Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг


Download 48.23 Kb.
Sana04.02.2023
Hajmi48.23 Kb.
#1158476
Bog'liq
КҚ-431-IV 16.11.2022




[ОКОЗ:

1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.08.00.00 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси / 01.08.02.00 Олий Мажлис Сенати (юқори палатаси) / 01.08.02.01 Олий Мажлис Сенати ваколати]

[ТСЗ:

1.Давлат ва жамият қурилиши / Давлат ҳокимияти органлари. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари]

Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгаши ҳузуридаги компенсация комиссиясининг намунавий регламентини тасдиқлаш тўғрисида
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгаши ҳузуридаги компенсация комиссиясининг фаолиятини самарали ташкил қилишга кўмаклашиш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгаши ҳузуридаги компенсация комиссиясининг намунавий регламенти иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ушбу Намунавий регламент асосида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги компенсация комиссияларининг регламентларини тасдиқлаш тавсия этилсин.
3. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Э. Гадоевнинг зиммасига юклансин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 16 ноябрь,
КҚ-431-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2022 йил 16 ноябрдаги КҚ-431-IV-сонли қарорига
ИЛОВА
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгаши ҳузуридаги компенсация комиссиясининг
НАМУНАВИЙ РЕГ ЛАМЕНТИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Намунавий регламент Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгаши ҳузуридаги компенсация комиссиясининг (бундан буён матнда Компенсация комиссияси деб юритилади) фаолиятини ташкил қилиш ва унинг таркибини шакллантириш, ваколатлари, мажлисларини ўтказиш ва қарорларни қабул қилиш тартибини белгилайди.
2. Компенсация комиссияси маслаҳат органи ҳисобланади.
3. Компенсация комиссияси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, ўз Регламентига ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.
4. Компенсация комиссияси ўз фаолияти бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари олдида ҳисобдордир.
2-боб. Компенсация комиссиясининг фаолиятини ташкил қилиш ва унинг таркибини шакллантириш
5. Компенсация комиссияси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорлари асосида уларнинг ҳузурида тузилади.
6. Компенсация комиссияси таркиби Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорлари билан ўн етти нафар кишидан иборат бўлган таркибда, икки йил муддатга тасдиқланади.
7. Компенсация комиссияси таркибига қуйидагилар киради:
ўн нафар депутат (шундан бир нафари раис);
нодавлат нотижорат ташкилотларининг уч нафар вакили;
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси вакили (овоз бериш ҳуқуқисиз);
ҳудудий молия органининг вакили (овоз бериш ҳуқуқисиз);
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ҳудудий бўлинмасининг вакили (овоз бериш ҳуқуқисиз);
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, тегишли вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги тузилмасидаги ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш ишларини мувофиқлаштириш шуъбасининг раҳбари (овоз бериш ҳуқуқисиз).
8. Компенсация комиссияси таркибига кирувчи ўн нафар депутат Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари сессияларида сайланади.
Компенсация комиссияси раиси комиссия таркибидан сайланади.
9. Компенсация комиссияси таркибига кирувчи депутатнинг ваколат муддати тугаганда ёки қонунда назарда тутилган ҳолларда ваколати муддатидан олдин тугатилганда Компенсация комиссиясига янги депутат номзоди Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари сессияларида сайланади ва Компенсация комиссиясининг янги таркиби Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қарорлари билан тасдиқланади.
10. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси аппарати, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари котибиятлари Компенсация комиссиясининг таркибига нодавлат нотижорат ташкилотларининг номзодларини тақдим этиш учун — Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига, давлат органларининг номзодларини тақдим этиш учун — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг ҳудудий бўлинмаларига, шунингдек, ҳудудий молия органларига сўров юборади.
11. Номзодлар тўғрисидаги маълумот беш иш куни мобайнида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси, ҳудудий молия органи, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ҳудудий бўлинмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига тақдим этилиши лозим.
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг номзодлари тўғрисидаги маълумотлар Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг ҳудудий бўлинмалари билан келишилган ҳолда тақдим этилади.
12. Компенсация комиссияси таркибига кирувчи аъзолар (депутатлар бундан мустасно) Компенсация комиссиясининг ишида иштирок эта олмайдиган ҳолатларда (вафот этганда, бошқа ишга ўтганда, пенсияга чиққанда ва ҳоказо) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси, ҳудудий молия органи, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ҳудудий бўлинмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоят ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан янги номзодлар тўғрисидаги маълумотлар беш иш куни мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига тақдим этилиши лозим.
13. Компенсация комиссияси фаолиятига умумий раҳбарлик Компенсация комиссияси раиси томонидан амалга оширилади.
14. Компенсация комиссияси раиси:
Компенсация комиссияси мажлисида раислик қилади, Компенсация комиссияси аъзоларини мажлисга таклиф этилган шахслар ҳақида хабардор қилади, масалалар муҳокамасини ташкил қилади (маъруза қилиш учун сўз беради, мажлис регламентига риоя этилишини таъминлайди, муҳокама этилаётган масалалар бўйича таклифларни овозга қўяди, овоз бериш натижаларини эълон қилади), масалалар, маълумотномалар, аризалар ва таклифларни эълон қилади;
Компенсация комиссияси фаолиятини ташкил этади, унинг тавсиявий тусга эга қарорлари юзасидан умумий назоратни олиб боради;
Компенсация комиссиясига кўриб чиқиш учун киритиладиган масалаларни муҳокама этиш ва ҳал қилиш учун зарур шароитлар яратади;
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ёки Тошкент шаҳар Кенгашларига Компенсация комиссияси мажлисларида қабул қилинган қарорлар ва уларнинг амалга оширилиши, шунингдек, Компенсация комиссияси фаолияти бўйича умумлаштирилган ҳисоботни, қоида тариқасида, ҳар чоракда тақдим этади.
Компенсация комиссияси раиси ўз вазифаларини вақтинча бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифалари Компенсация комиссияси қарорига мувофиқ Компенсация комиссиясининг таркибига кирувчи депутатлардан бирига вақтинча юклатилиши мумкин.
15. Компенсация комиссияси аъзолари Компенсация комиссияси мажлисларида шахсан иштирок этиш ва мажлис кун тартибига киритилган масалаларни муҳокама этиш ҳуқуқига эга.
Комиссия аъзосининг комиссия мажлисида иштирок этиш имконияти бўлмаган тақдирда, бу ҳақда у комиссия раисига комиссия мажлиси ўтказилишидан камида уч иш куни олдин хабар қилиши шарт.
Компенсация комиссияси аъзолари ўз ваколатларини бошқа шахсларга бериши тақиқланади.
16. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тузилмасидаги ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш ишларини мувофиқлаштириш шуъбаларининг раҳбарлари тегишли Компенсация комиссияси котибининг вазифаларини бажаради.
17. Компенсация комиссияси котиби:
компенсацияга оид масалалар мавжуд бўлганда, мажлис кун тартиби лойиҳаси ва унинг иштирокчилари рўйхатини шакллантиради, комиссиянинг навбатдаги мажлиси санаси ва вақти бўйича таклиф киритади ва Компенсация комиссияси раиси билан келишади;
Компенсация комиссияси мажлислари учун зарур ҳужжатларни тайёрлайди ва Компенсация комиссияси аъзоларига тақдим этади;
кўриб чиқиладиган ҳужжатлар Компенсация комиссиясига келиб тушганда уларнинг нусхаларини Компенсация комиссияси аъзоларига, шунингдек, мажлис иштирокчиларига мажлис бошланишидан уч иш куни олдин тақдим этилишини таъминлайди;
Компенсация комиссияси мажлиси баённомасини юритади;
«Кадастр ва рўйхатдан ўтказишнинг интеграциялашган ахборот тизими»га интеграция қилинган махсус ахборот тизимида ўзи учун очилган шахсий кабинет орқали компенсация ўз вақтида тўлиқ ҳажмда берилишининг мунтазам мониторингини амалга оширади;
ҳуқуқ эгаси томонидан компенсация берилиши билан боғлиқ низо юзасидан Компенсация комиссияси раисига берилган мурожаатларни рўйхатга олади ва Комиссия раисига киритади;
Компенсация комиссияси раисининг қонуний кўрсатма ва топшириқларини бажаради.
18. Компенсация комиссиясининг ваколат муддати тугагандан кейин унинг янги таркиби мазкур Регламентнинг 8 — 11-бандларида белгиланган тартибда шакллантирилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қарорлари билан тасдиқланади.
3-боб. Компенсация комиссиясининг ваколатлари
19. Компенсация комиссияси компенсациялар ўз вақтида тўлиқ ҳажмда берилиши устидан мунтазам мониторинг ва берилган компенсацияларнинг ҳисоби юритилишини таъминлайди.
20. Компенсация комиссияси томонидан компенсациялар ўз вақтида тўлиқ ҳажмда берилиши мониторинги ва берилган компенсацияларнинг ҳисобини юритиш «Кадастр ва рўйхатдан ўтказишнинг интеграциялашган ахборот тизими»га интеграция қилинган махсус ахборот тизими орқали амалга оширилади.
21. Ҳуқуқ эгасига компенсация берилиши билан боғлиқ низолар дастлаб судга қадар музокаралар ўтказиш йўли билан кўриб чиқилади. Ҳуқуқ эгасига компенсация берилиши билан боғлиқ низо юзасидан ариза Компенсация комиссияси аризани олган кундан эътиборан Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунида белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши керак.
22. Компенсациянинг ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда берилмаганлиги ҳолати аниқланган тақдирда Компенсация комиссияси ўз мажлисида мониторинг натижаларини кўриб чиқиб, компенсация юзасидан низо келиб чиқишининг олдини олиш бўйича тавсиявий тусга эга бўлган қарор қабул қилади ҳамда уни компенсациянинг ўз вақтида ва тўлиқ берилмаганлигига йўл қўйган ташаббускорга юборади.
23. Компенсация комиссияси компенсация ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда берилмаганлиги ҳолати аниқланганлиги тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ахборот киритади.
Мазкур ахборот Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари сессияларида кўриб чиқилади ва олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиш ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан қарор қабул қилинмаслиги учун асос бўлади.
4-боб. Компенсация комиссияси мажлисларини ўтказиш ва қарорлар қабул қилиш тартиби
24. Компенсация комиссияси мажлислари, қоида тариқасида, ҳуқуқ эгасининг аризаси Компенсация комиссияси томонидан кўриб чиқилган кундан беш иш куни мобайнида ёки мониторинг натижаларига кўра компенсациянинг ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда берилмаганлиги ҳолати аниқланган тақдирда ўтказилади.
25. Компенсация комиссияси мажлисларида мониторинг ҳамда ҳуқуқ эгалари томонидан берилган аризаларни кўриб чиқиш учун масалаларни тайёрлаш жараёни муаммо моҳиятини чуқур ва ҳар томонлама таҳлил қилиш, аввал қабул қилинган қарорлар ва уларни амалга ошириш чораларининг самарадорлигини баҳолаш, камчиликларни, уларнинг юзага келишига сабаб бўлган шароитлар ва сабабларни аниқлашни ўз ичига олиши лозим.
26. Компенсация комиссияси котиби томонидан Компенсация комиссияси мажлисларига компенсациялар ўз вақтида тўлиқ ҳажмда берилиши устидан мунтазам мониторинг олиб борилиши ва компенсацияга оид муҳокама этиладиган масалалар юзасидан қуйидагилар тайёрланади:
Компенсация комиссияси мажлисининг кун тартиби;
келиб тушган аризанинг мазмуни бўйича маълумот;
компенсациялар ўз вақтида тўлиқ ҳажмда берилиши ва унинг ҳисоби юритилиши бўйича маълумот;
аввал қабул қилинган қарорлар ва уларни амалга ошириш чораларининг самарадорлиги, йўл қўйилган камчиликлар, уларнинг юзага келишига сабаб бўлган шароитлар ва сабаблар бўйича таҳлилий маълумот.
27. Компенсация комиссиясининг мажлислари ташаббускорларнинг вакиллари ва ҳуқуқ эгалари (уларнинг вакиллари), шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида очиқ ўтказилади.
28. Компенсация комиссияси мажлисларида видеоконференцалоқа, овозни ёзиш ва стенограмма юритиш, видео ва фотосуратга олиш имконияти яратилади.
29. Компенсация комиссияси мажлиси унинг кун тартибини белгилаш ҳамда тасдиқлашдан бошланади.
30. Мажлис бошида Компенсация комиссияси томонидан кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар бўйича Компенсация комиссияси раиси томонидан ахборот берилади.
31. Мажлис иштирокчилари баҳс-мунозараларда сўзга чиқиб, муҳокама этилаётган масала бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириши мумкин.
32. Муҳокама этилган масалалар бўйича Компенсация комиссиясининг қарори қабул қилинади.
33. Компенсация комиссиясининг қарорлари унинг мажлисларида овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган Компенсация комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этганда овоз бериш йўли билан қабул қилинади.
34. Компенсация комиссиясининг тавсиявий тусга эга бўлган қарорлари Компенсация комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланади ва Компенсация комиссиясининг раиси томонидан тасдиқланади.
35. Компенсациянинг ўз вақтида ва тўлиқ берилмаганлигига йўл қўйган ташаббускорга тақдим этиладиган Компенсация комиссиясининг қарори ўз ичига кўриб чиқиладиган масала моҳиятининг қисқача баёнини, ушбу йўналишдаги ишларда ташаббускор томонидан йўл қўйилган камчиликлар, уларнинг сабаблари ва камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсияларни ўз ичига олиши лозим.
36. Компенсация комиссиясининг котиби тасдиқланган қарорни Компенсация комиссиясининг аъзолари, мажлис иштирокчиларига ва ташаббускорларга қарордан кўчирмани тақдим этади.
37. Компенсация комиссиясининг қароридан норози бўлган тараф қонунчиликда белгиланган тартибда судга мурожаат қилиши мумкин.
38. Компенсация комиссияси мажлиси якуни бўйича баённома тайёрланади. Баённомада муҳокама натижалари акс этади. Баённомада унинг тартиб рақами, мажлис ўтказилган сана ва жой, Компенсация комиссиясига раислик қилувчи ва унда иштирок этган аъзолар, ташаббускор, ҳуқуқ эгалари ва бошқа иштирокчилар аниқ кўрсатилади.
39. Мажлис баённомасини расмийлаштириш Компенсация комиссиясининг котибига юкланади.
40. Мажлис баённомаси мажлис иштирокчилари томонидан имзоланади ҳамда Компенсация комиссияси раиси томонидан тасдиқланади.
41. Баённомадан кўчирма Компенсация комиссияси котибининг имзоси билан тасдиқланади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
42. Компенсация комиссияси раиси ва аъзолари ўз фаолиятида Компенсация комиссиясининг регламенти талабларига қатъий риоя этишлари шарт.
43. Компенсация комиссияси регламенти, унга ўзгартиришлар ва қўшимчалар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорлари билан тасдиқланади.

Download 48.23 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling