Тушуниш ва тушунтириш Тушуниш ва унинг билиш билан ўзаро нисбати


Download 53.74 Kb.
bet1/4
Sana27.02.2022
Hajmi53.74 Kb.
#593587
  1   2   3   4
Bog'liq
tushunish va tushuntirish
padarka, 27-ma\'ruza, 8-SINFLAR UCHUN

Aim.Uz

Тушуниш ва тушунтириш

Тушуниш ва унинг билиш билан ўзаро нисбати. Тушуниш ва унинг билиш (ва тушунтириш) билан ўзаро нисбати муаммоси кўпдан бери муҳокама қилинади. У бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган ва кўп жиҳатдан баҳслидир. Масалан, Дильтей тушунишни матн муаллифининг маънавий дунёсига кириш сифатида тавсифлаган бўлса, Хайдеггер учун тушуниш инсоннинг борлиққа ўзига хос муносабати, инсоннинг дунёда мавжуд бўлиш усулидир. Гадамер фикрига кўра, ўтмиш маданиятини тушуниш талқин қилувчининг ўзини тушуниши билан узвийдир. Шу сабабли тушуниш предметини муаллиф матнга жойлаган маъно эмас, балки мазкур матн орқали англаб етилиши лозим бўлган моддий мазмун («ишнинг моҳияти») ташкил этади. Бунда, Гадамер фикрига кўра, ҳар қандай тушуниш тил муаммосидир: унга «тил медиуми»да эришилади (ёки эришилмайди) ва исботлашни тақозо этмайди.


Ҳозирги адабиётларда тушуниш турлари, типлари ва даражаларининг ҳар хил таснифлари мавжуд. Масалан, Г.И.Рузавин тушунишнинг уч асосий турини фарқлайди:
А) Диалогда тил воситасида алоқа қилиш жараёнида юзага келадиган тушуниш. Тушуниш ё тушунмаслик натижаси бу ерда суҳбатдошлар ўз сўзларига қандай маъно юклашига боғлиқ.
Б) Бир тилдан бошқа тилга таржима қилиш билан боғлиқ тушуниш. Бу ерда ўзга тилда ифодаланган маънони она тили сўзлари ва гаплари ёрдамида ифода этиш ва сақлаш назарда тутилади.
В) Матнларни, бадиий адабиёт ва санъат асарларини, шунингдек одамларнинг турли вазиятлардаги қилмишлари ва ҳаракатларини талқин қилиш билан боғлиқ тушуниш. Бу ерда маънони интуитив тушунишнинг ўзи етарли бўлмайди. Бу тушунишнинг биринчи даражаси. Тушунишнинг иккинчи даражаси тадқиқотнинг бошқа, хусусан: мантиқий-методологик, аксиологик, культурологик восита ва методларини жалб қилишни тақозо этади1.
Тушуниш тўғрисида сўз юритганда, яна икки муҳим жиҳатга эътиборни қаратиш керак:
1. Герменевтик доира принципи тушунишнинг муҳим жиҳати ҳисобланади. У тушунишнинг циклик хусусиятини акс эттиради. Мазкур принципи тушуниш ва тушунтиришни боғлайди: ниманидир тушуниш учун уни тушунтириш керак ва аксинча. Мазкур ўзаро алоқа бутун билан қисмнинг доираси сифатида ифода этилади: бутунни тушуниш учун унинг алоҳида қисмларини тушуниш керак, алоҳида қисмларни тушуниш учун эса бутуннинг маъноси ҳақида тасаввурга эга бўлиш лозим. Масалан, сўз – гапнинг қисми, гап – матннинг қисми, матн – маданият унсури ва ш.к.
2. Герменевтик доира – «олмахон ғилдираги» эмас, зеро, унда тафаккур қисмлардан аввалги бутунга эмас, балки ўз қисмларининг билими билан бойиган бутунга, яъни бошқа бутунга қайтади. Герменевтик доира диалектик хусусиятга эга: унда тўлиқ ва чуқур тушунишдан янада тўлиқроқ ва чуқурроқ тушунишга томон ҳаракат содир бўлади, мазкур ҳаракат жараёнида тушунишнинг янада кенг уфқлари намоён бўлади.
Тушунишни ҳозирги даврга боғлаш керакми?
Мазкур масала юзасидан икки асосий қараш мавжуд:
А) Керак эмас. Мазкур қарашга кўра, матнни мувофиқ тарзда тушуниш унга муаллиф юклаган маънони очиб беришни назарда тутади. Яъни автор юклаган маънони ҳеч қандай қўшимча ва ўзгартиришларсиз, мумкин қадар соф шаклда аниқлаш лозим. Лекин амалда бундай бўлмайди, зеро, ҳар бир давр матнга (масалан, санъат асарларига) ўз мезонлари билан ёндашади.
Б) Тушуниш жараёни муқаррар равишда тушунишга ҳаракат қилинаётган нарсага қўшимча маъно юклаш билан боғлиқ. Бинобарин, матнни муаллиф қандай тушунган бўлса, шундай тушунишнинг ўзи етарли эмас. Демак, тушуниш ижодий жараён ва у муаллиф юклаган маънони айнан акс эттиришнигина эмас, балки унга танқидий баҳо бериш, ижобий жиҳатларини сақлаб қолиш, маънони ҳозирги воқеликнинг мазмуни билан бойитишни назарда тутади.
Ҳозирги замон француз герменевтикасининг вакили Поль Рикернинг фикрича, тушуниш ҳеч қачон билишдан ажралмайди, балки «маънони ўзлаштириш фаолиятининг босқичи» ҳисобланади. Тушуниш – фикр юритиш орқали символда яширин маънони аниқлаш демак. Бунда Рикер қуйидаги ҳолатлардан келиб чиқади:
а) герменевтика – изчил талқин қилиш жараёни;
б) талқинларнинг хилма-хиллиги герменевтиканинг моҳиятини ташкил этади;
в) тушуниш – бир онг томонидан узатиладиган, иккинчи онг эса уни ташқи ифодалар орқали қабул қилиб оладиган белгилар маъносини тушуниб етиш жараёни;
г) айни бир матн бир нечта маънога эга ва бу маънолар бир-бирига қўшилиб, қатлам ҳосил қилади.
Шундай қилиб, тушуниш - муайян ҳодисанинг маъносини, унинг дунёдаги ўрнини, яхлит бир бутун тизимдаги функцияларини тушуниб етиш демак. У борлиқнинг маъноларини теран англаб етишга кўмаклашади. Тушуниш жараёни содир бўлиши учун қуйидагилар зарур: ҳар қандай табиатли матнда ифодаланган предмет; унда маънонинг мавжудлиги; мазкур маъно тўғрисидаги дастлабки тасаввур; матнни талқин қилиш, яъни матннинг мазмунини тушуниш; талқин қилувчида ўз-ўзини тушунишнинг мавжудлиги, мулоқот, алоқа; «тил стихияси»; диалог юритиш қобилияти; ўз фикрини билдиришга интилиш, бошқача фикрлайдиган одамга сўз бериш, унинг айтганларини ҳазм қила олиш; айни бир матн (унга муаллиф юклаган маънодан ташқари) бир нечта маънога эга бўлишини назарда тутиш; матннинг предмет мазмунини ҳозирги даврнинг маданий тафаккури тажрибаси билан боғлаш.
Тушуниш жараёни инсоннинг ўзини қуршаган оламни билиш жараёни билан узвий боғлиқ, аммо бунда инсон фақат билиш фаолияти билангина чекланмайди. Тушуниш муаммолари билиш назарияси масалаларини четга сиқиб чиқара олмайди, улар кенг ижтимоий-маданий нуқтаи назардан билиш ва предметли-амалий фаолиятнинг диалектик бирлиги асосида таҳлилдан ўтказилиши лозим.
Тушуниш, тавсифлаш, тушунтириш ва талқин қилиш билан бир қаторда, илмий билим фаолиятининг асосий процедураларига киради. Тушунишни тадқиқ қилишга нисбатан кўп сонли ёндашувлар мазкур жараён уни бошқа интеллектуал жараёнлар ва гносеологик операциялардан ажратадиган ўзига хос хусусиятларга эга эканлигини кўрсатади.
Шунинг учун ҳам тушунишни билишга ўхшатиш («тушуниш – тушунчаларни мантиқда ифода этиш демак») ёки уни тушунтириш процедураси билан (гарчи улар ўзаро боғлиқ бўлса-да) аралаштириш мумкин эмас. Аммо тушуниш жараёни кўпинча англаб етиш, яъни инсон учун маълум маънога эга бўлган нарсаларни аниқлаш билан боғлиқ бўлади. Шунинг учун ҳам «тушуниш маънолардаги реал ҳаракат, мазкур маъноларга амалда эгалик қилиш сифатида ҳар қандай билиш фаолиятининг ажралмас қисмидир»1,, деган фикрга қўшилиш лозим
Тушуниш инсон фаолиятининг маъноларини тушуниш ва маъно ҳосил қилиш тарзида келиши мумкин. Тушуниш бошқа одамнинг «маънолар олами»га кириб бориш, унинг фикрлари ва ўй-кечинмаларини тушуниб етиш ва уларни талқин қилиш билан боғлиқ. Тушуниш – маънони қидириш демак, зеро, фақат маъноли нарсанигина тушуниш мумкин. Мазкур жараён ўзаро алоқа, мулоқот ва диалог шароитларида содир бўлади. Тушунишни ўз-ўзини тушунишдан ажратиш мумкин эмас. У тил стихиясида содир бўлади.
«Маъно» тушуниш муаммосини ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга. Маъно – тилдаги иборалар (сўзлар, гаплар ва ш.к.) мазмунининг синонимигина эмас, балки мураккаб, кўп қиррали ҳодиса. М. Хайдеггернинг фикрича, маъно биринчидан, ҳар қандай қилмиш, хулқ-атвор, амал «нимага» ва «нима учун» содир этилганини назарда тутиши керак. Иккинчидан, маъно йўналишга эга, яъни у ниманингдир пировард мақсади (ҳаёт мазмуни, тарих мазмуни ва ҳ.к.).
Маъно ҳосил қилиш жараёнлари объектив тарзда анъаналар, расм-русумлар, урф-одатлар ва рамзлар соҳасида содир бўлади ва тилда ифода этилади. Гадамернинг таъбири билан айтганда, у бизда, бизнинг ҳозирги дунёмизда зоҳир. Маданий мероснинг узлуксизлигини таъминловчи анъана қамровли маъно универсумига реаллик бахш этади.
Тушунишнинг иштирокисиз муомалани давом эттириш, ҳаракатларни мувофиқлаштириш, англашилган хатти-ҳаракатни амалга ошириш ва таъсир ўтказишнинг имкони йўқ. Тушуниш кенг кўламдаги фанлар (психология, филология, философия, социология, тарих) томонидан тадқиқ этилади. Тушуниш муаммоси билан махсус шуғулланадиган герменевтика фани мавжуд.
Тушунишнинг ўзига хос алоҳида хусусияти шундан иборатки, инсон ўзи таҳлил қилаётган нарса ва ҳодисаларнинг ички мураккаб алоқалари, боғланишларини аниқ сезади. Олдин механик равишда ўзлаштирилган, ҳатто маъноси англашилмаган маълумотлар, сабабий боғлиқликлар тушуниш туфайли мантиқан муайян тартибга, бир хил мантиқий тизимга келтирилиши мумкин. Масалан, математик назарияни далиллаш, формулаларни, табиатшунослик билимларини тушуниш худди шу тариқа кечади.
Инсон ҳодисаларнинг моҳиятини ва ўзаро боғлиқликларини мантиқий воситаларсиз аниқ ҳис қила олади. Бунда ҳодиса индивиднинг мақсади билан уйғунлашиб кетади, унинг мақсадга мувофиқ акс этишини таъминлайди. Жумладан, бошқа кишининг хулқини, унинг фикри ва ҳаракат мотивини тушуна олади. Ижтимоий маданият, тарихий воқеалар, обидалар, ёзма ёдгорликлар моҳиятини индивид худди шу аснода тушуниб етади. Ҳайвонлар табиати, ҳодисалар тўғрисидаги таассуротлар билан ҳозиргисининг ўзаро ўхшашлигини тез тушуниш имконини беради.
Матнни «маънавий маданиятнинг моддийлаштирилган ифодаси» деб тушунишдан келиб чиқиб, матнларда объективлашган субъектив маъноларни предметлаштириш, «улар орқали одамларнинг овозларини эшитиш» ва улар ёрдамида ўтган замонлар, бошқа маданиятларнинг «руҳи»га кириб бориш ижтимоий-гуманитар билимнинг муҳим методологик муаммосидир.
Хуллас, биринчидан, ҳар қандай матн – уни ҳар хил тушуниш ва талқин қилишлар манбаи. Муаллифнинг матнни тушуниши – мана шундай тушунишларнинг бири. Асар бир пайтнинг ўзида бир нечта маънога эга бўлади. Унинг рамзийлиги ҳам ана шундадир. Зотан, рамз образ эмас, балки маънолар тўпламидир. Шунинг учун ҳам матнни тушуниш унга асар (матн, санъат асари ва ш.к.) муаллифи, шунингдек талқин қилувчи жойлаган маънолар билангина чекланиши мумкин эмас. М.М.Бахтин таъбири билан айтганда, тушуниш яхшироқ бўлиши мумкин ва лозим, у матнни тўлдиради, фаол ижодий хусусият касб этади. Аммо матнни тушуниш уни талқин қилишнинг муайян тарихий шароитларига боғлиқлиги уни соф психологик ва субъектив жараёнга айлантирмайди.
Иккинчидан, сермаънолилик бирдан ва дарҳол намоён бўлмайди, чунки маънолар яширин, потенциал мавжуд бўлиши ва фақат келгуси даврларда ривожланиш учун қулай шароитларда ўзини намоён этиши мумкин.
Учинчидан, тарихий ривожланиш жараёнида матннинг маъноси ўзгаради. Ҳар бир давр – айниқса, буюк асарларда – янги ниманидир кашф этади. Янгича тушуниш эски маънони бекор қилади, унга қайта баҳо беради.
Тўртинчидан, матнни тушуниш – тайёр натижа эмас, балки диалектик жараён, турли маданий дунёлар диалоги, «ўзининг – ўзганинг» (Бахтин) маънолари тўқнашуви натижаси, матнлар, шахслар ва маданиятлар диалоги.
Бешинчидан, ўзга маданиятга оид матнни тушуниш – ҳозирги маданиятимизда туғилаётган саволларга жавоблар топиш демак.
Маданият – тайёр нарсалар ёки қадриятлар тўплами эмас, балки уларни ўзлаштириш, улардан фойдаланиш, инсоннинг ҳаёти ва ижодий фаолияти жараёнларида иштирок этиш билан боғлиқ фаол жараён. Ўз навбатида, ижтимоий-маданий воқеликни билиш мазкур тайёр маҳсулотлар дунёсини бевосита акс эттиришдан ҳам кўра кўпроқ уларнинг орқасида турган нарсаларни, яъни инсон маънолари ва мазмунлари дунёсини акс эттиришни назарда тутади.
Ижтимоий билиш матнли хусусиятга эга бўлгани туфайли ижтимоий фанларда семиотика муаммоси алоҳида ўрин эгаллайди. Семиотика (юнон. белги, аломат) – белгилар ва белгили тизимларнинг хоссаларини ўрганувчи фан. Белги хабарлар (ахборот, билим)ни ифодалаш, сақлаш ва қайта ишлаш воситаси сифатида амал қилувчи моддий предмет (ҳодиса, воқеа)дир. Тил белгилари (муайян белгилар тизимига кирувчи белгилар) ва тилга оид бўлмаган белгилар, уларнинг орасида эса – нусхалар, аломатлар ва символлар фарқланади. Табиий ва сунъий тилларнинг белгилари тафовут этилади. Белгили тизимларга табиий тиллар (сўзлашув тиллари), илмий назарияларнинг гаплар тизими, сунъий тиллар, автоматлар учун дастурлар ва алгоритмлар, табиат ва жамиятдаги сигналлар тизимлари мисол бўлиши мумкин.
Белгили тизимлар сифатида тасвирий санъат, театр, кино ва мусиқа «тиллари», шунингдек кибернетика нуқтаи назаридан таҳлил қилинувчи ҳар қандай мураккаб бошқарув тизимлари: машиналар, дастгоҳлар, асбоблар ва уларнинг схемалари, жонли организмлар ва уларнинг айрим кичик системалари (масалан, марказий нерв системаси), ишлаб чиқариш ва ижтимоий бирлашмалар ва умуман жамият қаралиши мумкин.
Белги инсон онгида ифода ёки символ тарзида акс этади. Маданият дунёси «фикциялар дунёси» эмас, балки символик шакллар дунёсидир.
Символ (юнон. – рамз, шартли белги) – бу: 1) фанда (мантиқ, математика ва б.) белги; 2) санъатда – илоҳий образнинг уни англаш, ифодалаш ёки муайян бадиий образ нуқтаи назаридан тавсифи. Аллегориядан фарқли ўлароқ, символнинг маъноси унинг образи структураси билан узвий бўлиб, ўз мазмунининг чексиз кўп маънолилиги билан ажралиб туради.
Символ – моддий нарсалар ва жараёнларнинг белги ёки образ тарзида ифодаланган идеал мазмуни. Символнинг моҳиятини формал мантиқ доирасида аниқ таърифлаш мумкин эмас. У идрок этувчи субъектнинг қизғин фаолиятига мўлжалланган сермаъно тизимдир. Символик фаолият инсон онгига хосдир. Немис файласуфи – неокантчи Кассирер фикрига кўра, «инсон символик ҳайвондир»; тил, миф, дин, фан «символик шакллар» бўлиб, уларнинг воситасида инсон ўзини қуршаган муҳитни тартибга солади. Символнинг маъноси фақат одамлар мулоқоти доирасида амалда мавжуд бўлади. У қанча сермаъно бўлса, шунча бой мазмун касб этади. Символ структурасининг ўзи айрим ҳодиса орқали дунёнинг яхлит образини тавсифлашга қаратилгандир.
Шундай қилиб, гуманитар билиш шундай ўзига хос хусусиятга эгаки, субъектив дунёни унинг матнлар, белгилар ва символлар, хуллас, тил тарзида амал қилувчи ташқи объектив омилларини таҳлил қилиш орқалигина аниқ билиш мумкин. Тил онг ва маданиятнинг бевосита борлиғи бўлиб, ижтимоий фанлар фақат ундан келиб чиқиши мумкин. «Матн», «белги», «маъно», «символ», «тил» ва «нутқ» каби тушунчаларсиз ижтимоий-гуманитар билим тўғрисида ҳатто сўз юритиш ҳам мумкин эмас.
Бироқ бунда ижтимоий-маданий ҳодисаларни тўла формаллаштириш, шунингдек буни формал белгили тизимларнинг қатъий доирасига сиғдириш мумкин эмаслигини эътиборга олиш лозим. Бу ҳолда символ формал белгидан бойроқ ва теранроқдир, чунки икки (ва кўп) маънолилик, номуайянлик, ноаниқлик ва ҳатто сирлиликка йўл қўяди.
Диалог ижтимоий билишда (суҳбат, сўзлашув) муҳим рол ўйнайди. Маълумки, диалог қадим замонлардаёқ муаммоларни диалектика ёрдамида баён этиш учун фойдаланилувчи адабий шакл сифатида машҳур бўлган (Суқрот ва Платон уни олий шакл даражасига кўтарган). Диалог ҳақида сўз юритганда Николай Кузанский асарларини, Галилейнинг «Дунёнинг икки бош тизими – Птолемей ва Коперник тизимлари ҳақида диалог» асарини, диалог мазмунни яратиш усули ҳисобланувчи Уйғониш даврининг гуманистик маданиятини ва Гадамернинг «савол-жавоб методи»ни эсга олмаслик мумкин эмас.
Юнончадан таржимада диалог икки ёки бир неча шахс ўртасидаги суҳбат, улар ўртасидаги ёзма тарзда қайд этилиши мумкин бўлган оғзаки мулоқот шакли деган маънони англатади. Диалог мураккаб, ранг-баранг мазмунга бой ва тушуниш билан узвий боғлиқ ўзаро алоқа шаклидир. Диалогда инсоннинг икки табиий интилиши: айтиш ва ўзини эшитишларига эришиш, шунингдек тушуниш ва тушунилишга интилишлар рўёбга чиқади. Ўз-ўзидан равшанки, буни амалга ошириш усули фалсафани амалга ошириш усулига ўхшашдир. Шу сабабли бу усулни излаш фалсафага, аниқроғи унинг асослари, яъни антик фалсафага мурожаат этишни назарда тутади.
Антик даврда нафақат боқий фалсафий масалалар қўйилган фалсафа, балки бу масалаларни ечиш усули ҳам яратилди. Бу усул диалогдир. Диалог муаммосининг ўзи ҳам «боқий масалалар»дан бири сифатида намоён бўлади. Бутун фалсафий ва илмий тафаккур тарихи мобайнида бу масалага мурожаат этиш ўзининг турғунлиги билан ажралиб туради.
Тушуниш жараёни доим диалог кўринишини касб этади, чунки тушуниш мулоқот (кўпинча билвосита мулоқот) билан узвий боғлиқ бўлиб, «субъектлар учрашуви»ни назарда тутади. Тушуниш – бу доим шахслар, матнлар, фикрлар, маданиятлар ва ҳоказолар диалогидир. Сўнгги йилларда ижодий фикрлаш ва тушуниш асоси сифатидаги диалог муаммоларига қизиқиш сезиларли даражада кучайди. Бу бежиз эмас. Зеро диалогик муносабат, Бахтин таъбири билан айтганда, инсон нутқини ва инсон ҳаётининг барча муносабатлари ва кўринишларини, умуман, маъно ва мазмун касб этувчи ҳамма нарсаларни қамраб олувчи универсал ҳодисадир.
Субъектларнинг бир-бирини билиши ва ўзаро тил топиши айнан диалогда амалга ошади. Бу жараёнда икки субъектив дунёнинг ҳар бири ўз теран маъноларини намоён этади. Ижтимоий фанларда диалог мантиқи кўп жиҳатдан эксперимент ўрнини босади, десак, муболаға бўлмайди. Давримизнинг кўпгина муаммоларини ечишда диалог, ҳеч шубҳасиз, муҳим рол ўйнайди. Бу факт ижтимоий тафаккур соҳасида ҳам ўз аксини топади. Бу ерда унинг аҳамияти шундаки, икки одам учрашиб, ўзаро фикр алмашар экан, икки дунё, икки дунёқараш бир-бирининг қаршисида намоён бўлади ва уларнинг бирортаси ҳам шак-шубҳасиз ҳақиқий ҳисобланмайди. Ҳар ким бу дунё ҳақида ўз сўзини айтиш ҳуқуқига эгадир.
Сўнгги даврда ҳар хил сабабларга кўра сўзлаш, баҳслашиш, оғзаки тарзда мунозара қилиш «санъати» яна биринчи ўринга чиқмоқда. Натижада риторикага қизиқиш тикланмоқда, янги оғзаки нутқ маданиятини шакллантириш зарурати юзага келмоқда. Анъанавий риторика нутқ орқали мулоқот қилиш модели сифатида қаерда, қачон, нимани ва қандай сўзлаш лозимлигини белгиловчи анча изчил тизим (нотиқлик санъати назарияси)дир. Риторика соҳасидаги ҳозирги тадқиқотлар бундай тор талқин доирасига сиғмайди ва самарали мулоқот шартлари, шакллари, қоидалари ва принциплари назариясини ташкил этади.
Бугунги кунда диалог мантиқини тузиш йўли фундаментал хусусият касб этади. Диалог мантиқини тузиш деганда оқилона диалогнинг ҳар хил моделлари назарда тутилади. Бу моделлар оқилона бўлмаган диалогларни (ва ижтимоий оғзаки мулоқотнинг бошқа усуллари ва шаклларини), уларнинг иштирокчилари хулқ-атворини ҳам ўрганиш ва мулоқот жараёнларининг норматив кодексларини шакллантириш имконини беради.
Ижтимоий-гуманитар билишда диалогнинг муҳим ролини қайд этар эканмиз, бошқача ёндашувлар билан асосли мунозарада ҳақиқий диалог ўз нуқтаи назарининг ижодий имкониятларини рўёбга чиқаришда катта масъулият ва ўта фаолликни назарда тутишини аниқ тасаввур қилишимиз лозим.

Download 53.74 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3   4




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2023
ma'muriyatiga murojaat qiling