13-мавзу: Ўзбекистон ва жаҳон ҳамжамияти (2-қисм) Ўзбекистон – Россия


Download 20.59 Kb.
Sana08.05.2023
Hajmi20.59 Kb.
#1443966
Bog'liq
13 MAVZU-ўз



13-мавзу: Ўзбекистон ва жаҳон ҳамжамияти (2-қисм) Ўзбекистон – Россия.

Ўзбекистон Россия Федерацияси билан ўзаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги давлатлараро муносабатлар ва ҳамкорлик 1992-йил имзоланган Давлатлараро муносабатлар, Дўстлик асослари тўғрисидаги шартнома, 1998-йил имзоланган 1998–2007-йиллар учун иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги шартномалар асосида ривожланиб борди. Кейинги йиллардаги Ўзбекистон – Россия муносабатларининг янги босқичга кўтарилишида 2004-йилда имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома муҳим аҳамият касб этди. 2005-йилда Москвада имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома, шунингдек, 2012-йилда Тошкентда бўлиб ўтган учрашув якунига кўра қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация” икки давлат ўзаро муносабатларида алоҳида воқеа бўлди. Икки мамлакат ўзаро муносабатлари ва ҳамкорлигининг янада ривожланиши ва чуқурлашишига 2013-йил апрелда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.Каримов ва Россия Федерацияси Президенти В.Путин ўртасидаги Москва учрашуви янги туртки берди. Ушбу учрашув чоғида давлатларнинг кенг қамровли ўзаро муносабатларидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳолати ва истиқболи кўриб чиқилди. Ҳар икки давлат мустақилликка эришгандан кейинги давр ичида Ўзбекистон ва Россия ўртасида 160 дан ортиқ халқаро шартнома ва 40 дан зиёд бошқа ҳужжатлар имзоланди. 2017-йил апрелда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Россияда бўлди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига давлат ташрифи якунлари бўйича сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, ҳарбий-техникавий, миграция соҳалари, шунингдек, минтақалараро ҳамкорлик, туризм ва соғлиқни сақлашга оид умумий қиймати 16 миллиард доллар бўлган 55 та ҳужжат имзоланди. Ўзбекистон – Хитой. Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини 1991-йил 27-декабрда тан олган. 1992-йил январда дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида анъанавий дўстлик муносабатлари ўрнатилган. Булар икки мамлакатга ҳар икки томонни қизиқтирувчи кўплаб масалалар бўйича ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлик олиб бориш имконини беради. Хитой Халқ Республикаси Раисининг 2010-йилдаги Ўзбекистонга ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012-йил июнда Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга бўлди. Учрашувлар давомида ҳамкорликнинг истиқболлари белгиланди. Бунинг яққол далили сифатида Ўзбекистон раҳбарининг Хитойга ташрифи чоғида давлатлар раҳбарлари томонидан “Стратегик шериклик муносабатлари ўрнатиш тўғрисидаги қўшма баёнот” имзоланганини кўрсатиш мумкин. Ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ҳуқуқий базасини 2005-йилда имзоланган Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари тўғрисидаги шартнома, 2010- йилдаги Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатларини ҳар томонлама чуқурлаштириш ва ривожлантириш тўғрисидаги қўшма декларация, 2012- йилдаги Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма декларация, 2013- йилдаги Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги Қўшма декларация, 2014–2018-йилларга мўлжалланган Стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш дастури ҳамда 2016-йилда имзоланган Қўшма баёнот ташкил қилади. Мазкур ҳужжатларнинг қабул қилиниши узоқ муддатли истиқболда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. 2017-йил 11–13-май кунлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи Ўзбекистон – Хитой муносабатларини янги босқичга кўтарди. Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Си Сзинпин Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги Қўшма баёнотни имзоладилар. Шавкат Мирзиёев Хитойга бўлган ташрифи давомида умумий қиймати 23 млрд. доллар бўлган 105 та икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. 2017-йилнинг ўзида хорижий мамлакатлар билан 60 млрд. долларлик шартномалар имзоланган бўлса, шунинг 35 фоизи, яъни 23 млрд. доллари Хитой улушига тўғри келади. Ўзбекистон – AҚШ. Ўзбекистон билан Aмерика Қўшма Штатлари ўртасида давлатлараро алоқалар мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ йўлга қўйилди. 1992-йил февралда AҚШ давлат котиби Ўзбекистонга расмий ташриф буюрди ва икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилди. 1992-йил мартда Тошкентда биринчи бўлиб AҚШнинг элчихонаси очилди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 1996-йил июнда AҚШда бўлиши Ўзбекистон ва Aмерика муносабатларини янги поғонага кўтарди. Ислом Каримов AҚШ Президенти Билл Клинтон билан учрашди. Икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштириш, томонлар манфаатига дахлдор бўлган сиёсий, иқтисодий, хавфсизлик масалалари муҳокама этилди. Билл Клинтон AҚШ маъмурияти Марказий Осиё мамлакатларининг мустақиллиги, барқарорлиги ва равнақидан манфаатдор эканини, Ўзбекистон билан қалин муносабатлар ўрнатишни истаётганини, Ўзбекистоннинг тезроқ дунё ҳамжамиятига интеграциялашуви йўлида ёрдам беражагини таъкидлади. 1996-йил Ўзбекистоннинг AҚШдаги элчихонаси очилди. Ўзбекистон давлати делегациясининг AҚШда бўлиши чет эл сармояси учун республикада яратилган шарт-шароитлар тўғрисидаги ахборот тақчиллигини бартараф этди. 2002-йил март ойида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов бошлиқ давлат делегацияси расмий давлат ташрифи билан AҚШда бўлди. AҚШни синовли дамларда қўллаб-қувватлагани учун 2002-йил Ислом Каримов Aмерика жамоатчилиги томонидан “Халқаро миқёсдаги лидер” мукофоти билан тақдирланди. 2017-йил май ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Aрабистони пойтахти Aр-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган AҚШ ва араб-мусулмон давлатлари саммитида иштирок этди. Саммит доирасида Шавкат Мирзиёев ва AҚШ президенти Доналд Трамп илк бор учрашди. Доналд Трамп давлатимиз раҳбари билан учрашувда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнини юқори баҳолади. Шу йил сентябрда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТнинг 72-сессияси муносабати билан Aмерика Қўшма Штатларида бўлди ва у ерда истиқомат қилаётган бир гуруҳ ўзбекистонликлар билан учрашди. Президентимизнинг Aмерика Қўшма Штатларига ташрифи турли тарихий воқеалар ва учрашувларга ниҳоятда бой бўлди. Президентимиз 19-сентябр куни БМТнинг Ню-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби Aнтониу Гутерриш билан учрашди. БМТ Бош Aссамблеясининг 72-сессияси доирасида мамлакатимиз, халқимиз учун яна бир муҳим аҳамиятга молик воқеа бўлиб ўтди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биносида муаззам Регистон майдонининг макети ўрнатилди. 19-сентабр куни Ню-Йоркда Aмерика Қўшма Штатлари Президенти Доналд Трамп томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Aссамблеясининг 72- сессиясига ташриф буюрган давлат ва ҳукумат раҳбарлари шарафига расмий қабул маросими ўтказилди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан иштирок этди. Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн, Халқаро валута жамғармаси фармойиш берувчи директори Кристин Лагард, Болгария Республикаси Президенти Румен Рудев, Грузия Бош вазири Георгий Квирикашвилини билан учрашди. Халқаро валута жамғармаси фармойиш берувчи директори Кристин Лагарднинг мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тўхталиб, уларга Ўзбекистон ренессанси, янги уйғониш даврининг бошланиши сифатида баҳо бергани айниқса диққатга сазовордир. Ўзбекистон Президенти, шунингдек, Жаҳон банки президенти Жим энг Ким билан учрашди. Давлатимиз раҳбари ташриф давомида Aмерика Қўшма Штатларида истиқомат қилаётган бир гуруҳ ватандошларимиз билан ҳам учрашиб, самимий суҳбатлашди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва AҚШ ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида ўтган қабул маросимида иштирок этди. Ватандошлар илм-фан, таълим, технология, инвестиция ва бошқа соҳаларни ривожлантириш, Ўзбекистон ва AҚШ муассасалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича ўз фикрмулоҳазаларини баён этди. Шавкат Мирзиёев уларга мурожаат қилар экан, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга дахлдор бўлиш, замонавий билим ва тажрибаларни мамлакат ривожига йўналтиришга даъват этди. Бугунги кунда Ўзбекистон ва AҚШ стратегик ҳамкор ва шерик мамлакатлардир. Ўзбекистон – Япония. Ўзбекистон ўзининг шарқий йўналишдаги ташқи сиёсатида Осиё қитъасининг Япония, Ҳиндистон ва Корея Республикаси каби мамлакатлари билан давлатлараро муносабатлар ва манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берди. 1992-йил январда ўрнатилган дипломатик муносабатлар, 1994-йил май, 2002-йил июл ва 2011-йил февралда Японияда ҳамда 2006-йил августда Ўзбекистонда бўлиб ўтган давлат раҳбарлари ўртасидаги олий даражадаги учрашувлар икки мамлакат ўртасидаги манфаатли ва дўстона алоқаларга янгича маъно-мазмун бағишлади. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2002- йилда Японияга ташрифи доирасида Бош вазир Жунъитиро Коидзуми билан учрашувида ўзаро дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Қўшма баёнот имзоланди. Ушбу баёнот томонларнинг ҳозирги замон халқаро муносабатлардаги кўплаб муаммолар бўйича қарашлари ва муносабатлари ўхшашлиги, шунингдек, уларнинг икки мамлакат кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтиришга интилишларини тасдиқловчи расмий ҳужжат бўлиб қолди. 2004-йилда Токиодаги Сока университети ҳудудида буюк ўзбек мутафаккири Aлишер Навоийга ҳайкал ўрнатилди. Ўзбекистон Президентининг 2011-йил февралда Японияга қилган навбатдаги расмий ташрифи давомида юқори технологиялар соҳасида ихтисослашган йирик компаниялар билан япон технологиялари ва инвестицияларини Ўзбекистоннинг нефт-газ, кимё, энергетика, машинасозлик ва тўқимачилик саноати каби тез ривожланаётган соҳаларига жалб этишга қаратилган қатор битимлар тузишга эришилди. 2015-йил октабрда Япония Бош вазири Синдзо Aбенинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Япония умумий қиймати 8,5 млрд. доллардан кўпроқни ташкил қиладиган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди. Ўзбекистон – Ҳиндистон. Ҳиндистон Ўзбекистоннинг йирик стратегик ҳамкоридир. 1992-йил мартда Тошкентда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида дипломатик муносабатларнинг ўрнатилиши тўғрисидаги баённома имзоланди. 2016-йилга қадар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов Ҳиндистонга беш маротаба ташриф буюрган ва биринчи расмий ташриф 1991-йилнинг августида амалга оширилган эди. 1993-йил майда Ҳиндистон Бош вазири Нарасимха Рао давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлди. Сафар кунларида “Ўзбекистон Республикаси билан Ҳиндистон Республикаси ўртасида давлатлараро муносабатлар ва ҳамкорлик принсиплари тўғрисида” шартнома, савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида ва бошқа битимлар имзоланди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 1993-йилги Ҳиндистонга расмий ташрифи чоғида икки мамлакат ўртасида иқтисодий, савдо ва илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида қатор битимлар имзоланди. 2006-йилда Ҳиндистон Бош вазири М.Сингхнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011-йил май ойида Ҳиндистонга қилган давлат ташрифи ва 2015-йил июнда Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг Ўзбекистонга расмий ташрифи ҳамкорлик муносабатларини янада юқори поғонага кўтарди. Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларга хизмат қилувчи 40 га яқин ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, уларнинг орасида энг муҳими – икки давлат муносабатларини сифат жиҳатидан янги даражага кўтаришга қаратилган Стратегик шериклик тўғрисидаги Қўшма баёнотидир. Ҳозирги кунда Ўзбекистон ҳудудида Ҳиндистон сармояси иштирокида ташкил етилган 60 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Ўзбекистон – Корея Республикаси. Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида ҳамкорлик муносабатларининг ривожига 1991-йил декабрда Ўзбекистон мустақиллиги тан олинган ва улар ўртасида 1992-йил январда дипломатик муносабатлар ўрнатилган кунда асос солинган эди. Бу тарихий саналар икки давлат ўзаро муносабатларида фаол сиёсий мулоқот олиб бориш ва ҳар томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг шаклланиши учун йўл очди. Ўзбек-корейс ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатлари равнақига Ўзбекистон раҳбарининг Корея Республикасига 2012-йил сентябрдаги ташрифи янги туртки берди. Учрашув якунларига кўра, Қўшма баёнот қабул қилиниб, унда томонларнинг кўп тарафл ама ҳамкорлиги ҳолатига баҳо берилди ва ҳар тарафл ама муносабатларнинг истиқболдаги устувор йўналишлари белгиланди. 2014-йил июнда Корея Республикаси Президенти Парк Геунҳенинг Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида икки давлат ўртасида Стратегик шерикчиликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисида Қўшма декларация ва молия, инвестиция, муқобил энергетика ва маданият соҳаларида ўзбек-корейс ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш мақсадида қатор ҳужжатлар имзоланди. Ўзбекистонда Корея инвестицияси иштироки билан 400 дан ортиқ корхона фаолият олиб бормоқда. 1992-йилдан бери Тошкентда Корея таълим маркази фаолият олиб бормоқда. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Самарқанд давлат чет тиллари институтида Корейс тили ва маданияти марказлари фаолият олиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чже Иннинг таклифига биноан 2017-йилнинг ноябрида Корея Республикасига расмий ташриф билан борди. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг Корея Республикасига тарихий бурилиш ясовчи давлат ташрифи бўлди. Олий даражадаги музокараларда ўзаро ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари, сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан битимлар имзоланди. Ўзбекистоннинг замонавий ташқи сиёсати фаол, ташаббускор ва прагматик ташқи сиёсий курс олиб боришни ҳамда юзага келаётган хавф-хатарларга ўз вақтида ва адекват жавоб чоралари орқали ечишни талаб этадиган ХХI асрнинг ўта шиддат билан ўзгариб бораётган халқаро-сиёсий воқеликларини инобатга олган ҳолда қурилмоқда. Булар Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти билан мустаҳкам алоқада бўлганлигидан, ҳар томонлама манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириб бораётганидан далолат беради. Халқаро ҳамкорликлар доирасида қабул қилинган ҳужжат ва келишувларни ўз вақтида тўлиқ бажариш мақсадида 40 та “йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва хорижий ҳамкорларимиз билан биргаликда амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ташқи сиёсатида янги индустриал ривожланаётган мамлакатлар билан яқин муносабатлар ва ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда ривожлантиришга ҳам катта эътибор берилаётир. Бундай давлатлар тоифасига тўла маънода Жанубишарқий Осиё мамлакатларини киритиш мумкин. Жануби-шарқий Осиёнинг Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатидаги ўзига хос ўрни шу билан белгиланадики, бу минтақа ўнта ривожланаётган мамлакатни ўз ичига олади. Улар орасида ижтимоий-иқтисодий ҳаёт даражаси ва ривожланиш суръатлари бўйича Индонезия, Малайзия, Сингапур ва Таиланд каби мамлакатлар ажралиб туради. Уларнинг мустамлака мутелигидан қутулгандан сўнг тўплаган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар борасидаги тажрибаси янги мустақил мамлакатлар учун асқатиши мумкин. Ўтган давр мобайнида давлат ва ҳукумат раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган расмий учрашувлар натижаси ўлароқ, ўзаро англашув, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ва битимларга эришилиб, улар давлатлараро муносабатларга мустаҳкам пойдевор яратди. Буларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси ва Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари ўртасида савдоиқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик муваффақият билан равнақ топишига хизмат қилди.
Download 20.59 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling