2-мавзу. Мустақилликка эришиш арафасида Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар
йил май-июнь ойларида Фарғона ва Тошкент вилоятларида ҳамда Андижон шаҳрида миллатлараро можаралар
Download 225.28 Kb.
|
2-мавзу. Ўз.энг янг.тар
- Bu sahifa navigatsiya:
- 1989 йил 24 майда Қувасой шаҳрида ёшлар ўртасида бўлган безорилик миллатлараро тўқнашувни келтириб чиқарди ва бу можаро Фарғона водийсида оммавий тус олди.
- Умуман 3-12 июнь кунлари Фарғона вилоятида бўлган миллатлараро тўқнашувлар ва уларни ҳарбийлар томонидан ўққа тутилиши оқибатида 103 киши ҳалок бўлган, 1009 киши жароҳатланган
1989 йил май-июнь ойларида Фарғона ва Тошкент вилоятларида ҳамда Андижон шаҳрида миллатлараро можаралар рўй бердики, у республикада сиёсий вазиятнинг кескин тус олишига олиб келди. Бу можаронинг заминида мустабид совет тузуми йилларида тўпланиб, эртами-кечми “портлаши” кутилган миллий, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий муаммолар ётган эди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида мустабид тузум томонидан депортация қилинган месхети турклари Фарғона виллоятига, бир қисми Андижон, Наманган ҳамда Тошкент вилоятларига жойлаштирилган эди. Бу эса ўз вақтида ижтимоий-иқтисодий ва миллатлараро муносабатларда қўшимча муаммоларни юзага келтирган эди. Бу муаммоларга Совет давлати ўз вақтида эътибор бермади. Аксинча, “ривожланган социализм” даврига келиб СССРда “миллий масала бутунлай ҳал қилинди” деб “тантана” қилинди. Бироқ 1989 йил 24 майда Қувасой шаҳрида ёшлар ўртасида бўлган безорилик миллатлараро тўқнашувни келтириб чиқарди ва бу можаро Фарғона водийсида оммавий тус олди. Бу можаро аслида ўзбекларнинг мустамлака тузумига қарши ҳаракати эди. Буни 8-июнда Қўқон шаҳрида бўлган кўп минг кишилик митинг қатнашчилари талабномаларидан билса бўлади. Талабномада, водийда ишсизликни тугатиш чораларини кўриш, уйга муҳтож бўлганларга томорқа участкалари бериш, пахта ва пилланинг харид нархларини ошириш, ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш, Орол денгизини қутқариб қолиш тадбирларини тезлатиш, ўзидан заҳарли моддалар тарқатаётган Янгиқўрғон химия комбинатини ёпиш, ойлик иш ҳақларини ошириш, 7-июнда тинч аҳолига ўқ узганларни жавобгарликка тортиш каби талаблар қўйилган эди. Кўриниб турибдики илгари сурилган талаблар ҳаққоний ва одилона талаблар бўлиб аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволига бориб тақаларди. Республиканинг сиёсий раҳбарияти юзага келган бу мураккаб вазиятни ўз вақтида тўғри баҳолай олмади. Натижада, оддий можаро Фарғона, Марғилон, Тошлоқ, Қўқон, Андижон, Наманган, Тошкентда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг оммавий чиқишларига, миллатлароаро тўқнашувларига сабаб бўлди. Фарғона фожиалари ҳақида республика матбуотида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида тўғри маълумот берилмаганлиги, бу можароларнинг келиб чиқишида асосан “маҳаллий аҳоли айбдор” деб бир томонлама ва нохолис баҳоланиши вазиятни янада кескинлаштирди. Бундай оммавий чиқишларга, коммунистик мафкура тартибига қарши боришларга “кўникмаган” мустабид тузум сиёсий раҳбарияти намойишчиларга қарши ҳарбий қисм ташлади. 1989 йил 8 июнда Қўқонда тинч намойишчилар ана шу ҳарбий қисм аскарлари томонидан ўққа тутилди, натижада 50 дан зиёд намойишда қатнашган аҳоли ҳалок бўлди, 200 дан ортиғи эса ярадор қилинди. Умуман 3-12 июнь кунлари Фарғона вилоятида бўлган миллатлараро тўқнашувлар ва уларни ҳарбийлар томонидан ўққа тутилиши оқибатида 103 киши ҳалок бўлган, 1009 киши жароҳатланган. Фарғона воқеалари туб халқларннинг тобора ўсиб бораётган миллий ўзликни англаш жараёнини бостириш, асосий ва ҳаётий муаммолардан, “инқилобий қайта қуриш” режаларининг аниқ барбод бўлганлигидан мамлакат аҳолисининг эътиборини чалғитиш учун қора ниятли кучлар томонидан атайлаб уюштирилган фавқулодда ҳолат эди. Фарғона воқеаларидан кейин Ўзбекистон КП МҚнинг биринчи котиби лавозимига сайланган И.А.Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининнг 1989 йил 19 августдаги XVI пленумида “Ўзбек халқининг виждони пок. Фарғона воқеалари ўзбек халқининг иродаси билан солир бўлмади. Бу воқеаларга тутруқсиз ва ғаразли мақсадларни кўзлаб, ким қандай бўёқ бермасин, тарих албатта, ўзининг адолатли ҳукмини чиқаради. Байналмилалчилик, меҳмондўстлик, яхшилик, қалб саҳоватли ҳамиша ўзбек халқига хос фазилат бўлиб келди. Халқимиз ҳеч қачон бошқа халқ ва ҳозирги тарихимиздан олинган кўпгина мисоллар билан исбот қилинган”, деб таъкидлаган эди.
Совет хукуматининг Ўзбекистонда 70 йилдан кўпроқ олиб борган мустамлакачилик сиёсати, унинг Ўзбекистон ва Ўрта Осиё минтақасидаги бошқа республикаларнинг табиий хомашё ресурсларидан ўйламай-нетмай фойдаланиши, ишлаб чиқаришнинг экстенсив йўлдан ривожланиши, пахта яккаҳокимлигининг изчиллик билан жорий этилиши, турли хилдаги кимёвий заҳарли моддаларнинг қишлоқ хўжалигида ҳаддан зиёд ишлатилиши бу ерда табиий мувозанатни издан чиқарди. Айниқса, 80-йилларда ҳалокатли тус олган жуда мураккаб экологик муаммоларни вужудга келтирди, шу сабабли Орол муаммоси ҳалокатли тус олди. 1960 йилдан бошлаб Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида янги ерларни ўзлаштириш соҳасида кенг миқёсли ишлар бошлаб юборилди, булар учун дарё сувини қўшимча равишда тортиб олиш талаб қилинарди. Қолаверса, Қорақалпоғистонда пахтачилик билан бир қаторда шоличилик ҳам юксак суръатлар билан ривожланди. Бироқ ерларни ўзлаштириш илмий асосда олиб борилмади. Деҳқончиликни ривожлантириш экстенсив усулда амалга оширилганлиги сабабли, сув ресурсларининг асоссиз равишда ҳаддан ортиқ даражада исроф қилинишига олиб келди. Оролга эса унинг “улуши” бериб турилмади, бу эса денгизнинг қуриб боришига сабаб бўлди. Агар 1911-1962 йилларда Орол денгизининг сатҳи энг юқори нуқтаси 53,4 метрни, сувнинг ҳажми 1064 куб километрни, сувнинг юзаси 66 минг квадрат километрни ва минераллашув даражаси бир литр сувда 10-11 граммни ташкил этиб, унга Сирдарё ва Амударёдан ҳар йили деярли 56 куб километр сув келиб қуйилган бўлса, 1994 йилга келиб Орол денгизидаги сувнинг сатҳи 32,5 метрга, сув ҳажми 400 куб километрдан камроққа, сув юзасининг майдони эса 32,5 минг квадрат километрга тушиб қолди, сувнинг минераллашуви икки баравар ортди. Амударё ва Сирдарёдан Орол ҳавзасига қуйиладиган сув оқими 12,7 км. кубга тенг бўлиб, бу ўтгган асрнинг 60-йилларидагига нисбатан 4,5 баробарга камайиб кетди, ҳудудида 5,5 миллион гектар тузли қум майдонлари ҳосил бўлди. Оролнинг қуриб қолган тубидаги чанг бўронларидан мутахассисларнинг берган маълумотига қараганда ҳар йили атмосферага 15-75 миллион тонна чанг кўтарилмоқда. Шунингдек, Орол денгизи сувининг шўрланиш даражасининг ортиши балиқ ва бошқа денгиз мавжудодларининг деярли буткул йўқолишига олиб келди. Бугунги кунда сут эмизувчиларнинг 12, қушларнинг 26, ўсимликларнинг 11 тури йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турибди.1983 йилдан бошлаб Орол балиқ овлашга яроқсиз бўлиб қолди. Орол денгизининг қуриб бориши бир қатор салбий ҳодисаларга олиб келди: биринчидан, қишлоқ хўжалигининг экстенсив ривожланиши экин майдонларининг шўрланишига, бу майдонлар бир қисмининг қишлоқ хўжалиги оборотидан бутунлай тушиб қолишига сабаб бўлди. Масалан, Ўзбекистондаги бутун экин майдонларининг 60 фоизи, Туркманистондаги экин майдонларининг 80 фоизи ўртача ва кучли даражада шўрланган; иккинчидан, денгиз сувининг шиддат билан пасайиб бориши натижасида 3 млн га.дан ортиқ қуриган денгиз тубини қумли саҳрога айлантирди. Денгиз тубининг қуриган шўрхок ерларидан кўтарилган туз бу ҳудудлардаги экин майдонларини яроқсиз ҳолга келтирмоқда; учинчидан, Орол денгизининг қуриб бориши Қизилқум ва Устюртнинг шарқий қисмидаги ўсимликларнинг сийраклашиб боришини кучайтирди, бунинг натижасида яйловларнинг табиий имконияти пасайиб кетди, ўртача йиллик ҳисобга кўра қарийб 5 млн. тонна қимматли озуқалар йўқолиб бормоқда. 800 минг га. майдондаги қамиш ўсадиган массивлар нобуд бўлди, қадимдан сақланиб келаётган тўқай ўсимликлари хусусан, доривор ўсимликларининг қимматли турлари, чунончи, сариқ нилфия, оқ кўзача, дала қирқбўғини, қиздирувчи қичитқи ўт, ботқоқ шиповниги ва бошқалар йўқолиб кетиш арафасида турибди. Саҳрога айланиш жараёни кучайиши натижасида Орол бўйидаги кўпгина ҳайвонларнинг йўқолиб кетишига сабаб бўлди; тўртинчидан, денгиз суви сатҳининг мунтазам пасайиб бориши минтақанинг иқлим шароитларининг ўзгаришига олиб келди. Оролбўйининг иқлими янада кескин континенталроқ бўлиб қолди. Совуқ бўлмайдиган кунлар сони ортиб кетди, ёзда эса ҳаво ҳарорати 2 даража иссиқроқ бўлиб, қишда 2 даража совуқроқ бўлиб турибди, атмосферанинг қурғоқ бўлиши кучайди; бешинчидан, Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида дарёларга фойдаланилган коллектор сувларининг ташланиши натижасида сувнинг таркиби ёмонлашиб, уни амалда ичиш у ёқда турсин ҳатто суғориш учун ҳам яроқсиз қилиб қўйди. Бу ҳол Оролбўйининг эпидемиологик ва санитария-гигиена шароитини кескинлаштириб, касаллик ва ўлимнинг ортишига олиб келди. Табиатдаги салбий ўзгаришларнинг таъсири остида 1980 йилдан бошлаб камқонлик билан хасталаниш 550 баравар ортди ва 10 минг аҳоли ҳисобига 1160 киши даражасига етди; олтинчидан, ерларнинг кучли шўрланиши тарихий-маданий муҳитга ва унинг таркибий қисми бўлган маданий ёдгорликларга тузатиб бўлмас даражада зарар етказмоқда. Масалан, мил. Авв. IV асрга тааллуқли Қўйқирилган қалъадаги энг қадимги расадхона тиклаб бўлмас даражада шикастланди. Элликқалъадаги 50 дан ортиқ энг қадимги маданият ёдгорликларидан фақатгина 10 таси сақланиб қолди. Хоразмшоҳларнинг қадимги қароргоҳи бўлган Тупроққалъа (милодий I –IV асрлар) ҳам ҳалокат ёқасида турибди. Хуллоса қилиб айтганда, Орол денгизининг қуриб бориш хавфи ғоят кескин муаммо, айтиш мумкинки, Оролбўйи экологик кулфат инсоният тарихидаги энг йирик экологик ва гуманитар фожиалардан биридир. Денгиз ҳавзасида яшайдиган қарийб 35 миллион киши унинг таъсирида қолди. Шу сабабли Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон давлатлари мустақилликни қўлга киритгандан кейин Орол денгизи ҳудудлари бўйича умумий давлатлараро дастурни қабул қилиб, уни ҳаётга тадбиқ қилиш учун ҳаракат қилмоқдалар. 1993 йил 30-мартда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Қизил Ўрда (Қозоғистон) шаҳрида бўлиб ўтган анжуманда Орол денгизи ва Оролбўйи муаммоларини ҳал этишга умумий ёндошувлар ишлаб чиқилиб, Орол бассейини бўйича ташкил қилинган Кенгашнинг устави (МСАМ –Межгосударственный Совет Аральского моря) қабул қилинди. 1993 йил майида Тошкентда Орол ва Оролбўйи муаммолари бўйича дастлабки Халқаро тадқиқотлар лойиҳаси имзоланди. 1994 йил 11-январда Нукусда Орол денгизи муаммолари бўйича Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Россия Федерацияси хукумати делегацияси иштирокида иккинчи конференцияси бўлиб ўтди. Унда Орол муаммосига бағишланган лойиҳа мақулланди. 1997 йил 18-июнда эса Оролни қутқариш халқаро жамғармаси тузилди. Ўзбекистон хукумати экологик ҳалокат оқибатларини бартараф этиш мақсадида Орол денгизи бўйидаги минтақаларда қурғоқчиликка чидамли ўсимликларни этиштиришга киришди. Download 225.28 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling