1. Молия / Бухгалтерия ҳисоби]


Download 94.1 Kb.
Sana11.11.2023
Hajmi94.1 Kb.
#1766470
Bog'liq
5 BHMS Asosiy vositalar




[ОКОЗ:

1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.29.00.00 Бухгалтерия ҳисоби. Молиявий ҳисобот / 07.29.02.00 Асосий воситаларнинг ҳисоби]

[ТСЗ:

1.Молия / Бухгалтерия ҳисоби]

Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (5-сонли БҲМС) «Асосий воситалар»ни тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2004 йил 20 январда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1299]
Вазир М. НУРМУРОДОВ
Тошкент ш.,
2003 йил 9 октябрь,
114-сон
Ўзбекистон Республикаси
Молия вазирлиги томонидан
2003 йил 9 октябрда, 114-сонбилан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Ўзбекистон Республикаси Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти
5-сонли БҲМС
Асосий воситалар
Мазкур Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (БҲМС) «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан ишлаб чиқилган ҳамда Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисобини норматив тартибга солиш тизимининг элементи ҳисобланади.
1-§. Умумий қоидалар
1. Мазкур стандартнинг мақсади мулк, хўжалик юритиш ёки тезкор бошқарув ҳуқуқлари асосида хўжалик юритувчи субъектга (бундан буён матнда корхона деб юритилади) тегишли бўлган асосий воситалар ҳисоби услубиётини аниқлаш ҳисобланади.
2. Асосий воситаларни ҳисобга олишдаги асосий қоидалар асосий воситаларнинг актив сифатида тан олиш пайтини аниқлаш, уларнинг мазкур активларга нисбатан қўлланилиши шарт бўлган баланс қийматини ва амортизация ҳисоблаш усулларини белгилаш, шунингдек асосий воситаларнинг баланс қийматидаги бошқа ўзгаришларни ва уларнинг чиқиб кетишидан молиявий натижаларни аниқлаш ва ҳисобга олиш ҳисобланади.
3. Мазкур стандартда қўлланиладиган атамалар:
а) асосий воситалар — корхона томонидан узоқ муддат давомида хўжалик фаолиятини юритишда маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш жараёнида ёхуд маъмурий ва ижтимоий-маданий вазифаларни амалга ошириш мақсадида фойдаланиш учун тутиб туриладиган моддий активлар;
б) амортизацияланадиган қиймат — кутилаётган (баҳоланган) тугатиш қийматини чегирган ҳолда молиявий ҳисоботларда кўрсатилган активнинг бошланғич (тиклаш) қиймати суммаси. Бошланғич қиймати қўшимча қуриш, қўшимча асбоб-ускуналар билан таъминлаш, реконструкция, модернизация қилиш, техник қайта қуроллантириш ишлари бўйича харажатлар суммасига оширилган асосий воситалар учун амортизацияланадиган қиймат бўлиб, ушбу ишлар тугатилганидан сўнг кутилаётган (баҳоланган) тугатиш қийматини чиқариб ташлаган ҳолда мазкур асосий воситалар эксплуатацияга киритилган пайтда аниқланган уларнинг қолдиқ (баланс) қиймати ҳисобланади;
в) амортизация — фойдали хизмат муддати мобайнида активнинг амортизацияланадиган қийматини асосий воситаларнинг вазифасидан келиб чиққан ҳолда маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархига ёки давр харажатларига тизимли тақсимлаш ва ўтказиш кўринишида эскиришнинг қиймат ифодаси;
г) фойдали хизмат муддати — корхона активдан фойдаланадиган вақт даври ёки корхона ушбу активдан фойдаланишдан олишни мўлжаллаётган маҳсулот (ишлар ва хизматлар) миқдори. Қўшимча қуриш, қўшимча асбоб-ускуналар билан таъминлаш, реконструкция, модернизация қилиш ва техник қайта қуроллантириш бўйича ишлар тугатилганидан сўнг фойдаланишга киритилган асосий воситалар учун фойдали хизмат муддати бўлиб ушбу ишлар тугатилганидан сўнг мазкур асосий воситалар фойдаланишга киритилган пайтдан бошлаб корхона томонидан асосий воситалардан фойдаланиладиган вақт даври ёки корхона ушбу асосий воситалардан фойдаланишдан олишни кутаётган маҳсулот (ишлар, хизматлар) миқдори ҳисобланади;
д) бошланғич қиймат — асосий воситаларни яратиш (қуриш ва қуриб битказиш) ёки харид қилиш бўйича қилинган харажатларнинг қиймати, шу жумладан тўланган ва қопланмайдиган солиқлар (йиғимлар), шунингдек активни ундан мақсадга мувофиқ фойдаланиш учун ишчи ҳолатига келтириш билан бевосита боғлиқ бўлган етказиб бериш ва монтаж қилиш, ўрнатиш, ишга тушириш ва исталган бошқа харажатлар;
е) жорий қиймат — маълум санадаги амал қилаётган бозор нархлари бўйича асосий воситаларнинг қиймати ёки хабардор қилинган, битимни амалга оширишни хоҳловчи, мустақил тарафлар ўртасида битимни амалга оширишда активни сотиб олиш ёки мажбуриятларни бажариш учун етарли бўлган сумма;
ж) қолдиқ (баланс) қиймат — жамланган амортизация суммасини чегирган ҳолда асосий воситаларнинг бошланғич (тиклаш) қиймати;
з) тугатиш қиймати — асосий воситаларнинг чиқиб кетиши бўйича кутилаётган харажатларни чегирган ҳолда кутилаётган фойдали хизмат муддати охирида асосий воситаларни тугатиш чоғида олинадиган активларнинг кутилаётган суммаси.
4. Асосий воситалар таркибига қуйидаги мезонларга бир вақтнинг ўзида жавоб берадиган моддий активлар киритилади:
а) бир йилдан ортиқ хизмат муддати;
б) бир бирлик (тўплам) учун қиймати Ўзбекистон Республикасида (харид пайтида) белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг эллик бараваридан ортиқ бўлган буюмлар.
Корхона раҳбари ҳисобот йилида буюмларни асосий воситалар таркибида ҳисобга олиш учун улар қийматининг энг кам чегарасини белгилаш ҳуқуқига эга.
Хизмат муддати ва қийматидан қатъий назар, қуйидагилар асосий воситалар таркибига киритилмайди:
а) махсус асбоблар ва мосламалар (муайян буюмларни сериялаб ва оммавий ишлаб чиқариш ёки якка тартибдаги буюртмани тайёрлаш учун мўлжалланган мақсадли вазифадаги асбоблар ва мосламалар);
б) махсус ва санитария кийимлари, махсус пойабзал;
в) кўрпа-тўшаклар;
г) канцелярия ашёлари (калькуляторлар, стол жиҳозлари ва ҳоказо);
д) ошхона инвентари, шунингдек ошхона чойшаблари;
е) барпо этиш харажатлари қурилиш-монтаж ишларининг таннархига киритиладиган вақтинчалик (нотитул) иншооатлар, мосламалар ва қурилмалар;
ж) фойдаланиш муддати бир йилдан кам бўлган алмаштириладиган ускуналар;
з) овлаш қуроллари (траллар, ёйма тўрлар, тўрлар, жиҳозлар, мережлар ва ҳоказо).
Олдинги таҳрирга қаранг.
Асосий воситалар таркибида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ корхона мулкига топширилган ер участкалари ҳам ҳисобга олинади.
(4-банднинг ўн тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
Кўп йиллик кўчатларга, ерни тубдан яхшилашга, ижарага олинган асосий воситалар объектларига капитал қўйилмалар ҳар йили бутун ишлар мажмуи якунланган санадан қатъий назар, ҳисобот йилида фойдаланишга қабул қилинган асосий воситаларга тегишли харажатлар суммасида асосий воситалар таркибига киритилади.
5. Асосий воситаларнинг бухгалтерия ҳисоби бирлиги бўлиб инвентарь объекти ҳисобланади. Асосий воситаларнинг инвентарь объекти сифатида барча қурилмалари ва жиҳозларига эга бўлган объект ёки муайян мустақил вазифаларни бажариш учун мўлжалланган алоҳида конструктив асосдаги буюм ёхуд бутун бир яхлитликни ифодаловчи ва муайян ишларни бажариш учун мўлжалланган конструктив жамланган буюмларнинг алоҳида мажмуи тан олинади. Конструктив жамланган буюмларнинг мажмуи — умумий мосламаларга ва жиҳозларга, умумий бошқарувга эга, бир пойдеворда қурилган, натижада мажмуага кирувчи ҳар бир буюм ўз вазифасини мустақил равишда эмас, балки фақатгина мажмуа таркибида бажара оладиган бир ёки турли мақсадларга мўлжалланган битта ёки бир нечта буюмлардир.
Битта асосий воситада турлича фойдали фойдаланиш муддатига эга бир нечта мустақил объектлар мавжуд бўлганда, ҳар бир бундай объект бухгалтерия ҳисобида алоҳида мустақил инвентарь объект сифатида тан олинади.
Икки ёки ундан ортиқ корхона мулки бўлган асосий воситалар ҳар бир корхона томонидан асосий воситалар таркибида унинг умумий мулкдаги улушига мутаносиб тарзда акс эттирилади.
6. Асосий воситалар актив сифатида тан олинади, агар:
а) корхонага келгусида актив билан боғлиқ иқтисодий наф келиб тушишига ишонч бўлса;
б) актив қийматини аниқ баҳолаш мумкин бўлса.
2-§. Асосий воситаларнинг келиб тушиши
7. Мулкка эгалик, хўжалик юритуви ёки тезкор бошқарув ҳуқуқи асосида хўжалик юритувчи субъектга тегишли бўлган асосий воситаларнинг қиймати корхона балансига киритилиши лозим.
8. Асосий воситалар қиймати корхона балансига:
а) капитал қўйилмалар тугаганидан сўнг қурилган объектни қабул қилиш-топшириш;
б) объектни олди-сотди шартномаси бўйича харид қилиш;
в) таъсисчиларнинг устав капиталига ҳиссалари;
г) текинга келиб тушиш (ҳадя шартномаси бўйича);
д) айирбошлаш;
е) товар-моддий захиралар таркибидан ўтказиш;
ж) молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича олиш;
з) қиймати аниқлаб бўлинган асосий воситаларга капитал қўйилмалар;
и) ортиқча (ҳисобга олинмаган) асосий воситаларни аниқлаш;
к) хўжалик жамиятининг таъсисчилари таркибидан чиқаётганда ёки тугатилаётган хўжалик жамиятининг мулки таъсисчилар ўртасида тақсимланаётганда асосий воситаларни олиш;
л) асосий воситаларга мулкка эгалик, хўжалик юритуви ёки тезкор бошқарув ҳуқуқини қўлга киритишга олиб келадиган бошқа операциялар ёки ҳодисалар натижасида киритилади.
9. Асосий воситалар актив сифатида тан олинганда улар бошланғич қиймат бўйича баҳоланади.
3-§. Асосий воситаларни баҳолаш
10. Асосий воситалар бошланғич қиймат бўйича ҳисобга олинади.
11. Асосий воситалар корхона балансига бошланғич қиймати бўйича киритилиши лозим ва у харид қилиш қиймати (етказиб берувчига тўланган сумма) ҳамда асосий воситаларни харид қилиш билан боғлиқ барча харажатларни ўз ичига олади.
Асосий воситаларни харид қилиш билан боғлиқ харажатларга қуйидагилар киради:
рўйхатга олиш йиғимлари, давлат божлари ва асосий воситаларга бўлган ҳуқуқни харид қилиш (олиш) бўйича амалга оширилган бошқа шунга ўхшаш тўловлар;
божхона божлари ва йиғимлари;
асосий воситалар объектларини харид қилиш (барпо этиш) муносабати билан солиқлар ва йиғимлар суммалари (агар улар қопланмаса);
асосий воситалар объектларини харид қилиш (барпо этиш) билан боғлиқ ахборот ва маслаҳат хизматлари учун тўланадиган суммалар;
асосий воситалар объектларини етказиб бериш (барпо қилиш) хатарини суғурталаш бўйича харажатлар;
асосий воситалар объекти воситачилар орқали олинганда уларга тўланадиган мукофотлар;
асосий воситаларни ўрнатиш, монтаж қилиш, созлаш ва ишга тушириш харажатлари;
активдан мақсадга мувофиқ фойдаланиш учун уни ишчи ҳолатга келтириш билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа харажатлар.
Кредитдан фойдаланганлик учун фоизларни тўлашга доир харажатлар қарз капитали ҳисобидан тўлиқ ёки қисман сотиб олинган асосий воситаларнинг бошланғич қийматига киритилмайди.
Харид қилинган асосий воситалар ҳақини тўлаш билан боғлиқ банк хизматлари, шу жумладан аккредитив очиш, хорижий валютани ўтказганлиги ва конвертация қилганлиги учун банкка воситачилик ҳақи тўлаш бўйича харажатлар, шунингдек шартномани тайёрлаш ва рўйхатга олиш харажатлари асосий воситаларнинг бошланғич қийматига киритилмайди, балки улар юзага келган ҳисобот даврида харажатлар сифатида тан олинади.
Агар шартнома шартларида харид қилинган асосий воситалар ҳақини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилган бўлса, унда мазкур асосий воситалар бухгалтерия ҳисобига кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашни ҳисобга олмаган ҳолдаги сотиб олиш қиймати бўйича қабул қилинади. Бунда сотиб олиш қиймати ва тўловнинг умумий суммаси ўртасида юзага келадиган фарқ кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш даври давомида жорий тўловнинг кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш бўйича тўловларнинг умумий суммасидаги солиштирма оғирлигига боғлиқ ҳолда молиявий харажатларга (фоизлар бўйича харажатларга) олиб борилади.
12. Корхонанинг ўзида тайёрланган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати деб мазкур асосий воситаларни барпо этиш (қуриш, қуриб битказиш) бўйича ҳақиқий харажатлар суммаси тан олинади.
Қурилиш даврида қурилиш учун олинган кредитлар бўйича ҳисобланган фоизлар барпо этилган асосий воситаларнинг бошланғич қийматига киритилади.
121. Активдан мақсадга мувофиқ фойдаланиш учун унинг тегишли ишини текшириш жараёнида олинган маҳсулот реализация қилишнинг соф қиймати бўйича кирим қилинади ва асосий воситаларнинг бошланғич қиймати шакллантиришда капитал қўйилмалар суммасидан айрилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
13. Чет эл валютасида харид қилинган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати, уларнинг харид қилинганлигини тасдиқловчи бошланғич ҳисоб ҳужжатларида (товарнинг кузатув ҳужжатлари ёки божхона юк декларациясида) кўрсатилган қийматидан келиб чиқиб, уларни бухгалтерия ҳисобига қабул қилиш санасидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки курси бўйича қайта ҳисоблаб, шунингдек мазкур стандартнинг 11-бандида назарда тутилган тегишли харажатларни ҳисобга олган ҳолда, аниқланади.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2018 йил 22 октябрдаги 134-сонли буйруғи (рўйхат рақами 1299-4, 08.11.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.11.2018 й., 10/18/1299-4/2173-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
14. Корхона устав капиталига улуш ҳисобидан олинган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати деб, агар Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, корхона таъсисчилари (иштирокчилари) томонидан келишилган уларнинг пулдаги баҳоси тан олинади.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
141. Хўжалик жамияти таъсисчилари таркибидан чиққанда ёки тугатилаётган хўжалик жамиятининг мулки таъсисчилар ўртасида тақсимланганда келиб тушган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати бўлиб асосий воситаларнинг қабул қилинган қабул қилиш-топшириш ҳужжатларида мазкур стандартнинг 11-бандида кўзда тутилган харажатларни ҳисобга олган ҳолда кўрсатилган қиймат тан олинади.
15. Корхона томонидан текинга (ҳадя шартномаси бўйича) олинган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати деб мазкур стандартнинг 11-бандида назарда тутилган харажатларни ҳисобга олган ҳолда бухгалтерия ҳисобига қабул қилинган санадаги уларнинг жорий қиймати тан олинади.
16. Тайёр маҳсулот таркибидан асосий воситаларга ўтказилган объектларнинг бошланғич қиймати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича харажатлар таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами, 1999 й., 2-сон, 9-модда) мувофиқ белгиланадиган уларнинг ишлаб чиқариш таннархига тенг бўлади.
17. Товар-моддий захиралар таркибидан (тайёр маҳсулотдан ташқари) асосий воситаларга ўтказилган объектларнинг бошланғич қиймати Ўзбекистон Республикаси Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (4-сон БҲМС) «Товар-моддий захиралар»га (рўйхат рақами 1595, 2006 йил 17 июль) мувофиқ белгиланадиган уларнинг баланс қийматига тенг бўлади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
18. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда айирбошлаш йўли билан олинган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати берилган асосий воситаларнинг қолдиқ қийматига тенг.
(18-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
Асосий воситалар қўшимча тўлов билан айирбошланган ҳолатларда алмаштириш йўли билан олинган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати берилган асосий воситаларнинг айирбошлашда ўтказилган (олинган) пул маблағлари ёки уларнинг эквивалентлари суммасига оширилган (камайтирилган) қолдиқ қийматига тенг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
19. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда мажбуриятларни (тўловни) пул кўринишида бўлмаган маблағлар билан бажариш назарда тутиладиган шартномалар бўйича олинган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати деб корхона томонидан ўтказилган ёки ўтказилиши лозим бўлган қимматликларнинг қиймати тан олинади. Корхона томонидан ўтказилган ёки ўтказилиши лозим бўлган мавжуд бойликларнинг қиймати корхона қиёсий ҳолатларда шунга ўхшаш бойликлар қийматини аниқлайдиган нархдан келиб чиқиб белгиланади.
(19-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
Корхона томонидан ўтказилган ёки ўтказилиши лозим бўлган бойликлар қийматини белгилашнинг имкони бўлмаган тақдирда, мажбуриятларни (тўловни) пул кўринишида бўлмаган маблағлар билан бажариш назарда тутиладиган шартномалар бўйича корхона олган асосий воситаларнинг қиймати қиёсий ҳолатларда шунга ўхшаш асосий воситалар сотиб олинадиган қийматдан келиб чиқиб белгиланади.
20. Мажбуриятлари умумий суммада ифодаланган мустақил объектларга эга асосий воситалар бўйича бошланғич қиймат ушбу суммани алоҳида объектнинг жорий қийматига пропорционал равишда тақсимлаган ҳолда аниқланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
21. Асосий воситаларнинг бухгалтерия ҳисобига қабул қилинган қиймати Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида ва мазкур стандартда белгиланган ҳолатлардан ташқари ҳолларда ўзгартирилмайди.
(21-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
Асосий воситаларнинг бухгалтерия ҳисобига қабул қилинган бошланғич қийматини ўзгартиришга ушбу асосий воситалар қўшимча қуриш, қўшимча асбоб-ускуналар билан таъминлаш, реконструкция, модернизация қилиш, техник қайта қуроллантириш, қисман тугатиш ва уларни қайта баҳолаш ҳолатларида йўл қўйилади.
Қўшимча қуриш, қўшимча асбоб-ускуналар билан таъминлаш, модернизация қилиш ишларига асосий воситаларнинг технологик ёки хизмат мақсадининг ўзгариши, юкламанинг ошиши ва сифатни янада яхшилаш туфайли юзага келган ишлар киритилади.
Реконструкция қилиш ишларига ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, маҳсулот (ишлар, хизматлар) сифатини яхшилаш ва номенклатурасини ўзгартириш мақсадларида ишлаб чиқаришни такомиллаштириш ва унинг техник-иқтисодий кўрсаткичларини ошириш билан боғлиқ бўлган ҳамда асосий воситаларни реконструкция қилиш лойиҳаси бўйича амалга ошириладиган мавжуд асосий воситаларни қайта қуриш киради.
Техник қайта қуроллантиришга илғор техника ва технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқаришни механизациялаш ва автоматлаштириш, маънан ва жисмонан эскирган ускуналарни модернизация қилиш ва уларни янги, унумдорлиги янада юқори бўлганлари билан алмаштириш асосида асосий воситалар ва уларнинг айрим қисмларининг техник-иқтисодий кўрсаткичларини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар киради.
4-§. Асосий воситаларга ўтказиладиган капитал қўйилмалар
22. Асосий воситаларга ўтказиладиган капитал қўйилмалар асосий воситалардан фойдаланишдан келгусидаги иқтисодий наф ошганда уларнинг бошланғич қийматини оширади. Келгусидаги иқтисодий нафни оширмайдиган бошқа барча харажатлар улар амалга оширилган даврда харажатлар сифатида тан олиниши лозим.
23. Асосий воситаларни қўшимча қуриш, қўшимча асбоб-ускуналар билан таъминлаш, реконструкция, модернизация қилиш, техник қайта қуроллантиришга харажатлар, улар тугатилганидан сўнг, агар улар натижасида асосий воситалар ишлатилишининг дастлаб қабул қилинган меъёрий кўрсаткичлари (фойдали хизмат муддати, қуввати, қўллаш сифати ва ҳ.к.) яхшиланса (ошса), бундай объектнинг бошланғич қийматини оширади.
5-§. Асосий воситаларни қайта баҳолаш
24. Асосий воситаларни қайта баҳолаш — асосий воситалар қайта тиклаш қийматини ҳозирги бозор нархлари даражасига мувофиқлаштириш мақсадида уларни вақти-вақти билан аниқлаштиришдир.
25. Асосий воситалар қайта баҳолаш натижасида ҳисоб ва ҳисоботда жорий қиймат бўйича акс эттирилади.
Асосий воситаларнинг бошланғич қиймати қайта баҳоланиши мумкин (шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари бўйича вақти-вақти билан).
26. Асосий воситаларнинг бошланғич (қайта тиклаш) қиймати қайта баҳоланганда қайта баҳолаш ўтказилган санадаги уларнинг жамланган амортизацияси асосий воситаларнинг бошланғич (тиклаш) қиймати ўзгаришига мос индексларига тузатилади ҳамда кейинги ҳисобланадиган амортизация қайта баҳоланган қиймат ҳисобидан амалга оширилади.
27. Асосий воситалар индексация йўли билан ёки расмий тасдиқланган бозор нархлари бўйича бевосита қайтадан ҳисоб-китоб қилиш орқали қайта баҳоланади.
Қайта баҳолаш натижасида асосий воситаларнинг баҳосини ўсиши суммаси резерв капитали таркибига «Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» счётига олиб борилади.
Қайта баҳолаш натижасида асосий воситаларнинг баҳосини пасайиши суммаси «Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» счётига резерв капиталининг мазкур объектнинг аввалги ҳисобот даврларида ўтказилган баҳосини ўсиши суммаси доирасида камайишига олиб борилади. Объектнинг баҳосини пасайиши суммаси унинг баҳосини ўсиши суммасидан ошиши бошқа операцион харажатларга олиб борилади.
28. Асосий воситаларни қайта баҳолаш натижалари молиявий ҳисоботда асосий воситаларни қайта баҳолаш амалга оширилган жорий даврда акс эттирилади.
Ҳисобот йилининг биринчи санаси ҳолати бўйича ўтказилган асосий воситаларни қайта баҳолаш натижалари бухгалтерия ҳисобида акс эттирилиши лозим. Қайта баҳолаш натижалари аввалги ҳисобот йилидаги молиявий ҳисобот маълумотларига киритилмайди, балки ҳисобот йили бошига молиявий ҳисобот маълумотларини шакллантиришда қабул қилинади. Бунда ўтган йил якуни ва ҳисобот йили бошидаги маълумотларнинг мос келмаслиги ҳисобот йилининг биринчи санаси ҳолати бўйича ўтказилган асосий воситаларни қайта баҳолаш натижаси сифатида тушунтирилади ҳамда жорий давр молиявий ҳисоботига тушунтириш хатида баён этилади.
6-§. Амортизацияни ҳисоблаш
29. Асосий воситалар қиймати амортизация ҳисоблаш йўли билан қопланади. Амортизацияланадиган қиймат бутун фойдали хизмат муддати мобайнида субъект харажатларига амортизация ажратмалари кўринишида тизимли тақсимланади.
30. Асосий воситалар бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш мазкур объект асосий воситалар таркибига қабул қилинган ойдан кейинги ойнинг дастлабки санасидан бошланади ҳамда мазкур объектнинг амортизацияланадиган қиймати тўлиқ қоплангунга ёхуд ушбу объект балансдан ҳисобдан чиқарилгунга қадар амалга оширилади.
31. Асосий воситалар бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш мазкур объектнинг амортизацияланадиган қиймати тўлиқ қопланган ёки ушбу объект балансдан ҳисобдан чиқарилган ойдан кейинги ойнинг дастлабки санасида тўхтатилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
32. Асосий воситаларни фойдали хизмат муддати давомида амортизация ажратмаларини ҳисоблаш тўхтатилмайди, асосий воситалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда консервация қилишга ўтказилган ҳолатлар, шунингдек уларни тўлиқ тўхтатиш шарти билан объектни қўшимча қуриш, қўшимча асбоб-ускуналар билан таъминлаш, реконструкция, модернизация қилиш, техник қайта қуроллантириш даври бундан мустасно.
(32-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
33. Асосий воситалар бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш ҳисобот давридаги корхона фаолияти натижаларидан қатъий назар амалга оширилади ва у тегишли бўлган ҳисобот давридаги бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади.
34. Асосий воситалар бўйича ҳисобланган амортизация суммалари бухгалтерия ҳисобида ушбу суммаларни алоҳида счётда жамғариш йўли билан акс эттирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
35. Қуйидагилар амортизация қилинмайди:
а) ер участкалари ва табиатдан фойдаланишга доир бошқа объектлар (сув, ер ости бойликлари ва бошқа табиий ресурслар);
б) маҳсулдор чорва моллари;
в) ахборот-кутубхона фонди;
Олдинги таҳрирга қаранг.
г) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда консервациялашга ўтказилган асосий воситалар;
(35-банднинг «г» кичик банди Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
д) музей ашёлари;
е) моддий маданий мерос объектлари;
ж) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, йўлаклар, сайилгоҳлар, хиёбонлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфида бўлган ободонлаштириш иншоотлари;
з) тўлиқ амортизацияланган асосий воситалар.
(35-банд Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2018 йил 22 октябрдаги 134-сонли буйруғи (рўйхат рақами 1299-4, 08.11.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.11.2018 й., 10/18/1299-4/2173-сон)
36. Амортизация қуйидаги усулларни қўллаш йўли билан ҳисобланади:
а) амортизацияни бир маромли (тўғри чизиқли) ҳисоблаш.
Амортизацияни бир маромли (тўғри чизиқли) ҳисоблаш усулида амортизация асосий воситаларни фойдали хизмат муддати мобайнида уларнинг амортизацияланадиган қийматидан келиб чиққан ҳолда бир маромда, тенг улушларда ҳисобланади.
Мазкур усулга кўра асосий воситаларнинг амортизацияланадиган қиймати унинг хизмат муддати давомида тегишли харажатларга бир маромда ҳисобдан чиқарилади (тақсимланади). Усул амортизация меъёри фойдали хизмат муддатининг фаолиятига боғлиқлигига асосланган. Ҳар бир давр учун амортизация ажратмалари суммаси амортизацияланадиган қийматни асосий воситалардан фойдаланилган ҳисобот даврлари сонига бўлиш йўли билан ҳисобланади.
Амортизацияни бир маромли (тўғри чизиқли) ҳисоблаш усулида амортизация ажратмаларининг йиллик суммаси асосий воситаларнинг амортизация қиймати ва мазкур объектнинг фойдали хизмат муддатидан келиб чиқиб аниқланади;
б) амортизацияни бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда ҳисоблаш (ишлаб чиқариш усули).
Амортизация ҳисоблашнинг ишлаб чиқариш усули ҳар бир муайян йилдаги асосий воситаларнинг ишлаб чиқариш қуввати ҳисобга олишга асосланган.
Мазкур усул бўйича амортизациянинг ҳар йилги қийматини ҳисоблаш учун бутун фойдали хизмат муддатидаги умумий баҳоланган ишлаб чиқариш қуввати йиғиндисини ва мазкур муайян йилдаги ишлаб чиқариш қувватини аниқлаш лозим. Ишлаб чиқариш қуввати сифатида ишлаб чиқариладиган маҳсулот бирликлари сони, ишланган соатлар сони, босиб ўтган тонна-километрлар сони ва бошқалар олиниши мумкин.
Амортизация ҳисоблашнинг ишлаб чиқариш усулида йиллик амортизация ажратмалари суммаси ҳисобот давридаги маҳсулот (ишлар, хизматлар) ҳажмининг натурал кўрсаткичидан ҳамда асосий воситалар амортизацияланадиган қийматининг асосий воситалар бутун фойдали хизмат муддатида назарда тутилаётган маҳсулот (ишлар, хизматлар) ҳажмига нисбатидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
37. Асосий воситалардан интенсив фойдаланилганда, шунингдек илмий-техникавий жараённинг катта таъсирида асосий воситалар амортизацияси қуйидаги усулларда ҳисобланадиган жадаллаштирилган амортизация йўли билан ифодаланади:
а) икки баравар амортизация меъёри билан қолдиқни камайтириш усули;
б) йиллар йиғиндиси усули (кумулятив усул).
38. Икки баравар амортизация меъёри билан қолдиқни камайтириш усули амортизация ҳисоблаш даврида активнинг амортизацияланадиган қиймати камайишини англатади.
Мазкур усулга кўра бир маромли (тўғри чизиқли) ҳисоблаш усулидан икки баравар амортизация меъёри мазкур ҳисобот давридаги асосий воситанинг тегишли қолдиқ қийматига кўпайтирилади. Икки баравар амортизация меъёри билан қолдиқни камайтириш усули бўйича амортизация ҳисоблашда кутилаётган тугатиш қиймати бошланғич (тиклаш) қийматидан чегирилмайди.
Икки баравар амортизация меъёри билан қолдиқни камайтириш усулида йиллик амортизация ажратмалари суммаси асосий воситаларнинг ҳисобот йили бошидаги қолдиқ қийматидан ва мазкур объектни фойдали хизмат муддатидан келиб чиқиб ҳисобланган амортизация меъёрининг икки бараваридан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Икки баравар амортизация меъёри билан қолдиқни камайтириш усулида асосий воситалар бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш ушбу объектларнинг баланс (қолдиқ) қиймати уларнинг тугатиш қийматига тенг бўлган вақтда тугатилади.
39. Йиллар йиғиндиси усулига (кумулятив усулга) кўра ҳар йилги амортизация меъёри амортизация муддати охирига қадар қоладиган амортизацияланадиган қийматга улуш сифатида аниқланади. Улуш амортизация ажратмалари тугагунига қадар қоладиган тўлиқ йиллар сонини амортизация муддатини ташкил қиладиган йиллар тартиб сонлари йиғиндисига бўлиш орқали аниқланади.
Йиллар йиғиндиси усулида (кумулятив усулда) амортизация ажратмаларининг йиллик суммаси асосий воситаларнинг амортизацияланадиган қийматидан ҳамда суратида объектни фойдали хизмат муддатининг охирига қадар қоладиган йиллар сони, махражида эса — объектни фойдали хизмат муддати йиллари сони йиғиндисининг нисбатидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
40. Солиқ солиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида асосий воситаларнинг бошланғич (қайта тиклаш) қийматига нисбатан фоизларда ҳар йиллик амортизация меъёрлари белгиланган ва ушбу ҳар йиллик меъёр харажатларга бир маромда ҳисобдан чиқарилади.
41. Ҳисобот йили давомида асосий воситалар бўйича амортизация ажратмалари қўлланиладиган ҳисоблаш усулидан қатъий назар (амортизация ҳисоблашнинг ишлаб чиқариш усулидан ташқари), йиллик сумманинг 1/12 миқдорида ҳар ойда ҳисобланади.
Мавсумий тусдаги ишлаб чиқариш корхоналарида фойдаланиладиган асосий воситалар бўйича амортизация ажратмаларининг йиллик суммаси ҳисобот йилида корхона томонидан асосий воситалардан фойдаланиш даври мобайнида бир маромда ҳисобланади.
42. Асосий воситаларнинг ҳар хил турларига (гуруҳларига) амортизация ҳисоблашнинг турли усулларини қўллашга йўл қўйилади. Бунда асосий воситаларнинг бир турдаги объектлари бўйича (маркаси, тури ва бошқалар бўйича) фақат битта усул қўлланилади.
43. Қўлланиладиган амортизация ҳисоблаш усули корхонанинг ҳисоб сиёсатида мажбурий тартибда акс эттирилади. Корхоналар календарь йили давомида ҳисоб сиёсатини ўзгартирмаслиги керак, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан 1998 йил 26 июлда 17-07/86-сон билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (1-сонли БҲМС) «Ҳисоб сиёсати ва молиявий ҳисобот» (рўйхат рақами 474, 1998 йил 14 август, Норматив ҳужжатлар ахборотномаси, 1999 й., 5-сон) нинг 56-бандида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
44. Агар асосий воситалардан фойдаланишдан кутилаётган иқтисодий наф сезиларли даражада ўзгариш юз берса, амортизация ҳисоблаш усули, агар юзага келган ҳолатлар амортизация усулининг ўзгартирилишини оқласа, ўзгараётган тенденцияни акс эттирадиган тарзда ўзгартирилиши мумкин. Бундай ўзгариш ҳисоб сиёсатида акс эттирилиши лозим. Бунда молиявий ҳисоботга тушунтириш хатида мазкур ўзгариш сабаблари ва уларнинг иқтисодий самараси очиб берилиши зарур.
45. Асосий воситалар ҳолатини яхшилайдиган ва, мос равишда, хизмат муддатини узайтирадиган харажатлар амалга оширилганини ҳамда хизмат муддатни қисқартирадиган технологик ўзгаришларни ҳисобга олиб асосий воситаларнинг фойдали хизмат муддати корхона томонидан қайтадан кўриб чиқилиши мумкин.
46. Тугатиш қиймати асосий воситаларнинг амортизацияланадиган қийматини ҳисоб-китоб қилишда муҳим таркибий омил ҳисобланади. Тугатиш қиймати муҳим бўлмаган ҳолатда, у амортизацияланадиган қийматни ҳисоблаб чиқаришда ҳисобга олинмаслиги мумкин.
Агар тугатиш қиймати аҳамиятга эга бўлса, у асосий воситаларни харид қилинган сана ёки уларни қайта баҳолаш санасида аниқланади. Тугатиш қиймати асосий воситаларнинг хизмат муддати охирида тугатиш бўйича кутилаётган харажатларга камайтирилади.
7-§. Асосий воситаларни таъмирлаш
47. Асосий воситаларни ишлаш ҳолатида сақлаб туриш уларни таъмирлаш (жорий, ўртача ва капитал тарзда) орқали амалга оширилади.
Жорий таъмирлаш — асосий воситаларни ишлаш ҳолатида сақлаб туриш мақсадида амалга ошириладиган таъмирлашдир.
Ўртача таъмирлашда таъмирланаётган агрегатни қисмларга қисман ажратиш ва деталларнинг қисмларини қайта тиклаш ёки алмаштириш амалга оширилади.
Ускуналар ва транспорт воситаларини капитал таъмирлаш — агрегатни қисмларга тўлиқ ажратиб амалга ошириладиган таъмирлаш, базавий ва корпус деталлари ва узелларини таъмирлаш, барча эскирган деталлар ва узелларни алмаштириш ёки қайта тиклаш, агрегатни йиғиш, созлаш ва синаб кўришдир.
Бинолар ва иншоотларни капитал таъмирлаш — базавий ва корпус деталлари ва узелларини таъмирлаш, деталлар ва узелларнинг барча эскирган конструкцияларини алмаштириш ёки қайта тиклаш амалга ошириладиган таъмирлашдир.
48. Объектни ишчи ҳолатида тутиб туриш ва ундан фойдаланишдан келгусидаги иқтисодий нафнинг дастлабки белгиланган суммасини олиш учун амалга ошириладиган харажатлар улар тегишли бўлган ҳисобот давридаги харажатлар таркибига киритилади. Ишлаб чиқаришдаги асосий воситаларни ишчи ҳолатида сақлаб туришга доир харажатлар (техник кўрикдан ўтказиш ва ҳолатини яхшилашга оид харажатлар) ҳамда ишлаб чиқаришдаги асосий воситаларнинг барча турдаги таъмирланишини (жорий, ўртача, капитал тарзда) ўтказиш харажатлари маҳсулотнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ишлаб чиқариш таннархига, маъмурий ва ижтимоий-маданий вазифаларни амалга ошириш учун мўлжалланган асосий воситалари бўйича эса — давр харажатлари таркибига киритилади.
49. Агар битта асосий воситада турлича фойдали хизмат муддатига эга бўлган бир нечта мустақил объектлар мавжуд бўлса, қайта тиклашда ҳар бир бундай объектни алмаштириш чиқиб кетиш ва мустақил инвентарь объектини харид қилиш сифатида ҳисобга олинади.
8-§. Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши
50. Асосий воситалар қиймати чиқиб кетишда балансдан ҳисобдан чиқарилиши лозим.
51. Асосий воситалар қиймати корхона балансидан қуйидагилар натижасида ҳисобдан чиқарилади:
тугатилганда;
сотилганда
айирбошланганда;
текинга берилганда;
устав капиталига таъсисчи улуши сифатида берилганда;
молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича берилганда;
камомад ёки йўқотишлар аниқланганда;
таъсисчи таъсисчилар таркибидан чиққанда;
нодавлат нотижорат ташкилот мулкини шакллантиришда мулкий бадал сифатида берилганда.
52. Асосий воситалар қисман тугатилган ҳолатда унинг бошланғич (қайта тиклаш) қиймати ва жамғарилган амортизацияси мос равишда объектнинг тугатилган қисмининг бошланғич (қайта тиклаш) қиймати ва жамғарилган амортизацияси суммасига камайтирилади.
53. Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан молиявий натижа (фойда ёки зарар) асосий воситаларни чиқиб кетишидан даромаддан уларнинг қолдиқ (баланс) қиймати, асосий воситаларнинг чиқиб кетиши билан боғлиқ билвосита солиқлар ва харажатларни айириш орқали аниқланади.
Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан молиявий натижани (фойдани ёки зарарни) аниқлашда асосий воситаларнинг илгариги қайта баҳолашдаги баҳосини ўсиши суммаси, яъни ушбу асосий воситаларнинг илгариги баҳосини ўсиши суммаларининг илгариги баҳосини пасайиши суммасидан ортган қисми асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан даромад таркибига киритилади ва бир вақтнинг ўзида «Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» счёти бўйича резерв капитал камаяди.
9-§. Асосий воситаларни инвентаризациядан ўтказиш
54. Асосий воситаларнинг ҳақиқатда мавжудлигини аниқлаш ва уларнинг бут сақланишини назорат қилиш мақсадида корхоналар томонидан вақти-вақти билан, бироқ икки йилда камида бир марта асосий воситалар инвентаризацияси ўтказилади, кутубхона фондлари эса беш йилда бир марта инвентаризация қилинади.
55. Асосий воситалар инвентаризацияси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан 1999 йил 19 октябрда ЭГ/17-19-2075-сон билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (19-сонли БҲМС) «Инвентаризацияни ташкил қилиш ва ўтказиш»да (рўйхат рақами 833, 1999 йил 2 ноябрь) белгиланган тартибда амалга оширилади.
56. Инвентаризация жараёнида аниқланган ортиқча асосий воситалар бошқа операцион даромадлар сифатида акс эттирилади. Инвентаризация вақтида камомад факти аниқланган етишмаётган асосий воситалар айбдор шахслар аниқланган кунга қадар камомадлар ҳисобга олинадиган счётда акс эттирилади.
57. Асосий воситаларнинг баланс қиймати уларнинг ҳақиқий (жорий) қийматига мос келмаслиги аниқланган ҳолатда ошириш ёки камайтириш мазкур стандартнинг 27-бандига мувофиқ амалга оширилади.
10-§. Ахборотни ёритиб бериш
58. Молиявий ҳисоботда қуйидаги ахборотлар ёритиб берилиши лозим:
а) асосий воситаларнинг ҳаракатини: киритилиши, чиқиб кетиши, бошланғич қийматнинг ўзгариши, ўзгариш сабабларини ҳисобга олган ҳолда уларнинг ҳар бир тури бўйича ҳисобот даврининг бошидаги ва охиридаги бошланғич (қайта тиклаш) қиймати;
б) асосий воситаларнинг ҳар бир тури бўйича амортизация ҳисоблашда: амортизация ҳисоблашнинг фойдаланиладиган усули, амортизацияланадиган асосий воситаларнинг ҳисобот даври бошидаги ва охиридаги бошланғич ёки жорий қиймати, ҳисобот даври бошидаги ва охиридаги жамғарилган амортизация суммаси;
в) қайта баҳолашни ўтказишда: асосий воситалар ҳар бир турининг ҳисобот даври бошидаги ва охиридаги жорий қиймати, қайта баҳолашни ўтказишнинг асосланганлиги ва даврийлиги, қайта баҳолашни ўтказиш санаси, қайта баҳолашни ўтказиш усули.
59. Бундан ташқари, молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар учун ҳисобот даври охирида қуйидагилар тўғрисидаги ахборотни ҳам очиб бериш лозим:
а) вақтинчалик фойдаланилмаётган асосий воситаларнинг бошланғич (қайта тиклаш) ёки жорий қиймати тўғрисида;
б) фойдаланишда бўлган, амортизацияси тўлиқ ҳисобланган асосий воситаларнинг бошланғич (қайта тиклаш) ёки жорий қиймати тўғрисида;
в) мажбуриятлар бўйича кафолат сифатида гаровга берилган асосий воситаларга мулк ҳуқуқининг мавжудлиги ва чекланганлиги тўғрисида;
г) асосий воситаларни харид қилиш бўйича тўланмаган мажбуриятлар тўғрисида;
д) ҳисобот даври охиридаги тугалланмаган қурилиш қиймати тўғрисида;
е) давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида бўлган, фойдаланишга қабул қилинган ва ҳақиқатда фойдаланилаётган кўчмас мулк объектлари тўғрисида;
ж) мақсадли молиялаштириш ҳисобидан олинган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати, қолдиқ қиймати ва баҳолаш усули тўғрисида;
з) фойдаланишдан чиқарилган, бироқ кейинчалик уларни сотиш мақсадида асосий воситалар таркибида ҳисобда турган асосий воситаларнинг айрим турларининг ҳисобот даври охиридаги қиймати тўғрисида;
и) асосий воситаларни тиклашга доир харажатлар билан боғлиқ бўлган ҳисоб сиёсати тўғрисида.

Download 94.1 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling