317-модда. Меҳнат шартномаси тарафларининг моддий жавобгарлигини аниқлаштириш
Меҳнат шартномаси ёки унга ёзма шаклда тузиладиган қўшимча келишув, шунингдек жамоа шартномаси меҳнат шартномаси тарафларининг моддий жавобгарлигини аниқлаштириши мумкин. Бунда иш берувчининг ходим олдидаги шартномавий жавобгарлиги ушбу Кодексда назарда тутилганидан кам бўлмаслиги, ходимнинг иш берувчи олдидаги жавобгарлиги эса ушбу Кодексда назарда тутилганидан юқори бўлмаслиги керак.
318-модда. Меҳнат шартномаси тарафининг моддий жавобгарлиги юзага келиши шартлари
Меҳнат шартномаси тарафининг моддий жавобгарлиги, агар ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, меҳнат шартномаси тарафининг айбли ғайриқонуний қилмиши (ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги) натижасида ушбу шартноманинг бошқа тарафига етказилган зарар учун ҳамда айбли ғайриқонуний қилмиш ва етказилган зарар ўртасидаги сабаб-оқибат алоқаси мавжудлиги учун юзага келади.
Меҳнат шартномаси тарафларидан ҳар бири ўзига етказилган моддий зиённинг миқдорини исботлаши шарт.
2-§. Иш берувчининг ходимга етказилган зиён учун моддий жавобгарлиги
319-модда. Ходимга ўрни қопланиши лозим бўлган зиён
Иш берувчи қуйидаги ҳолларда ходимга етказилган зиённинг ўрнини қоплаши шарт:
ходим меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум қилинганда;
ходимнинг ҳаёти ёки соғлиғига зиён етказилганда;
ходимга иш ҳақи тўлаш ва унга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловлар кечиктирилганда;
ходимнинг мол-мулкига зиён етказилганда.
Агар иш берувчининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан ходимга жисмоний ёки маънавий азоб етказилган бўлса, ходимга етказилган маънавий зиён компенсация қилиниши лозим.
320-модда. Иш берувчининг ходимни меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум қилганлиги натижасида унга етказилган зиённинг ўрнини қоплаш мажбурияти
Иш берувчи ходимни меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этишнинг барча ҳолларида у олмаган иш ҳақининг ўрнини унга қоплаши шарт. Агар иш ҳақи қуйидагилар натижасида олинмаган бўлса, шундай мажбурият юзага келади:
ишга қабул қилиш ғайриқонуний равишда рад этилганлиги;
ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилганлиги;
ходим ишдан ғайриқонуний равишда четлаштирилганлиги;
ходим билан меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинганлиги;
ходимга меҳнат дафтарчаси ёхуд электрон меҳнат дафтарчаси кўчирмаси берилиши иш берувчи томонидан кечиктирилганлиги;
меҳнат низоларини кўриб чиқиш бўйича органнинг ходимни аввалги ишига тиклаш тўғрисидаги қарорини ўз вақтида бажармаганлиги;
ходимнинг бошқа ишга киришига тўсқинлик қиладиган, унинг шаънига, қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотлар ҳар қандай усул билан тарқатилганлиги;
қонунлар ҳамда жамоа келишувларида ва (ёки) жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳоллар.
Do'stlaringiz bilan baham: |