45-мавзу. Замонавий молиявий глобаллашув ва уни Ўзбекистон молия тизимига таъсири Режа


Download 32.52 Kb.
Sana03.02.2023
Hajmi32.52 Kb.
#1149685
Bog'liq
45-мавзу


45-мавзу. Замонавий молиявий глобаллашув ва уни Ўзбекистон молия тизимига таъсири
Режа:

  1. Замонавий глобаллашув тенденциялари. Замонавий молиявий глобаллашувнинг ўзига хос жиҳатлари ва жараёнлари.

  2. Молиявий глобаллашув шароитида халқаро молия муносабатлари.

  3. Халқаро молия бозори.

  4. Ўзбекистоннинг жаҳон молия тизимига глобаллашуви. Замонавий молиявий глобаллашувни Ўзбекистон молия тизимига таъсири.

1-савол баёни. Жаҳон иқтисодиётида XX-XXI асрлар бўсағасида янги – глобаллашув деган тушунча пайдо бўлди. Глобаллашув муаммолари тарихчилар, иқтисодчилар, технологлар, файласуфлар ва кўплаб мамлакатларнинг ҳукмрон доиралари ҳамда жамият вакиллари томонидан баҳс-мунозарага сабаб бўлмоқда. Глобаллашув тарафдорлари ва унга қарши бўлганларнинг мавжудлиги ушбу тушунчанинг турлича талқин қилинишини англатади. Глобаллашув тарафдорларининг фикрича, глобаллашув иқтисодий ўсишни рағбатлантиради, аҳоли фаравонлигини оширади, янги иш ўринлари яратилишига имкон беради. Глобаллашувга қарши бўлганлар эса, у ривожланаётган мамлакатларда савдо экспансиясининг кучайиши, иқтисодий жиноятларнинг ортиши (қалбаки маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ноқонуний реэкспорт, наркотик моддалар савдосининг ошиши ва ҳ.к.), ишлаб чиқаришнинг атроф-муҳитни ифлослантириши, техника хавфсизлигига амал қилмаслик, болалар меҳнатидан фойдаланиш ва бошқа нохуш ҳодисалар билан боғлиқ муаммоларнинг кучайишига олиб келади, деб ҳисоблайдилар. Умуман олганда, нима бўлганда ҳам глобаллашув жараёнини тўхтатиб бўлмайди. Таҳлилчилар глобаллашув жаҳон иқтисодий ривожланишининг у ёки бу ижтимоий-иқтисодий, технологик ва экологик тенденцияларга қандай таъсир кўрсатишини ўрганишлари лозим.


“Глобаллашув” тушунчаси илк бора америкалик олимлар томонидан киритилган. Т.Левит “Бозорларнинг глобаллашуви” номли мақоласида глобаллашувни илгарилари тассаввур қилиб бўлмайдиган даражада кўп кўрсаткичларга эга бўлган истеъмол товарлари стандартлашиши учун глобал бозорлар пайдо бўлиши билан боғлиқ янги тижорат воқелиги деб атаган.
Иқтисодчи Н.Трифт глобаллашувнинг қуйидаги жиҳатларини ажратиб кўрсатади:
- молиявий марказлашувнинг кучайиши. Унинг ёрдамида кредит маблағлари шакллантирилади, кредитлар берилади ва фойдаланилади, шунингдек капиталнинг ишлаб чиқариш устидан ҳукмронлиги ўрнатилади;
- ахборотлар аҳамиятининг ошиши;
- глобал олигополиянинг тўхтовсиз кенгайиши;
- тарнсмиллий корпорация (ТМК)лар сонининг ортиши;
- трансмиллий иқтисодий дипломатиянинг шаклланиши ва миллий давлат ҳокимиятининг глобаллашуви.
Калифорния университети профессори М.Кастельс глобаллашув жараёнини “янги капиталистик иқтисодиёт” деб атаб, унда ахборот, билим ва ахборот технологиялари ишлаб чиқариш ва рақобатбардошлик ўсишининг асосий манбаи эканлигини таъкидлайди. Россиялик олима И.Г.Владимированинг фикрича, глобаллашув жаҳон иқтисодиёти байналминаллашувининг энг юқори босқичидир.
В. Кривошееванинг таъкидлашича, глобаллашувдан яшириниб бўлмайди. Глобал жараёнлар тобора маҳаллий ва ҳатто тупроқ шароитларига таъсир қилмоқда. Бироқ, аниқ қаршиликка қарамай, ҳар бир киши маълум даражада глобал тизим билан боғлиқ. Агар биз глобаллашувнинг пайдо бўлишининг ўзига хос тарихий босқичи ҳақида гапирадиган бўлсак, у анча олдин пайдо бўлган, у фақат бошқача номланган. Шундай қилиб, агар глобаллашувнинг кенг маъносида биз халқларнинг иқтисодий яқинлашиши, интеграция, ягона жаҳон иқтисодий маконининг шаклланиш жараёнини назарда тутсак, глобаллашув инсоният тарихи давомида содир бўлган, деб таъкидлаш мумкин, гарчи бу жараён доимо барқарор бўлмаган.
Умуман олганда жаҳон иқтисодиётининг глобаллашуви деганда жаҳон иқтисодиётининг ўзаро боғлиқ турли соҳа ва жараёнларининг кучайиб бориши, жаҳон хўжалигида товарлар, хизматлар, капитал, ишчи кучи ва билимлар бозорининг аста-секинлик билан ягона бозорга айланишини билдиради. Макроиқтисодий даражадаги глобаллашув давлатлар ва интеграция уюшмаларининг иқтисодий фаолликка интилиб, савдо ва инвестиция тўсиқларини олиб ташлаш, эркин савдо ҳудудларини ташкил қилиш асосида пайдо бўлади. Ундан ташқари глобаллашув жараёни давлатлараро хўжалик юритиш учун иқтисодий, ҳуқуқий, ахборот ва сиёсий миқёсдаги ўзаро келишувларни ҳам қамраб олади.
Микроиқтисодий даражадаги глобаллашув компаниялар фаолиятининг ички бозордан ташқарида кенгайиши натижасида пайдо булади. Кўпгина йирик трансмиллий корпорациялар (ТМК) глобал миқёсда ҳаракат қилади: улар чегараси ва миллий эгалигидан қатъий назар истеъмолчиларнинг талабини қондириши керак. ТМК (асосан кўпмиллий ва глобал) учун ички бозорга нисбатан кўпинча ташқи иқтисодий фаолият муҳим аҳамиятга эга эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, улар глобаллашув жараёнининг субъекти бўлади. ТМК глобаллашувнинг асоси, унинг ҳаракатга келтирувчи асосий кучдир. Шу ўринда глобаллашувнинг ижобий ва салбий оқибатлари тўғрисида ҳам тўхталиб ўтсак.
Глобаллашув жараёнининг ижобий томонлари қуйидагича:
- глобаллашув натижасида халқаро меҳнат тақсимоти ва ихтисослашув чуқурлашиб боради. Маълум бир давлат маълум бир соҳага ихтисослашиб боради. Бунда маблағ ва ресурслар самарали сарфланади;
- глобаллашув жараёнининг асосий устунликларидан бири, харажатларнинг қисқариши, нархларнинг пасайиши ва барқарор иқтисодий ўсишга олиб келувчи ишлаб чиқариш миқёсидаги тежам ҳисобланади;
- глобаллашувнинг ижобий жиҳатларидан яна бири эркин савдодан келадиган ютуқ барча мамлакатларни қаноатлантиради;
- глобаллашувда рақобатнинг кучайиши янги технологиялар яратилиши ва мамлакатлар ўртасида кенг тарқалишини таъминлайди. Ушбу шароитда хорижий тўғри инвестициялар суръатининг ошиши жаҳон савдосининг ўсишига олиб келади. Глобаллашувнинг яна бир афзаллиги хорижий давлатларнинг илғор илмий-техникавий, технологик ва малакали даражадаги қисқа муддатда ва нисбатан кам харажат талаб қиладиган янгиликларни амалиётга татбиқ этиш натижасида иқтисодий қулайликка эришишидир;
- глобаллашув жараёнида халқаро рақобат кучайиб, миллий бозордаги ички рақобатчиларга ташқи бозордаги кучли рақиблар ҳам қўшилади. Жаҳон иқтисодиётининг глобаллашув жараёнида энг аввало истеъмолчиларга қулай, бунда рақобат уларга нархларни пасайтириш ва танлаш имкониятини беради;
- глобаллашув илғор технологияларнинг тарқалиши ва глобал миқёсдаги ишлаб чиқаришнинг рационаллашуви натижасида меҳнат унумдорлиги ошишига олиб келиши, шунингдек жаҳон миқёсидаги инновацияларни амалиётга узлуксиз татбиқ этиши мумкин;
- глобаллашув давлатларга молиявий ресурсларнинг асосий қисми айланишини таъминлашга кенг имконият беради;
- глобаллашув жаҳон ҳамжамияти бирлашишининг турли соҳалардаги ҳаракатларни фаоллаштиришни талаб қилувчи инсоният учун умумий бўлган муаммолар, энг аввало экологик муаммоларни ҳал қилиш учун жиддий асос яратади.
Умуман олганда, кўпчилик мутахассислар, глобаллашувнинг натижаси жаҳондаги мамлакатларда фаровонлик ошишига олиб келади, деб умид қиладилар. Жаҳон иқтисодиётининг глобаллашуви жараёнга нафақат олимлар, мутахассислар ва экспертлар, балки турли мамлакатларнинг фуқаролари ҳам турлича муносабат билдирмокдалар. Глобаллашув жараёнлари ривожланган мамлакатларда хайрихоҳлик билан, ривожланаётган мамлакатларда эса хавотир билан қабул қилинмоқда. Бунинг сабаби шундаки, глобаллашув жараёнининг афзалликлари барча мамлакатларга тенг тақсимланмайди. Шунинг учун глобаллашувдан ким фойда кўради, деган савол мунозараларга сабаб бўлаётган энг асосий масалалардан бири ҳисобланади. Замонавий глобаллашув жараёнлари энг аввало саноати ривожланган мамлакатлар мавқеини мустаҳкамлаб, уларга қўшимча афзалликлар беради.
Ҳалқаро меҳнат тақсимоти доирасида глобаллашув жараёнининг кенгайиши паст ривожланган мамлакатлар мавқеини салбий ўзгаришига сабаб бўлиб, уларни глобаллашув жараёнининг субъектларига эмас, балки объектларига айлантириши мумкин. Демак глобаллашув жараёнларининг алоҳида мамлакатлар иқтисодиётига ижобий таъсирининг даражаси ушбу мамлакатларнинг жаҳон иқтисодиётида тутган ўрнига боғлиқ. Амалда афзалликларнинг асосий қисми бой давлатларга ёки индивидларга тегади.
Глобаллашув шароитида марказлаштирувчи кучларнинг марказлашиши билан боғлиқ бўлган бузғунчилик таъсири юзага чиқиши мумкинки, бу мамлакат ичидаги анъанавий алоқаларнинг узилиши, ижтимоий муаммоларнинг кучайиши, мазкур жамият учун бегона бўлган салбий оқибатлар туфайли барча мамлакатларда юзага келадиган муамолар сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:
- глобаллашувдан келадиган афзалликларнинг миллий иқтисодиётнинг алоҳида тармоқлари ўртасида бир хил тақсимланмаслиги;
- миллий иқтисодиётда саноатлашишнинг секинлашуви;
- айрим мамлакатларда иқтисодиётни назорат қилишни мустақил ҳукумат қўлидан бошқаларга, масалан кучлироқ давлатлар, транс миллий компаниялар ёки халқаро ташкилотлар қўлига ўтиш эҳтимоли;
- молиявий соҳанинг барқарорлашуви эҳтимоли, миллий иқтисодиётларнинг жаҳон миқёсида ўзаро боғлиқлиги натижасида ҳудудий ёки глобал нобарқарорлик эҳтимоли бир мамлакатдаги иқтисодий тебранишлар ва инқирозлар ҳудудий ҳамда глобал оқибатларга олиб келиши мумкин.
Глобаллашувнинг салбий оқибатлари иқтисодиёти паст ривожланган мамлакатларга кўпроқ таъсир қилиши мумкин. Бу мамлакатларнинг кўпчилиги байналминаллашув жараёнида хомашё ва меҳнат сиғими маҳсулотлар (уларнинг баъзилари замонавий мураккаб техника учун эҳтиёт қисм ва бутловчи бўғинлар) етказиб берувчи сифатида иштирок этган ҳолда илғор мамлакатларга ҳар томонлама боғланиб қолади ва уларга нисбатан кам фойда кўради ҳамда бу фойда жаҳон бозорлари конъюнктурасига боғлиқ ҳолда барқарор бўлмайди. Глобаллашув бу мамлакатларнинг юқорида қайд этилган муаммоларидан ташқари қуйидаги муаммоларни ҳам келтириб чиқаради:
- ривожланган мамлакатлардан технология соҳасида орқада қолишнинг янада чуқурлашиши;
- аҳоли асосий қисмининг камбағаллашуви, аҳоли ўртасида турли касалликларнинг тарқалиши;
- ижтимоий-иқтисодий табақалашувнинг ўсиши;
- кам ривожланган мамлакатлар жаҳон хўжалиги барқарорлигига боғлиқлигининг янада кучайиши;
- миллийликка йўналтирилган иқтисодий сиёсатни амалга оширишда транс миллий компаниялар томонидан давлатнинг имкониятларини “чеклаб” қўйилиши;
- ташқи қарз, энг аввало халқаро молия ташкилотлари олдидаги қарзнинг ортиши, бу эса истиқболдаги тараққиётга тўсқинлик қилади.
Юкорида қайд этиб ўтганимиздек, глобаллашув жараёнида иштирок этишдан саноати ривожланган мамлакатлар кўпроқ фойда олади. Зеро улар ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва барча диққат-эътиборни кўп даромадли бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади.
Айни пайтда саноати ривожланган мамлакатларда ҳам глобаллашув жараёнлари салбий таъсир этиши мумкин: ишсизлик, молия бозорларида беқарорлик кучаяди ва ҳоказолар. Хулоса ва таклифлар Глобаллашувнинг асосий муаммоларидан бири жаҳон миқёсида миллий иқтисодиётларнинг ўзаро боғлиқлиги туфайли глобал беқарорликнинг мумкинлиги ҳисобланади. Натижада маълум бир мамлакатда рўй берган иқтисодий ўзгаришлар ёки инқирозлар бутун минтақа ёки жаҳон миқёсида таъсирини ўтказиши мумкин. Бу ҳолат фақат назарий эмас, ҳаётий муаммодир. Буни 1997 йил ёзида Таиландда бошланиб, Жанубий-Шарқий Осиёга тарқалган ва ҳатто Жанубий Кореяга ҳам таъсирини ўтказган Осиё молиявий инқирози, 2008 йилда Америка Қўшма Штатларида ипотекали кредитлаш тизимида рўй берган танглик ҳолатидан бошланган жаҳон молиявий инқирози, ҳам тасдиқлайди.
Бугунги кунда жаҳондаги мамлакатлар бўйлаб коронавирус пандемиясининг пайдо бўлиши, унинг таъсири, ижтимоий-иқтисодий оқибатлари тўхтовсиз тарзда кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Пандемиянинг таъсири натижасида жаҳон иқтисодиётининг барча реал тармоқларида саноат, қишлоқ ҳўжалиги, савдо, қурилиш, транспорт, туризм ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларида сезиларли даражада пасайиш ва ишсизлик кузатилмоқда. Халқаро экспертларнинг фикрича, пандемиянинг таъсири натижасида 2020 йилда жаҳон савдо айланмаси 30 фоизга камаяди, жаҳон иқтисодиётини ўсиши 2,3 фоизга пасайиши башорат қилинмоқда.
Глобаллашувнинг салбий жиҳатларини кўпинча келишмовчиликлар билан боғлашади. Бу келишмовчиликларни сиёсий характердаги келишувлар ёки янги ҳалқаро ташкилотлар тузиш асосида глобал ҳамкорликни ривожлантириш йўли билан ҳал қилиш мумкин. Глобаллашув мамлакатларга нима беради - хавф-хатарми ёки янги имкониятлар? Бу саволга амалда ягона жавоб қайтариш мумкин эмас. Чунки салбий ва ижобий оқибатлар нисбати доимий равишда ўзгариб туради. Албатта, жараён бошланиб кетган ҳоҳлаймизми, ҳоҳламаймизми уни тўхтатишнинг иложи йўқ. Жаҳонда ҳеч қайси давлат алоҳида, яккаланган ҳолда ривожланмайди.
Мамлакатлар глобаллашув жараёнларига тўғри ёндашиб, янги шароитларга мослашишлари ва жаҳон иқтисодиётининг интеграциялашуви яратаётган имкониятлардан унумли фойдаланишлари лозим. Умуман олганда хулоса қилиб, шуни айтишимиз мумкинки, глобаллашув жараёни турли соҳа вакиллари ва жамият аъзолари олдида баҳс ва мунозараларга сабаб бўлмоқда ҳамда келажакда глобаллашувнинг ижобий ва салбий томонлари тўғрисида кўпгина фикрлар билдирилади.

2-савол баёни. Жаҳон иқтисодиётининг ривожланиш жараёни халқаро молия муносабатларининг ривожланиш эволюцияси билан узвий боғлиқдир. Халқаро молия муносабатлари жаҳон хўжалигининг шаклланиши жараёнида алоҳида ўрин тутади.


Халқаро молия муносабатлари аста-секин жаҳон хўжалигининг таркибий элементига айлана борди. Ҳозирги вақтда халқаро молия муносабатларини жаҳон хўжалигининг ривожланиши натижасида шаклланган мустақил иқтисодий тизим сифатида баҳолаш мумкин. Жаҳон хўжалиги бозор иқтисодиётининг обектив қонуниятларига бўйсунувчи халқаро молия муносабатлари орқали ўзаро боғлиқ миллий иқтисодиётлар йиғиндиси сифатидаги глобал иқтисодий тизимдир. Жаҳон хўжалигининг барқарор ривожланишида алоҳида олинган миллий иқтисодиётлар ҳолати муҳим ўрин тутади. Чунки, миллий иқтисодиётлар жаҳон иқтисодиётининг асосий субекти ҳисобланади.
Миллий иқтисодиётнинг ривожланишида унинг ташқи дунё билан алоқалари ҳолати, мамлакатнинг халқаро молия муносабатларидаги иштироки муҳим ўрин тутади. Мамлакатнинг халқаро молия муносабатларидаги иштирокининг кучайишида халқаро молия муносабатларини амалга ошириш механизмларини самарали тарзда ташкил етиш билан узвий боғлиқдир.
Таъкидлаш жоизки, халқаро молия муносабатларининг предмети иккита муҳим таркибий қисмни ўзига қамраб олади, яъни халқаро молиявий муносабатлар ва уларни амалга ошириш механизми.
Маълумки, мамлакатлар ўртасидаги халқаро молия муносабатлари муайян механизм орқали амалга оширилади, бунда халқаро ташкилотлар томонидан белгиланган меъёрий нормалар, давлатлараро даражадаги шартнома ва битимлар, мамлакатлар ўртасида ўзаро қабул қилинган келишувларга амал қилинади.
Халқаро молия муносабатлари механизмига ҳуқуқий нормалар ва уларни амалга ошириш воситалари (шартномалар, келишувлар, битимлар, резолюция ва конвенсия) халқаро иқтисодий муносабатларни ривожланти-ришга қаратилган йўл-йўриқларни амалга оширишни мувофиқлаштирувчи халқаро молия ташкилотлари киради.
Халқаро молия муносабатлари жаҳон хўжалиги тизимида тез- тез такрорланиб турувчи турли хил даражадаги комплекс, алоҳида олинган бир мамлакат ва уларнинг ҳудудий бирлашмалари ва субектлари, алоҳида ташкилотлар ўртасидаги алоқаларни ўз ичига олади.
Халқаро молия муносабатлари тузилмавий жиҳатдан қуйидагиларни ўрганишни тақозо этади:

  • халқаро валюта муносабатлари;

  • халқаро иқтисодий интеграцион жараёнлар;

  • халқаро савдо муносабатлари;

  • инвестициялар ва капиталнинг халқаро ҳаракати;

  • мамлакатлар тўлов балансларини бошқариш;

  • халқаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш;

  • халқаро молия ташкилотлари фаолияти ва бошқалар.

Халқаро молия муносабатларининг обектив асосини халқаро меҳнат тақсимоти ва жаҳон хўжалиги ҳамда ундаги иқтисодий алоқалар тизими ташкил қилади. Ҳозирги замон жаҳон хўжалиги миллий иқтисодиётлар йиғиндисидан иборат бўлган глобал иқтисодий тизим бўлиб, бозор иқтисодиётининг обектив қонунларига, халқаро меҳнат тақсимотига, ишлаб чиқариш ва капиталнинг халқаро ҳаракатига мувофиқ тарзда ўзгариб боради.
Халқаро молия муносабатлари ривожланишининг миллий иқтисодиётга таъсири қуйидаги муҳим хусусиятлар орқали намоён бўлади:
Молиявий глобаллашув жараёни. Мазкур жараён қуйидаги ўзгаришларни ўз ичига қамраб олади:

  • мамлакатларни жаҳон иқтисодиётидаги жараёнларга жалб етиш;

  • ишчи кучи, технология, капитал, маҳсулотлар ва хизматларнинг глобал бозорларини барпо етиш;

  • жаҳон хўжалик алоқаларининг глобал инфратузилмасини яратиш;

  • халқаро молия муносабатлари билан миллий иқтисодиётнинг қоидаларини универсаллаштириш;

  • йирик ишлаб чиқаришга асосланган халқаро ишлаб чиқариш тармоқларини вужудга келтириш.

  • Иқтисодий интеграцион ҳудуд ва бирлашмаларнинг ташкил топиши. Миллий иқтисодиётларнинг халқаро меҳнат тақсимотига асосланган ҳолда иқтисодий жиҳатдан бирлашиш жараёни ҳисобланади.

  • Халқаро молия бозорларидаги ўзгаришлар. Миллий иқтисодиётда фаолият кўрсатаётган молия институтларининг жаҳон молия бозорларидаги иштирокини мувофиқлаштириб боради.

  • Глобал рақобатлашув жараёнининг кескинлашуви. Ушбу ҳолат, миллий иқтисодиётлар томонидан жаҳон бозорларида ўрин эгаллаш учун юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни сотиш жараёнида вужудга келади.

  • Трансмиллий корпорациялар ва трансмиллий банклар ролининг ортиб бориши. Бу ҳолат, жаҳон иқтисодиётида трансмиллийлашиш жараёни кучайиши, яъни, алоҳида мамлакатларга ёки бир нечта мамлакатларга тегишли халқаро компаниялар ва банклар фаолиятининг ривожланиши, улар томонидан хорижий филиалларнинг кенгайтирилиши орқали юзага келди.

  • Мамлакатларда ташқи иқтисодий фаолиятнинг эркинлаштирилиши. Мазкур ҳолат, миллий иқтисодиётнинг ташқи дунё учун очиқлик даражаси орқали ифодаланади. Бунда, халқаро молия муносабатларининг иштирокчилари учун муайян шарт-шароитларнингяратилиши, хусусан, халқаро савдода божларнинг пасайтирилиши, хорижий инвесторларни кенг жалб етишга қаратилган қулай инвестиция муҳитининг яратилиши ҳамда валюта чекловларининг бекор қилиниши каби тадбирлар амалга оширилиши муҳим ўрин тутади.

  • Ташқи иқтисодий алоқаларнинг халқаро меъёрий-ҳуқуқий базасини қабул этилиши.

  • Мамлакатлар ўртасидаги молиявий муносабатларни халқаро жиҳатдан тартибга солиш ва назорат қилиш тизимининг ташкил қилиниши.

Алоҳида олинган миллий иқтисодиётнинг халқаро молия муносабатларидаги иштирокини бир неча миқдорий кўрсаткичлар билан тавсифлаш мумкин:

  • Экспорт квотасининг миқдори, бунда экспорт ҳажми ЙММга нисбатан фоизда ҳисобланади;

  • импорт квотасининг миқдори, бунда импорт ҳажми ЙММга нисбатан фоизда ҳисобланади;

  • ташқи савдо квотасининг миқдори, бунда ташқи савдо айланмаси ҳажми ЙММга нисбатан фоизда ҳисобланади.

Мазкур кўрсаткичларни ҳисоблаш асосида мамлакатнинг халқаро молия муносабатларидаги иштирокини баҳолаш мумкин.
Жаҳон иқтисодиётида рўй берган ўзгаришлар халқаро молия муносабатларининг истиқболда ривожланиш тенденцияларини белгилаб берди:

  • халқаро молия муносабатлари соҳасида икки томонлама муносабатлардан кўп томонлама муносабатларга ўтиш;

  • жаҳон хўжалигида халқаро меҳнат тақсимотининг чуқурлашуви;

  • халқаро савдо муносабатларининг анъанавий товарлар савдосидан миллий ишлаб чиқариш жараёнларида бевосита хизмат кўрсатиш воситасига айланиб бориши;

  • капитал миграциясининг глобаллашуви;

  • ҳудудий иқтисодий интеграция жараёнларининг янада кенгайиши ва жадаллашуви.

Халқаро молия муносабатлари ривожланишида капиталнинг халқаро ҳаракати, айниқса, тўғридан тўғри хорижий инвестициялар шаклида у ёки бу мамлакатга кириб бориши, шунингдек, халқаро савдонинг маҳсулотлар, турли хизматлар кўрсатиш, технологиялар соҳасидаги ривожи ижобий омил сифатида таъсир кўрсатмоқда.
Жаҳон савдосининг ўсиши, ишлаб чиқаришнинг ихтисослашуви ва кенгайиши, халқаро капитал ҳаракатининг ривожи, чегаралараро товарлар, хизматлар ҳамда ишчи кучи миграцияси халқаро молия муносабатларининг ривожланишига, шунингдек, жаҳон молия бозорларининг тараққий этишига ҳамда трансмиллий корпорациялар фаолиятининг кенгайишига, халқаро молиявий фаолиятнинг бошқа жабҳаларини жадаллашувига имкон яратди.
Молиявий глобаллашув шароитида халқаро молиянинг вазифалари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:

  • миллий иқтисодиётларнинг ягона халқаро тизимга интеграциялашувини таъминлаш;

  • халқаро савдо ҳамда товарлар, хизматлар ва капитал айирбошлашнинг оқилона ҳаракатини ташкил этиш;

  • миллий иқтисодиётларни халқаро иқтисодий ва молиявий ўзгаришларга мослаштириш;

  • мамлакатларнинг миллий молиявий сиёсатини юритишида тавсиялар бериш.

Халқаро молия муносабатлари таркибига халқаро айланмага келиб тушган ва халқаро иқтисодий муносабатларда, яъни резидентларнинг ташқи дунё билан юзага келадиган муносабатларида қўлланиладиган молиявий муносабатлар тизими киритилади. Халқаро молия қуйидагиларга хизмат қилади:

  • биринчидан, турли мамлакат резидентлари ўртасидаги иқтисодий алоқаларга ва ўзаро ҳамкорликка;

  • иккинчидан, жаҳон мамлакатларининг турли хил молиявий институтлар билан юзага келадиган ўзаро муносабатларига;

  • учинчидан, турли мамлакатлар резидентларининг халқаро молия бозорларидаги операцияларини ташкил етишга.

Жаҳон иқтисодиёти глобаллашуви шароитида хаиқаро молия муносабатлари тобора ривожланиб бормоқда. Бунда, аввало мамлакатлар ўртасидаги савдо муносабатларининг тараққий етиши алоҳида ўрин тутмоқда. Ушбу ҳолат ўз навбатида халқаро валюта муносабатлари ва халқаро ҳисоб-китобларнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

3-савол баёни. Бозор иқтисодиёти шароитида иқтисодий тушунчаларни моҳиятини олимлар, экспертлар томонидан тортишув(дискуссия)лар, илмий-назарий жиҳатдан қарашлар, ўша давр ғоялари билан уйғунлашган, уни бажарадиган функциялари, тамойиллари, ўзига хос хусусиятлари, характерли томонлари, бозор сегментлари орқали ҳамда уларнинг иштирокчилари ўртасидаги иқтисодий муносабатлар нуқтаи назаридан янада чуқурроқ илмий асослаб бериш такомиллашиб бир тизимга келтирилмоқда, замон талаблари ва фундаментал омилларга мос ҳолда у илмий жиҳатдан асосланган ҳолда ривожлантириб борилмоқда.


Хусусан, жаҳон молия бозорининг иқтисодий моҳиятини турли даврларда яшаб ўтган иқтисодчи олимлар томонидан турли хил ғоялари орқали назариялар яратилган. Лекин, ҳар бир иқтисодий категориялар доимий равишда замонавий омиллар асосида такомиллашиб боради. Жаҳон молия бозори ҳам ҳозирги кунда қўшимча тарзда ноанъанавий замонавий янги ва хилма-хил функцияларни бажармоқда. Шу нуқтаи назардан унинг иқтисодий моҳиятини бир нечта иқтисодчи олимларнинг назарий илмий қарашларини, ҳозирги замонавий омилларни ва бошқа ўзига хос томонларини ҳисобга олган ҳолда чуқурроқ ўрганиб чиқиш мавзунинг долзарблигини билдиради. Охирги йилларда шиддат билан бошланган глобал молиявий инқироз арафасида жаҳон молия муҳитида иқтисодий агентларнинг ўзаро муносабатлари ва воситалари жуда мураккаб шаклга эга бўлди.
Молия бозорига қизиқиш доимий равишда ортиб борган ва ортиб бормоқда, янги тушунча – жаҳон молия бозори (ЖМБ) шаклланмоқда, у нафақат жаҳон иқтисодиёти, балки миллий иқтисодиётларнинг ҳам кўпгина томонларига маълум таъсир кўрсатади. Турли муаллифлар жаҳон молия бозори атамасини бир хилда изоҳламайдилар. Кўпинча ушбу тушунчадан кўпликда: жаҳон молия бозорлари кўринишида фойдаланилади. Бундан ташқари, жаҳон молия бозорини халқаро молия бозорлари ва жаҳон ссуда капитали бозори тушунчасига ўхшатиш учраб туради. Жаҳон молия бозори атамасининг турли изоҳлардаги қатъий фарқи унинг кенг ёки тор маънодаги изоҳи ҳисобланади. Бунда кенг ёки тор маънодаги изоҳи ҳам турлича тушунилади. Масалан, таниқли олим Л.Н.Красавинанинг қайд этишича, “жаҳон молия бозорлари кенг маънода – мамлакатлар орасида пулли капиталларнинг аккумуляцияси ва қайта тақсимотини таъминловчи бозор муносабатлари соҳасидир. Моҳиятан, бу тушунча халқаро молия битимлари шартларини белгиловчи унинг иштирокчилари манфаатларининг ўзаро таъсирини англатади. Жаҳон молия бозори тор маънода фонд бозори, яъни қимматли қоғозлар билан операциялар бозоридир”.
Бунда Красавина жаҳон молия бозорларини қатор мезонлар бўйича ва бозор тузилмаси нуқтаи назаридан таснифлайди:
валюта бозорлари (шу жумладан евровалюталар бозори);
ссуда капиталлари бозори, улар пул бозори, капиталлар бозори, Европа бозорига бўлинади;
фонд бозорлари;
суғурта бозорлари;
олтин бозорлари.
Бундан ташқари, Красавина жаҳон молия бозорлари тузилмасини миллий ҳамда халқаро даражадаги иштирокчилар билан ўзаро боғлиқликда тақдим эган (1-жадвал).

Халқаро молиявий муносабатлар соҳасида таниқли олим Д.М. Михайлов жаҳон молия бозорини унда муомалада бўлган воситалар нуқтаи назаридан кўрсатиб ўтади. Бунда унинг фикрича, жаҳон ссуда капитали бозори ва жаҳон молия бозори “тушунча нуқтаи назаридан бу тушунчадан кўпроқ амалий фойдаланишда ўхшаш категориялар ҳисобланади”, жаҳон молия бозорида эса қарз капитали, қарз воситалари ва ҳосилавий шартномалар савдо объектлари сифатида намоён бўлади.
Бундан ташқари, Михайлов жаҳон молия бозорини бажарадиган функцияси нуқтаи назаридан(амалий нуқтаи назардан) фарқлайди, у айнан: “халқаро молия бозори деганда банк воситалари бозорида пул капиталини субъектлар ўртасида қайта тақсимлаш ва йиғиш билан боғлиқ йўналишни таъминловчи, халқаро ва маҳаллий бозорларни ўзаро уйғунлашуви ва йиғиндиси ҳамда бошқа молиявий муассасалар ҳам эришиш мақсади учун такрор ишлаб чиқиш ва капиталга талаб ва таклиф ўртасидаги меъёрий нисбатга эришиш” деб эътироф этилган.
Михайловнинг қайд этишича, иқтисодий моҳиятга кўра, жаҳон молия бозори – “кредит ресурсларини рақобат асосида мамлакатлар, минтақалар, тармоқлар, иқтисодиёт агентликлари орасида қайта тақсимлаш ҳамда йиғиш ва тўплашнинг ўзига хос механизми ва маълум муносабатлар тизимидир”. Молия бозори ва ссуда бозори тушунчаларининг ўхшашлигини бошқа манбаларда ҳам учратиш мумкин. Масалан, “Молия бозори (ссуда капиталлари бозори) – капиталга талаб ва таклиф асосида капитални воситачилар ёрдамида кредитор ва қарздорлар ўртасида қайта тақсимлаш механизми. У амалиётда пул маблағлари оқимини мулкдорлардан қарздорларга ва аксинча йўналтирувчи кредит-молия институтлари йиғиндисини намоён этади.
Молия бозори (ссуда капиталлари бозори)нинг асосий вазифаси ҳаракатсиз пул маблағларини ссуда капиталига трансформациясидан таркиб топган” деган тушунчаларни учратиш мумкин.
Шунингдек, таъкидлаш жоизки, қатор муаллифлар (хусусан, В.А. Слепов ва Е.А. Звонова) халқаро молия бозори таърифида бозорнинг моҳиятини эмас, балки молиявий тизим тушунчасини асос қилиб оладилар: “Халқаро молия бозори – халқаро молиянинг халқаро молия тизимидаги маълум доиралардаги ҳаракати шакли”. Мазкур муаллифларнинг фикрича, жаҳон молия бозори тушунчаси халқаро молия бозорига нисбатан кенгроқ тушунча ҳисобланади, бунда халқаро ва миллий молия бозорлари йиғиндисини тушуниш лозим, уларнинг ҳар бири ўзига хос хусусиятлар, (ягона)алоҳидалик ва мустақилликка эга. Халқаро молия бозорига келсак, у қуйидаги бозорлар: валюта, кредит, фонд, инвестициялар, суғурта бозорини ўз ичига олади. Бироқ муаллифлар эътиборни шунга қаратадиларки, ушбу градация етарлича шартли кўринишга эга, яъни ҳосилали воситалар бозори сингари яна бир ҳодиса мавжудки, уни ҳам валюта бозори, ҳам кредит бозори ва ҳоказо бозорларга ҳам киритиш мумкин. Ушбу муаллифларнинг жаҳон молия бозори сингари мураккаб ҳодисанинг бир хил таснифи мақсадга мувофиқ эмас деган фикрларини маъқуллаш лозим.
О.В. Драгомирецкаянинг иқтисодиёт фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун ёзган диссертациясида жаҳон молия бозори атамасининг бошқа варианти ва қизиқарли изоҳини топиш мумкин. О.В. Драгомирецкая глобал молия-кредит бозори атамасидан фойдаланиб, муаллифнинг фикрича, у “молиявий ресурсларни эркин жаҳон пул ресурсларини сафарбар этиш ва уларни ссуда капиталига ўзгартириш имконини берувчи мамлакатлар, иқтисодий минтақалар ва молия-кредит муносабатлари субъектлари орасида қайта тақсимлаш бўйича универсал иқтисодий механизмни намоён этади”. Муаллифлар, ушбу бозорнинг шаклланиши ўзаро бир-бирига боғлиқ жаҳон ҳақидаги тасаввур, маълум маънода интеграцияланган бозор ҳақидаги тасаввур билан боғлиқ эканини қайд этади. Глобал молия-кредит бозорини қуйидагича тасвирлайди.

Ушбу таърифда биз жаҳон молия бозорини тушунчаси бўйича ўзига хосликни кўришимиз мумкин. Муаллиф бу тушунчага халқаро молиявий ҳамкорликни киритиб, бунда давлатлараро кредит ва грантлар, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг кредит ва грантлари тушунилишини таърифлаган. Олтин-валюта захиралари алоҳида ажратилган. Жаҳон капитал бозорига валюта бозори, деривативлар бозори, суғурта хизматлари бозори, акциялар бозори ва кредитлар бозори сингари бозорлар киритилган.
Фикримизча, бунда бозорларни бирмунча чалкаштириш юз беради, чунки халқаро амалиётда капиталлар бозори ва пул бозори фарқланади. Бу фарқ молия воситаларининг муддатлари билан боғлиқ. Бундан ташқари, валюта бозори икки кўринишда тақдим этилган: нақд (ёки спотли) бозор ва муддатли бозор (икки иш кунидан ортиқ ҳисоб-китоблар). Муддатли бозор валютали деривативлар бозорининг ўзидир. Муддатли бозордаги муддатлар ҳам 3 иш кунига ҳисоб-китоблардан тортиб 1,5,10 йилдан ортиқ ҳисоб-китобларгача ўзгариши мумкин (масалан, ваюта своплари). Шундай қилиб, фикримизча, жаҳон капитал бозорлари атамасидан фойдаланиш чекланган кўринишга эга.
Ўзбекистонлик иқтисодчи олимлардан А. Ваҳобов, Н.Жумаев, У.Бурхоновларнинг “Халқаро молия муносабатлар” Ўқув қўлланмасида “Халқаро молия бозорлар - мамлакатлар миллий манфаатларини ҳимоя қилувчи тамойилларига асосланган бўлиб; бу давлатлараро ҳар томонлама ҳамкорликни бир кўринишдаги халқаро молия бозорлари ва уларнинг фондли куринишдаги умумжаҳон бозорлар йиғиндисидир ёки давлатларни ягона молия ва кредит сиёсатини амалга оширувчи бозорлар мажмуасидир деб эътироф этишган.
Жаҳон молия бозори иқтисодий (молиявий) ресурсларни бир мамлакатдан бошқасига кўчиб ўтиши ёки аксинча, ушбу жараён чегараланиши, жаҳон иқтисодиётдаги манфаатларга хизмат кўрсатувчи мухитни бозор иштирокчилари орқали мувофиқлаштирувчи бозорлар мажмуасиди деб эътироф этадилар. Шунингдек, Ж.Х Атаниязов, Э.Д.Алимардоновларнинг “Халқаро молия муносабатлари» номли дарслигида жаҳон молия бозорини таркиби ва мазкур бозорга чиқиш механизми тўғрисида фикр билдиради. Хусусан, жаҳон молия бозори миллий молия бозори ва халқаро молия бозоридан таркиб топганлигини эътироф этади. Муаллифлар, чет эл қимматли қоғозлар яъни мамлакатларда еврооблигацияларни халқаро муомалага чиқариш орқали юзага келаётган бозорлар йиғиндисига асосий эътиборни қаратади. Жаҳон молия бозорида сотиш учун чиқарилган молиявий активлар жаҳондаги халқаро фонд бозорларда котировка қилинсада, улар дунёдаги йирик молия марказларида сотилади. Масалан, London SE, Yaponya SE, Nyu York SE ва бошқа йирик молия марказларда халқаро савдоси ташкил этилади.

4-савол баёни. Бозор иқтисодиётига асосланган миллий иқтисодиётни шакллантириш бўйича амалга оширилаётган изчил иқтисодий ислоҳотлар самарадорлиги кўп жиҳатдан унга мос келувчи хўжалик механизмининг элементларини босқичмабосқич такомиллаштириб борилишига боғлиқ бўлмоқда. Айниқса ҳозирги кунда жаҳонда юз берган глобал молиявий-иқтисодий инқироз таъсирида ўзига хос равишда трансформаллашиб бораётган жаҳон хўжалиги тизими унга мос келадиган молия тизимини шакллантиришни талаб қилмоқда. Жаҳон хўжалигида дискрет тавсифга эга бўлган даврий иқтисодий инқирозларнинг содир бўлиши иқтисодий тараққиётни ҳаракатга келтирувчи куч ҳисобланиб, ҳар бир инқироз ва ундан кейинги ривожланиш босқичи ўзига хос равишдаги адекват иқтисодий тизимни шакллантирилишига олиб келади ва унга мос равишда янги молиявий “архитектура”ни яратилиши билан боғлиқ бўлган.


Пировард натижада молия тизими эволюцион тарихий тараққиёт даврини бошидан кечирган бўлиб, изчил равишда такомиллашиб бормоқда. Демак, молия тизими мавжуд молиявий ресурсларни унга эҳтиёж сезувчи тармоқ ва соҳаларга самарали инвестициялаш вазифасини бажариб иқтисодий тизимни алоҳида таркибий элементи ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ҳар бир мамлакатда шакллантирилган миллий иқтисодиёт ва унинг тараққиётини ўзига хос жиҳатлари молия тизимида яққол намоён бўлади. Маълумки, ҳозирги глобаллашув шароитида миллий иқтисодиётнинг жаҳон хўжалигига интеграциялашуви жараёнининг кучайиб бориши, иқтисодиётнинг очиқлик даражаси юқори бўлган ҳар бир мамлакат кесимида амалга оширилаётган иқтисодий сиёсатнинг стратегик йўналишларини мустақил белгилаш имкониятларини чегаралаб қўймоқда. Бу ўз навбатида молия тизимида яққол намоён бўлмоқда. Чунки, молиявий оқимлар байналминаллашуви аҳамиятининг кучайиши турли мамлакатлар миллий иқтисодиёти негизида шаклланган ва бир биридан фарқ қилувчи миллий молия тизимининг ўзаро конвергенцияси таъсирида маълум бир векторда тараққий этишига олиб келмоқда.
Молия мураккаб ижтимоий муносабатларни ўзида ифодалайди. Молия турли ижтимоий тақсимот муносабатларини қамраб олади ва турли даражадаги пул оқимларини ўзида акс эттиради. Молия тизимини тадқиқ этиш унинг жамиятдаги зарурлиги, моҳияти ва аҳамиятини тушуниш, англаб етишга ва молиянинг тақсимлаш функцияси орқали пул фондларини ҳосил қилиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ пул оқимларининг ҳаракат қонуниятларига асосланади. Ушбу пул оқимлари натижасида ҳосил бўладиган турли мақсадли фондларнинг кўлами ва масштаби, уларнинг давлат, кенгайтирилган такрор ишлаб чиқариш жараёнининг эҳтиёжларини молиявий таъминлаш даражасига қараб молия тизимининг ўзига хос тараққиёт хусусиятлари ажратилади.
Молия тараққиётининг назарий муаммолари, унинг иқтисодий моҳиятини илмий жиҳатдан ёритиш масалалари қатор хорижлик ва маҳаллий иқтисодчи олимлар томонидан тадқиқ қилиниб келинмоқда. Шу билан бир қаторда замонавий молия тизимининг ўзига хос айрим жиҳатларини тадқиқ қилиш билан боғлиқ изланишларнинг орқада қолаётганлиги, замонавий иқтисодий тизимга мувофиқ келувчи адекват молия тизимини шакллантириш билан боғлиқ қарорлар қабул қилиш жараёнида методологик муаммоларни туғдириб бермоқда. Ушбу муаммоларга ҳозирги глобал молиявий-иқтисодий инқироз шароитида ривожланган мамлакатлар молия тизимидаги ўзига хос равишда самараси нуқтаи-назардан иррационал тавсифдаги ислоҳотлар натижаси ўлароқ ҳали ҳам глобал иқтисодий маконда барқарор ўсиш суръатлари таъминланмаётганлиги кузатилмоқда. Россиялик иқтисодчилар глобал молиявий-иқтисодий инқироз тўғрисида фикрлар билдириб, глобал инқирозунинг асосий параметрларидаги ноаниқликлардан иборатлигини таъкидлайдилар.
Иқтисодчи-олимлар таъкидлашича, инқирознинг оқибатлари виртуал бозорлар моделига мувофиқлашувчи инновацион молиявий дастакларнинг шиддат билан ўсиши натижасидир. Қолаверса, инновацион молиявий “бум” шароитида иқтисодий ва сиёсий элита молиявий инструментлар ҳаракати устидан деярли назоратни йўқотдилар, пировард натижада молиявий бозорлардаги талаб ва таклиф ўртасидаги зиддиятларни кучайишига олиб келди.
Молия соҳасидаги глобаллашувнинг натижаси ҳисобланувчи юқоридаги шарт-шароитлар натижаси ўлароқ, жаҳон мамлакатлари молиясида марказга интилиш тенденцияси (бозорларнинг интеграциялашуви, молиявий ва инфратузилмаларнинг консолидациялашуви, глобал инвесторлар ва эмитентларнинг ривожланиши, капитал, молиявий бозорларнинг ўта юқори даражадаги концентрациялашуви) том маънодаги марказдан қочиш тенденцияси (ҳудудий молиявий марказлар аҳамиятининг ортиши(Осиё, Лотин Америкаси), 4-5 ҳудудий оралиғидаги мультиполяр, учинчи даражадаги жаҳон молия тизимининг шаклланиши) билан уйғунлашди.

Юқоридаги жадвал маълумотларидан кўриниб турибдики, XX аср охирига келиб молиявий глобаллашув жараёнларининг кучайиши натижасида капиталларнинг трансмиллий оқими жаҳон ЯИМга нисбатан 4,7 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йилга бориб прогноз кўрсаткичлари бўйича 23-28%га етиши мумкин. Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг жамғарилиши жаҳон ЯИМга нисбатан 1980 йилда 6,0%ни ташкил этган бўлса, 2020 йилга келиб 42-47%ни ташкил этиши прогноз қилинмоқда.


Ушбу тенденциялардан хулоса қилиш мумкинки, замонавий иқтисодий макон ва унинг асосий таркибий элементи ҳисобланган глобал молия мамлакатлар миллий молия тизимининг ўзаро конвергенцияси натижасида шаклланиб боради. Бу ўз навбатида замонавий молия назариясининг фундаментал асосини ташкил этади.
Download 32.52 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling