5- маъруза: Амир Темур давлати худудларининг кенгайтирилиши: уч йиллик ва беш йиллик юришлар
Download 34.14 Kb.
|
5-маъруза. Амир Темур М.К
- Bu sahifa navigatsiya:
- Мулоҳаза юритинг: Амир Шайх Иброҳим нима учун темурийлар давлати ҳимоясига ўтишни маъқул кўрган
- Беш йиллик харбий юриш ва унинг натижалари
- Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар
- Ушбу тарихий шахслар ҳақида нималарни биласиз
Уч йиллик ҳарбий юриш
XIV асрнинг 80-йилларида Эроннинг шимолий-шарқий ҳудудларини бирин-кетин Амир Темур томонидан забт этилиши Тўхтамишхонни ташвишга солиб қўйди. У Амир Темурнинг Европа ва Яқин Шарққа чиқиш йўлларини кесиб ташлаш мақсадида Соҳибқирондан илдамроқ ҳаракат қилиб, Озарбайжоннинг бош шаҳри Табризни эгаллашга интилди. Тўхтамишнинг бу ҳаракатини М. Абдураимов Хоразмни 1379-80 йилларда Темур томонидан забт этилгани учун қасос олишга интилиш, деб баҳолайди. Бу пайтда Табриз шаҳри Бағдод ҳокими Султон Аҳмад Жалойирга бўйсунар эди. Шу ўринда А.Ю. Якубовскийнинг қуйидаги фикрларига яна бир бор эътиборни қаратиш лозим топдик: “Ўзининг ҳукмдори Султон Аҳмаднинг талон-тарожлари ва зўравонликларидан азият чеккан Табриз аҳолиси Темур агентлари томонидан маҳорат билан олиб борилган тарғиботни қабул қилиш учун яхши замин эди. Табризда зодагонлар орасида Ўрта Осиёлик ҳукмдорнинг тарафдорлари анча кучли партия эканлиги аён бўлди. Темур ўзининг бундай шуҳратидан яхши хабардор эди ва олдиндан ғалабага тўла ишониб, Султон Аҳмад билан тўқнашишга тайёргарлик кўрарди. Рақиблар қўшини ўртасидаги жанг 1385 йилда Султония яқинида юз берди. Темур ғолиб чиқди, аммо муҳимроқ иш унинг диққатини бошқа томонга тортди ва у Табриз сари юрмади, ваҳоланки, Табриз зодагонлари ўртасидаги тарафдорлари уни шунга кўндирмоқчи эдилар»3. Амир Темур султон Аҳмад Жалойирни енгиб, Султонияни эгаллагач, Тўхтамишхон тезроқ Табризни босиб олишга қарор қилди. Дашти Қипчоқ лашкари 1385 йилнинг қишида бир ҳафталик жанглардан сўнг Табризни эгаллаб, уни икки кун талон-тарож қилгач, ортга қайтди. Аввал ҳам тўхталганимиздек, бу воқеа Амир Темурни жуда ташвишга солиб қўйганлиги ҳақида Шарафиддин Али Яздий шундай ёзади: “Бу хабар ҳазрат соҳибқиронга етди, мусулмонлар учун кўнгли асру малул бўлди ва бу жиҳатдин Эрон вилоятининг забтига хотирин қўйиб вожиб кўрдиким, ул вилоятларни забт қилгайким, мундай нари анга йаағи кирмагай. Анинг учунким, Эрон вилоятида андоқ подшоҳким Эрон вилоятини забт қилғай, йўқ. Ва бир неча подшоҳиким бор эди, барчаси бир-бирига йаағи эрдилар, бир-биридан қўрқиб, вилоятларидан чиқа олмас эдилар. Анинг учун мундоқ балолар раъият ва фақиру мискинга тегар эрди”4. Чиндан ҳам кўп ўтмай, Табриз Соҳибқирон қўшинлари томонидан эгалланди. Бу Амир Темурнинг 1386 йили бошланган юришида амалга ошди. Бу юриш давомида Соҳибқирон қўшинлари карвонларни талон тарож қилганлиги учун Луристон вилоятининг бир қатор кентларини, айниқса Хуррамободда қароқчи гуруҳларни тор мор этиб Озарбайжон сари юрди. Табризни Султон Аҳмад Жалойир ҳимоя қила олмай Боғдодга чекинди ва Озарбайжон пойтахти жангсиз Амир Темур давлати таркибига киритилди. Шундан сўнг у ерда ҳаёт кўп ўтмай ўз изига тушганлигини Низомиддин Шомий таъкидлаб ўтади. Ушбу ҳаволага аввал ҳам тўхталган бўлсак-да, унга яна бир бор мурожат қилишни лозим топдик. Шомийнинг ёзишича: “Маълум бир муддатгача қуббат ул-ислом бўлмиш Табриз шаҳри хароб, нообод, равнақсиз ва кимсасиз қолди. Лекин Амир Соҳибқироннинг ёсоқ ва адолатли баракотидан яхшиланиб, Амирнинг адлу додхоҳлиги соясида мазлум халқ яна манзилларига қайтиб, ҳаёт кечира бошладилар»5. Табриз эгалланганидан сўнг Амир Темур қўшинлари Арманистон ва Гуржистон худудларига кириб борди. Шиддатли жанглар билан Гуржистон пойтахти Тифлис (Тбилиси) шаҳри эгалланиб, ушбу мамлакат подшоҳи Буқрот асир олинди. Соҳибқирон қўшинлари тоғларда жойлашган грузин қалъаларини бирин кетин эгаллаб, бутун мамлакатни забт эттилар. Шундан сўнг Қорабоғни ўз қароргоҳига айлантирган Амир Темур Буқрот Ислом динини қабул қилгач, уни яна ўз мамлакатинининг ҳукмдори этиб тайинлади. Шу кунларда Шимолий Озарбайжон яъни Ширвон ҳукмдори амир Шайх Иброҳим ҳам ўз аёнлари билан келиб итоатга кирди. Мулоҳаза юритинг: Амир Шайх Иброҳим нима учун темурийлар давлати ҳимоясига ўтишни маъқул кўрган? Амир Темурнинг Кавказортидаги ғалабалари Тўхтамишни ташвишга солди ва у ўз қўшинларини бир қисмини Дарбанд довони орқали Кавказортига жўнатди. Лекин бу қўшин Мироншоҳ мирзо бошчилигидаги ҳарбий кучлар томонидан йўқ қилинди. Амир Темур бошчилигидаги асосий кучлар эса бу вақтда туркман қабилаларини бўйсундириш билан банд бўлди. Шунингдек, арманларнинг Ван ва Вастон вилоятлари ҳам забт этилди. Тўхтамишхоннинг Кавкзорти ва Эронга бостириб кириш йўлларини тўлиқ кесиб қўйишга эришган Соҳибқирон ўзининг асосий кучларини Форс вилоятини бўйсундириш учун ташлаш имкониятига эга бўлди. 1387 йили Амир Темур Шоҳ Шужонинг ўғли Зайналобиддин ҳукмронлик қилаётган Исфаҳонга қўшин тортиб борди. Шаҳар жангсиз таслим бўлгач, тузилган сулҳ шартномасига кўра шаҳарга “Тақа баҳоси" деб аталган моли омон солиғини олишга, лашкарни эса шаҳарга киритмасликка фармон берилди. Солиқни йиғиб олиш учун Нур Мулк Барлос, Муҳаммад Султоншоҳ ва Баён Темур каби саркардалар масъул этиб тайинланди ва шаҳарга солиқни йиғиб олиш учун 3 мингтагина скар киритилди. Шаҳар аёнлари эса Соҳибқирон қароргоҳида ушлаб турилди. Муҳассиллар шаҳарга кирган куни кечаси шаҳар аҳолисининг бир қисми Али Кўчапо бошчилигида исён кўтариб, сулҳ шартномасини бузиб солиқчиларни ва улар билан кирган 3 мингдан ортиқ аскарни қириб ташладилар. Амир Темур саркардаларидан Баён Темур ҳам шу исёнда ҳалок бўлди. Бу хабар тонгда Амир Темурга етказилгач, шаҳарни жанг билан эгаллашга фармон берилди. Шаҳар қўлга киритилиши билан Хожа Имомиддин Воиз яшаган маҳаллани қўриқлаган ҳолда бошқаларни қатли ом қилишга рухсат берилди. Натижада 70 мингдан ортиқ аҳоли ҳалок бўлди. Ушбу даҳшатли воқеа 1387 йили 15 ноябр куни бўлиб ўтади. Айнан мана шу воқеа Амир Темур шахсини қоралаш учун кенг фойдаланилади. Кўпгина тарихчилар Амир Темур ўз даврининг одами сифатида исённи шафқатсизлик билан бостиришга мажбур бўлганлигини таъкидлайдилар. Шу ўринда Х.Вамберининг қуйидаги сўзларини эслаш ўринли “у (яъни Темур – Б.У.) аскарига Исфаҳонни талон-тарож қилишга рухсат берганда, уламолар маҳалласига шафқат қилишни амр этган… Энди шу кишини ваҳший, марҳаматсиз деб аташ мумкинми? Бинобарин, Темурни Чингиз ила бир сафга қўшиб, уни ваҳший, золим, қароқчи деб атаганларнинг фикрлари икки маротаба хатодир”6 . Амир Темур Амир Ҳожибек ва Туманшоҳларни (Шомийда Нубиншоҳ) Исфаҳонни муҳофаза қилиш ҳамда бошқариш учун қолдириб, Шероз томон юрди. Бу вақтда Шерозда бўлган шоҳ Зайналобиддин шаҳарни ташлаб чиқишга мажбур бўлди. Бундан фойдаланган Музаффарийлар сулоласининг яна бир вакили Шоҳ Мансур Зайналобиддин қўшинларини ўз томонига оғдириб олади. Натижада Шоҳ Мансур Шерозни қўлга киритган бўлса-да, уни ўз қўлида сақлаб қола олмади ва уни Амир Темурга қолдириб, чекинди. Соҳибқирон қўшинлар 1387 йилнинг 13 декабр куни Шерозга кириб келдилар. Шаҳар аҳолиси жангсиз таслим бўлиб, шаҳарга минг туман (10 млн) кўппаки миқдорида моли омон солиғи солинди. Амир Темур Форс вилоятини Музаффарийлар сулоласи қўлида сақлаб қолишни лозим топди. Натижада Шоҳ Яҳё Шероз, Султон Муҳаммадни Исфаҳон, Султон Аҳмадни Кермон вилоятини ҳокими этиб тайинлади. 1388 йилнинг 9 феврал куни Форс вилоятини тарк этиб, Самарқанд томон йўлга чиқди. Шу билан Амир Темурнинг 1585-1387 йилларни ўз ичига олган 3 йиллик юриши якунига етди. Бу юриш натижасида Шимолий ва Марказий Эрон, Озарбайжонда Амир Темур ҳокимяти ўрнатилди. Шунингдек, Ширвон, Арманистон, Грузия мамлакатлари ҳам Амир Темур ҳукмронлигини тан олишга мажбур бўлдилар. Лекин бу мамлакатларнинг аксарияти Соҳибқирон қўшинлари Хоразм, Олтин Ўрда ва Мўғулистон ҳукмдорларининг иттифоқига қарши кураш олиб борган йилларда (1388-1391) ўз мустақилликларини тиклаб олдилар. Беш йиллик харбий юриш ва унинг натижалари Натижада Амир Темур 1392 йилнинг 7 июнида 5 йиллик юришга тайёргарлик кўришга фармон берди. Шу йилнинг 22 июлида эса Эрон томон янги юриш бошланди. Амир Темур дастлаб Каспий денгизининг жанубидаги худудларни қайтадан бўйсундиришга мажбур бўлди. Бу худудлар ҳам Соҳибқирон Тўхтамиш ва унинг иттифоқчиларига қарши кураш билан банд бўлганда, ўз мустақилликларини тиклаб олган эди. 1392 йилнинг октябр ойига келиб Омул ва Сори ҳукмдорлари Саййид Камолуддин ва Саййид Ризоуддинлар қўли остидаги бир қатор қалъалар жанг билан эгалланди. Саййид Камолиддин оиласи билан Хоразмга, шу сулола вакилларидан Саййид Муртазо ва Саййид Абдуллоҳлар Тошкент шаҳрига сургун қилинди. 1392 йилнинг ноябр ва декабр ойларида Амир Темур Журжон вилоятида Шасмон мавзейида янги сарой қурдиради. 1393 йилнинг 9 январида Амир Темур юришни давом эттиришга фармон берди. Соҳибқирон қўшинларининг бир қисми Эрон Озарбайжони ва Шимолий Ироқ худудларини қайта забт этиб, Амир Темур ҳокимятини мустаҳкамладилар. Амир Темурнинг ўзи эса 1393 йилнинг март ойида Шероз томон юриш бошлади. Бу вақтда Марказий Эронда ҳокимятни Шоҳ Мансур қўлга киритиб олган бўлиб, у музаффарийлар сулоласининг энг мард ва енгилмас вакили эди. Шоҳ Мансур Шероз, Исфаҳон ва Абаркўҳни, Шоҳ Яҳё Яздни, Султон Аҳмад Кермонни ва Султон Абу Исҳоқ Сиржонни бошқараётган эди. Шероз яқинида бўлиб ўтган жангда Шоҳ Мансур қўшининг тор-мор этилиши ва унинг ўзини ҳалок бўлиши, аслида музаффарийлар сулоласи тақдирини ҳам ҳал қилди. Музаффарийлар ўртасида тахт учун курашлар Форс вилоятини харобазорга айлантираётганлиги учун ҳам аҳолининг илтимосига кўра бу сулоланинг ҳукмронлигига барҳам берилди. Барча музафарийлар ўз мулкларидан маҳрум бўлдилар. Уларнинг бир қисми қатл этилди, бир қисми эса Самарқанд шаҳрига сургун қилинди. Бу ҳақида Шарифуддин Али Яздий шундай ҳикоя қилади: “ Бу маҳалдаким, вилоят соҳибқирон тасарруфида бўлди, барча вилоятларнинг содот ва қазот ва арбоблари келиб, бу воқеаларни арз қилди ва дедиларким, “Умидимиз сиздин ултурурким, бу вилоятларда йана Оли музаффарни қўймағайсиз. Ва агар йана буларға бу вилоятларда дахл берсангиз, вилоят бузулур ва фақиру мискин хароб бўлур”7. Музафарийлар сулоласи тугатилгач, уларга тегишли мулклар, яъни Марказий Эрон тўлиқ Умаршайх мирзога суюрғол этиб берилди. Шундан сўнг Амир Темур Исфаҳон орқали Шимолий Ироқ худудлари томон йўлга чиқди. 1393 йилнинг ёзида Рай, Озарбайжон, Ширвон, Боку ва Дарбанд худудлар турк султонлиги ерларигача Мироншоҳ мирзонинг суюрғоли деб эълон қилинди. Ўша давр тили билан айтганда Хулагухон тахтига Мироншоҳ Мирзо ўтқазилди. Соҳибқирон Озарбайжонда турган вақтида Боғдоддан шайхулислом Шайх Нуриддин Исфароиний элчи бўлиб келди. У Боғдод султони Аҳмаднинг итоатда эканлигини билдириб, совға-саломларини етказса-да, Амир Темур Боғдодга юришни тўхтатишни истамади. Элчи Шайх Нуриддин Исфароинийнинг илмини эъзозлаб, ҳурматини жойига қўйган Соҳибқирон унинг кетишига рухсат берди. 1393 йилнинг 21 август куни Амир Темур қўшинлари Боғдод султонлигини забт этиш учун ҳарбий юришни бошладилар. Соҳибқирон қўшинларининг яқинлашиб келаётганлигини эшитган Султон Аҳмад ўз мамлакатини ташлаб Дамашқ томонга қочиб кетишга қарор қилди. Шаҳардан биринчи бўлиб Амир Темур ҳузурига кейинчалик “Зафарнома” асарининг муаллифига айланган Низомиддин Шомий етиб келди ва Соҳибқирон хизматига кирди. Боғдод деярли жангсиз эгалланган бўлса-да, шаҳар аҳолиси, савдогарлар ва ҳаж сафарига борувчи йўловчиларнинг илтимосига кўра Такрит қалъасини забт этишга киришди. Бу қалъага жойлашиб олган бир гуруҳ қароқчилар Миср ва Дамашқ йўлидан ўтувчи йўловчи ҳамда савдогарларни тинимсиз талон-тарож қилар, ҳеч бир ҳукмдор уларга бас кела олмаган эди. Бу қалъа ҳақида турли хил ривоят ва афсоналар тўқилган бўлиб, уларда бу енгилмас қалъа “Қалъаи Салосил” номи билан машҳур бўлган. Бир неча кунлик шиддатли жанглардан сўнг бу қалъа ҳам штурм билан забт этилди. Соҳибқирон қалъани ер билан яксон қилишга фармон бераркан, шаҳар деворланинг бир қисмини тарих учун сақлаб қолишни буюрди. Низомиддин Шомий “токи бундан кейин олам аҳлига бу қалъанинг қай даражада маҳкам ва мустаҳкам бўлганлиги ҳамда мардлик билак кучи билан ва подшоҳона раъю тадбир туфайли унинг қай тарзда эгалланганлиги маълум бўлсин”, - деб ёзган эди8. Кўп ўтмай Мовароуннаҳр лашкари Ироқнинг Басра ва Восит шаҳарларини ҳам эгаллади. Басрани бошқариш Амир Темур лашкаридаги сарбадорларнинг етакчиларидан бирига топширилган бўлса, Боғдодни бошқариш ҳам сарбадорларнинг етакчиларидан бири Хожа Масъуд Сабзаворийга топширилди. Низомиддин Шомий Хожа Масъудни Боғдод аҳлини жуда меҳрибонлик билан бошқарганлигини алоҳида қайд этади9. Боғдод шаҳридан сўнг Амир Темур қўшинлари Диёрбакр вилояти томон йўлга чиқди ва Мордин шаҳри бўйсундирилди. Айнан шу вақтда Шероздан йўлга чиқиб асосий қўшинга қўшилиш учун келаётган Умаршайх Мирзо Хориату мавзейи яқинида тасодифан келиб теккан камон ўқи туфайли ҳалок бўлди. 1394 йилнинг январида содир бўлган бу фожеадан сўнг Форс вилоятини бошқаришни марҳумнинг ўғли Пир Муҳаммад мирзога топширилди. 1394 йил давомида Соҳибқирон қўшинлари Гуржистон, Диёрбакр, Ғарбий Озарбайжондан то турк султонлиги ерларигача бўлган ерлардаги баъзи бўйсундирилмаган қалъаларни забт этдилар. Авник, Аланжиқ, Ойдин каби қалъалари шулар жумласидандир. Бу даврда Амир Темурнинг ашаддий рақибига айланган Қора қуюнли туркманлар сардори Қора Юсуф тор-мор келтирилди ва у ҳам Дамашқ томонга қочиб кетди. Туркия чегарасидаги Арзинжон вилояти ҳукмдори Тахуртан эса Амир Темур ҳукмронлигини тан олиб, унинг вассалига айланишни маъқул кўради. Шундай қилиб беш йилик юриш давомида Шимолий Эрон тўлиқ забт этилади ва у ердаги маҳаллий Саййидлар сулоласи ҳукмронлиги барҳам топади. Шунингдек, яна бир йирик ҳукмдорлар сулоласи бўлмиш Музаффарийлар сулоласи ҳам тугатилиб, Форс ўлкаси Умаршайх мирзо, сўнгра унинг ўғли Пир Муҳаммад мирзо бошқарувига ўтказилди. Ширвон, Озарбайжон, Курдистон, Арманистон, Гуржистон худудларида Соҳибқирон ҳукмдорлиги мустаҳкамланиб, Ироқ мамлакати бўйсундирилди. Юқорида таъкидланган худудлар эса Мироншоҳ мирзо бошқарувига топширилди. Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар Ушбу атама ва географик номларни изоҳланг: Мовароуннаҳрнинг ғарбий, шимолий ва шарқий худудлари, Хуросон, Ҳирот, волий, Андхуд шаҳри, , Сарахс қалъаси, Кусуй ва Жом вилоятлари, Фушанж қалъаси, жиба, ҳисор, Ашкалча, Нишопур, Тус, Калот, томон юрди. Сабзавор, Мазондорон, Исфароин, Қаҳқа қалъаси, Туршиз вилояти, садидийлар, Ғур вилояти, Ғурийлар сулоласи, Қандаҳор, афғон қабилалари, Рай шаҳри, Султония шаҳри, Табриз шаҳри, Рустамдор вилояти, Омул, Сори, Астробод, Луристон вилояти, Хуррамобод, Арманистон, Гуржистон Тифлис (Тбилиси) шаҳри, Қорабоғ, Шимолий Озарбайжон, Ширвон, Кавказорти, Дарбанд довони, Ван ва Вастон вилоятлари, Форс вилояти, Исфаҳон, “Тақа баҳоси", Муҳассил, Шероз, минг туман, Каспий денгизининг жанубидаги худудлар, Журжон вилояти, Шасмон мавзейи, Абаркўҳ, Язд, Сиржон, содот, қазот, Оли музаффар, суюрғол, Хулагухон тахти, “Қалъаи Салосил”, Басра ва Восит шаҳарлари, Диёрбакр вилояти, Мордин шаҳри, Хориату мавзейи, Авник, Аланжиқ, Ойдин, Арзинжон вилояти, Саййидлар сулоласи Ушбу тарихий шахслар ҳақида нималарни биласиз: Малик Ғиёсиддин, Ҳожи Сайфуддинбек, Бобо Сангу, Паҳловон Маҳдий, Амир Ғурий, Мавлоно Қутбиддин, амир Жаҳоншоҳ Жаку, Алибек Жониқурбоний, Хожа Али Муаййид Сарбадор, Амир Валибек, Амир Али Садидий, Малик Муҳаммад, Шайх Довуд Сабзаворий, Шоҳ Қутбиддин, Пир Муҳаммад Жаҳонгир, Жалолиддин Шужоъ, Умар Аббос, Сариқ Одил, Саййид Камолиддин, Саййид Разиуддин, М. Абдураимов, Буқрот, амир Шайх Иброҳим, Зайналобиддин, Нур Мулк Барлос, Муҳаммад Султоншоҳ, Баён Темур Али Кўчапо, Хожа Имомиддин Воиз, Х.Вамбери, Амир Ҳожибек, Туманшоҳ, Шоҳ Мансур, Шоҳ Яҳё, Султон Муҳаммад, Султон Аҳмад, Саййид Муртазо, Саййид Абдуллоҳ, Султон Абу Исҳоқ, Шайх Нуриддин Исфароиний, Низомиддин Шомий, Хожа Масъуд Сабзаворий, Пир Муҳаммад мирзо, Қора Юсуф, Тахуртан. Download 34.14 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling