12-mavzu buyuk mutafakkir va qomusiy olim


БУЮК МУТАФАККИР ВА ҚОМУСИЙ ОЛИМ


Download 184.86 Kb.
bet2/2
Sana09.04.2023
Hajmi184.86 Kb.
#1346102
1   2
Bog'liq
12 - мавзу

БУЮК МУТАФАККИР ВА ҚОМУСИЙ ОЛИМ


(Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги)
Америка — сеҳрли диёр,
Ухлар эди Колумб ҳам ҳали,
Денгиз ортин ёритди илк бор,
Берунийнинг ақл машъали.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов мазкур тўртлигида она юртимизнинг асл фарзанди улуғ аллома Абу Райҳон Берунийнинг нақадар кучли истеъдод соҳиби эканлигига ишора қилган. Беруний асарларини мутолаа қилган ҳар бир китобхон худди ўзини ушбу асарлар сеҳри остига тушиб қолгандек ҳис қилиб, ундаги илм сирларидан баҳра олади.
Қомусий олим Муҳаммад ибн Аҳмад Абу Райҳон Беруний 973 йил­нинг 4 сентябрь куни қадимги Хоразмнинг Кат шаҳрида таваллуд топган. У ўзининг тинимсиз изланишлари туфайли кўҳна диёр илм фани­нинг юксак чўққиларини забт этади. Ул зот сиймосида ўрта асрлар шарқининг астрономи, географи, маъдан­шуноси, этнографи, тарихчиси ҳамда шоири мужассамлашган эди. Унинг илмий саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ, фаннинг турли соҳаларига оид жуда кўплаб йирик асарлар яратилди.
Беруний Абу Наср Ироқ раҳбарлигида ёшлигидан риёзиёт ва фалакиётни ўрганиб, 16–17 ёшларидаёқ, Қуёш­нинг чошгоҳдаги баланд­лигини армилада ўлчаган. Орадан 30 йил ўтиб, ёшлигида ўзи ўлчаган натижаларни таҳлил қилар экан, улар анчагина ишончли бўлганлигини таъкидлайди. Ёшлик йилларида қуёш тутилишини ҳам кузатишга муяссар бўлади. У 22 ёшида Марказий Осиёда биринчи бўлиб, глобусни ихтиро қилди.
Аждодлар қолдириб кетган кўплаб китобларни ўрганди ва бизгача етиб келган, турли халқларнинг йил ҳисоблари тўғрисидаги илк йирик асари – «Осорул боқия» (Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар)ни битади. Унга кўра, юнонлар, римликлар, форслар, суғдийлар, хоразмийлар ва бошқа кўплаб қабила ва халқларнинг ўтмиши, байрам ва тақвимлари, шунингдек, шарқ мамлакатларининг маданият ва адабиёт тарихи тўла-тўкис талқин этилган. Ушбу асарда Беруний ўзини нафақат элшунос олим балки араб, юнон, форс, сурёний ва бошқа тиллар ҳамда адабиётларнинг билимдони сифатида ҳам намоён этади.
Абу Райҳон Берунийнинг устози Абу Наср ибн Ироқ ўз даврининг етук билимдони эди. Тириклигидаёқ «ўз даврининг Птолемейи» деган номга сазовор бўлган олим Беруний­ни ўз хонадонида тарбиялаб вояга етказ­ди. Ана шу икки буюк сиймо туфайли Гурганч саройида илм аҳли учун барча шароитлар яратилди. Яқин ва ўрта шарқдаги кўплаб олимлар билан шахсий ёзишмада бўлган Ибн Ироқ ва Берунийнинг таклифларига биноан, 1004 йилдан бошлаб, Нишопур, Балх ва Бухородан ҳатто араб ва Ироқдан ҳам олимлар Гурганчга кела бошлади. Шу тариқа, Гурганчда «Дорул ҳикма», яъни «Донишмандлар уйи» номини олган илмий муассаса пайдо бўлди. Унда худди Бағдодда барпо этилган «Байтул ҳикма»даги каби илмнинг барча соҳаларида тадқиқот ва изланишлар олиб борилди. Беруний келтирган маълумотларга кўра, у ерда сурён ва юнон тилларидан баъзи таржималар ҳам бажарилган.
Али ибн Маъмун вафотидан сўнг (1009) унинг укаси Абул Аббос Маъмун ибн Маъмун Хоразмшоҳлар ҳукмдори бўлди. У Берунийни саройга таклиф қилиб, ўзига энг яқин маслаҳатчи этиб тайинлади. Натижада Маъмун академияси фаолияти учун янада кенг имкониятлар эшиги очилди.
Қирқдан ортиқ олимлар фаолият юритган илмий марказда ўз даврининг етук инсонлари математика, астрономия, руҳият, кимё, мантиқ, тиббиёт, фалсафа, тарих, тилшунослик, таълим-тарбия, адабиёт, мусиқа, география, геодезия, топография ва меха­ника сингари турли фанлар билан шуғулланиб, уларнинг келажакдаги тараққиётига мустаҳкам замин яратилди.
Аммо ушбу академия¬нинг фаолияти узоққа чўзилмади. 1017 йилда Хоразм йирик истилочи Султон Маҳмуд Ғазнавий қўл остига ўтди. Хоразмшоҳнинг қатъий талаби ва кўмаги билан Гурганчдан юнон, яҳудий, араб ва бошқа халқларнинг вакилларидан иборат кичик илмий карвон Абу Али ибн Сино бошчилигида чиқиб кетади. Султон Маҳмуд шаҳарда қолган олимларнинг баъзиларини даҳрийликда айблаб қатл эттиради, қолган машҳур олимларни ўз мамлакатининг пойтахти Ғазна шаҳрига олиб келади. У ерда Беруний «Ҳиндистон тарихи» асарини ҳамда 1025 йилда «Геодезия», 1030–1041 йиллар оралиғида эса «Ал-қонун ал-Масъудий», 1041–1048 йилларда «Минералогия» ҳамда «Китоб ас-сайдана фит-тибб» асарларини яратади. Олим томонидан 152 та рисола яратилиб, шундан 30 таси бизгача етиб келган.
Таъкидлаш жоизки, Абу Райҳон Беруний бундан минг йил олдин Ҳиндистонда бўлиб, унинг тарихи, маданиятини ўрганиш учун қадимги ҳинд ёзуви – санскритни ўрганиб, ўзининг машҳур «Ҳиндистон» асарини ёзди. Мазкур асарда ҳинд адабиёти, фалсафаси, аниқ фанлар, география, элшунослик, қонун ва урф-одатлар, дин, тарихий-диний ривоятлар ҳамда ҳинд ёзувининг турлари ҳақида маълумотлар келтирилган.
Илм-фаннинг ҳамма соҳаларини яхши билган қомусий олимнинг Ибн Сино билан ёзишмаларида ҳам фазо, иссиқликнинг тарқалиши, жисмларнинг иссиқдан кенгайиши ҳамда нурнинг акс этиши ва синиши каби масалаларда илмий мунозара олиб борган.
1048 йилда Ғазна шаҳрида вафот этган буюк аждо¬димизнинг номини абадийлаш¬тириш мақсадида юртимиздаги кўплаб илмий марказлар, марказий кўчалар ҳамда шаҳар ва қишлоқларга унинг номи берилди. Бобокалонимиз таваллудининг 1050 йиллигини кенг нишонлаш бўйича ўтган йилнинг август ойида давлатимиз раҳбарининг қарори ҳам қабул қилиниб, унга кўра, 2022–2023 йилларда буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги ЮНЕСКО шафелигида халқаро миқёсда кенг нишонла-ниши кўрсатиб ўтилди.
Унга мувофиқ, «Буюк Беруний мероси» халқаро сайёҳлик маршрутларини йўлга қўйиш, жорий йил якунига қадар, Қорақал¬поғистон Республикаси Беруний туманида Абу Райҳон Беруний мажмуасини қуриш, аллома ил¬мий-ижодий меросига мансуб қўл¬ёзма ва бошқа маданий бойликларни реставрация қилиш ҳамда Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими ва Хоразм Маъмун академиясида маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва консервация қилишга ихтисослашган лаборатория ташкил этиш кўзда тутилди.
Шунингдек, қарор доирасида ўқувчилар ўртасида Хоразм вилоя¬тида тегишли фан бўйича Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро фан олимпиадасини ўтказиш, шу номдаги халқаро мукофот таъсис этиш ҳамда алломанинг тўлиқ асарлари туркумини ўзбек, қорақалпоқ, рус, инглиз, араб ва форс тилларида нашр этиш ва бошқа бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.
Бу жонажон юртимизда буюк аждодларимизга бўлган ҳурмат-эътибор ва қадр-қимматнинг юксак ифодасидир.

Михли САФАРОВ,
«Постда» мухбири.




https://t.me/manaviyat_va_marifat_darsi

Download 184.86 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling