1.1.5. Зилзилавий ҳудудларда қурилиш
Зилзила — табиий офат бўлиб, асосан ер қатламининг тектоник ҳаракатлари натижасида юзага келади, Кучли зилзила нафақат биноларнинг бузилишига, шу билан бир вақтнинг ўзида ёнғинлар пайдо бўлишига, сунъий сув иншоотлари бузилиб ҳалокатли тошқинларга, энергетика тизимининг бузилиши, оқибатда турли портлашларга сабаб бўлиши мумкин. ЮНЕСКО маълумотларига кўра 1925—1950-йиллар мобайнида содир бўлган зилзилалар вақтида ер юзи бўйича 350 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган, 10 миллиард доллар атрофида моддий зарар кўрилган. Ер шарида хар йили 300 мингдан ортиқ зилзила юз бериб, уларнинг кўпи кучсиз ёки одам яшамайдиган худудларда бўлади. Баъзан зилзила маркази аҳоли зич яшайдиган шаҳар ва туманларда жойлашган бўлади.
Тарихда жуда кўплаб инсонлар ва моддий йўқотишларга сабаб бўлган даҳшатли зилзилалар қайд этилган. 1737-йилда Калкуттада бўлган зилзила 300 мингдан ортиқ инсонни ҳаётига зомин бўлган. 1755-йилги зилзилада эса Лиссабон шаҳри тўлиқ вайрон бўлган. 1923-йилда содир бўлган зилзила Токио шаҳрида 300 мингдан зиёд бинони вайрон қилиб натижада, 100 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлган. Энг даҳшатли зилзилалардан бири 1956-йилда Монголиянинг Россия ва Хитой чегаралари зонасида содир бўлиб, тоғнинг битта чуққиси иккига бўлинган, 18 км узунликда кенглиги 800 м бўлган чуқурлик пайдо бўлган ва 400 м баландликка эга тоғ жарга қулаган. Ер сиртида кенглиги 20 м бўлган 250 км га чўзилган ёриқ ҳосил бўлган.
Сўнгги йилларда МДҲ давлатларида Ашхобод - 1948-й.,Тошкент - 1966й., Газли -1978-й., Спитак - (30 мингдан зиёд инсон ҳалок бўлган) 1988-й. ва хорижда Агадир (Марокко) - 1960-й., Скопле (Югославия) - 1963-й., Чили - 1971-й. ва бошқа бир нечта кучли зилзилалар қайд этилган.
Зилзила айни бир жойда камдан-кам, ўнлаб ва ҳатто юзлаб йиллардан кейин қайтарилади ва ҳар қайси зилзиланинг ўзига хос хусусияти бўлади, шу сабабли иншоотларнинг зилзилабардош қилиб қуришдаги тадбирлар ўз самарасини беради. Содир бўлган зилзилалар оқибатини таҳлил қилиш асосида қарор топган бир қанча қоидаларни эса универсал ва фойдали деб қараш мумкин.
10—12 баллик зилзила содир бўлиши мумкин майдонларда қурилиш қатъиян ман этилади.
Республикамиз ҳудуди сейсмоактив зонада жойлашган бўлиб, шаҳарсозликда бу нарсага алоҳида эътибор берилади. Академик Ф.Мавлонов номидаги Сейсмология институти ходимлари томонидан республикамиз ҳудуди учун, хусусан, Тошкент шаҳри учун алоҳида микросейсмик харита жорий қилинган. Мазкур харитага асосан, республикамизнинг энг сейсмоактив ҳудуди Андижон вилояти, у ерда зилзилавий кўрсаткич 9 ва ундан ортиқ баллни ташкил этади. Тураржой масканларини танлашда, алоҳидаги обектларни лойиҳалашда мазкур харитага асосан биноларнинг зилзилабордошлик кўрсаткичи беигиланиб, уларнинг лойиҳаси ҚМҚ 2.01.03-97 «Зилзилавий ҳудудларда қурилиш» асосида амалга оширилади.
Ер қимирлайдиган туманларда аҳоли яшайдиган тураржой бинолари қуришда кўпроқ кўкаламлаштирилган зоналар ва бинолар оралиғида катта бўш майдон, сунъий сув ҳавзалари қолдирилган бўлиши керак. Бундай тадбир асосан ёнғинга қарши тадбир ҳисобланиб, норма бўйича кўча кенглиги ва бинолар оралиғидан 15—20 % каттароқ қилиб олинади. Бу нарса «Сариқ чизиқ» (вайрон бўлиши мумкин бўлган зона чегараси) деб аталувчи термин билан изоҳланади.
Бундан ташқари, баъзи энергетик тизимлар (электр ва сув тармоғи) тизим ишончлилигини ошириш мақсадида шаҳар бош режасида ҳалқасимон равишда лойиҳаланади (категориялаштирилган объектлар учун эса резерв тармоқ кўзда тутилади).
Do'stlaringiz bilan baham: |