Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси таркибида ҳудудий бўлинмаларга эга бўлган: солиқ тўловчилар – юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва жисмоний шахсларнинг назорат ҳамда ҳужжат асосидаги текширувини ва молия-хўжалик фаолияти тафтишини амалга оширувчи махсус назорат-тафтиш бўлинмаси, шунингдек давлат солиқ хизмати органларида режим ва ходимлар билан ишлаш бўйича махсус бўлинма тузилади. Давлат солиқ хизмати органлари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Давлат солиқ хизмати органлари тўғрисидаги қонунга, бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига амал қилади. Давлат солиқ хизмати органлари ўз фаолиятини давлат бошқарув органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан мустақил тарзда қонунчиликка мувофиқ амалга оширади. Давлат солиқ хизмати органларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорлари барча солиқ тўловчилар — юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва жисмоний шахслар учун мажбурийдир. Давлат солиқ хизмати органлари юридик шахслар бўлиб, республика бюджети маблағлари ҳисобидан таъминланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган ва ўз номи битилган муҳрга эга бўлади. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси марказий аппарати тузилмаси, унинг ходимлари чекланган сони билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тўғрисидаги Низом, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари, туманлар, шаҳарлар ва шаҳардаги туманлар давлат солиқ инспекцияларининг намунавий тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Давлат солиқ хизмати органларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат: давлат солиқ сиёсатини амалга ошириш ҳамда солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши, солиқларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши устидан назоратни таъминлаш;
Do'stlaringiz bilan baham: |