Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон (1898-1938)


Download 95.5 Kb.
Sana27.07.2023
Hajmi95.5 Kb.
#1662974
Bog'liq
Чўлпон ссенарий 18.07.2023


Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон
(1898-1938)
Шоир Чўлпоннинг отасини андижонликлар “Сулаймон баззоз” дейишган. Бу мато ёки газлама сотувчи дегани. Болалик чоғларидаёқ бўлажак шоирга отасининг газлама дўкони торлик қилди. Буни сезган Сулаймон баззоз “Газлама сотишни истамаса, унда мулла бўла қолсин” деган ниятда боласини мадрасага ўқишга беради. Кейинчалик Чўлпон: “Мадрасада ўқиб юрган кезларимда бир турк билан танишдим. У Қуръонни бошдан-оёқ ёд биладиган ғоят саводхон киши эди. Кейин билсам, Истамбулдаги пантуркистлар уюшмаси томонидан у Шарқий Туркистонга умумтурк ғояларини тарғиб қилиш учун юборилган экан. Газета-журналларни мутолаа қилишни ўшандан ўргандим. Мадрасадаги сабоқлар бир чеккада қолиб кетди. Бир йўла адабиётга юз бурдим”, – деб ёзади жадидчилик йўлига қандай кирганини ҳикоя қилар экан.
Шундай қилиб, Сулаймон отанинг орзуси ушалмади. Баззоз бўлади, деган фарзанди “Зўр шоир бўламан” деди. Отанинг режалари бирма-бир чиппакка чиқа бошлади. Қурбон ҳайитлари-ю, ифтор оқшомларида, лайлатулқадр тунлари, таробиҳ намозларида Қуръони Каримни бошдан охиригача, охиридан бошигача ўқиб, муҳтарам жамоатни ҳайратга соладиган уламо бўлар деган ўғли қўлига тасбеҳ ўрнига ҳасса тутди, бошига салла ўрнига бежирим шляпа кийди. Андижондаги рус-тузем мактабида ўқиб юриб, жаҳон халқлари адабиётининг мумтоз асарлари билан танишди ва замонавий ўзбек таржима мактабига асос солди… У Туркистонда биринчи бўлиб Шекспирнинг “Гамлет”ини, Пушкиннинг “Дубровский”си, Гоголнинг “Ревизор”ини ва Рабиндранат Тагорнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган шоир эди. Бизнинг Мағжон каби Чўлпон ҳам ўзбек шеъриятига янги оҳанг, янги услуб билан кириб келган эди.


Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг туғилган санаси шу пайтгача илмий адабиётларда 1897 йил деб келинган эди. Адабиётшунослар шу санани Чўлпоннинг туғилган йили сифатида танлаганларида 1937 йилда бўлиб ўтган тергов материалларига асосланган эдилар. Аммо бошқа мўтабар ёзма ва оғзаки манбалар унинг 1898 йилда туғилганини тасдиқлайди. Шунинг учун ҳам бундан кейин шу санани Чўлпоннинг туғилган йили, деб белгилашимиз тўғри бўлади.
Чўлпон Андижоннинг Қатортерак маҳалласида газлама савдоси билан шуғулланувчи Сулаймонқул Муҳаммадюнус оиласида туғилди. Отаси ўз даврининг илғор кишиларидан бўлиб, Расво тахаллуси билан ҳажвий шеърлар ҳам ёзган. Айниқса, унинг қўшни ўлкаларда нашр этилган газеталарга обуна бўлганлиги, ўғлининг замонавий билимлардан хабардор бўлишини истаганлиги Чўл поннинг шахс сифатида шаклланишида муҳим омиллардан бўлди.
Чўлпон мадраса таҳсилини кўргач, 1912-1914 йилларда рус тузем мактабида ўқиди. Шу вақтда “Таржимон” газетаси ва “Ойна” журналига хабар ва шеърлар йўллаб турди. 1914 йилда «Садойи Туркистон» газетасида Чўлпоннинг “Туркистонли қардошларимизга” шеърининг эълон қилиниши эса ўз мавзусига эга, ўзбек халқининг тақдири устида куйинаётган шоирнинг дунёга келганидан дарак берди.
Чўлпоннинг шу йили Тошкентга вақтинча кўчиб келиб, “Садойи Туркистон” газетасининг муҳаррири Убайдулла Хўжаев ва шу газетанинг мутасаддиларидан бири, Тошкент жадидларининг сардори Мунаввар қори Абдурашидхонов билан учрашуви унинг кейинги тақдирига катта таъсир кўрсатди. Шу йили Чўлпон «Садойи Туркистон» газетасида, юқорида тилга олинган шеъридан ташқари, “Қурбони Жаҳолат” ва “Дўхтур Муҳаммадёр” ҳикояларини ҳамда “Ёзғувчиларимизга”, “Адабиёт надур” мақолаларини эълон қилди. Яъни у айни пайтда ҳам шоир, ҳам носир (ёзувчи), ҳам адабиётшунос сифатида майдонга чиқди. Ҳолбуки, у бу вақтда эндигина 16 ёшга кирган йигитча бўлиб, Мунаввар қори унга бежиз Чўлпон Тонг юлдузи, деган тахаллус бермаган экан.
Чўлпон Андижонга қайтгач, ҳам “Садойи Туркистон”, ҳам “Садойи Фарғона” газеталарининг мухбири сифатида фаолият олиб борди. Сўнгги йилларда топилган маълумотларга кўра, у ўз олдига ўзбек халқини маданий қолоқликдан олиб чиқиш вазифасини қўйган шоиргина эмас, балки андижонлик тараққийпарварларнинг чор ҳокимиятидан халос бўлиш мақсади билан тузилган яширин ташкилотнинг ҳам аъзоси бўлган. Шундай шоирнинг 1917 йил Феврал инқилобини катта умидлар билан қарши олиши, 1917 йил октабрида Қўқонда тузилган Туркистон мухторият ҳукуматини эса бутун вужуди билан олқишлаши табиий эди. Чўлпон Мухториятнинг эълон қилинишида иштирок этибгина қолмай, унинг “Озод турк байрами” деган мадҳиясини ҳам ёзди.
Чўлпон Мухториятнинг куйчиси эди. Шунинг учун ҳам 1918 йилда, Мухторият тугатилгандан кейин, Фарғона водийсининг қонга ботирилганини кўрган шоир болшевизмга қарши нафрат билан тўла шеър ва очерклар ёзди. Чўлпоннинг «Бузилган ўлкага» сингари халқни мустамлакачи Совет давлатига қарши курашга даъват этувчи шеърлари унинг гражданлик (руқаролик) жасоратини тасдиқловчи тарих ҳужжатларидир.
Одатда, Совет давлатининг қатағон сиёсати тўғрисида сўз борганда 30-50 йилларда рўй берган даҳшатли воқеаларгина кўз олдимизга келади. Аммо болшевиклар ўзларининг хунрезлик сиёсатларини 1918 йил бошларида Мухториятнинг тугатилиши биланоқ бошлаб юборганлар. Шу йили Мухторият раҳбарларининг бир қисми қамоққа олинишдан қочиб, хорижга кетган, қолганлари эса таъқиб остида яшаган. 1921 йили болшевизмга қарши курашиш мақсадида тузилган “Миллий иттиҳод” яширин ташкилоти (1918-1926)нинг раҳбарлари илк бор қамоққа олиндилар. Ўлка бўйлаб таъқиб ва тазйиқ авж олди. 1926-1927 йилларда яна «миллий иттиҳодчилар» қамоққа олиниб, таъқиб этилди. 1929-1930 йилларда эса юзлаб зиёлилар, суд ва прокуратура ходимлари аксилинқилобчи ва миллатчи унсурлар сифатида қамоққа олиндилар. Чўлпон сингари тараққийпарвар кишилар Давлат Сиёсий Бошқармаси машъум ГПУнинг «ҳушёр кўзлари» остида яшашга мажбур бўлдилар.
Чўлпон шундай шароитда театр, маърифат ва маданият жабҳаларида фаолият кўрсатиб, халқнинг кўзларини маърифат нурлари билан ювишга уринди. У Маориф комиссарлиги қошидаги Ўлка билим ҳайъатига раис, ‘Бухоро ахбори” газетасига муҳаррир, “Турон’ театрига директор_ёки “Иштирокиюн’, “Қизил байроқ” ва “Туркистон” газеталарида таҳрир ҳайъати аъзоси ва адабий ходим (1920 -1923 йиллар) бўлиб ишлайдими, унинг диққат марказида халқ ва мамлакат манфаати билан боғлиқ масалалар турди. Чўлпоннинг 1922 йилда нашр этилган “Уйғониш” ва “Булоқлар”, шунингдек, 1926 йилда эълон қилинган “Тонг сирлари” ше рий тўпламлари унинг ўз эътиқодида қатъий турган, ўз ватанининг мустақил бўлишини астойдил истаган шоир эканлигини яна бир бор намойиш этди.
Чўлпоннинг адабий ижоди уч муҳим тармоқдан: шеърият, наср ва драматургиядан иборат. У авваламбор шоирдир. Аммо шу билан бирга, “Вайроналар орасидан”, “Ойдин кечаларда”, ‘Қор қўйнида лола”, “Новвой қиз” сингари очерк ва ҳикоялари, “Кеча ва кундуз” романи Чўлпоннинг моҳир ёзувчи бўлганидан далолат беради.
Жадид адабиётининг муҳим хусусиятларидан бири шундаки, унинг намояндалари бевосита халқ оммаси билан мулоқотда бўлиш, унга ўз ғояларини юқтириш, уни ўз ортидан эргаштириш мақсадида театр санъатидан унумли фойдаланганлар. Чўлпон ҳам устозлари изидан бориб, ижодининг дастлабки давридаёқ драматургияга мурожаат этган, ҳатто, “Турон” театрида директор, Москвадаги ўзбек драма студиясида эса адабий эмакдош бўлиб хизмат қилган. У Москва театрлари репертуарларини пухта ўрганган ва драма назарияси билан яқиндан танишган. Чўлпон ўша кезларда студиячилар учун рус ва Европа драматургларининг қатор асарларини таржима қилиш билан бирга, “Ёрқиной” (илк нусхаси 1920 йилда ёзилган), “Қоровул уйқуси”, “Яна уйланаман”, “Узунқулоқ бобо” сингари песаларини ҳам ёзган. Кейинчалик унинг “Муштумзўр”, “Ўртоқ Қаршибоев”, “Ҳужум” (В. Ян билан ҳамкорликда) песалари майдонга келди ва Чўлпон, Ҳамза ва Фитрат билан бирга пешқадам драматург сифатида шуҳрат қозонди.
Чўлпон бадиий ижоднинг бу уч муҳим «тармоғ»идан ташқари, публицистика, адабиётшунослик, санъатшунослик ва бадиий таржима «соҳаларида ҳам самарали ижод қилди.Унинг, айниқса, таржимон сифатида олиб борган фаолияти ўзбек адабиётининг равнақига, янги адабий жанр ва шакллар билан бойишига катта таъсир кўрсатди. У. Шекспирнинг “Ҳамлет”, А.С. Пушкиннинг “Борис Годунов” ва “Дубровский”, Н.В. Гоголнинг “Терговчи”, Л. Андреевнинг “Осилган етти кишининг ҳикояси”, М. Горкийнинг “Егор Буличев ва бошқалар”, “Она” ва бошқа кўплаб асарларнинг Чўлпон томонидан қилинган таржимаси бадиий маданиятимиз хазинасига қўшилган улкан бойлик бўлибгина қолмай, замонавий ўзбек адабий тилининг шаклланиши ва бойишига ҳам бебаҳо ҳисса бўлиб қўшилди.
Абдулҳамид Чўлпон жуда қисқа, бор йўғи қирқ йил умр кўрди. Унинг ҳаёт йўли бир биридан тубдан фарқ қилувчи, тарихий воқеаларга бой Туркистондаги сиёсий ва маънавий ўзгаришлар кўзга ташланган икки давр чегарасида ўтди. Агар уларнинг биринчиси ўзида тараққийпарвар ғоялари билан туркистонликларнинг миллий ўзлигини уйғотган энг зиёли кучларни жамлаган жадидчиликнинг юзага келиши ва ривожланиши билан ифодаланган бўлса, иккинчиси уни йўқ қилди ва “бахтли келажак” ҳақидаги тасаввурларни остин устун қилиб ташлади, жамиятни ўзгартириб, саноатни юксалтириш ва “маданий инқилоб” ниқоби остида фожеали воқеаларга йўл очди.
Дастлабки пайтларда қудратли ҳаёт тўлқини Абдулҳамид Чўлпонни мавҳумлик гирдобидан олиб чиқиб, кенг халқ оммасининг шеъриятдаги қаҳрамонига айлантирди. Истеъдод уни юксак чўққиларга олиб чиқди, лекин тез орада у жамиятнинг овлоқ жойларига улоқтирилди. Унинг мураккаб ҳаёти замон талотўпларида янчилган тақдирлардан бири эди. Чўлпон шахсини билиш ва уни охиригача тушуниш, бетакрорлигини ҳис қилиш, буюклиги ва қудратини англаб етиш учун у қандай даврда яшаганини ҳисобга олиш зарур.
Биз ўрганаётган муаммога шу нуқтайи назардан ёндашиб Чўлпон яшаб фаолият юритган даврни икки босқичга бўлиш мумкин: ХХ аср бошларидан 20 йиллар ўрталаригача ва 20 йиллар ўрталаридан унинг тақдири фожеали якун топган 1937 йилгача.
Дастлаб тақдир уни роса сийлади. Унинг истеъдоди жадидчилик ғоялари билан бирга камолга етди ва ҳаётга татбиқ этилди. Абдулҳамиднинг туғилиши ушбу оқим шаклланган вақтга тўғри келган.
ХIХ аср охири ‒ ХХ аср бошларидаги ижтимоий ва сиёсий жараёнлар таъсирида шаклланган ижтимоий фикр ўз даврининг энг тараққийпарвар кишиларини жадидчилик майдонига олиб чиқди. Улар орасида Фитрат, Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов ва бошқалар қаторида нафақат шоир, балки фаол маърифатчи, илк мухтор республикаларнинг тузилишидаги иштирокини ҳисобга олганда сиёсий арбоб ҳам бўлган Абдулҳамид Чўлпон бор эди.
1917 йилги жадид газеталари ‒ “Кенгаш”, “Турон”, “Турк эли” ва бошқалар Туркистон халқларининг ўз тақдирини ўзи белгилаш шаклларига дахлдор ниҳоятда қизғин баҳслардан далолат беради. Туркистон тараққийпарварларининг дастлаб маърифатчилик, сўнгра сиёсий ҳаракати кенг қулоч ёзган 1914-1917 йилларда Абдулҳамид Чўлпон ижоди ҳам гуллаб яшнади. 16 ёшида “Адабиёт надур?” мақоласини ёзган муаллиф жадидчилик вужудга келтирган янги адабиёт асосчиларидан бирига айланди. Бироқ унинг қизиқишлари фақат адабиёт ва театр санъати билан чекланмаган. 1914 йили “Садои Фарғона”да эълон қилинган “Ватанимиз Туркистонда зироат ва деҳқончилик”, “Ватанимиз Туркистонда темир йўллар”, “Ойина” журналида чоп этилган “Андижонда янги банк” мақолаларида унинг иқтисодиёт соҳасидаги чуқур билими намоён бўлган. Абдулҳамид Чўлпон ўз мақолаларида Россия, Европа ва Американинг тараққиёт тажрибасидан мисоллар келтириб, Туркистоннинг бўлажак иқтисодиёти ва унинг ривожланиш йўллари ҳақида мулоҳаза юритган. Чўлпонга сиёсат ҳам бегона бўлмаган. 1917 йили “Турон” газетасида эълон қилинган “Иш вақти ‒ ишлаш вақти”, 1918 йили “Ел байроғи” газетасида чоп этилган “Умид сиздан” мақолаларида унинг болшевизмга салбий муносабати ва Туркистон мухториятини қўллаб қувватлаши акс этган. У нафақат публицист, балки амалий сиёсатчи ҳам бўлган, Туркистон ва Бошқирд мухториятларида фаол иштирок этган. Қўқондаги Туркистон мухторияти тор мор келтирилгач, кўплаб жадидлар юртни тарк этишга мажбур бўлганлар, у Убайдулла Хўжаев, Абдулҳамид Орифов, Мирмуҳсин ва бошқалар билан бирга Бошқирд советлари кичик ташкилотида котиб бўлди ва унинг ахборот марказида фаолият юритди. Кейин кўплаб тараққийпарварлар қатори маориф соҳасида ишлади.
Умуман, Туркистоннинг ижтимоий сиёсий, маънавий ва маданий ҳаётида бу даврда кечган зиддиятли жараёнлар Чўлпон тақдирини ҳам четлаб ўтмади. Унинг учун мураккаб вақтлар келганди. Бир томондан, жадидларнинг маърифатчилик фаолияти ўзининг юксак чўққисига кўтарилди, уларнинг катта қисми мамлакатда қолиб, маданият муассасалари, мактаблар, олий ўқув юртлари ва театрларда ишлашда давом этди. Аҳоли саводхонлигининг кескин ошиши, технологик таъминотнинг ўсиши, илмий муассасаларнинг пайдо бўлиши билан Ўзбекистон маданияти тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Бошқа томондан, бошқарувнинг тоталитар тизими мустаҳкамланиб бориши маданий жараёнларга ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. “Маданий инқилоб”нинг жорий этилиши, кадрларнинг пролетарлаштирилиши эски миллий кадрларнинг қораланишига олиб келди. Совет ҳокимиятининг ўйланмай қилинган ислоҳотлари маданиятда ўнглаб бўлмас ҳолатларни келтириб чиқарди. Бошланган қатағонлар, биринчи навбатда, зиёлиларга қаратилди, бу эса маънавий ҳаётга улкан зиён етказди.
“Шаклан миллий, мазмунан социалистик” бўлган пролетар адабиётнинг яратилиши ёзувчиларни ўз ғояларини сунъий равишда ҳосил қилинган қолипларга солишга мажбур этди. Бу ерда 1923 йилдаёқ Л.Троский “Адабиёт ва инқилоб” асарида “пролетар маданият бўлмаган ва бўлмайди ҳам” деб ёзганини эсга олиб ўтиш ўринли. Акс ҳолда деҳқонлар адабиёти ва зиёлилар адабиёти ҳақида масала юзага келади. Чўлпон ижоди, албатта, ҳеч қанақасига пролетар адабиёт қаторига кирмаган.
Юқоридан келган кўрсатма асосида Чўлпонга қарши аёвсиз сиёсий таъқиб амалга оширилган. Зариф Башир, Айн, Сотти Ҳусайн, Трегулов, С.Писменний, А.Аршаруни ўзларининг танқидий мақолаларида унга миллатчи шоир, “пессимистик кайфиятдаги зиёлилар шоири” тамғасини босдилар. Партиянинг масъул ходими С.Писменний фикрича, 1924 йилдаёқ адабиёт вакиллари орасида, умуман, жамиятда иккита лагерга бўлиниш хавфи вужудга келган, яъни кўнгил амри билан ижод қилганлар ва барча нарсада партия белгилаб берган йўлга амал қилганлар.
Бу ҳақда Чўлпон қайғуриб ёзади: “Ҳар доим тирноқ остидан кир топиш мумкин, қанча кўп қидирсанг, шунча кўп чиқади. Аммо одамга ҳаёт фақат шунинг учун ато этилмаган. Айниқса, педагоглар Туркистоннинг оқни қорадан ажрата олмайдиган маҳаллий аҳолисига ниманидир исботлашга уринган ҳолда бир бирининг айбини қидириб умрини беҳуда ўтказишмоқда ‒ бу жиноятдир”.
Чўлпонни танқид қилиш нафақат республика миқёсида, балки СССР даражасида давом эттирилган. Оммабоп бўлган “Новий восток” журналида 1929 йили партиянинг масъул ходими А.Аршарунининг “Ўрта Осиё бадиий адабиёти ҳақида қайдлар” мақоласи чоп этилган, у Чўлпоннинг “марксистча” адабиётшунослик талабларига жавоб бермайдиган ижоди таҳлилига бағишланган. Ўша пайтда Чўлпонни ҳимоя қилишга журъат этган ёш ёзувчи Ойбекни ҳам аёвсиз танқид остига олишган. Муаллифни, айниқса, Ойбекнинг “Қизил Ўзбекистон” газетасидаги “... Чўлпон ўзининг келиб чиқиши, тарбияси ва интилишлари билан бу нарсадан йироқдир”, деган сўзлари ғазаблантирган. Боз устига, Ойбек уни аҳамиятига кўра Пушкин билан бир даражага қўйиб, Чўлпон ва Пушкинни тенглаштиришга журъат этган: “... Наҳотки, биз ҳозирги адабий талабларга жавоб бермайди деб ҳисоблаб Чўлпондан воз кечамиз? Менимча, бу хатодир... Шоирларни қулоғидан тортиб пролетар шоирга айланишга мажбурлаб бўлмайди... Бизнинг замонавий адабий талабларимизга жавоб бермайди деб Чўлпондан узоқлашишимиз керакми? Менимча, бу янглиш ҳаракат. Агар биз ҳозир рус ўртоқларимизга қарасак, улар Пушкинни қанчалар севишларини кўрамиз. Уни ҳамма ўқийди ва яхши кўради. У инқилобдан кейин ҳам Пушкинлигича қолган. Рус адабиётида олий ўринни эгаллаган. Пушкин пролетар шоир бўлмаган, у помешчик ва ҳукмдорлар шоири бўлган ва унинг дунёқараши замонавий даврга мос келмайди, лекин нега уни бунчалар ёқтиришади? Негаки у гўзал асарлар яратган, рус шеърига ажойиб бадиий образларни тақдим этган, бу орқали рус адабиётининг ўлмас бойликларини яратган. Руслар ҳеч қачон ушбу буюк адабий меросдан воз кечишмайди. Биз ҳам Чўлпондан қўл тортмаймиз. Чўлпон янги адабиётда янги шаклларга асос солди. Мистик адабиёт ўрнига замонавий зийрак адабий дидга жавоб берувчи ажойиб шеърларни тақдим этди. Бугунги ёш авлод унинг жозибали техникасини, содда тилини, ғаройиб услубини севади ва ундан кўп ажойиб нарсаларни қабул қилади. Чўлпоннинг ғоялари эмас, балки у томонидан яратилган оригинал шеърий образлар ўқилади ва ундан ҳеч ким воз кечмайди”.
Маданиятли кишининг буюк мутафаккирларга беҳурмат муносабатда бўлишига йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақидаги фикр Ойбек мақоласининг лейтмотиви сифатида янграган. У Чўлпонни айнан шундай шахс деб билган. Бундай тенглаштиришдан ғазаб отига минган А.Аршаруни Ойбек агар Чўлпонни А. Пушкин билан солиштиришга журъат этган бўлса, бу унинг А.Пушкин ижодини яхши билмаслигидан, дея айблаган. Эҳтимол Аршаруни Пушкин асарларини яхши билгандир, аммо Чўлпон ижодидан умуман бехабар бўлган. Бу ўринда Германияда таҳсил олган, “Кўмак” журналини чоп эттирган туркистонлик талабалар журнал сонларидан бирида Чўлпон Шекспир билан таққосланган мақолани эълон қилишганини келтириб ўтиш жоиз бўлур эди. Мақола муаллифи ёзади: “Мен Шекспир лирикаси ва Чўлпон шеърияти ўртасидаги фарқни қанчалик қидирмай, уни топа олмадим. Мен Чўлпоннинг “Уйғониш”ини қайта қайта ўқиганман. Шекспирни ўқиганман. Ниҳоят, Шекспир ‒ бу Чўлпон ёки Чўлпон ‒ бу Шекспир, деган хулосага келдим”.
Бироқ бундай муносабат шоирнинг аҳволини яна да оғирлаштирган. Мустақил фикрига эга бўлиш, эркин ишлаш, айниқса, ўша давр ҳукмрон мафкурасига тўғри келмайдиган мулоҳазаларни билдириш инсон ҳаёти учун ниҳоятда хатарли эди. Чўлпон юз бераётган ҳолатларни жуда яхши англаган. Бундан унинг шеърлари далолат бериб турибди. Чунончи, у “Япроқлар” шеърини Ўзбекистонда эмас, балки Туркияда эълон қилган. Ватанида бунинг имкони йўқлигини тушунган, деган фикр келади хаёлга:

Қарғалар боғларда қағлашиб қолдилар,


Билмадим, кимларнинг қисмати узилур?


Ёпроққа ёпишиб, бир чангал солдилар,


Билмадим, кимларнинг умиди йўқ бўлур?


Эй совуқ эллардан муз кийиб келғонлар,


У қўпол товшингиз қорларда йўқ бўлсин!


Эй меним боғимдан мевамни терғонлар,


У қора бошингиз ерларга кўмулсин!




Шоирнинг бу сатрларида алам изтироблар, халққа бегона бўлган эътиқодини мажбурлаб тиқиштирганлар, поймол этилган тақдирлар, Ватан ҳақида қайғуриш ифодаланган. Ўн йиллар мобайнида Чўлпон танқид тиғлари остида яшади. Оддий журналистдан тортиб республика раҳбари Акмал Икромовгача унинг ижоди ҳақида салбий муносабат билдирди.
Ниҳоят, 1937 йил охирида Чўлпон “халқ душмани” деб эълон қилинди. Сиёсий тузум унинг Аҳмад Закий Валидий билан дўстлигини, Бошқирдистоннинг миллий мустақиллиги учун курашдаги ёрдамини, Туркистон мухториятидаги фаол иштирокини, жадидлар сафида туриб очиқ ойдин ифодалаган сиёсий қарашларини унутмади ва кечирмади. Эҳтимол унинг “айби” энг машҳур ва халқаро миқёсда эътироф этилган ўзбек шоири бўлгани ва халқ, айниқса, ёшлар орасидаги обрў еътиборини ҳеч нарса тушира олмаганида бўлгандир. Шахснинг буюклиги ҳар доим ўз даврини ортда қолдирган. Тақдир тақозоси билан улар ё кўкларга кўтарилади, ё жисмонан йўқ қилинади. Аммо Абдулҳамид Чўлпон хотирасини йўқотишнинг иложи йўқ эди, чунки унинг шеърлари, ғоялари, халқига бўлган муҳаббати барҳаётдир.
Сиёсий идораларнинг доимий таъқиби ва тазйиқи, болшевик танқидчиларнинг эса заҳарли “қамчи”си остида яшаган Чўлпон умрининг сўнгги йилларида сиёсатдан узоқда туришга қанчалик ҳаракат қилмасин, ЎзССР Жиноят кодексининг 66-67-моддаларида назарда тутилган, яъни Аксилинилобий ташкилотларга аъзолик ҳам “Миллий иттиҳод” ташкилотинининг фаол аъзоси сифатида айбланди ҳамда эндигина 40 ёшга тўлган Чўлпон 1938 йил 4 октябрда шавқатсизларча Тошкентда отиб ташланди.
Вафотидан сўнг Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти (1991) ва «Мустақиллик» орденлари (1999) билан тақдирланган.


Download 95.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling