14. Mаруза машғулоти. 14-мавзу. Турли тилларнинг барча сатҳларда чоғиштирма тадқиқот муаммолари


Download 24.66 Kb.
Sana26.01.2023
Hajmi24.66 Kb.
#1127256

14.MАРУЗА МАШҒУЛОТИ.

14-мавзу. Турли тилларнинг барча сатҳларда чоғиштирма тадқиқот муаммолари.
РЕЖА:
1.Морфонология масалалари.
2.Тил сатҳлари.
3.Структурал модель.

Истиқлол туфайли республикамиз қисқа муддат ичида моддий томондангина эмас, балки маданий ва маънавий жиҳатдан ҳам улкан муваффақиятларини қўлга киритди. Бой маънавий меросимизни чуқур ва холисона ўрганиш имконияти туғилди. Бу халқнинг бебаҳо маънавий мулки бўлган тилга ва уни ўрганувчи тилшуносликка ҳам бевосита дахлдордир.


Бугунги кунда шўро даврида яратилган асарларимизга, шаклланган қарашларимизга танқидий ёндашув, тилшунослигимизни тилимизга ёт, тил тузилишида аслида бўлмаган ҳодисаларни ўрганишга қаратилган айрим лингвистик тушунчалардан ва ҳатто, айрим тилшунослик бўлимларидан тозалаш, уни тил онтологиясига жипс ҳолда яқинлаштириш зарурати туғилмоқда.
Ана шундай бўлимлардан бири, менинг назаримда, морфонология (фономорфология ёки морфофонология)дир.
Морфонология атамаси тилшуносликка биринчи маротаба Н.С.Трубецкой томонидан олиб кирилди.
У маълум бир тилнинг фонологик воситаларини морфологик нуқтаи назаридан ўрганиш морфонологиянинг вазифаси эканлигини таъкидлайди. Н.С.Трубецкойнинг фикрича, морфонология таълимоти қуйидаги уч қисмни ўз ичига олиши керак.

  1. Морфемалар фонологик тузилиши ҳақидаги таълимот.

2. Морфемалар бирикуви натижасида уларнинг таркибида юз берадиган товушларнинг комбинатор ўзгаришлари ҳақидаги таълимот.
3.Морфологик функция бажарадиган товуш алмашинуви ҳақидаги таълимот. Морфонологиянинг бирлиги сифатида морфонема атамаси тавсия этилади. Бу атама поляк тилшуноси Г.Улашик томонидан қўлланилади.
У фонема билан морфемани заба сўзи мисолида фарқлашга ҳаракат қилади. Акустик-артикуляцион томондан майда бўлакка бўлиш мумкин бўлмаган энг кичик бирлик фонема ҳисобланади; з, а, б, а. Булардан заба фонемалар комплекси ҳосил бўлган.
Семасиологик-морфологик нуқтаи назардан бўлинган қисм морфонема саналади: заб/а. Заба-забка сўзларидан ундош бир морфонема, лекин икки хил фонема (б) - (п) дир.
Н.С.Трубецкойнинг фикрига кўра, рука ва ручной сўзларидаги рук ва руч фонетик бирикуви бир морфеманинг икки фонетик шаклидир. У бир морфема таркибида сўзнинг морфологик структураси талаби билан бири ўрнида иккинчиси алмашиниб келиши мумкин бўлган икки ва ундан ортиқ фонемаларнинг комплекс образи морфофонема ёки морфонема саналади. Масалан, рук – руч сўзидаги (к) - (ч) алмашинувининг комплекс образи.
А.А.Реформатский морфонема тушунчасини бутунлай инкор қилади. У морфонологиянинг тил структурасининг «базисли» сатҳи саналувчи фонология ва морфологияни (морфемика) боғлаб турувчи «базиси йўқ» оралиқ сатҳи – «кўприк» эканлигини кўрсатади. Худди шундай фикр С.Б.Бернштейн томонидан ҳам баён қилинади.
Шундай қилиб, тилшуносликка морфонология ва унинг бирлиги бўлган морфонема (морфофонема) тушунчалари киритилгандан буён турли баҳсларга сабабчи бўлиб келмоқда. Унинг тарафдорлари қанчалик кўпайиб бораётган бўлса, мухолифлари ҳам шунчалик кенгаймоқда.
Асримизнинг 80-йилларидан бошлаб морфонология тушунчаси туркийшуносликка ҳам кириб келди. Бу масалага бағишланган бир қатор асарлар яратилди.
Шундай бўлишига қарамасдан, морфонология ҳали туркийшуносликда, хусусан, ўзбек тилшунослигида сингиб кетганича йўқ. Бу эса морфонология предметининг, унинг ўрганиш объектининг аниқ-равшан эмаслиги, морфонология бирлигининг, яъни морфонема тушунчасининг нообъективлиги билан боғлиқдир.
С.Б.Бернштейн таъкидлаганидек, Н.С.Трубецкой томонидан амалда мавжуд бўлмаган морфонеманинг ажратилиши морфонология тарихида салбий рол ўйнайди.
Нутқий фаолият тил - нутқ диалектик алоқаси натижасида рўёбга чиқиши, бу фаолиятда умумийлик-хусусийлик, моҳият-ҳодиса, имконият-воқелик диалектикасининг намоён бўлишини бир неча йил давомида тадқиқ қилиш орқали тил онтологиясида ва уни ўрганувчи тилшуносликнинг мундарижасида морфонология бўлимига ҳеч қандай ўрин йўқлигига имон келтирди.
Н.С.Трубецкой фонология билан морфология оралиғида уларни боғлаб турувчи кўприк сифатида морфонология бўлиши лозимлигини тавсия этгандан буён бу бўлим нимани ўрганади? деган саволга хилма-хил жавоб бериб келинмоқда. Унинг мундарижаси шу кунга қадар аниқ эмас.
Н.С.Трубецкой морфонология мундарижасига киритган уч қисм кейинчалик турли баҳсларнинг, тортишувларнинг туғилишига сабабчи бўлди. А.А.Реформатский Н.С.Трубецкой тавсия этган уч қисмдан фақат биринчисигина морфонологиянинг ўрганиш объекти бўлиши мумкинлигини таъкидлайди. Унинг ўзи сингармонизм ва умлаут ҳодисаларини ҳам морфонологиянинг ўрганиш объекти ҳисоблайди. Б.Бернштейн машҳур тилшунос Н.С.Трубецкойнинг морфонология ҳақидаги асари унинг энг кучсиз, етарли асосланмаган асарлари қаторига киришини кўрсатган эди.
Дарҳақиқат, Н.С.Трубецкой тавсия этган морфонологиянинг ўрганиш объектига эътибор берсак, С.Б.Бренштейннинг баҳоси нақадар адолатли эканлигига иқрор бўламиз.
Аввало, морфонологиянинг туғилишига туртки бўлган тил сатҳлари ўртасидаги муносабат масаласига тўхталайлик.
Тил муайян ички тузилишига эга бўлган бутунлик (система) саналиб, унинг сатҳлари ўзаро узвий алоқададир: фонетика морфемика билан, морфемика морфология билан, морфология синтаксис билан муносабатдадир.
Тил тузилишининг кўп сатҳлилиги шундан гувоҳлик берадики, ҳар қайси қуйи сатҳ бирликлари ўзидан бир даража юқори сатҳ бирлиги учун материал бўлиб хизмат қилади. Ўзининг ҳақиқий вазифасини юқори сатҳ бирлиги ичида топади. Қуйи сатҳ бирлиги билан юқори сатҳ бирлиги ўртасида бутун ва бўлак муносабати мавжуд бўлади. Қуйи сатҳ бирлиги элемент сифатида юқори сатҳ бирлиги таркибига киради. Юқори сатҳ бирлиги эса қуйи сатҳ бирликларидан ташкил топади. Қуйи сатҳ бирликлари юқори сатҳ бирлиги ичида синтагматик муносабатда бўлганда бутун таркибида маълум ўзгаришларга учрайди. Бундай вақтда умумийлик-хусусийлик диалектикаси намоён бўлади. Ҳар қандай умумийлик хусусийликлар орқали рўёбга чиқади. Ҳар бир хусусийлик умумийликнинг белгисини ифодалаш билан бирга, ўзига хос белгига ҳам эга бўлади. Хусусийликларда такрорланувчи умумий белги уларнинг маълум синфга хослигига ишора қилса, ўзига хос белгилар эса бир-биридан фарқлаш учун хизмат қилади. Масалан, фонема морфема ичида маълум вазифа бажаради ва артикуляцион-акустик хоссага эга бўлган конкрет бирлик сифатида фонеманинг варианти ҳолида юзага чиқади. Морфема бутунлик сифатида фонема вариантларидан ташкил топади ва фонема вариантларига бўлинади. Шундай экан, фонологик сатҳ билан морфологик (морфемик) сатҳ ўртасида узвий алоқа мавжуд. Лекин бу алоқанинг мавжудлиги улар ўртасида алоҳида бўлим – морфонологиянинг ажратилишига ҳеч қандай ҳуқуқ бермайди. Чунки бундай алоқа тилнинг бошқа сатҳлари учун ҳам хосдир.
Н.С.Трубецкой тавсия этган, А.А.Реформатский ва бошқа тилшунослар томонидан маъқулланган биринчи қисм ҳақида гап кетганда ҳам, морфонологиянинг ажратилишига эҳтиёж сезилмайди. Чунки ҳар бир тилда морфемаларнинг ўзларига хос фонологик тузилиши бўлганидек, сўзларнинг морфемик тузилиши ҳам мавжуд. Агар морфемаларнинг фонологик тузилиши (фонологик модели) фонология ва морфемикадан алоҳида бўлимида - морфонологияда ўрганилиши керак бўлса, сўзшаклнинг морфемик тузилишини (морфемик моделини) ҳам морфемика билан морфология оралиғида алоҳида бўлимда ўрганиш керак бўлади. Шунинг ўзиёқ тил тузилишида бундай бўлимлар ўрганадиган бирликнинг йўқлиги, демакки, тилшуносликда алоҳида бўлимнинг ҳам ажратилишига эҳтиёжнинг йўқлигини кўрсатади. Н.С.Трубецкой кўрсатган қисм эса аслида нутқий фаолиятнинг тил ва нутқ муносабатини ўрганишга қаратилгандир. Чунки морфемаларнинг синтагматик муносабатга киришуви ижтимоий-руҳий, умумий бирликни - инвариантни реал талаффуз қилувчи ва сезги органларимизга берилувчи вариантлар ҳолида намоён бўлишини кўрсатади. Бу жиҳатдан фонема бевосита нутқий жараёнда бутунлик таркибида жойлашган позицияси ва қуршовидаги фонемалар (тўғрироғи, аллофонлар) таъсирида, вариантлар ҳолида намоён бўлади.
Шунингдек, морфемалар ҳам бевосита кузатишда ёндош алломорфларнинг фонетик тузилишига мослашган ҳолда бир неча вариантларга эга бўлади. Масалан, жўналиш келишигининг –га,-ка,-ға,-а сингари вариантларнинг ҳар бирининг ўз қўлланиш шарт-шароити бор. Шунингдек, морфологик ва синтактик сатҳ бирликлари ҳам нутқий жараёнда вариантлар орқали намоён бўлиши бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас. Бу вариантларнинг ҳаммаси тилнинг система – функция муносабатида инвариант - вариант, умумийлик - хусусийлик, моҳият - ҳодиса диалектикасининг намоён бўлиши экан, у фақат фонетика билан морфология оралиғидаги морфонология учунгина эмас, балки бутун тил системаси учун ҳам хос хусусиятдир.
Н.С.Трубецкой морфонологиянинг ўрганиш объекти сифатида ажратган учинчи қисм ҳам аслида сўз шакли таркибидаги морфемалар (алломорфларнинг) синтагматик муносабатга киришуви жараёнида фонетик қулайликка эришув тенденцияси асосида майдонга келган морфема вариантларини ўз ичига олади. Масалан, тилак – тилагим, чироқ - чироғим сўзларидаги бир морфеманинг тилак – тилаг, чироқ - чироғ вариантлари орқали намоён бўлиши ҳам инвариант – вариант диалектикасининг кўринишидир.
Юқорида морфонология бўлими ва унинг ўрганиш объекти сифатида Н.С.Трубецкой ажратган йўналишларни бирма-бир кўриб чиқиб шунга иқрор бўлиш мумкинки, биринчи қисмда назарда тутилган морфемаларгина ички тузилиш моделига (архитектоникасига) эга бўлмай, тилнинг ҳамма сатҳ бирликлари худди шундай структур схемаларга (моделларга) эга. Шунинг учун фақат морфемаларнинг структур схемаларини этиборга олибгина морфонологияни ажратиш ўринли эмас. Қолган икки қисм ҳам нутқий фаолиятда умумийлик- хусусийлик, имконият-воқелик, моҳият-ҳодиса, инвариант-вариант диалектикасининг намоён бўлишини ўз ичига оладики, бу тилнинг ҳамма сатҳларида амал қиладиган умумий қонуниятдир.
Шундай экан, тилнинг онтологик тузилишида морфонема атамаси билан номланувчи бирликнинг ўзи йўқ, демак, тилшунослик мундарижасида тилда объектив мавжуд бўлмаган “морфонема”ларни ўрганувчи бўлимни ажратиш ортиқчадир.
Download 24.66 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling