейин қазо тутмоқ лозим бўлади.


#Рўза_китоби (4)


31) Рўзани бузмайдиган амаллар нималар?
1. Рўзадорлигини унутган ҳолда емоқ, ичмоқ ва жимоъ қилмоқ. Рамазон рўзаси бўладими, бошқа рўза бўладими фарқи–йўқ.
2. Назар солиш ёки фикр қилиш сабабли маний чиқиши.
3. Кўзга дори томизиш ёки сурма қўйиш.
4. Қон олдириш.
5. Мисвок қилиш, гарчи мисвок сув билан ҳўлланган бўлса ҳам (суви ҳалқумдан ўтиб кетмаслик шарти билан).
6. Оғиз ва бурунни чаймоқ (муболаға қилмаслик шарти билан).
7. Ғусл қилмоқ.
8. Ғийбат қилмоқ, ёлғон сўзламоқ, чақимчилик қилмоқ, таомланишни ният қилмоқ.
9. Тутун, чанг ва чивин кабилар рўзадорнинг ихтиёрисиз оғзига кириши рўзани очмайди. Агар рўзадорнинг ўзи хушбўй тутатқични ёки тутунни ўз ихтиёри билан, рўзадорлигини ёдда тутган ҳолда оғиз ёки бурун орқали ичига тортса, рўзаси очилади.
10. Қон ёки дорини ютмаган ҳолда тишини суғурса. Агар қон ёки дорини ютса, рўзаси очилади.
11. Сийдик йўлига сув ёки ёғ томизиш. Анҳорга шўнғишлик сабабли қулоққа сув кирмоғи. Қулоққа чўп тиқмоқ. Қулоқ кирини чиқариш. Лекин бу ишларни барчасини тарк қилиш афзалдир.
12. Балғамни ютиш, буруннинг сувини ичига тортиб, димоғдан тушганлиги учун уни ютиш. Лекин балғам ва бурун суви чиқинди бўлгани учун, у иккисини ташлаш афзалдир.
13. Ўз кучи билан, қистаб келган қусуқ. Ўз кучи билан қайтган қусуқ, оғиз тўла бўлса ҳам. Саҳиҳ қавлга кўра: оғиз тўладиган миқдордан оз қусуқни ўзини мажбурлаб қусиш рўзани очмайди. Агар қусган қусуғини қайтарса, гарчи нўхат миқдорича бўлса ҳам рўзани бузади. Аслида қусуқ масаласида оғиз тўлиши эътиборга олинган. Оғизни тўлдирса, рўзани очади. Каффорат йўқдир. Агар қусуқ ўз кучи билан қайтса, оз бўлса ҳам кўп бўлса ҳам рўзани бўзмайди.
14. Тиш орасидаги нўхатдан кичикроқ нарсани емоқ. Чунки усўлак ҳукмида бўлади.
15. Жунуб бўлиш.
16. Эҳтилом бўлиш. Агарчи кундуз куни уйқунинг орасида бўлса ҳам рўзани бузмайди.
17. Беҳушлик ва тутқаноқ: агар рўзадор бирор сабаб билан беҳуш бўлса ёки бемор бўлиб, бирор дақиқа тутқаноқ бўлса, рўзадорлигича қолади. Гарчи беҳушлиги қуёш ботишидан кейингача чўзилса ҳам.
18. Аёлларга хос тиббий кўрикдан ўтиш рўзани бузмайди. Гарчи у кўрикда аёл бачадонига текширув ускунаси ишлатилса ҳам. Аммо бачадон ичига ёки фаржнинг ичига ҳуқна орқали дори (жўнатиш) рўзани бузади.
19. Тиббий игна (шприц) мушак ёки тери остига урилса. Агар дори моддаси муолажа учун бўлса, қувватлантириш ёки озуқа учун бўлмаса рўзани бўзмайди. Оғиз очгандан кейин олиш афзал.
32) Рўзанинг макруҳлари нималар?
1. Зарурат бўлмаган таомни тотиб кўриш.
2. Тош парчаси ёки пул парчасига ўхшаган оғизда ўрнашмайдиган нарсани чайнаш.
3. Сўлакни тўплаб, уни инсонларни олдида ютиш.
4. Рўзадорни заифлаштирадиган бирор ишни қилиш (оғир ишларни қилиш ва машаққатли ишларни бажариш).
5. Рўзани очиш хавфи бўлса, ўпиш ва қучоқлаш.

33) Рўзадорга нималар макруҳ эмас?


1. Сузиш, ювиниш ва сув билан салқинланиш.
2. Оғизни чайиш, бурунни чайиш гарчи таҳоратдан бошқа пайт бўлса ҳам, лекин муболағасиз чайиш лозим. Оғизни чайқагандан қолган сувнинг намлигини ютишлик зарар қилмайди. Оғизни чайқагандан кейин намликнинг асарини кетказиш учун туфлаш шарт эмас.
3. Кун давомида қўл ёки тиш чотка билан мисвок қилиш.
4. Хушбўйланиш ёки сурма қўйиш.
5. Онанинг ёш боласи учун таомни чайнаб бериши, шунингдек, сутни эҳтиёткорлик билан татиб кўриши.
6. Ўзини тута оладиган киши учун ўпиш ва енгил қучоқлашнинг зарари йўқ.

34) Рўзанинг суннат ва одоблари нима?


1. Саҳарлик қилиш.
2. Қуёш ботгандан кейин тезда ифторлик қилиш, ифторни шом намозидан кейингача кечиктириб юбормаслик.
3. Ифтор вақтида дуо қилиш.
4. Таровеҳ намозини ўқиш.
5. Рўзадорларга ифтор қилиб бериш, гарчи хурмо ва сув билан бўлса ҳам. Яқин қариндош ва мискинлардан бошлаш.
6. Яқин қариндош ва мискинларга кўп садақа қилиш.
7. Тоат ибодатда ғайрат қилиш. (Хусусан, охирги 10 кунликда)
8. Рўза тутувчи ўз нафсини назорат қилиши ва ибодатда ва Аллоҳ таолога яқин ҳолатдалигини ҳис қилиши. Ёмонликлардан ўзини тийиб, гўзал хулқлар билан зийнатланиши.
9. Сабр килиш, рўзадан қийналганини билдирмаслик ва ёқимсиз сузлардан сакланиш (рўза қийин деган сўзларга ўхшаш гапларни сўзламайди).
10. Бу муборак ойда аҳли аёлига кенгчилик қилиш.
11. Зарурий бўлмаган, қийин, дунё ишларидан четланиш.

35) Рамазонда рўза тутмасликка нималар узр бўлади?


1. Рўза тутувчига зарар берадиган ёки рўза сабабли кучаядиган ёки у сабабли тузалиши кечикадиган касаллик.
2. Сафар: фарз намозларини қаср қилиб ўқиш масофасига сафар қилиш. Агар унинг сафари енгил шароитда ва улови тез ва қулай бўлса хам мусофирга рўза тутмасликка рухсат берилади. Лекин ўз шаҳри уйларидан тонгдан олдин чиқиб кетиши шартдир. Агар катта бошгоҳдан олдин чикадиган бўлса-ю, рўзани ният қилмаган бўлса, у учун ҳам рўза тутмаслик рухсат бўлади. Агар рўзани ният килган бўлса, оғзини очиши мумкин эмас ва унга шу кунги рўзани охирига етказиб қўйиш лозим бўлади. Агар оғзини очса ҳам унга каффорат вожиб бўлмайди. Мусофирга сафарнинг барча кунларида рўза тутмаслиги мумкин. Бир шаҳарда ўн беш кундан кам туришни ният қилган киши мусофир ҳисобланади. Агар ўн беш кун ёки ундан кўп туришни ният қилса, умуқимга айланади ва унга рўза фарз бўлади. Аллоҳ таоло Бақара сурасида:
«Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ва сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан. Аллоҳ сизларга осонликни ирода қилади ва сизларга қийинликни ирода қилмайди», деган (Бақара сураси, 186-оят).
3. Ҳомиладор ва эмизикли аёлнинг ўзи ёки боласининг соғлигига хавф туғилса, у учун рўза тутмасликка рухсат бўлади. Хавф туғилиши тажрибадан ёки ҳозиқ мусулмон табибнинг маслаҳати билан билинади.
5. Мажбурланган шахс. Кимдир уни рўзасини очишга таҳдид қилган ёки қаттик қўрқитган бўлса.
6. Қўшин таркибидаги шахс. ужанг майдонида бўлиб, душманга тўқнаш келиши ва рўза уни кучсизлантириб қўйишига аниқ ишонса.
7. Ҳайз ва нифос. Бу иккиси рўзанинг дуруст бўлишини ман қилувчидир. Гарчи кун тугашига озгина вақт қолган бўлса ҳам ўша кунги рўзаси ўтмайди.

36) Гуноҳ иш учун сафар қилган киши ёки бир неча кун оғиз очиб юриш учун сафар қилган киши рўза тутмаслиги жоизми?


Ҳа, унга рўза тутмаслик жоиз бўлади, чунки барча сафарнинг ҳукми биттадир. Рўза тутишдан қочиб сафар қилган кишига ҳам рўза тутмаслигига рухсат бор. Чунки у рухсатни қидирди, Аллоҳ таоло мусофирга рухсатни бериб қўйгандир.

37) Сурункали касал ва заиф қариянинг ҳукми нима? Уларга рўза фарзми ёки йўқми?


Сурункали касаллик билан оғриган бемор касаллик ундан ажрамайдиган кишидир. (Саратон, сил, юрак касали ва бошкалар шулар жумласидан).

Заиф қария – ёши кекса киши бўлиб, рўза тутиши унга очиқ-ойдин зарар қиладиган киши. Қолаверса, рўза тутишга қудрати ҳам етмайди.


Бу иккиси рўза тутмайди ҳамда ожизлиги сабабли қазосини ҳам тутмайди. Уларнинг зиммасига фидя бериш вожиб бўлади.


Агар сурункали касал Рамазон ойининг ичида шифо топса ёки заиф инсон рўзага қодир бўлиб қолса, улар узри кетганлиги сабабли Рамазоннинг қолган кунларини тутади.


"Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар" китобидан.


ЭСЛАТИНГ! ЗЕРО, ЭСЛАТМА МЎМИНЛАРГА МАНФААТ ЕТКАЗУР (Зориёт сураси, 55 оят).

Таровиҳ намозини қандай ўқиймиз?


Таровиҳ – истироҳат маъносидаги "тарвиҳа" сўзининг кўплигидир. Тўрт ракат ўқиб, ортидан дам олингани учун бу намоз шундай номланган.


Рамазон ойи фазилатларга бойдир. Унинг фазилатларидан бири ой давомида хуфтон намозидан кейин таровиҳ намози ўқишдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам таровиҳ намози ҳақида шундай деганлар:


“Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини фарз қилди ва мен унинг қиёмини сизлар учун суннат қилдим. Кимки иймон ва ишонч билан, савоб умидида рўза тутса ва кечалари қоим турса, онадан туғилган кунидагидек гуноҳлардан пок бўлади” (Имом Насоий ривоятлари).


Рамазоннинг кечаларида қоим бўлиш, деганда таровиҳ намозини адо этиш тушунилади. Демак, ихлос билан савоб умидида Рамазон рўзасини тутиб, таровиҳ намозларини ўқисак, Рамазон ойи тугаши билан онадан туғилган боладек гуноҳлардан фориғ бўламиз, иншааллоҳ.


Таровиҳ намозини ўқиш эркакларга ҳам, аёлларга ҳам таъкидланган суннатдир. Таровиҳни ёлғиз ўқиш мумкин, лекин жамоат бўлиб ўқилса, жамоатга ваъда қилинган ажру савобга эришилади. Икки киши ҳам жамоат ҳисобланади. Қанча жамоат кўп бўлса, шунча савоби ҳам кўп бўлади.


Таровиҳ намозига азон ва такбир айтилмайди.


Таровиҳнинг ракатлари: Таровиҳ йигирма ракатдир. Ҳар икки ракатдан сўнг салом берилади. Тўрт ракатдан ўқиш ҳам жоиз. Ҳар тўрт ракат ўқилгандан сўнг тўрт ракат намоз ўқиладиган муддатча дам олиш мустаҳаб. Ушбу истироҳат пайтида тасбиҳ, таҳлил айтиш афзал. Бизнинг юртимизда қуйидагича тасбиҳни уч марта айтиш одат бўлган:


СУБҲААНА ЗИЛ МУЛКИ ВАЛ МАЛАКУТ. СУБҲААНА ЗИЛ ЪИЗЗАТИ ВАЛ ЪАЗОМАТИ ВАЛ ҚУДРОТИ ВАЛ КИБРИЯЯЯИ ВАЛ ЖАБАРУТ. СУБҲААНАЛ МАЛИКИЛ ҲАЙЙИЛЛАЗИ ЛАА ЯНААМУ ВАЛАА ЯМУУТ. СУББУҲУН ҚУДДУСУН РОББУНАА ВА РОББУЛ МАЛААИКАТИ ВАРРУҲ. ЛАА ИЛААҲА ИЛЛАЛЛОҲУ НАСТАҒФИРУЛЛОҲ, НАСАЛУКАЛ ЖАННАТА ВА НАЪУЗУ БИКА МИНАН-НААР.


Ушбу тасбиҳни бир киши ўқийди, қолганлар қулоқ солади. Тасбиҳни ёд олгунга қадар китобдан ўқиса ҳам бўлади. Юқоридаги тасбеҳнинг ўрнига киши ўзи билган дуоларини ўқиши ёки жим туриши ҳам мумкин.


Таровиҳнинг вақти – Хуфтон ва унинг суннатидан кейин бошланиб тонг отгунгачадир. Таровиҳни витрдан олдин ўқиш афзал. Витрдан кейин ўқиса ҳам жоиз. Ёлғиз намоз ўқигувчи киши Рамазонда ҳам витрни ёлғиз ўқиши мумкин.


Таровиҳнинг нияти – “Икки ракат таровеҳ намозини ўқишни ният қилдим, юзимни қиблага қаратдим, холисан лиллаҳи таоло Аллоҳу акбар”. Агар имомга иқтидо қиладиган бўлса, ниятга “ушбу имомга иқтидо қилдим” деган жумлани қўшади.


Таровиҳда қироат – Рамазон ойида Таровиҳ намози ўқиш давомида Қуръони каримни бир марта хатм қилиш суннатдир. Қуръони каримни тўла ёд олмаган киши ҳар ракатда “Фотиҳа” сурасидан сўнг ўзи яхши билган сурани ўқиши мумкин, ҳатто “Фотиҳа” сурасидан бошқа фақат битта сурани билган киши Таровиҳнинг ҳар ракатида шу сурани зам сура қилиши мумкин.


Таровиҳ намозини жамоат бўлиб ўқилса, имом овоз чиқариб қироат қилади. Унга иқтидо қилганлар қироат қилмасдан тинглаб туради. Таровиҳни ёлғиз ўқувчи эркак кишилар эса ихтиёрли, хоҳласа овоз чиқариб, хоҳласа овозсиз қироат қилади.




Витр намозини фақат Рамазон ойида жамоат бўлиб ўқилади. Бунда имом витрнинг ҳар уч ракатида жаҳрий қироат қилади. Қунут дуосини имом ҳам, муқтадийлар ҳам ичларида ўқийдилар (“Ал-Фатовол ҳиндийя” ва “Фатҳу бобил иноя” китоблари). Валлоҳу аълам.
Download 158.3 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2022
ma'muriyatiga murojaat qiling