4-мавзу: Оммавий ахборот воситалари шаклланиши ва ривожланиши
Download 42.13 Kb.
|
sssr
4-мавзу: Оммавий ахборот воситалари шаклланиши ва ривожланиши Ватанимиз мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ давлатимиз раҳбари Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган миллий тараққиётнинг ўзбек модели ҳаётимизнинг барча соҳаларида бошланган ислоҳотларнинг самарадорлиги учун концептуал асос вазифасини ўтади. Мамлакат иқтисодиётини бозор муносабатларига мослаштиришни босқичма-босқич ташкил этиш тамойилининг тўғрилигини ҳаётнинг ўзи исботлади. Ислоҳотларни тадрижий йўсинда ташкил этиш стратегияси бошқа соҳалар қатори, оммавий ахборот воситалари фаолияти учун ҳам алоҳида аҳамият касб этди.Ўтган асрнинг сўнгги ўн йиллиги аввалида ер юзидаги неча ўнлаб давлатларда мустақил жамият бунёд этиш имконияти юзага келди. Бироқ жамиятни демократлаштириш, ахборотлашган жамият қуриш, фуқаролик жамияти пойдеворига мустаҳкам замин яратиш ўз-ўзидан бўлмас эди. Одамларнинг мамлакатимизда, дунёда кечаётган жараёнларга, юз бераётган воқеа-ҳодисаларга муносабатини ўзгартиришнинг ўзи нақадар мураккаблиги ва бу мақсадга эришиш ниҳоятда узоқ вақт талаб қилиши ортда қолган йилларнинг энг катта сабоғи бўлди. Онгу тафаккур янгиланишлари ҳақида сўз борар экан, жамиятда ва одамларда ахборотга нисбатан муносабатнинг ўзгарганини муҳим ютуқ сифатида эътироф этиш зарур. Инсоният ҳозирги асрни ўз номи билан “ахборот асри” деб атади. Бу шунчаки шартли ном эмас, зеро, инсон ҳаётида ахборотнинг нақадар кенг ва чуқур ўрин тутишини тўла-тўкис қамраб олувчи атама ёки таъриф йўқ ҳисоби. Ваҳоланки, ҳар қандай шахс, ҳар қандай жамият ва ҳар қандай давлатнинг даражаси, нуфузи, қудрати, салоҳияти унинг ахборотга бўлган муносабатига боғлиқ. Ахборот кўплаб баҳолашларнинг мукаммал мезонига айланиб улгурди. Мустақилликнинг илк йилларида аксарият ҳолларда матбуот эркинлиги масаласига ўта жўн ва бирёқлама муносабатда бўлингани сир эмас. Ўша кезларда сўз эркинлигининг шарти битта – мутлақ эркинлик берилса олам гулистон, жамият ҳам, матбуот ҳам демократлашади-қўяди деган қарашлар бирмунча урчиган эди. Ваҳоланки, реал ҳаёт бундай тушунчаларнинг тамомила аксини кўрсатди. Оммавий ахборот воситалари – жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида етакчи ўрин тутиши; омма билан ҳокимият ўртасида фаол мулоқот воситасига айланмоғи; ҳақиқатда “тўртинчи ҳокимият” даражасига эришмоғи ва шу орқали жамиятда ошкоралик муҳитини яратиши; жамиятда демократик тамойилларнинг кенг қанот ёйилишида жонбозлик кўрсатиши; жамиятда матбуотнинг, демакки, журналистнинг ҳам ўрни ва аҳамиятини мустаҳкамлаш учун, энг аввало, ҳуқуқий база, ҳуқуқий муҳит яратилмоғи зарур эди. Ўзбекистон бу борада жаҳон тажрибасида синовлардан кўп бор ўтган энг тўғри йўлни танлади. Эътироф этиш керакки, истиқлол йилларида мамлакатимизда миллий қонунчилик институти, профессионал Парламент тажрибаси вужудга келди, шаклланди. Буни матбуот ва оммавий ахборот воситалари, умуман, жамиятни ахборотлаштириш соҳасига доир қабул қилинган қонунлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Иккинчидан, қабул қилинган ва амалиётга киритилган ҳар қандай қонун, у қайси соҳага дахлдор эканидан қатъи назар, журналист фаолиятида ё билвосита, ё бевосита аҳамиятга эга. Чунки эълон қилинган ҳар қандай йўналишдаги, ҳажмдаги (ҳатто қисқа ахборотнинг ҳам) мақола-материалнинг салмоғини муаллифнинг қонунлардан бохабарлик даражаси белгилайди. Зеро, ана шу шароитдагина қонун ишлайди, ҳаётга татбиқ этилиш кўлами кенгая боради, ҳуқуқий меъёрлар кундалик турмушга сингади, ва ниҳоят, қонун бандларининг мумкин қадар кенг тарғиб этилиши йўлга қўйилади. Бевосита оммавий ахборот воситаларига тааллуқли туркум қонунларга келсак, жамиятнинг эркинлашувини оммавий ахборот воситалари иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмаганидек, оммавий ахборот воситалари эркинлашувининг қонуний асосларини яратмай туриб матбуот сўзига тўлақонли ҳурлик бағишлаш ҳам мумкин эмас. “Демократик ҳукумат нормал фаолият юритмоғи учун у мустақил оммавий ахборот воситаларига муҳтожлик сезади, – деб ёзади Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари Бюроси директори Одри Гловер. – Бошқа томондан, оммавий ахборот воситалари муваффақиятли фаолият юритиши учун ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаши зарур. Бу қўллаб-қувватлаш қонундан иборатдир”.1 Ўзбекистон Республикаси Парламенти томонидан яратилган ва ҳаётга татбиқ этилган, бевосита оммавий ахборот воситалари соҳасига тегишли қонунлар истиқлол даври миллий журналистикасининг босқичма-босқич замонавий мақомларга кўтарилишида улкан аҳамият касб этди. Давлатимиз мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ ҳаёт ва давр ҳар бир соҳа вакиллари олдига янгидан-янги вазифаларни кўндаланг қўя бошлади. Жумладан, демократик жамият қуришнинг ўзак масалаларидан бўлмиш матбуотни эркинлаштиришнинг ўзига хос хусусиятларини, талабларини, қонуниятларини ўрганиш ва уларни амалиётга татбиқ этиш, умуминсоний ва миллий қадриятлар, манфаатлар уйғунлигига эришиш, хусусан, оммавий ахборот воситалари тизимидаги ислоҳотларни, чунончи, улар фаолиятини эркинлаштириш, номарказлаштириш, ўзини-ўзи бошқариш механизмини яратиш, оммавий ахборот воситаларини бозор муносабатлари шароитида соғлом рақобат асосида фаолият юритишга тайёрлашдек жараёнлар даври келган, бундай серқатлам ва мураккаб жараёнларни тартибли, айни чоғда самарали тарзда ташкил этиш учун ҳам, биринчи навбатда, юқорида таъкидланганидек, оммавий ахборот воситалари тизимини ислоҳ этишнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш зарур эди. Шу маънода 1997 йил миллий матбуотимиз тарихи саҳифаларига алоҳида сана сифатида битиб қўйилди. Шу йили мамлакатимиз Парламенти томонидан “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида” ҳамда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги қонун, гарчи умуман жамиятда фуқароларнинг ахборот излаш, олиш, тадқиқ этиш, узатиш ва тарқатиш ҳуқуқини кафолатлашга қаратилган бўлса-да, қонун бевосита журналистларнинг эмин-эркин фаолият юритишлари учун ҳам катта имкониятлар яратди. Зеро, журналистнинг ҳар қандай фаолияти унинг ахборот олиш имконияти (ҳуқуқи)дан бошланади. Бундай имконият бўлмаса, бирор натижага эришиш қийин. Жами 14 моддадан иборат қонуннинг иккита моддаси бевосита оммавий ахборот воситалари фаолиятига тааллуқли. “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун журналистлик фаолияти билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган муносабатларни тартибга солади, журналистнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди, унга ҳуқуқий ва ижтимоий кафолатлар беради. Ўз номи билан қонун журналистни ўз ҳимоясига олади. Савол туғилади: қонунда қандай ҳимоя, яъни журналист ким томонидан ҳимоя қилиниши кафолатланган? Қонуннинг моҳиятида жавоб бор, яъни, журналистнинг биринчи ҳимоячиси – унинг ўзи, аниқроғи, қонун асосида фаолият юритувчи журналист қонун ҳимоясидадир. Зеро, оммавий ахборот воситаси ходимининг фаолияти бошдан охирига қадар турли муносабатлардан ташкил топади. Бу борада у мутлақо кутилмаган ҳолат ва вазиятларга тушади, фавқулодда шахсларга дуч келади. Хусусан, танқидий-таҳлилий материал тайёрлаш жараёни журналистдан ғоятда зукколик ва ҳушёрликни, шу билан бирга, ўзи мурожаат этаётган мавзуга доир маълумотларни чуқур билишни тақозо этади. Бир сўз билан айтганда, журналист муносабатлар ичида яшайди, ижод қилади. Мазкур фикрдан келиб чиқилса, сўз юритилаётган қонун (1-модда) “Ушбу Қонун журналистнинг фаолияти билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган муносабатларни тартибга солади...” деган сўзлар билан бошланиши қонуннинг ҳар жиҳатдан мантиқий ва ҳаётий эканидан далолат беради. Қонунда журналистнинг ҳуқуқлари зикр этилган 5-модда журналистнинг мажбуриятлари баён этилган 6-моддада мантиқан давом эттирилади. Мазкур моддада журналистнинг касб этикаси, масъулияти ва бурчи касб мажбурияти сифатида олти бандда ифодаланган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур қонунда ўзбек миллий журналистикаси амалиётида биринчи марта “Журналист” атамасига ҳуқуқий изоҳ берилди (3-модда). Ушбу модда журналист шахсининг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаши билан ҳам эътиборли. Журналистнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш, шу орқали журналистика касбининг нуфузини ошириш нуқтаи назаридан ушбу қонун алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидламоқ лозим. Ҳуқуқий жамиятда матбуот соҳасида ишлаётган ижодий ходим ва таҳририят ўртасидаги муносабатлар қонун йўли билан тартибга солинади. Жумладан, ижодий ходим таҳририят раҳбарияти билан шартнома асосида ишлайди. Томонларнинг розилиги билан тузиладиган бу шартнома меҳнат жараёнида келиб чиқиши эҳтимоли бўлган келишмовчиликларнинг, тушунмовчиликларнинг олдини олади. Аҳамиятли жиҳати, ишни шартнома асосида ташкил этиш журналист шахсини улуғлайди, унинг учун ижодий эркинлик муҳитини яратади. Журналистнинг шахс сифатида, шу билан бирга, жамиятнинг масъулиятли ва нуфузли вакили сифатида ўз ўрни, нуқтаи назарига эга бўлишга йўл очади, ижтимоий фаол бўлишига имкон яратади. Бундай шахс мақомига кўтарилган журналистда ҳаётий воқеа-ҳодисаларга нисбатан холис, аммо фаол позицияни эгаллаш имконияти юзага келади, ҳатто у таҳририят раҳбарияти томонидан берилган ноўрин топшириқни, дейлик, қонунга зид бўлган ҳолатларнинг келиб чиқишига сабаб бўладиган вазифани бажаришни рад этиш ҳуқуқига, “ўзи тайёрлаган хабар ёки материалнинг мазмуни таҳрир жараёнида бузилган деган фикрга келса, унга имзо қўймаслик ёхуд уни нашрдан олиб қолишни (эфирга бермасликни) талаб этиш” ҳуқуқига эга бўлади (5-модда). Чунончи, 5-модданинг 13-банди журналист бехабар қолиб, унинг имзоси билан нотўғри ахборот чиқиб кетган ҳолатда уни ўз муҳофазасига олади. Яъни, журналист “тақдим этган хабарнинг мазмунини оммавий ахборот воситаси бузиб эълон қилиши оқибатида ўзига етказилган маънавий зарар ва моддий зиён қопланишини суд орқали талаб қилиш” ҳуқуқидан фойдаланади. Ушбу қонуннинг 8-моддасида журналистнинг ўз касб фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлигидан фойдаланиши баён этилган. Бу журналистга жамият ва қонун ижодкорлари томонидан кўрсатилган катта эътибордирки, шу мақомда ҳуқуқий кафолатланган журналистгина эмин-эркин журналист текширувини ўтказиш имконига эга бўлади. Матбуот жамиятнинг демократик институтларидан бири экан, жамият олдида қандай вазифа турган бўлса, матбуот олдида ҳам айни шундай вазифа туради. Бундан англашиладики, турли жамиятларга мансуб ахборот воситалари матбуотнинг умумий принципларига (воқеаларни холис, ҳаққоний ва вақтида ёритишга) риоя қилган ҳолда, жамиятнинг тараққиёт даражасига қараб, бир-биридан фарқ қилиши ҳам мумкин. Буни ривожланган ва тараққий топган мамлакатларнинг матбуоти билан миллий ривожланиш йўлига энди-энди қадам қўяётган мамлакатларнинг матбуоти мисолида аниқ кўриш мумкин. Шу маънода журналист текшируви турли мамлакатларда турлича аҳамият касб этиши табиий. Бунда матбуотнинг жамиятдаги мавқеи, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари муҳим аҳамият касб этади. Журналист текширув олиб бораётганида амалдаги қонунчиликда белгиланган ҳуқуқий меъёрларга қатъиян риоя қилиши, аниқ факт ва рақамларга, ишончли далилларга суяниши, ахборот олишда суҳбатдошларига тазйиқ (босим) ўтказмаслиги, уларга ҳақ тўламаслиги, бирор нарса ваъда қилмаслиги шарт. Бу шартларга амал қилмаса, текширув холис йўлдан чалғиб кетади. Иккинчидан, журналист ахборот излайди, тергов ҳаракатларини олиб бормайди. Журналист текшируви жамият ҳаётининг барча соҳаларида олиб борилиши мумкин. Аммо, бу борадаги кузатувлар шундан далолат берадики, криминал ва ҳуқуқий мавзу аксарият ҳолларда (масалан Ғарб матбуотида) журналист текширувининг бош мавзусига айланади. Бу ҳолатда журналист ҳуқуқ-тартибот соҳаси ходимлари билан бир қаторда текширув олиб бориб, жиноятнинг очилишига ёрдам бериши мумкин. Аммо текширув натижаларини шу иш юзасидан тергов ҳаракатлари тугаб, суд ҳукми кучга киргунича ошкор қилиб, суд жараёнига таъсир ўтказиши мумкин эмас. Миллий матбуотимизда таниқли журналистлар Холида Аҳророва, Алиназар Эгамназаров, Ҳабибулла Олимжонов, Бекқул Эгамқулов, Абдунаби Ҳайдаров, Ёқубжон Хўжамбердиев, Камол Матёқубов, Сафар Остонов, Муҳаммаджон Обидов, Мурод Абдуллаев, Муҳтарама Улуғова, Анвар Жўрабоев, Номоз Саъдуллаев, Турсунали Акбаров ва бошқалар бу йўналишда кўплаб жиддий чиқишлар қилишган. Тажрибали журналист Холида Аҳророва сталинчилар қатағонига учраган отаси Саид Аҳрорий ҳаётининг сўнгги йиллари, тергов материаллари ва бошқа ҳужжатларни ҳар томонлама ўрганиб, матбуотда туркум мақолалар эълон қилди, кейинчалик унинг бу тадқиқотлари тўплам ҳолида нашр этилди. Набижон Боқийнинг “Қатлнома” асари ҳам шундай текширув-ўрганиш натижасидир. Алиназар Эгамназаровнинг “Оқловдан сўнг...” публицистик китоби муаллифнинг узоқ йиллар давомида турли архивларда ишлаб, қатағон қурбонлари устидан чиқарилган ҳукмларни таҳлил қилиши натижасида юзага келди. Бу китоб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилаётган “Ватан учун яшайлик” танловида ғолиб бўлди. Тадқиқотчи Наргис Қосимованинг ёзишича, суриштирув йўналишида ишлаётган журналист ахборот олишда қуйидаги усуллардан фойдаланиши мумкин: кузатув, интервью, суҳбат, ҳужжатлар таҳлили. Ҳар томонлама ҳужжатлаштирилган ва мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга бўлган материал тайёрлаш учун у кўп соҳалардан хабардор бўлиши керак. Журналист ўз текширувини олиб бориш давомида муҳаррир ва касбдошлари билан, шунингдек, экспертлар билан ҳамкорлик қилиши тақозо этилади. У очиқ ахборот олишни кафолатловчи қонун меъёрларидан яхши хабардор бўлиши... зарур”.2 Айтиш жоизки, журналист текширувини олиб бориш ва кутилган натижага эришишда текширув олиб бораётган журналистнинг шахси, касб одоби, маҳорати, мақсадининг холислиги, аввал эълон қилган мақолаларининг мазмуни ва натижаси муҳим аҳамият касб этади. Тажрибадан маълумки, текширув жараёнида журналист (мухбир) турли касб эгалари билан мулоқотда бўлади, расмий ва норасмий ҳужжатларга дуч келади. Бундай пайтда журналистнинг ўзини қандай тутиши, самимийлиги, суҳбатдошларининг ишончига кира олиши кўп нарсани ҳал қилади. Одамлар ўзлари ишонган киши билангина норасмий фактлар, манбалар тўғрисида мулоқот қилишади, унга бошқаларга маълум бўлмаган ҳолатлар тўғрисида маълумот беришади. Мустақиллик даври матбуотидаги изланишлар, жаҳон тажрибасининг илғор намуналаридан ибрат олиш маҳсули ўлароқ, журналист текшируви ўзбек матбуоти саҳифаларидан ҳам ўрин олди, журналист текширувига ихтисослашган журналистлар гуруҳи етишиб чиқди. Мана шундай бир паллада қабул қилинган янги қонуннинг алоҳида бир моддаси журналист текширувига бағишлангани ҳам ҳуқуқий, ҳам ижодий, ҳам жамиятда демократик қадриятларни қарор топтириш нуқтаи назаридан жиддий аҳамиятга молик янгилик эди. Зеро, ҳаётда, кундалик турмушда юз бераётган жараёнларни (у ижобий ёки салбийлигидан қатъи назар), журналист жамиятнинг тўлақонли ва онгли, муҳими – масъулиятли фидойи вакили сифатида ўрганади, таҳлил қилади, пировардида улар хусусида ўзининг мулоҳаза ва таклифларини жамоатчилик эътиборига ҳавола этади. Қонуннинг 10-моддаси журналистнинг ахборот олиш ва тарқатиш жараёнидаги фаолиятини ҳам ҳимоялашни, ҳам касбини ўташ чоғида унинг ишига четдан аралашишларга йўл қўйилмасликни кафолатлайди. 14-моддада эса 10-модда мантиқий давом эттирилади, яъни журналистга тазйиқ ўтказганлик, шунингдек, унинг касбига оид техник воситалар ғайриқонуний равишда тортиб олинганлик учун жавобгарлик белгиланган. “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун Парламентнинг 1997 йил апрель ойида бўлиб ўтган мажлисида қабул қилинган бўлса, шу йилнинг декабрь ойида қабул қилинган “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддаси ҳам “Журналистик текширув”га бағишлангани бежиз эмас. Тўғри, аввалги қонуннинг 9-моддасидагига нисбатан олганда, янги қонуннинг 9-моддасида журналист текшируви бирмунча кенгроқ баён этилган, ушбу йўналишга ихтисослашаётган журналистлар фаолияти учун янада кенг имкониятлар берилган. Мустақиллик даври матбуотининг хос хусусиятлари оммавий ахборот воситалари сонининг ортиши, номарказлашуви, мулкий жиҳатдан хилма-хиллашувида, айниқса уларнинг умумий нисбатида нодавлат ОАВнинг кўпая боришида ўз ифодасини топа бошлади. Бундай ҳолатда оммавий ахборот воситаларини ташкил этиш, улар фаолиятини юритиш ёки тўхтатиш билан боғлиқ муносабатларга доир ҳуқуқий меъёрларни ишлаб чиқиш кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан эканлиги табиий. 1997 йилда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун айни шу мақсадларга хизмат қилди. Мазкур қонундаги муҳим янгиликлардан бири мамлакатимизда давом этаётган жамиятни эркинлаштириш жараёнларига бевосита тааллуқли эди. Яъни, республикамизда юридик шахслар қатори жисмоний шахсларга ҳам оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш ҳуқуқи берилиши мутлақо янгилик бўлди. Ушбу янгиликнинг аҳамияти шундаки, эндиликда қонунда изн берилган ҳар қандай фуқаро сингари журналист ҳам бевосита ўзи янги нашр таъсис этиши ва у орқали ўз қарашларини оммалаштириш имконига эга. Бинобарин, ўз нуқтаи назарини бир муаллиф сифатидагина эмас, балки бир мустақил нашр сифатида ифода этиши, шу тариқа унинг учун жамиятда фикрлар ва қарашлар хилма-хиллигини таъминлашга янада кенгроқ ҳисса қўшиш имкони туғилди. “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 3- ва 4-моддалари халқимизнинг, хусусан ижодкорларимизнинг асрий орзуларини рўёбга чиқарди дейиш мумкин. Чунки “Ҳар ким оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эга”лиги, мазкур ҳуқуқий меъёрнинг изчил давоми бўлмиш “Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларини цензура қилишга йўл қўйилмайди. Эълон қилинаётган хабарлар ёки материаллар олдиндан келишиб олинишини, шунингдек уларнинг матни ўзгартирилишини ёки бутунлай нашрдан олиб қолинишини (эфирга берилмаслигини) талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ” дея белгиланиши ахборот соҳасида мустабид тузумдан қолган энг катта иллатга барҳам берди. Гарчи “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун бандлари журналистнинг ижод чоғидаги ва ундан олдинги босқичга дахлдор фаолиятига тааллуқли бўлса-да, унинг “Журналистнинг жавобгарлиги” деб аталган 15-моддаси журналист асарининг чоп этилгандан кейинги босқичга ҳам бевосита тааллуқлидир. Унда журналистнинг ўзи тайёрлаган ва тарқатган хабар ва материалларнинг ҳаққонийлиги учун жавобгарлиги белгиланганки, мазкур модда ҳаётга кенг татбиқ этилгани сайин “цензурага йўл қўйилмайди” деган модданинг тўла ишлашига имкон яратади. Чунки журналист ёзғаётган сўзи учун шахсий жавобгарлигини чуқурроқ ва амалийроқ идрок эта бориши, биринчидан, унинг шахсий салоҳияти ортиб боришига асос яратса, иккинчидан, матбуот сўзининг таъсирчанлиги, матбуотнинг жамиятдаги назоратчилик вазифасининг соғломлашуви учун хизмат қилади. “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг “Раддия бериш ва жавоб қайтариш ҳуқуқи” деб номланган 27-моддаси ҳам журналист сўзининг, нуқтаи назарининг пухта ва мустаҳкам бўлишига асос яратади. Маълумки, ҳар қандай қонун ўз даврининг маҳсулидир, зеро, ҳар қандай қонунда у яратилган давр шарт-шароити, ўша давр муаммолари ва имкониятлари ифода топади. Бинобарин, давр ўтгани сайин, айниқса, жамият муттасил ўзгариш, янгиланиш жараёнларини бошдан кечираётган пайтларда амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, зарурат туғилганда эса унинг ўрнига янгиларини қабул қилиш жаҳон тажрибасида бор ҳолат. Мамлакатимиз мисолида айтадиган бўлсак, мустақиллик даврининг ҳар йили кенг қамровли ислоҳотларга бой бўлди. Бошқача айтганда, мамлакатимиздаги янгиланиш жараёнлари замон ва глобал ўзгаришлар шиддатига ҳамоҳанг тарзда кечди. Ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар, мамлакат ҳаётини модернизациялаш, жамиятдаги демократик эврилишлар, фуқаролик жамияти ўзак мезонларининг қарор топиши, жумладан сон ва миқёс жиҳатидан кенгайиб бораётган оммавий ахборот воситалари “майдони”нинг вужудга келиши соҳага доир қонунларни қайта кўриб чиқиш, зарурат туғилган ҳолларда уларни янги таҳрирда қабул қилишга эҳтиёж туғдирди. 2007 йилнинг январь ойида янги таҳрирда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун ана шундай эҳтиёж маҳсули эди. Мазкур қонуннинг амалдаги қонунга нисбатан янгилиги нимада? Аввало шуни айтиш керакки, 1997 йили амалга киритилган “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунга 2002 йилнинг август ойида Парламент томонидан ўзгартиришлар киритилди. 2007 йилнинг январь ойида эса қонун янги таҳрирда қайта қабул қилинди. Қонуннинг янги таҳрирдаги вариантида қуйидаги янгиликлар юз берди: – қонун шаклан жиддий ўзгарди, 6 бобнинг ҳар бирида ОАВ фаолияти билан боғлиқ алоҳида босқичлар қамраб олинди ва умумлаштирилди; – “Оммавий ахборот воситалари” тушунчаси кенгайди, жумладан электрон ОАВ билан боғлиқ янгиликлар киритилди (27-модда); – ОАВ муассиси ва муассислари, ОАВ таҳририяти, бош муҳаррир, таҳририят ходими мақоми мустаҳкамланди. Миллий оммавий ахборот воситалари тизими биринчи навбатда аҳолининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади. Фуқаролик жамиятининг бош белгиларидан бири эса жамиятда эркин ахборот алмашинуви жараёнлари яратилганлиги билан белгиланади. Эмин-эркин ахборот алмашинуви яратилган жамиятгина “ахборотлашган жамият” мақомига лойиқ кўрилади. Жамият миқёсида кечадиган бундай жараёнлар, муносабатлар ва ҳоказолар анъанавий “матбуот” ёки “оммавий ахборот воситалари” тушунчаларига “сиғмайди”, шу боис жаҳон тажрибасида, чунончи, кейинги йилларда матбуотга доир илмий тадқиқот ишлари ва амалиётда “оммавий коммуникация” атамаси кенг оммалашмоқда. Амалий жиҳатдан олганда, мамлакатимизда оммавий коммуникация талаблари ва эҳтиёжлари ҳар жиҳатдан, айниқса ҳуқуқий жиҳатдан замонавий талабларга жавоб беришини таъкидлаш мумкин. Ушбу тушунчадан келиб чиқиб, эндиликда оммавий ахборот воситалари соҳасидаги қонунчилик ҳақида сўз юритганда мавзуни янада кенг ва чуқур миқёсда олишга ҳақлимиз. 1992 йилнинг январь ойида “Алоқа тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши мамлакатда демократик ислоҳотлар бошланаётганидан далолат эди. Зеро, алоқанинг ҳуқуқий асослари моҳият эътибори билан жамиятда очиқ ахборот муҳити яратилишига замин яратади. “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонун (1993 йил, май) бу йўналишдаги навбатдаги қадам бўлди. “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун (1994 йил, май) жамиятда шахс ҳуқуқининг мустаҳкамланиши, унинг ўрни, фикри ва сўзига эътиборни янада кучайтиришга хизмат қилди. “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги (1995 йил, декабрь), “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги (1996 йил, август), “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги (1996 йил, август), “Реклама тўғрисида”ги (1998 йил, декабрь), “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги (1999 йил, август) қонунларни ҳам билвосита, ҳам бевосита жамиятда демократик қадриятлар ва талабларга жавоб берадиган ахборот майдонини яратишга хизмат қиладиган, пировард натижада республикамиздаги ҳаёт тарзини тараққий этган давлатлар даражасига кўтаришга замин яратидиган ҳуқуқий асослар деб аташ мумкин. Табиий, ҳаёт ва тараққиёт тўхтовсиз давом этади. Бундай узлуксизлик қонун ижодкорлиги борасида ҳам узвийликни тақозо этади. Замонавий тараққиётни ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ)ни йўлга қўймай туриб тасаввур қилиш қийин. Айни чоғда, шахс, жамият ва давлатнинг ахборот эҳтиёжини АКТсиз йўлга қўйиш қийин. Давлат бошқаруви, иқтисодиёт, сиёсат, илм-фан, маданият ва санъат, маиший ҳаёт сингари инсон ҳаёти билан боғлиқ жабҳалардаги соғлом турмуш тарзининг қарор топиши кўп жиҳатдан АКТга чамбарчас боғлиқдир. Мана шундай талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда, давлатимиз раҳбари ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган амалдаги айрим қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш, шунингдек янги қонунлар қабул қилиш таклифини берди. Чунончи, Президент томонидан “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Телерадиоэшиттириш тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш юзасидан киритилган таклифлар ҳар жиҳатдан муҳим ва долзарб эканлиги алоҳида таъкидга сазовордир. Мамлакат ҳаётида муҳим ўзгаришлар юз бераётганида, жамият янгиланаётганида оммавий ахборот воситаларига бўлган талаб кескин ошади. Чунки янги шароитда бошқарув тизими, жамиятнинг ижтимоий-сиёсий тамойиллари, маънавий-ахлоқий қадриятлар ўзгаради, миллий ривожланиш ва тараққиётнинг яқин-узоқ истиқболга мўлжалланган асосий йўналишлари белгилаб олинади. Матбуот жамиятнинг фаол ва эркин демократик институтларидан бири сифатида янги ғоялар тарғиботчисига, жамоатчилик фикрини шакллантиришнинг таъсирчан, самарали минбарига айланади. Одамларда жамият ҳаётида, дунёда юз бераётган муҳим ўзгаришларни матбуот орқали билишга, ижтимоий-сиёсий жараёнда фаол иштирок этишга қизиқиш кучаяди. Президент Ислом Каримовнинг мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси (2010 йил, 12 ноябрь) парламент фаолиятини, сиёсий партияларнинг ролини янада ошириш, партиялараро рақобатни кучайтириш ва унинг самарадорлигига эришиш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситаларига доир ҳуқуқий қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан яқин-келгусида амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифаларни белгилаб берди. Давлатимиз раҳбари мустақилликнинг дастлабки икки ўн йиллигида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, маданий-маънавий ҳаётида эришилган ютуқларни, халқимизнинг дунёқараши ва онг-шуурида, турмуш тарзида, давлат-жамият-шахс муносабатларида рўй бераётган ўзгаришларни таҳлил қилиш билан бирга, давлатимизнинг умумий тараққиётини янги сифат босқичига кўтариш, халқимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган фаровон турмушини таъминлаш, мамлакатда ижтимоий адолат принципларини тўла қарор топтиришга доир ҳаётнинг ўзи кун тартибига қўяётган масалалар юзасидан ғоят муҳим таклифларни ўртага ташлади. Глобаллашув ва рақобат дунё миқёсида кучайиб бораётган бир пайтда ҳар бир мамлакат дунё ҳамжамиятида ўзи эгаллаб турган ўрнини холис ва танқидий баҳолаши, ҳар томонлама чуқур ўйланган, ижтимоий-иқтисодий асослари пухта ишлаб чиқилган тараққиёт дастури ҳамда уни амалга ошириш стратегиясига эга бўлиши керак. Президентимиз таклиф этган Концепцияда мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётининг бошқа муҳим масалалари қатори ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари фаолиятини демократлаштириш, уларнинг эркинлиги ва иқтисодий асосларини мустаҳкамлашга ҳам жиддий эътибор берилди. Демократик жараёнларни чуқурлаштириш, аҳолининг мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида фаол иштирок этишига замин яратиш учун, аввало, жамиятда ахборот эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини одамлар ўз фикр-мулоҳазаларини эмин-эркин ифода этадиган холис минбарга айлантириш зарур. Фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласи, Концепцияда айтиб ўтилганидек, “инсоннинг ахборот олиш, ахборотни ва шахсий фикрини тарқатиш ҳуқуқи ва эркинлигини ўзида мужассам этган бўлиб, бу Ўзбекистонда демократик жамият асосларини барпо этишнинг муҳим шарти, таъбир жоиз бўлса, тамал тоши ҳисобланади”.3 Мустақиллик йилларида бу борада самарали ишлар қилинди. Оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолиятини, сўз эркинлигини таъминлайдиган, демократик талаб ва стандартларга мос келадиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши одамларнинг ўзлари истаган ахборотни ҳеч бир монеликсиз олиш, айни чоғда, ахборотни муҳофаза қилиш, шахс, жамият ва давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигини таъминлаш имконини берди. Натижада матбуотимиз саҳифаларида собиқ тузум шароитида мутлақо қўл урилмаган, ҳеч ким журъат этмаган, расман таъқиқлаб қўйилган кўплаб мавзулар, чунончи, танқидий мушоҳадалар, қиёсий таҳлиллар, ижтимоий-сиёсий шарҳлар пайдо бўлди. Мамлакатимизнинг етакчи нашрларида эълон қилинаётган материалларнинг таъсирчанлиги сезиларли даражада ошди. Янги мустақил матбуот бироз сусткашлик, қийинчилик билан бўлса-да, ўзининг янги йўли ва мақомини топиб олди. Аммо, эътироф этиш лозимки, оммавий ахборот воситалари фаолиятини эркинлаштириш, самарадорлигини таъминлаш жараёни бу ютуқлар билангина ниҳоясига етгани йўқ. Давр руҳини акс эттириш, ўқувчи ишончини қозониш учун ҳали жуда кўп ишлар қилиниши керак. Шу маънода давлатимиз раҳбарининг қуйидаги кўрсатмаси айни муддао бўлди: “Мамлакатимизда фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида амалга оширилган кенг кўламли ишларни танқидий баҳолар эканмиз, муҳим бир масалага алоҳида эътибор қаратишимиз зарур, деб ўйлайман. Яъни бу ўринда гап оммавий ахборот воситалари ва давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги муносабатларнинг устувор жиҳатларини тўғри белгилаш, жумладан, оммавий ахборот воситалари фаолияти устидан назорат қилишнинг иқтисодий механизмларини, ахборот манбаларининг ёпиқлигини, шунингдек, таҳририятларга ҳокимият органлари ва маъмурий тузилмалар томонидан бўлаётган маълум даражадаги босимларни бартараф қилиш билан боғлиқ муаммоли масалаларни ҳал этиш ҳақида бормоқда”. Президент бундай шароитда ОАВ имкониятларини янада кенгайтириш, уларнинг жамиятнинг сиёсий, иқтисодий ва маънавий ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш, журналистлар фаолиятини ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлаш зарурлигини яна бир бор кун тартибига қўйди: “Оммавий ахборот воситаларининг мамлакатимизда юз бераётган жараёнларга турлича қарашларни эркин ва холис ифодалашга қодир бўлиши, ҳокимият билан жамият ўртасида холис воситачи бўлиши ва, муҳими, инсон ҳамда жамият манфаатларининг фаол ва изчил ҳимоячиси бўлиши учун профессионал журналистлар ва ОАВ ходимларини тайёрлаш жараёнини қайта кўриб чиқиш, ахборот олиш, таҳлил қилиш, ишлаш ва етказишнинг замонавий усуллари ва воситаларини ўзлаштиришда уларга ёрдам бериш зарур”4. Эътироф этиш керакки, мустақилликнинг дастлабки кезларидаёқ миллий матбуотимиз зиммасига жамиятда кечаётган ўта мураккаб жараёнларни, яқин-ўтмишда содир бўлган воқеа-ҳодисаларни холис ва ҳаққоний талқин этиш, истиқлол ғояларини, миллий мафкурамиз асосларини изчил тарғиб қилиш, айни пайтда, мустақиллик манфаатларини ҳимоя қилиш, ўқувчиларни мамлакатда, ён-атрофимизда содир бўлаётган воқеалардан ўз вақтида хабардор қилиш, жамият аъзоларини янги эркин, очиқ демократик давлат қуришдек ягона мақсад атрофида бирлаштириш вазифаси юкланди. Миллий матбуотимиз шу чоққача бундай масъулиятли вазифага дуч келмаган, даврнинг интеллектуал минбарига айланмаган, жамиятнинг умумий руҳини, ижтимоий психологияни, одамларнинг кайфиятини ҳаққоний акс эттириш вазифаси зиммасига юклатилмаган, аксинча, собиқ тузум шароитида ҳукмрон партиянинг ғоявий қуролига, халқ тили билан айтганда, югурдак хизматкорига айланган эди, холос. Шу боисдан ҳам унинг дастлабки қадамлари суст кечди, иккиланиш ва янглишишларга йўл қўйди. Чунки янги шароитда ишлаш, эркин фикр юритишнинг андозалари ҳали ишлаб чиқилмаган эди. Жамиятни янгилаш, мамлакат ҳаётини модернизация қилиш жараёнида матбуот сўзининг эркинлиги муҳим омилга айланади. Бундай шароитда оммавий ахборот воситаларининг ижтимоий-сиёсий жараёндаги иштироки, жамоатчилик фикрини шакллантиришдаги роли сезиларли даражада ошади, журналист кадрларни янги шароитга мос равишда тайёрлаш, қайта тайёрлаш зарурати юзага келади. Айни чоғда, яқин ўтмишда матбуот фаолиятида йўл қўйилган хато-камчиликларни такрорламаслик, оммавий ахборот воситаларини собиқ тузум шароитидаги мафкуравий “ур тўқмоқ”дан жамоатчилик фикрининг холис ифодачисига, жамиятдаги ва одамлар дунёқарашидаги турли қарашларнинг эркин ифодачисига айлантириш лозим бўлади. Янги матбуот мана шундай мураккаб шароитда фаолият юрита бошлади. Тажриба кам, жамият ҳаётида жавобдан кўра савол кўп эди. Мустақилликни мустаҳкамлаш деганда нимани тушунмоқ керак? Янги мустақил матбуотнинг бош вазифаси ва фаолият принциплари нималардан иборат бўлади? Газеталар қайси мавзуларга урғу беришлари лозим? Журналистика эндиликда қандай муаммоларни ҳал қилади, унинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни, мавқеи қандай бўлади? Янги шароитда хусусий мулкка, тадбиркорликка, миллий ва диний қадриятларга, хусусан дин ва диндорларга муносабат қайси томонга қараб ўзгаради? Бу саволларга жавоб топиш зарур эди. Вақт эса кутиб турмасди. Матбуот орқали айтилган ўринсиз бир оғиз сўз ёки ибора эҳтиросларни жўштириб юборарди. «Адабиёт, сўз санъати азалдан халқ қалбининг ифодачиси, ҳақиқат ва адолат жарчиси бўлиб келади, – деб таъкидланади Президент Ислом Каримовнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида. – Хусусан, мустақиллик йилларида юртимизда маънавиятимизнинг ғоят муҳим ва узвий қисми бўлган адабиётни ривожлантириш, шоир ва ёзувчиларимизнинг эзгу меҳнатини қадрлаш ва муносиб рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўз ҳосилини бераётгани, бадиий адабиётимиз мавзулар кўлами жиҳатидан ҳам, жанрлар нуқтаи назаридан ҳам ранг-баранг бўлиб бораётгани, адабиёт майдонида янги-янги номлар пайдо бўлаётгани китобхон халқимизни, албатта, қувонтиради. Буларнинг барчаси миллий тикланиш жараёнлари қалам аҳлининг ижодий изланишлари учун қандай катта уфқлар очиб берганини яна бир бор кўрсатади. Дейлик, ҳозирги пайтда тарихий мавзуни ёритишда – бу Имом Бухорий ёки Имом Термизий бўладими, Жалолиддин Мангуберди ёки Амир Темур сиймосини яратиш бўладими, олис ва яқин ўтмишимизнинг ҳали очилмаган саҳифаларини акс эттириш бўладими – буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли тасвирланган кўплаб асарлар юзага келмоқда» (136-137-бетлар). Собиқ тузум шароитида бундай ишларни амалга оширишга асло йўл берилмаган. Бадиий адабиётда, газета-журналларнинг мақолаларида ва ёки бирор бир расмий маърузада ўтмиш аждодларнинг номини тилга олишнинг ўзи «тарихни идеаллаштириш, феодал замонларни қўмсаш, илм-фан тараққиётини инкор этиш» деб баҳоланган. Кўпчилик ижодкорлар шундай оғир шароитда ҳам имконият даражасида адолатли қалам тебратишга, тарих ҳақиқатига қарши бормасликка ҳаракат қилганлар. Давлатимиз раҳбарининг миллий адабиётимизни янада ривожлантириш, Ёзувчилар уюшмаси фаолиятининг самарадорлигини ошириш юзасидан билдирган фикр-мулоҳазаларида бу тўғрида жуда аниқ айтилган: «Шуни айтиш жоизки, аксарият ёзувчиларимиз совет даврининг тарбиясини олган, узоқ йиллар ҳукмрон мафкура руҳида ижод қилган. Лекин яна бир ҳақиқат ҳам борки, уларнинг кўпчилиги коммунистик тузум ғояларини сўзда маъқулласа ҳам, аслида ич-ичидан уларни қабул қилмаган. Негаки, коммунистик тузум инсоннинг, бинобарин, миллат ва халқнинг эркин ва озод яшашига, миллий тафаккур, диний қадриятларга қарши бўлганини ижод аҳли ҳаммадан кўра чуқурроқ англаган. Табиийки, давр тақозосига кўра, ёзувчилар яшаш учун, ўз истеъдодини рўёбга чиқариш учун коммунистик тузум билан муроса қилишга мажбур бўлган. Шу маънода, мустабид тузум даврида виждон азобини ким кўпроқ тортган деса, мен доимо бу ҳаётнинг маъно-мазмуни, инсоннинг қадр-қиммати, эл-юрт тақдири ҳақида қайғуриб яшайдиган одамлар ва уларнинг олдинги қаторида бўлган ижод аҳли, деб айтган бўлардим».5 Давлатимиз раҳбарининг асарлари, нутқ ва маърузалари, матбуот ва ОАВ ходимларига табрикларида мустақиллик даври матбуотининг бош вазифалари аниқ-лўнада ифодалаб берилган. “Ахборот соҳасини жадал ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари – матбуот, радио-телевидение фаолиятини эркинлаштириш фуқаролик жамияти асосларини барпо этиш жараёнининг узвий таркибий қисмига айланиши зарур. Қисқа қилиб айтганда, оммавий ахборот воситалари том маънода “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилмоғи лозим. Бу тўғрида гапирганда, оммавий ахборот воситалари фаолиятига оид бўлган баъзи бир масалалар ҳақида тўхталиб ўтиш ўринли деб биламан. Шуни очиқ айтишимиз керакки, мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари узоқ вақтлар давомида мафкуравий ва маъмурий назорат остида ишлагани туфайли уларнинг ҳали-бери бу ҳолатдан чиқиши, аввало психологик жиҳатдан ўзини эркин ҳис этиши қийин кечмоқда. Шу сабабли улар ўзи учун янги бўлган ҳозирги вазиятда баъзан ҳали ҳам нима қилиш ёки нима қилмаслик ҳақида юқоридан кўрсатма кутиб ўтиргандек кўринади. Ўйлайманки, ҳақиқий демократик матбуот кўрсатма асосида яшай олмайди ва яшаши ҳам мумкин эмас. Эркин матбуот реал вазият шароитида фаолият кўрсатиши, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётнинг долзарб муаммоларини дадил кўтариб чиқиши, одамларни безовта қилаётган барча масалаларни жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этиши, ҳокимият ва бошқарув тузилмалари фаолиятига танқидий, шу билан бирга, холис баҳо бериб бориши керак” (Олий Мажлиснинг 2002 йилги 9-сессиясида сўзланган нутқдан).«Халқимиз оммавий ахборот воситаларидан мамлакатимиз ва хорижда содир бўлаётган воқеалар тўғрисида холис ва тезкор ахборотлар олишни, шу билан бирга, биринчи навбатда, ҳокимият органлари ва бошқарув тузилмалари фаолияти ҳақидаги танқидий фикрларни, ислоҳотлар ва янгиланишлар йўлидан илгари юришимизга тўсиқ бўлиб турган нуқсонлар, ҳаётдаги долзарб муаммолар хусусида ошкора, профессионал таҳлилий материалларни кутади».6Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўлланган табрикдаги (1993 йил) мана бу фикр янада аҳамиятли: “Сўз ҳам кучли, ҳам кескир бир қуролдирки, уни эҳтиёткорлик билан оқилона ишлатмоқ зарур. Бу қуролни нияти пок, мақсади ҳалол, Ватанимизни, эл-юртимизни севиб хизмат қилишга астойдил бел боғлаган кишиларга топшириш лозим”. Олий Кенгашнинг биринчи чақириқ биринчи сессиясида (1995 йил, 23 февраль) давлатимиз раҳбари матбуот олдига янада конкрет вазифа қўйди: “Мен бугун журналистларга, матбуот аҳлига мурожаат қилмоқчиман. Нега газеталар бунчалик саёз, “жим-жит”, гўё ҳамма ёқда “олам гулистон”дек? Нега матбуотимизда ўткир фелъетонлар ёзилмайди? Нега ноқобил ишбилармонлар, порахўр ходимлар фош қилинмайди? Ахир улар адабий асарда, матбуот саҳифасида, телевидениеда ўз қийшиқ башарасини кўрса, халқнинг нафратига гирифтор бўлса, ибрат бўлмайдими? Умуман олганда, Ўзбекистон телевидениеси ишини тубдан яхшилаш керак. Қизиқарли дастурлар, баҳс-мунозара, фикр берадиган, тарбиялайдиган кўрсатувлар жуда кам. Даққиюнусдан қолган “совет мафкураси”ни тарғиб қилувчи эски киноларни, беҳаё фильмларни кўрсатавериш ҳам яхши оқибатларга олиб келмайди... Маънавий ва маданий-маърифий ишлар билан боғлиқ давлат сиёсати сизларнинг диққат эътиборингизда бўлиши керак. Бу борадаги энг катта ишлардан бири – таълим, маданият, матбуот ва ноширлик фаолияти соҳаларига оид зарур қонунларни тайёрлаб, тезда қабул қилишдир”. Президентимизнинг биринчи чақириқ Ўзбекистон Олий Мажлисининг УI сессиясидаги (1996 йил, 29 август) нутқида матбуотнинг танқидий чиқишларига муносабатни тубдан ўзгартириш зарурлиги яна бир бор уқдириб ўтилди: “Сизларга очиқ-ойдин айтиб қўймоқчиман, бугун матбуотда холис бир танқид чиқса-ю, бирор ҳоким ёки амалдор эртага журналистни ер билан яксон қилиш пайида бўлса, тазйиқ остига олса, ундай ҳоким ҳам, амалдор ҳам узоққа боролмайди. Шуни яхши эслаб қолинглар”. Оммавий ахборот воситалари ўқувчиларни жамият ҳаётида кечаётган турли жараёнлардан, одамлар ҳаётида юз бераётган ўзгаришлардан ўз вақтида хабардор қилиб турса, ҳар хил хуфёна гаплар, миш-миш, уйдирма, бўҳтон ва овозаларга ўрин қолмайди. Президентимизнинг фикрича, бундан давлат ҳам, жамият ҳам фақат наф кўради. “Жамият ҳаётининг томир уришини белгилайдиган матбуот ва ахборот соҳасида шундай сиёсат юритилганда, турли пинҳона ҳатти-ҳаракатлар учун ҳеч қандай асос қолмайди, деб ўйлайман... Чунки ютуқни – ютуқ, камчиликни – камчилик, жиноятни – жиноят, хиёнатни – хиёнат деб, ҳамма нарсани ўз номи билан аташ – том маънодаги демократик жамият матбуотининг ҳақиқий қиёфасини белгилаб беради”. Матбуот сўзининг таъсирчанлиги ва самарадорлигига эришишда иқтисодий эркинлик муҳим аҳамиятга эга. У ёки бу нашр иқтисодий жиҳатдан мустақил эмас экан, бу ҳолат унинг сўзига салбий таъсир кўрсатади. Харажатларини қоплай олмаётган таҳририятлар аксарият ҳолларда турли ташкилотларга, масалан банкларга, тижорат йўналишидаги корхоналарга, тадбиркорларга ёрдам сўраб мурожаат қиладилар. Улар ҳомийлик ёрдами кўрсатишлари мумкин, аммо бунинг учун газета саҳифаларида ўз фаолиятларига доир қуруқ мақтов-тарғибот материалларини эълон қилишни талаб қилишади. Бу эса нашр мавқеини сусайтиради. Матбуотнинг мавқеи унинг хабардорлик даражаси билан ҳам белгиланади. Ахборот, турли янгиликлар, воқеа-ҳодисаларнинг тафсилотлари, сабаб ва оқибатлари, таҳлил ва мушоҳада, газетхонларнинг мактублари матбуотнинг қон томири ҳисобланади. Ҳаётнинг бугунги тезкор шиддати, одамларнинг турмуш тарзи, дунёқарашида, ўй-фикрларида юз бераётган ўзгаришлар журналистлардан касб маҳоратини тинимсиз ошириб боришни, мамлакат, миллат, жамият олдида турган энг муҳим, долзарб вазифаларни янада теран идрок этишни талаб этмоқда. Шу маънода Юртбошимизнинг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида” Қонун қабул қилиш таклифи жамиятимизда демократик тамойилларни янада мустаҳкамлаш, матбуот ва сўз эркинлигини янги сифат босқичига кўтариш пайти етилганидан далолат беради. Чунки, жамият очиқ бўлмас экан, матбуот ўзининг бош вазифасини тўла адо эта олмайди, унинг қон томирларида ахборот оқими сустлашиб қолади. Вақтида айтилган, етказилган ва мушоҳада қилинган ахборот эса, шубҳасиз, тараққиётга, огоҳликка хизмат қилади. Президентимизнинг яна бир таклифи – “Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши матбуотда холислик ва ҳаққонийлик принципларининг тўла қарор топишига замин яратади. Чунки тижорат ишлари билан шуғулланмайдиган ижтимоий-сиёсий, маънавий маърифий нашрларнинг реклама материалларига зўр бериши уларни асосий вазифадан чалғитади, таҳририятга моддий ёрдам кўрсатаётган норасмий ҳомийларнинг таъсирига тушиб қолиш хавфи юзага келади. Бунинг натижасида буюртма мақолалар ҳам эълон қилинади. Бугун журналистика шусиз ҳам ижодий ва тижорий йўналишга бўлиниб турган бир пайтда, соҳанинг хавфли тармоғи ҳисобланган буюртма журналистиканинг пайдо бўлишига йўл қўйиб бўлмайди. Бу борадаги муаммолар “Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши билан ўз ечимини топади, деб ўйлаймиз. Юртбошимизнинг нутқ ва маърузаларида оммавий ахборот воситалари фаолияти, унинг янги даврдаги янги вазифалари билан бирга, журналист кадрлар тайёрлаш, журналист маҳорати ва масъулияти каби муҳим масалаларга ҳам алоҳида эътибор берилади. Қуйида улардан айрим иқтибосларни келтирамиз. “Журналист деганда, халқимиз кўз ўнгида элу юрт қувонч ва ташвишларига шерик, доимо янгиликлар изидан юрувчи беҳаловат инсон намоён бўлади. Шу боис одамлар матбуотга, радио ва телевидениега катта умид билан қарайдилар, кўнгилларини очадилар, уларни ҳаётда энг зарур, энг содиқ дўст-ҳамроҳ сифатида қадрлайдилар” (Матбуот ва ОАВ ходимларига байрам табригидан. 1997 йил, 27 июнь). “Шуни мамнуният билан айтаманки, истиқлолнинг ўтган даврида журналистларимизнинг ҳам тафаккури, дунёқараши ўзгарди. Матбуотимиз тобора миллий шакл, миллий мазмун, миллий қиёфа касб этиб бормоқда. Янги ХХI аср ақл-идрок, маънавият ва тафаккур асри, соғлом мустақил фикр, соғлом ғоя, умуминсоний қадриятларга таянган тафаккур тантана қиладиган аср бўлади. Ана шундай пайтда ҳаётимизда матбуотнинг роли яна ҳам ошади. Унинг вазифаси ва жамият олдидаги масъулияти кенгаяди. Журналист сўзининг салмоғи ошади. Шундай экан, матбуотимиз ўзининг иқтидорини, куч-қудратини, бутун салоҳиятини, тажрибаларини бойитиб бориши шубҳасиз (Матбуот ва ОАВ ходимларига байрам табригидан. 1998 йил, 27 июнь). “Айтайлик, ҳозир жаҳоннинг олис бир бурчагида қандайдир воқеа содир бўлса, зум ўтмай бутун дунёга маълум бўлади. Ва бу воқеа ер юзининг бошқа бир четида дарҳол акс-садо беради. Биздан узоқ-узоқ минтақалар ва ҳудудларда рўй бераётган яхши ва ёмон ишлар, уларнинг таъсирлари ҳам ҳаётимизга яшин тезлигида, биздан сўраб-нетиб ўтирмасдан кириб келаверади. Замонавий ахборот майдонидаги ҳаракат шунча тиғиз, шунчалар тезкорки, энди илгаригидек, ҳа, бу воқеа биздан жуда олисда юз берибди, унинг бизга алоқаси йўқ, деб бепарво ўтириб бўлмайди. Чунки, сир эмас, баъзан беозор бўлибгина бўлиб туюлган мусиқа, оддийгина мултфильм ёки реклама лавҳаси орқали ҳам маълум бир мафкуравий мақсадлар ва интилишлар ифодаланади. Демак, бугунги кунда ғояни, фикрни тақиқ билан, маъмурий чоралар билан енгиб бўлмайди. Ғояга қарши фақат ғоя, фикрга қарши фақат фикр, жаҳолатга қарши фақат маърифат билан баҳсга киришиш, олишиш мумкин (“Тафаккур” журнали бош муҳаррири саволларига жавоблардан. 1998 йил, 30 июнь). “Бугунги таҳликали замонда ҳар қайси онгли инсон ёши, касби-кори, лавозимидан қатъи назар, ўзига руҳан яқин, қувончу ташвишлари, дарду ғамига шерик бўладиган бир суҳбатдош излайди. Менинг назаримда, матбуотни ана шундай суҳбатдошга қиёслаш мумкин. Айни вақтда шуни яхши англаб олиш зарурки, бизнинг нозиктаъб, кўпни кўрган доно халқимизга муносиб суҳбатдош бўлиш осон иш эмас. Бу барчамиз, авваламбор, матбуот заҳматкашлари учун энг муҳим ва долзарб вазифа бўлиши керак” (Матбуот ва ОАВ ходимларига йўлланган табрикдан. 2000 йил, 27 июнь). “Журналистнинг нони нечоғли қаттиқ эканини тасаввур этиш учун одамларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва адолат ҳукмрон бўлишига эришишда, ҳаётда учраб турадиган нопоклик, тўрачилик, маҳаллийчилик каби иллатларга қарши курашда матбуот ходимларининг ўз ҳаловатидан воз кечиб, ҳатто тақдирини хавф остига қўйиш ҳолатларини кўз ўнгимиздан ўтказишимиз мумкин. Шу боис ҳам, ўткир қалами ва маҳорати билан жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган ҳақиқий журналист меҳнатини, ўз ҳаётини халқ бахти ва фаровонлиги учун, унинг оғирини енгил қилиш учун курашга бағишлаган фидойи инсонлар меҳнати билан қиёслаш тўғри бўлади”(Матбуот ва ОАВ ходимларига йўлланган табрикдан. 2001 йил, 27 июнь). “Ҳозирги кунда халқимиз янги ҳаёт, янги жамият қуриш йўлида қандай юксак марраларга эришган бўлса, уларнинг барчасида, ҳеч шубҳасиз, заҳматкаш матбуот аҳлининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини шахсан мен ҳеч қачон унутмайман...”(Матбуот ва ОАВ ходимларига йўлланган табрикдан. 2006 йил, 27 июнь). “Бугунги кунда медиа тармоқларини, матбаа корхоналарини замонавий ахборот-коммуникация соҳасидаги энг сўнгги ютуқларга асосланган техника ва технологиялар билан таъминлаш, айниқса, Интернет тизимидан кенг ва оқилона фойдаланиш учун имконият яратиш, моддий ва молиявий кўмак бериш масалаларини ечиш, шу асосда ушбу соҳанинг тараққиётини янги босқичга кўтариш, бошлаган ҳаракатларимизни изчил давом эттириш эътибор марказимизда бўлиши шарт. Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари ходимларининг касб малакасини, ижодий маҳоратини ошириш, уларнинг жаҳон журналистикасининг илғор тажрибаларини пухта ўзлаштириш учун тараққий топган мамлакатлардаги ҳамкасблари билан алоқаларини кучайтириш, содда қилиб айтганда, ўзаро борди-келдиларини кўпайтириш бўйича тегишли шароит туғдириб бериш ҳам ана шундай муҳим вазифалар қаторига киради” (Матбуот ва ОАВ ходимларига йўлланган табрикдан. 2008 йил, 27 июнь). “Мен ўз фаолиятим давомида журналистларнинг ишини яқиндан билиб, кузатиб келаётган бир инсон сифатида бу соҳанинг қандай нозик ва масъулиятли эканини, таъбир жоиз бўлса, баланд тоғ чўққисига чиқиш нечоғли қийин бўлса, ҳақиқий журналистнинг меҳнати ҳам шундай оғир ва машаққатли эканини ўзимга яхши тасаввур қиламан. Бу иш ҳамманинг ҳам қўлидан келмаслигини, бунинг учун истеъдод, тинимсиз заҳмат чекиш, қунт ва изланиш зарурлигини инобатга оладиган бўлсак, ўзбек матбуоти бугунги кунда жаҳон ахборот майдонида ўз ўрнини топишга интилаётгани, журналистларимиз чет эллик ҳамкасблари билан мулоқот ва баҳсларда ҳеч кимдан кам бўлмасдан ўзининг профессионал малакасини намоён этаётгани барчамизга мамнуният бахш этади...” (Матбуот ва ОАВ ходимларига йўлланган табрикдан. 2009 йил, 27 июнь). “Журналист аҳлининг машаққатли ва шарафли меҳнатидан, таъсирчан сўзи ва ижодий маҳоратидан ҳар куни баҳраманд бўладиган миллионлаб одамлар сизларнинг тимсолингизда эл-юрт манфаатини ўйлаб яшайдиган фидойи инсонларни, олижаноб касб эгаларини кўради. Бундан бир аср муқаддам ўзбек миллий журналистикасининг тамал тошини қўйган маърифатпарвар боболаримиз матбуотнинг асл моҳиятини ана шундай чуқур англаб, масъулият билан иш юритганлари, ўйлайманки, сизларга яхши маълум. Бу фикрни биргина мисол – 1914 йилда “Садои Фарғона” газетасининг илк сонида чоп этилган “Матбуот бутун дунёдаги маданий миллатларнинг ҳаёт йўллари, оламдаги даражалари ва инсоният тараққиётининг чўққиси учун лозим бўлган саъй-ҳаракатлар тўғрисида маслаҳатлашмоқ ва кенгашмоқ учун зарур бир воситадир” деган сўзлар ҳам яққол исботлайди. Мустақиллик йилларида миллий матбуотимиз ана шундай тамойиллар ва замонавий талаблар асосида тубдан янгиланиб ва ривожланиб бораётгани, айниқса, эътиборлидир...”(Матбуот ва ОАВ ходимларига йўлланган табрикдан. 2010 йил, 25 июнь). Кўриниб турибдики, мустақиллик йилларида мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари янгиланиш ва қайта шаклланиш йўлини босиб ўтди. Мамлакат Конституцияси, оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунлар асосида журналистика соҳасида ижобий сифат ўзгаришлари юз берди. Миллий матбуотимиз тизимида янги тармоқлар, жумладан хусусий газета-журналлар, радио ва телевидение, нашриёт ва босмахоналар пайдо бўлди. Сиёсий партияларнинг нашрлари матбуотда фикр эркинлиги, ижодий рақобат, баҳс-мунозара руҳини кучайтирди. Вазирлик ва ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқасини кучайтириш мақсадида матбуот хизматлари ташкил этилди. Фаол, фидойи ижодкорлар меҳнатини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Олтин қалам”, “Йилнинг энг фаол журналисти”, “Энг улуғ, энг азиз” танловлари ўтказилмоқда. Матбуотда узоқ йиллар ишлаган ҳамкасбларимиз давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлмоқдалар. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари таркибида газеталарнинг бош муҳаррирлари ҳам борлиги, айниқса, қувонарлидир. Хулоса қилиб айтганда, Ватанимиз мустақиллигининг дастлабки сал кам чорак асрлик даврида ўтказилган кенг қамровли ислоҳотлар ҳаётимизнинг барча соҳалари қатори оммавий ахборот воситалари фалиятида ҳам ўзининг ижобий самарасини берди. 1 Средства массовой информации в условиях демократизации общества. – Материалы международного «круглого стола» (Ташкент, 4–5 октября 1996г.) – Т.: 1997. – С. 6. 2 “Ўзбекистон матбуоти”, 2010 йил, 2-сон. Б.51. 3 “Халқ сўзи” газетаси, 2010 йил, 13 ноябрь. 4 Халқ сўзи, 2010 йил, 13 ноябрь. 5 Ислом Каримов. Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор. Т.: Ўзбекистон, 2009, Б.10-11. 6 Каримов И.А. Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди. Т.: Ўзбекистон, 2005, Б.190-191. Download 42.13 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling