100. Турдош ҳуқуқлар ва уларнинг муҳофаза белгилари. 43-модда. Турдош ҳуқуқларнинг амал қилиш соҳаси
Ижрочининг ҳуқуқлари қуйидаги шартлардан бирига риоя этилган тақдирда, ушбу Қонунга мувофиқ унга тегишли деб эътироф этилади:
ижрочи Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлса;
ижрочининг фуқаролигидан қатъи назар, ижро биринчи марта Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширилган бўлса;
ижро ушбу модданинг иккинчи қисми қоидаларига мувофиқ муҳофаза қилинадиган фонограммага ёзилган бўлса;
фонограммага ёзилмаган ижро ушбу модданинг учинчи қисми қоидасига мувофиқ эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг муҳофаза қилинадиган кўрсатув ёки эшиттиришига киритилган бўлса.
Фонограммани тайёрловчининг ҳуқуқлари қуйидаги шартлардан бирига риоя этилган тақдирда, ушбу Қонунга мувофиқ унга тегишли деб эътироф этилади:
фонограммани тайёрловчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ерига эга бўлган юридик шахс бўлса;
фонограммани тайёрловчининг фуқаролиги ёки жойлашган еридан қатъи назар, фонограмма биринчи марта Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чоп этилган бўлса.
Эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг ҳуқуқлари, агар ташкилот Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ерига эга бўлса ҳамда эфирга узатиш ёки кабель орқали юборишни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган узатгичлар ёрдамида амалга ошираётган бўлса, ушбу Қонунга мувофиқ мазкур ташкилотга тегишли деб эътироф этилади.
Чет эл юридик ва жисмоний шахсларининг Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида муҳофаза қилинадиган турдош ҳуқуқлари ҳам ушбу Қонунга биноан эътироф этилади.
44-модда. Турдош ҳуқуқлар объектлари
Турдош ҳуқуқлар объектлари жумласига ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари киради.
45-модда. Турдош ҳуқуқлар субъектлари
Ижрочилар, фонограммаларни тайёрловчилар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотлар турдош ҳуқуқлар субъектларидир.
Турдош ҳуқуқларнинг юзага келиши ва амалга оширилиши учун турдош ҳуқуқлар объектини рўйхатдан ўтказиш ёки бирон-бир бошқа расмиятчиликка риоя этиш талаб қилинмайди.
Юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан кўрсатув ёки эшиттиришни эфирга узатиш ва кабель орқали юборишни (ретрансляция ҳам шунга киради) амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар, ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари, асардан, ижродан, фонограммадан ёхуд эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатув ёки эшиттиришидан фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан фойдаланишлари мумкин. Ретрансляция муаллифлар, ижрочилар, фонограммаларни тайёрловчилар ва бошқа ҳуқуқ эгаларининг эфирга узатиш, кабель орқали юбориш, барчанинг эътиборига етказишга бўлган ҳуқуқларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |