1-Mavzu: Hozirgi zamon tibbiyot fanida epidemiologiya va parazitologiyaning tutgan o’rni. Reja
Download 428.21 Kb.
|
1 mavzu
1-Mavzu: Hozirgi zamon tibbiyot fanida epidemiologiya va parazitologiyaning tutgan o’rni.Reja:1 . Эпидемиологиянинг нимани ўргатади? 2. Эпидемиологиянинг қисқача тарихи Эпидемиологиянинг таърифи ва қисқача тарихи Эпидемиология – кишилар ўртасида ҳар қандай патрологик ҳолатлар(касалликлар) пайдо бўлиш ва тарқалиш қонуниятларини ўрганадиган ва уларга қарши курашиш, ҳамда упарнинг олдини олиш чора-тадбирларини ишлаб чиқадиган фан.“Эпидемиология” термини юнон сўзлари –epi(устида, орасида) – demos(халқ) –logos(фан)дан олинган бўлиб, халқ орасида тарқалган, яъни у билан нима бўлаётганини ўрганадиган фан тушунчасини англатади. Гиппократ эпидемиология фанинг асосчиси ҳисобланади. Гиппократнинг “Эпидемиялар тўғрисида еттита китоб”, “Ҳаво, сувлар ва жойлар” асарлари ва бошқалар бизнинг кунларимизгача етиб келган. В.А.Башенин умумий эпидемиология бўйича ўз дарслигида: “Деярли 2000 йил мобайнида эпидемиологияга доир Гиппократ қарашларига қараганда бундан ўтадиган ноёб илмий қарашлар илгари сурилмаган”, - деб ёзган эди. Гиппократ замонларидан бошлаб, яъни тахминан 2400 йил муқаддам “Эпидемия” сўзи остида кишилар орасида тарқалган инфекцион ва ноинфекцион касалликларни қамраб олиши мумкин бўлган оммавий касалликлар тушунилган. Албатта, қадимги даврда ва ўрта асрларда эпидемиялар деганда асосан юқумли касалликларнинг тарқалиши тушинилган, бироқ касалланишнинг юқиши нима ва у организмга қандай киради деган тасаввурлар ҳар хил бўлган. Қадим замонлардаёқ эпидемиялар ривожланиши ҳақида иккита фараз пайдо бўлган. Гиппократ илгари сурган биринчи фаразга кўра эпидемиялар ривожланишига кишилар организмига коинотда ёки тупроқда, хусусан ботқоқли жойларда бўлган касаллик чакирувчи қандайдир моддалар – “миазма”ларнинг кириши сабабчи деган тахмин бўлган. Бу тасаввурга биноан кўп сонли кишиларнинг миазмалар билан нафас олиши оммавий касалланиш вужудга келишига олиб келади. Бу нуқтаи назар бошқа беморлардан юқиш имкониятини пайқашга муваффақ бўлинмаган кузатишларга асосланган. Ботқоқлик жойлар тўғрисида эслаш ҳам тасодифан айтилмаган бўлса керак: гап безгак ўчоқларидаги кузатувлар тўғрисида бораётган бўлиши мумкин, бунда беморнинг юқумлилигини пайқаш мумкин эмас – у атрофдагилар учун бевосита хавф туғдираётгани йўқ (бемор гўё “контагиоз эмас”). Иккинчи фараз эпидемиялар ривожланишига кишилар орасида касаллик қўзғатувчи тирик мавжудотларнинг тарқалиши сабабчи бўлади, деб тахмин қилади. Бу фикрни Юнонистоннинг энг буюк файласуфи Аристотель (эрамиздан аввалги IV-аср) айтган, кейинчалик у кўҳна Римда ўз тарафдорларини топган. Марк Теренций Варрон (бизнинг эрамизгача 116-127 йй.) бу мавжудотларни “Contagium vivum”- деб атаган. Сирасини айтганда, тарихий тажрибанинг кўрсатишича, бу оламшумул фараз эпидемиология Фани ривожланишининг бутун йўлини аниқлаб берди, ўша вақтларда тоун, чечак ва баъзи бир кенг тарқалган юқумли касалликлар, беморларнинг очиқдан-очиқ юқумлилиги билан боғлиқ бўлган. Уйғониш даврида контагиозлик фараз италян врачи Фракасторо (1478-1553 йй.) асарларида ўз ривожини топди. У Siphilides Libris III китобини нашр қилди (касалликнинг номи – захм шундан олинган), унда беморнинг бошқалар учун юқумлилиги ҳақидаги қоидани таърифлаб берди. Венерик касалликларда бемор билан яқинликни (мулокотни) илғамай қолиш қийинмаслигини билган ҳолда китобда контагиозлик фаразнинг фойдасига инкор қилиб бўлмайдиган далиллар келтирилган эди. Бу эпидемиялар моҳиятини тушунишнинг энг муҳим даври бўлган эди. Бу фаразнинг изчил тарафдори Д.С.Самойлович (1724- 1810 й.) эди. Д.С.Самойловичнинг тоунга доир асарлари Оврупанинг ҳамма олимлари томонидан эътироф этилган ва у ҳар хил хорижий академияларнинг аъзоси этиб сайланган. Д.С.Самойлович жаҳонда биринчи бўлиб тахмин қилинган тоун қўзғатувчисини аниқлаш учун микроскопдан фойдаланишга уриниб кўрган. Афсуски, ўша вақтда мавжуд микроскоп ва микроскопия қилиш техникасининг ночорлиги ижобий натижани қўлга киритишга имкон бермаган. Шубҳасиз, контагиозлик ва миазматик фараз тарафдорларининг доимий равишда бахслашишлари фаннинг кейинги ривожланишига негиз бўлиб хизмат қилди. Эпидемиянинг ички моҳиятини англашда XIX- асрнинг иккинчи ярмидаги улкан микробиологик ихтиролар ва ютуқлар ҳал қилувчи босқич бўлиб, бунда микробларнинг кашф қилиниши катта воқеа бўлди. А.Левенгук (1692-1723), Л.Пастер (1822-1895), Р.Кох (1843-1910) ва уларнинг кўп сонли шогирларининг тадқиқотлари контагиозлик фараз тантанасини таъминлабгина қолмай, балки юқумли касалликларга қарши курашда кўпгина амалий чораларни ишлаб чиқишга (касалликларнинг замонавий ташҳисоти, дезинфекциядан фойдаланиш, амалиётга вакциналар ва зардоблар ёрдамида махсус профилактикани ишлаб чиқиш, жорий этиш ва ҳ.к.) олиб келди. Эпидемияларни ўрганишга ва уларга қарши курашишга собиқ иттифоқ ва бизнинг ватанимиз тиббиёт ходимлари жиддий ҳисса қўшдилар. Бу эса мамлакат ривожланишининг тарихий хусусиятлари билан боғлиқ бўлган: тез- тез бўлиб турадиган урушлар, аҳолининг кўп қисмининг паст иқтисодий даражаси ва ҳатто, қашшоқлиги – кўпгина юқумли касалликларнинг (паразитар тифлар, чечак, ичак инфекциялари, шу жумладан вабо, “болалар инфекциялари” деган хасталиклар, трахома ва ҳ.к.) муқаррар пайдо бўлишига ва тарқалишига олиб келди. Чоризм даврида шаклланган земство медицинаси, ўз бурчларини адо қилган, унинг машҳур ва ҳозирги вақтда унутилган кўпчилик арбоблари, ҳатто ўзининг шахсий ҳаёти учун хавфли вазиятларда ҳам эпидемияларга қарши курашда куч-ғайратларини аямасдан сафарбар қилганлар. Биринчи жаҳон уруши, ундан кейин содир бўлган иккита инқилоб, фуқаролар уруши, иқтисодий вайронагарчилик ва очлик турли эпидемияларнинг мисли кўрилмаган даражада тарқалишига олиб келди. Чунончи, тўлиқ бўлмаган маълумотларга биноан фақат тошмали терлама билан касалланиш кўрсаткичи (инцидентлик) ҳар 100.000 аҳолига 1919 йилда 2743, 1920 йилда 2550 кишини ташкил этган. Айни шундай шароитларда 1920 йилда Одессада (Новороссийский университети) жаҳонда биринчи бўлиб эпидемиология кафедраси очилган эди. Унинг ташкилотчиси – атоқли олим ва фаол амалиётчи арбоб Д.К.Заболотный (1866-1929) урушдан анча муқаддам тоун ўчоқларида бир неча марталаб, ғоят муваффақиятли эпидемиологик тадқиқотларни амалга оширди. Бу касалликнинг табиий ўчоқлари борлигини кашф қилиш унинг қимматли хизмати ҳисобланади. Д.К.Заболотный эпидемиологиядан биринчи дарсликни яратган, собиқ иттифоқ эпидемиологларининг мактабини ташкил қилган, унинг шогирдлари Л.В.Громашевский, М.Н.Соловьев ва бошқалар кейинчалик эпидемиологиянинг ривожланишига улкан ҳисса қўшганлар. Д.К.Заболотный ҳақли равишда совет эпидемиологиясининг асосчиси ҳисобланади. Ўша даврда мамлакатда шаклланиб бўлган эпидемиологик вазият илмий тадқиқотлар учун ҳам, амалий фаолият учун ҳам фундаментал назарий пойдеворга муҳтож эди. Унинг асосий ташкилотчиларидан бири Л.В.Громашевский (1887-1980) бўлиб, у эпидемик жараён тўғрисида, хусусан юқиш механизми тўғрисидаги таълимотни таърифлаб берган. Кейинроқ фан ва амалиётнинг ривожланишига кўпгина олимлар ва илмий ходимлар ўзларининг катта ҳиссаларини қўшдилар. Е.Н.Павловский (1884-1966) қатор юқумли касалликларнинг табиий ўчоқлилиги назариясини яратди, бу назарияга кўра табиатнинг баъзи жойларида касаллик қўзғатувчисининг турғун сақланиши таъминланади. В.А.Башенин (1882-1977) сариқликсиз ўтадиган лептоспироз кашфиётининг муаллифларидан бири, эпидемиологияни фақат юқумли касалликларни эмас, балки барча касалликларни ўрганадиган фан сифатида баҳолаган. А.А.Смородинцев Япон энцефалити эпидемик ўчоқларини кашф этган, ўчоқларда буйрак синдроми бўлган геморрагик иситманинг этиологияси, клиникаси ва эпидемиологиясини ўрганишга бошчилик қилган, касалликни вируслар чақиришини аниқлаган, сичқонсимон кемирувчиларнинг инфекция манбалари сифатидаги ролини исботлаган. Бундан ташқари, у грипп, каналардан юқадиган ва япон энцефалитлари, қизамиқ, паротит, қизилча касалликларининг махсус профилактикаси учун вакциналар яратган. В.М.Жданов юқумли касалликлар эволюциясини тушунишнинг изчил тизимини таърифлаб берган, вирусли инфекциялар эпидемиологиясида унинг ютуқлари талайгина. В.Д.Беляков (1921-1997) эпидемик жараённинг ўз- ўзини бошқариш назариясини яратган. Молекуляр эпидемиологияни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган. Собиқ Совет иттифоқида эпидемияларга қарши хизмат (ҳудудий санитария-эпидемиология станциялари, сўнгра эса номи шунга ўхшаш, бироқ функциялари худди шундай бир қатор муассасалар) барпо этилиб, улар аҳволни яхши томонга ўзгартиришнинг уддасидан чиқди. Улуғ Ватан урушидан кейин кўпгина юқумли касалликлар билан касалланиш даражаси (инцидентлиги) сезиларли даражада пасайтирилди, чинчечак тугатилди тошмали терламани батамом тугатиш тўғрисида мунозара пайдо бўлди. Р.Х.Яфаев (1930-2008) Санкт-Петербург И. И. Мечников номидаги тиббиёт академиясида эпидемиология кафедрасига узоқ йиллар рахбарлик қилган. Сил, сальмонеллёз. Стрептококкоз касалликлари, госпитал инфекциялар эпидемиологияси ва профилактикасини чуқур ўрганган. Эпидемиологиядан 2та дарсликнинг муаллифи. Б.Л.Черкасский (1934-2007) зооноз инфекциялар эпидемиологиясини чуқур ўрганди, ушбу касалликлар эпидемиологияси ва профилактикасига бағишланган кўпгина дарсликлар, монографиялар ва қўлланмалар яратди. Юқумли касалликлар эпидемиологиясида тизимли ёндашув концепциясининг муаллифидир. Ўзбекистонда мустақил эпидемиология кафедраси 1935-йилда Тошкент Давлат тиббиёт институти Б. таркибида ташкил топган. 1930-1935 йиллари эпидемиология фани микробиология ва юқумли касалликлар кафедралари қошида эпидемиология курси сифатида ўқитилган. Эпидемиология кафедрасига профессор А.В. Георгиевский(1935-1952), доцент Л.И. Мацина(1952-1954), профессор М.Н. Сошникова(1954-1972), профессор М.Қ. Усмонов(1972-1993), профессор О.М. Миртазаев(1993-2010), доцент С.Э. Умиров(2011-2012), доцент Г.С. Матназарова(2013-ҳозиргача) раҳбарлик қилган. Ўзбекистонлик олимлардан И.Қ.Мусабоев (1910-2003), М.Н.Сошникова (1908-2000), Қ.С. Зоиров(1913-1984), З.К.Каримов(1921-1975), Б.Ҳ. Магзумов(1917-1999), М.К.Шарипов (1927-2006), М.В.Невский (1924-2004), С.С.Махсумов (1929-2002), Г.Н. Желтяков(1928-2008), Б. И. Ниязматов(1938-2011), Х.А. Юнусова(1916-2005), О. С. Махмудов(1927- 2012), К.М. Мирзаев(1934-2013), Ш.Х.Ходжаев, Т.О. Даминов, М. К. Усмонов, С.С. Сайидалиев, М.Қ. Ибодова, Н.С. Отабеков, Б. Ж. Маткаримов, Н.И. Ходжаев, А.С. Неъматов, И.Х. Маматқулов, Х.М. Мустафаев, А.Х. Зокирхўжаев, Б.Х. Вафоқулов, Л.Ж. Маликова, Э.И. Мусабоев, Л.Н. Тўйчиев, И.А. Қосимовлар Ўзбекистон учун долзарб бўлган юқумли касалликлар эпидемиологияси ва профилактикасини ўрганишда катта ҳисса қўшдилар. И.Қ. Мусабоев (1910-2003) Ўзбекистон Фанлар академияси ва Россия тиббиёт Фанлар академиясининг академиги, Ўзбекистонда кўпгина юқумли касалликларни камайтиришда, вабо касаллигини батамом бартараф этишда катта ҳисса қўшган.Вирусли гепатитлар, Ку- иситмаси, геморрагик иситмалар, грипп касалликларининг эпидемиологиясини чуқур ўрганган ва ушбу муаммога бағишланган дарсликлар, монографиялар ва кўплаб илмий мақолалар чоп этган. М.Н. Сошникова (1908-2000) Тошкент тиббиёт институти эпидемиология кафедрасини узоқ йиллар (1954-1972) бошқарган. Безгак, тошмали тиф, паппатачи иситмаси, ичбуруғ касалликларининг эпидемиологияси ва профилактикасига бағишланган илмий-тадқиқотлар М.К. Шарипов олиб борган ва шу соҳасида кўпгина шогирдлар тайёрлаган. М.К. Шарипов (1927-2006) Ўзбекистон Республикаси Бош Давлат санитария врачи лавозимида (1979-1990) фаолият кўрсатиб ичбуруғ, юқумли ошқозон ичак инфекциялари, вирусли гепатитлар эпидемиологиясини батафсил ўрганган. Б.И. Ниязматов (1938-2011) Ташкент врачлар малакасини ошириш институти эпидемиология кафедраси мудири, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг муовини (1995-2010) вазифаларида ишлаб, республикада профилактик табобатни ривожлантиришга, санитария-эпидемиология хизматининг моддий-техника ҳолатини ва профилактик эмлаш ишларини яхшилашга катта ҳисса қўшган. Дифтерия, қизамиқ, полиомиелит касалликларининг эпидемиологияси ва профилактикаси билан шуғулланган. Т.О. Даминов (1942) Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, Тошкент тиббиёт институтини ва ушбу институт болалар юқумли касалликлари кафедрасини узоқ йиллар бошқарган. Вирусли гепатитлар, кўк йўтал, қизамиқ, ОИТС каби юқумли касалликларнинг эпидемиологиясини, клиникасини ва профилакти- касини чуқур ўрганган. Республикамиз учун юқумли касалликлар профилактикаси билан шуғулланувчи кўплаб олимларни тайёрлашда иштирок этган , ушбу муаммога бағишланган талайгина дарсликлар ва монографиялар чоп этган. Ш.Х. Хўжаев (1924) вирусология илмий-текшириш институти директори, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти болалар юқумли касалликлари кафедраси мудири лавозимида узоқ йиллар фаолият кўрсатиб, менингококк инфекцияси, вабо, вирусли гепатитлар, арбовирусли касалликлар эпидемиологиясини ва профилактикасини чуқур ўрганган, ушбу мавзуларга бағишланган кўпгина дарсликлар ва монографиялар муаллифи. М.Қ. Усмонов (1935) Ўзбекистон учун долзарб бўлган ич Ш.Х. Хўжаев терлама, сальмонеллёз, менингококк инфекцияларининг эпидемиологияси ва профилактикасини ўрганган. Биринчи маротаба эпидемиологиядан дарслик китобини ўзбек тилида тайёрлаган ва чоп этган (1995). Ўзбекистонлик эпидемиолог олимларнинг илмий-тадқиқот ишлари ва уларнинг амалиётга берган тавсиялари натижасида ўзбекистонда кўпгина юқумли касалликлар билан касалланиш кўрсаткичи кескин камайди, айримлари (чин чечак, ришта, полиомиелит ва б.қ.) аҳоли орасида батамом тугатилди. М.Қ. Усмонов Кўпгина юқумли касалликлар билан касалланиш камайганига қарамай, ҳозирги вақтда Ўзбекистонда муаммолар етарли, ўткир ичак инфекциялари, грипп ва ЎРК, вирусли гепатитлар, айрим табиий ўчоқли юқумли касалликлар, ОИВ-инфекцияси билан касалланишнинг нисбатан юқорилиги айтиб ўтилган муаммолар қаторига киради. Эпидемияга қарши хизмат фаолиятидаги устувор йўналишлар юзага келган эпидемиологик вазиятлар билан белгилансада, мазкур вақтда вужудга келган шароитдан қатъий назар, бу хизмат барча юқумли ва соматик касалликларнинг профилактикаси ва уларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади. Шу тариқа илгарилари эпидемиялар тўғрисида шаклланиб бўлган фан сифатидаги эпидемиология, яъни юқумли касалликларнинг оммавий тарқалишига доир фан аста-секин эпидемик жараён тўғрисидаги фанга айланди, яъни у фақат эпидемияларни эмас, балки битта-иккита ёки кам сонли юқумли касалликларнинг пайдо бўлиш ва тарқалиш сабабларини ҳам аниқлай бошлади. Агар илгариги даврда асосий эътибор ўткир юқумли касалликлар профилактикасига қаратилган бўлса, сўнгги йилларда у сурункали юқумли касалликларга (сурункали вирусли гепатитлар, сил, ОИВ-инфекциялар, ва ҳ. к.) йўналтирилди, чунки юқорида келтирилган сурункали хасталиклар кишиларнинг соғлигига салбий таъсир этиб, уларнинг азоб-уқубатда ҳаёт кечиришларига сабаб бўлмоқда ва жамиятга катта ижтимоий, иқтисодий зарар келтирмоқда. Шу билан бирга сўнгги ўн йилликлар мобайнида кўпгина тиббиёт фанларини ўрганишда популяцион ёндошув жадал ривожланмоқда (популяция – лотинча populatio, populus – халқ, аҳоли). Популяцион ёндошув кишилар орасида касалликларни (патологик ҳолатларни) ўрганиш маъносини англатади. Айнан эпидемиологик популяцион тадқиқотларни ўтказиш, ионлашган радиация таъсири билан ракнинг муайян шакллари ўртасидаги, кимёвий моддалар таъсири билан хавфли ўсмаларнинг муайян шакллари ўртасидаги, кўплаб кофе истеъмоли билан юрак ишемик касаллигининг ривожланиши, чекиш билан ўпка раки ривожланиши ўртасидаги алоқадорликни аниқлади. Бу ёндошувларнинг бирга жамланиши ноинфекцион эпидемиология деб аталадиган бўлди. “Эпидемиология” терминидан ҳар қандай популяцион тадқиқотларда қиёсий фойдаланишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги кўп сонли баҳслар, бу фандан ҳар қандай тиббий муаммоларни популяция даражасида ҳал қилиш учун фойдаланишнинг зарурлигини англаб етишга олиб келди. Ҳозирги даврга келиб ноинфекцион эпидемиология барча мамлакатларда ривожланиб, тиббиёт фанлари орасида ўз ўрнини ва мавқеини эгалламоқда. Download 428.21 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling