1-мавзу: Молиянинг моҳияти ва функциялари Режа: Молиянинг ижтимоий-иқтисодий моҳияти
Download 332.93 Kb. Pdf ko'rish
|
1 mavzu
3. Такрор ишлаб чиқариш ва молия
Кишилик жамияти озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой ва социал соҳани доимий равишда такрор ишлаб чиқармасдан ҳаёт кечириши (амал қилиши) мумкин эмас. Планетамиз аҳолисининг ўсиши ва унинг урбанизациялашув даражасининг ортиши, мамлакатлар ичидаги ва улар ўртасидаги қарама- қаршиликларнинг кучайиши, илмий-техника тараққиётининг ривожлани ва бошқа бир қанча омиллар билан “ҳаёт кечириш”ни ёки “яшаш”ни такрор ишлаб чиқариш кишилик жамияти мавжудлигининг муҳим шарти бўлиб қолаётир. Халқаро меҳнат тақсимоти юқори технологияли ишлаб чиқаришларнинг нотекис тақсимланишига, энг бой-бадавлат саналган мамлакатларда молиявий капиталнинг концентра-циялашувига (тўпланишига) олиб келмоқда. Энг камбағал мамлакатлар эса хом-ашёни қазиб чиқариш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда. Шундай бўлишига қарамасдан, ҳар қандай шароитда ҳам такрор ишлаб чиқариш жараёнининг мазмуни ўзгармасдан қолаётир. Фақат қўшимча маҳсулотнинг концентрациялашув (тўпланиш) жойи ўзгармоқда, холос. Молиявий, банк ва баҳо механизмлари орқали фойданинг асосий қисми энг ривожланган мамлакатларда “чўкмоқда” ва уларга келгусида ҳам тақсимлашни ўзлари фойдаларига ҳал қилишга имкон бераяпти. Такрор ишлаб чиқариш жараёни ўз ичига қуйидаги босқичларни олади: ишлаб чиқариш; алмашув; тақсимлаш; истеъмол. Такрор ишлаб чиқариш учун бу босқичлар, албатта, мажбурий ёки шарт бўлиб, ҳатто уларнинг бирисиз такрор ишлаб чиқариш жараёни узилади. Унинг ҳар бир босқичларига бир ёки бир неча иқтисодий категориялар хизмат қилади. Категорияларнинг такрор ишлаб чиқариш жараёнида иштирок этиши бевосита ва билвосита шаклларда бўлиши мумкин. Масалан, баҳо категорияси товар категорияси сингари алмашув босқичида марказий ўринни эгаллайди. Бироқ, баҳо категориясининг таъсири, такрор ишлаб чиқаришнинг бу босқичида бошқа категориялар хизмат қилишига қарамасдан, истеъмол босқичида бевосита намоён бўлади. Давлат молиясининг ижтимоий мўлжалланганлигидан (давлатнинг ўз функцияларини бажаришини таъминлайдиган пул фондларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш) келиб чиқиладиган бўлса, тақсимлаш босқичида уларнинг роли нисбатан каттароқ эканлиги яққол кўринади. Такрор ишлаб чиқариш жараёнининг бу босқичида (тақсимлашда) барча ижтимоий манфаатлар ва шунга мувофиқ равишда, жамиятнинг барча қарама-қаршиликлари намоён бўлади. Истеъмолга кетадиган жами ижтимоий маҳсулот (ЖИМ)дан, биринчи навбатда, такрор ишлаб чиқаришнинг олдинги (ўтган) циклида фойдаланилган меҳнат қуроллари ва предметларини тиклаш учун мўлжалланган қисми ажратилади. Бу қисм такрор ишлаб чиқаришнинг янги циклида ҳам унинг шу ҳажмда такрорланишини таъминлайди. Қолган қисм воситалар (маблағлар)нинг эгаси ва ишчилар ўртасида тақсимланади. Тақсимлаш пропорциялари (нисбатлари) асрлар давомида шаклланиб, унда иштирокчиларнинг ҳар бири ўзига тегишли бўлган қисмни ортириш (кўпайтириш) мақсадида бир-бирлари билан доимий қарама-қаршиликда бўладилар. Шундай қилиб, жамиятда янгидан яратилган қиймат биринчи тақсимлаш босқичини ва ундан сўнг эса алмашув ва истеъмол босқичларини босиб ўтади. Такрор ишлаб чиқариш жараёнининг ҳар бир иштирокчиси ўзига тегишли бўлган даромадни қуйидаги икки қисмга бўлади: истеъмол фонди; жамғариш фонди. Лекин бу босқичга қадар тақсимлаш жараёнига давлат аралашиб, солиқлар, қарзлар, суғурта тўловлари (бадаллари) каби иқтисодий инструментлардан фойдаланган ҳолда индивидуал ва жамоа даромадларидан ўзининг ҳиссасини (ўзига тегишли бўлган қисмни) ажратиб олади. Қайд этиш жоизки, даромадлар қанча қисмини олишнинг “остонаси”ни аниқлашда жамият иштирок этади. У жамоатчилик ташкилотлари, партиялар ва шунга ўхшашлар орқали, қонунчилик ва ижроия ҳокимиятини шакллантириш йўли билан давлат фаолиятининг чегарасини аниқлашга ҳаракат қилади. Ўз навбатида, давлат ҳам ўзининг ҳаракат доирасини (соҳасини) кенгайтиришга ҳаракат қилади. Унинг функциялари қанча кенг бўлса, жамият аъзолари даромадларининг шунча катта суммаларига давлат даъвогарлик қилади. Шу муносабат билан истеъмол пропорциялари (нисбатлари) ҳам ўзгаради. Масалан, агар давлат маориф, соғлиқни сақлаш, социал таъминот харажатларининг бир қисмини ўз зиммасига олса, бу нарса ишчи кучининг баҳосида ва демак, меҳнат ҳақининг даражасида ўз аксини топади. Бу ерда ижтимоий истеъмол фондларининг ҳиссаси қанча юқори бўлса, шахсий истеъмол фондларининг ҳиссаси шунча паст бўлиши билан характерланадиган тенденцияни тушуниш жуда муҳимдир. Молия назариясида такрор ишлаб чиқариш жараёнида давлат иштирокининг қиёсий самарадорлиги хусусидаги баҳслар ҳали-ҳамон тўхтаганича йўқ. Ҳар бир давлат учун маълум бир даврда мамлакат аҳолиси (алоҳида шахслар эмас, балки аҳолининг кенг қатлами) қанча бой бўлса, давлатнинг ўзи ҳам шунча бой бўлади, деган тушунчадан келиб чиқиб, аниқ тавсиялар ишлаб чиқмоқ мақсадга мувофиқ. Чунки даромаднинг юқори даражаси юқори истеъмол талабини, соғломлашиб бораётган иқтисодиётни вужудга келтиради. Шунга мос равишда солиққа тортиладиган база (асос) ўсади ва жамғармалар ҳиссаси ошади. Жамғармалар ссуда капиталининг асосини ташкил этиб, ўз навбатида, улар кенгайтирилган такрор ишлаб чиқаришга ва илмий-техника тараққиётига ўз ижобий таъсирини кўрсатади. Ҳукуматлари солиқлар орқали шахсий даромадларни чегаралаб (чеклаб) қўйган мамлакатларда иқтисодиёт ўсиш базасига (асосига) эга эмасдир. Бундай мамлакатлар маълум бир вақт ўтганидан сўнг нисбатан бойроқ бўлган мамлакатларнинг таъсири остида бўлиб қолади. Чунки мамлакат ички манбаларининг қисқариши ташқи қарзга олишлар эвазига қопланади. Ўз навбатида, ташқи қарзларни қайтаришнинг манбаи бўлиб фақат солиқлар ва давлат мулки хизмат қилиши мумкин. Тақсимлаш жараёнига давлат аралашувининг баланслаштирилган чегаралари бузилса, бутун такрор ишлаб чиқариш жараёни бузилади (издан чиқади). Буларнинг барчасини иқтисодиётни таркибий жиҳатдан қайта қуриш ва меҳнат бозорини яратиш деб аташ мумкин. Агар ижтимоий портлашларнинг олдини олиш мақсадида давлат аҳоли камбағал қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча равишда мажбуриятларни ўз зиммасига олса, бу ҳам соғлом такрор ишлаб чиқариш жараёнларининг бузилганлигидан дарак беради. Такрор ишлаб чиқариш жараёнининг тақсимланишини таҳлил қилишни танлаб, капиталнинг реал ҳаракатида фақат моддий ишлаб чиқариш соҳаси билан чегараланиш керак эмас. Бундан ташқари, капиталнинг миллий чегараларни тан олмаслигини ҳам эътироф этмоқ лозим. Чунки бунга фақат биржа ва банк соҳаларининг ўзига хос хусусиятлари эмас, балки трансмиллий компанияларнинг кенг ривожланиши ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Тақсимлаш жараёнида молиянинг роли ва ўрнини кўрсатиш учун ЖИМнинг ўрнига ЯИМдан фойдаланиш мумкин. Чунки ҳар икки кўрсаткичлар ўзларининг афзалликлари ва камчиликларига эга. Масалан, ЯИМ таркибига маҳсулотни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган моддий харажатлар киритилмайди. Бир вақтнинг ўзида эса, ЖИМнинг таркиби ноишлаб чиқариш хизматларисиз бўлиб, уларнинг салмоғи юқори даражада тараққий этган жамиятларда жамият жаражатларининг1/3 қисмини ташкил этади. Бироқ тақсимлашнинг кўпқадамли эканлиги инобатга олинадиган бўлса, ЖИМ кўрсаткичи юқоридаги мақсадлар учун маълум бир афзалликларга эга эканлиги маълум бўлади. Чунки у такрор ишлаб чиқаришнинг муҳим соҳаси бўлган моддий ишлаб чиқариш соҳасини ўзида тўлиқроқ акс эттиради. ЖИМ қуйидаги икки асосий қисмдан иборат: маҳсулот ишлаб чиқаришга сарфланган ишлаб чиқариш воситаларининг қиймати (меҳнат қуроллари ва меҳнат предметлари); миллий даромад (ишчи кучи ва қўшимча маҳсулотнинг қиймати). Ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун давлат субсидияларидан ёки банк кредитидан фойдаланиш керак. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам моддий ишлаб чиқариш соҳасидан четда шаклланади. ЖИМнинг қийматидан сарфланган ишлаб чиқариш воситаларини тиклашни (амортизация ажратмалари, материаллар, хом-ашё, ярим тайёр маҳсулотлар сотиб олиш, ёқилғи электроэнергияни хариб қилиш кўринишларида ва ҳ.к.) тақсимлаш жараёнларига киритиш мумкин эмас. Бу тикланиш такрор ишлаб чиқаришнинг узлуксиз зарурлиги билан белгиланади. Чунки усиз жамиятнинг бўлиши (амал қилиши) мумкин эмас. Лекин шаклан бу ЖИМни тақсимлаш жараёнидир. Агар моддий ишлаб чиқариш соҳасини ягона (алоҳидалашган) тизим сифатида қабул қилинса, у ҳолда кейинги қайта тақсимлаш МДдан фақат солиқларни тўлашга бориб тугар эди. Бироқ тақсимлашнинг реал соҳасида фақат давлат (солиқ тизими орқали) иштирок этибгина қолмасдан, балки хизмат кўрсатиш сфераси, маориф, соҳлиқни сақлаш, банк тизими ва ҳ.к.лар ҳам қатнашади. Давлат ўз даромадларини шакллантириб, улар ҳисобидан, хусусан, бюджет соҳасининг ходимларига иш ҳақи тўлайди. Бюджет соҳасида ишлайдиганлар эса, ўз навбатида, Давлат бюджетининг даромадларини шакллантиришга йўналтирилган солиқларни тўлайдилар. Фуқаролар ўзларининг шахсий даромадлари ҳисобидан турли хизматларнинг ҳақини тўлайдилар, суғурта фондларига ажратмалар (бадаллар) қиладилар, банк кредитидан фойдаланганликлари учун фоизларни қайтарадилар. Корхоналар хизмат кўрсатиб олган даромадлари ҳисобидан ҳам солиқлар тўлайдиларки, улар бюджет даромадларини шакллантиришга йўналтирилади. Тақсимлашнинг таркибига кирувчи барча муносабатлар ҳам молия бўлавермайди. Лекин тақсимлашнинг чегарасидан четда молия мавжуд эмас. ЖИМнинг иккига бўлиниши билан характерланадиган тақсимлашнинг биринчи босқичидан сўнг иккинчи босқич бошланадики, унга мувофиқ МД жамғариш фонди ва истеъмол фондига бўлинади. Жамғариш фонди икки қисмдан иборат бўлиб, унинг бир қисми такрор ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва иккинчи қисми эса резерв фондларини шакллантиришга мўлжаллангандир. Тақсимлашнинг бу босқичида молиянинг иштироки иқтисодиётга давлат қуйилмаларини жойлаштириш (киритиш), давлат резервларини шакллантириш ва суғурта фондларини ташкил қилиш орқали намоён бўлади. Бунда тегишли фондларни шакллантириш босқичи бу босқичдан олдинроқ амалга оширилади. Лекин бу ерда тегишли навбатга риоя қилинмаслиги ҳам мумкин. Чунки барча даромад ва харажатлар йил бошида тасдиқланган бюджет доирасида (чегарасида) амалга оширилади. Барча ривожланган (цивилизацияли)мамлакатларда бюджет қонун кучига эга бўлиб, бу нарса тақсимлаш жараёнининг қонуниятларини ўрганаётган пайтда даромад ва харажатларнинг кетма-кетлигига эътибор бермасликка имкон беради. Кўпчилик ҳолларда амалиётда даромадлардан харажатларнинг олдинроқ амалга оширилиши содир бўлади (даромадлар шакллантирилмасданоқ харажатларни сарфлаш зарурияти вужудга келади). Даромад ва харажатларнинг муддатлари бўйича номувофиқликни олдини олиш учун (ёки шу муаммони ҳал этиш учун) давлат кредити механизмидан фойдаланилади. Жамғариш фонди ва истеъмол фонди ўртасидаги нисбат вақт жиҳатидан ҳам, такрор ишлаб чиқариш жараёнининг алоҳида олинган субъектлари (давлат билан ҳам биргаликда) ўртасида ҳам жуда алоҳидадир. Истеъмолнинг даражасига технология даражаси, коммуникациялар, давлат тузилмаси, партия ва ҳаракатларнинг обўси ва бошқа шу каби кўплаб омиллар ўз таъсирини кўрсатади. Худди шунга ўхшаш равишда жамғариш фонди ва истеъмол фонди ўртасидаги нисбатларнинг тенденциясини аниқлашнинг ҳам иложи йўқ. Истеъмол фондининг етарли юқори даражадасида ноишлаб чиқариш секторида жамғаришнинг ҳиссаси ортади (яъни, шахсий жамғармалар ўсади). Агар МДда истеъмолнинг нисбий ҳиссаси камроқ бўлса, корпоратив жамғармалар ўсади. Чунки яратилган МД янгидан яратилган қийматдан бошқа нарса эмасдир. Бутун такрор ишлаб чиқариш жараёнининг негизида ўзига хос товар бўлган ишчи кучи ётади. Товар сифатида ишчи кучи ўзини такрор ишлаб чиқариш харажатларидан ортиқ бўлган қийматни яратиш хусусиятига эгадир. Бу хусусият ишлаб чиқаришнинг бошқа таркибий қисмларига – меҳнат қуроллари ва меҳнат предметлари – хос эмас. Ўз навбатида, истемол фонди ҳам қуйидаги икки таркибий қисмдан иборат: ижтимоий истеъмол фондлари; шахсий истеъмол фондлари. Алоҳида олинган мамлакатлар бўйича улар ўртасидаги нисбат давлат тузилмасига, анъаналарга ва ҳ.к.ларга боғлиқ. Ҳокимият тепасида коммунистик ёки социалистик партиялар турган мамлакатларда ижтимоий истеъмол фондлари истеъмол фондларининг умумий ҳажмида асосий ўринни эгаллайди. Чунки ижтимоий истеъмол фондлари орқали давлат маориф, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш жараёнларини молиялаштиришни ташкил этади. Ижтимоий истеъмол фондларининг салмоғи бошқа мамлакатларда ҳам нисбатан юқори бўлиб, бу фондлар орқали бошқарув харажатлари, мудофаа, саноат, қишлоқ хўжалиги ва ҳ.к.ларни молиялаштириш қўллаб-қувватланади. Шуни таъкидлаш керакки, ижтимоий истеъмол фондларини шакллантириш ва улардан фойдаланишни молиясиз тасаввур этиб бўлмайди. Бошқа ҳеч қандай иқтисодий категорияларнинг ҳеч бири бу жараёнда бевосита иштирок этмайди. Аммо бу нарсани сўзма-сўз тушуниш керак эмас. Чунки, масалан, бухгалтерия ҳисоби тизими солиқлар ва ажратмаларнинг ўлчамини аниқлашга шароит яратади, баҳолар ва амортизация ажратмалари тизими эса фойда суммасига ўз таъсирини кўрсатади. Бироқ ижтимоий истеъмол фондларини шакллантириш ва улардан фойдаланишнинг бевосита жараёнига фақат молия хизмат қилади. Ижтимоий истеъмол фондларининг асосий қисми Давлат бюджети орқали амалга оширилади. Бу фондларнинг бир қисми социал суғурта ва социал таъминот фондларини шакллантиришга сарфланади. Бозор иқтисодиёти хос бўлган дунёнинг кўпчилик мамлакатларида социал суғурта ва социал таъминот фондларини шакллантиришда ўзининг тўловлари билан ҳам иш берувчилар ва ёлланма меҳнат ходимлари иштирок этадилар. Охирги ҳолда ижтимоий истеъмол фондини шакллантиришга шахсий истеъмол фондининг бир қисми йўналтирилади. Шахсий истеъмол фондининг қолган қисми қуйидаги икки қисмга бўлинади: шахсий жамғарма фондлари; истеъмол фондлари. Айнан шахсий истеъмол фондининг ана шу икки қисми товар механизмининг фаолият кўрсатиши учун тегишли шароитни яратади. Истеъмол фонди ва жамғариш фонди ўртасидаги нисбат ҳамда уларнинг физик ҳажми бозор иқтисодиёти шароитида давлатнинг ривожланиш суръатини белгилаб беради. Агар давлат солиқлар кўринишида бирламчи даромадларнинг катта қисмини олиб қўйса, у шу билан иқтисодиётнинг ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкин. Бу ерда ҳамма нарса бошқарув органи сифатида давлатнинг хусусиятига бориб тақалади – унинг харажатлари ё ортиқча (давлат аппарати харажатларини молиялаштириш тўғрисида гап кетаяпти), ё носамарали (иқтисодиётга қилинадиган харажатлар қисми) ё нооқилона (социал соҳа харажатлари ҳаддан зиёд қиммат бўлиб, ишчи кучининг такрор ишлаб чиқарилишини рағбатлантирмайди) бўлиши мумкин. Агар давлат солиқлар кўринишида МДнинг 30% дан ортиқроғини оладиган бўлса, у ҳолда иқтисодиётни ўстириш ва модернизация қилиш учун ички резервлар етарли даражада бўлмай қолиши мумкин. Албатта, солиқли олиб қўйиш даражаси 30%дан ҳам ортиқ бўлиши мумкин. Бироқ, бундай ҳолларда ишчи кучини такрор ишлаб чиқариш харажатларининг бир қисмини давлат ўз зиммасига олиши керак. Солиқ остонаси юқори бўлган шароитда солиқни тўлашдан бош тортиш тенденцияси кучайиши туфайли солиқларни ундириш харажатлари ҳам ортади. Download 332.93 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling