Абу Али ибн Сино иш устида. Рассом: Р. Арибжанов
Download 1.82 Mb.
|
Ибн Сино
Абу Али ибн Сино ҳайкали. Ҳамадон, Эрон Психик ва асаб касалликларини тавсифлаш ва даволашга ҳам олим кўп янгиликларни киритган. Бу касалликларни даволашда у атроф муҳитнинг, иқлимнинг, парҳез ва жисмоний машқларнинг таъсирига ҳамда бемор кайфиятини яхшилашга қаратилган тадбирларга катта аҳамият беради. Беморларни даволашда олим 3 нарсага — тартиб (парҳез), дорилар билан даволаш ва турли тиббий тадбирларни қўллаш (қон олиш, банка қўйиш, зулук солиш, ҳуқна ва ҳ. к.)га аҳамият бериш кераклигини айтади. Касалликни даволашда овқатланиш, яъни парҳезни муҳим омиллардан деб ҳисоблайди ва ҳар бир касаллик учун ўз овқатланиш тартибини беради. Чунончи, жигар касалликларида кўпроқ майиз, анжир, анор суви истеъмол қилишни буюради. Бу эса бундай касалликларни ҳозирги глюкоза ва инсулин билан даволаш усулларининг қадимий кўринишидир. Ибн Синонинг жарроҳлик соҳасини ривожлантиришдаги хизматлари ҳам улкандир. У ўз тиббий асарларида замонавий жарроҳликда қўлланиб келаётган айрим усулларни баён қилади. Йирингли шишларни куйдириш ёки пичоқ билан ёриш, бавосир шишларини тикиш, тампон, ўткир модда ёки тикиш билан қон тўхтатиш, томоқни кесиб, най қўйиш (трахеотомия) шулар жумласидандир. Елка суягининг чиқишини оддий босиш билан даволаш усули ҳозиргача «Авиценна усули» деб аталади. Умуртқанинг қийшайишини Ибн Сино ўзи ихтиро қилган ёғоч мослама ёрдамида тузатган. Бу усулни 15-асрда француз табиби Кало қайта кашф этган. Суякларни гипслаш усули ҳам Ибн Сино томонидан кенг қўлланган, лекин у ҳам кейинчалик унутилиб, европалик табиблар томонидан 1852 йилда амалиётга янги ихтиро сифатида қайтарилган. Ҳозир кўз жарроҳлигида қўлланаётган усулларнинг қарийб барчаси Ибн Синога маълум бўлган. Ёмон сифатли саратон (рак) шишлари, қовуқ тошларини олиш, истисқо, бавосирнинг операциялари, бош суягининг операцияси ва бошқалар Ибн Сино қўллаган муолажа усулларидандир. Жарроҳликда анестезия (оғриқни сездирмаслик) масаласига ҳам Ибн Сино катта эътибор берган. Бунинг учун у афюн, мингдевона, наша ва ҳ. к. наркотик таъсирга эга бўлган дорилардан фойдаланган. Касалликни даволашда Ибн Сино шахсий гигиена, уйқу ва жисмоний машқларнинг аҳамияти катталигини уқтирган. Унинг бир касалликни бошқа бир касалликни чақириш йўли билан даволаш усули диққатга сазовордир. Масалан, у тутқаноқни даволашда тўрт кунлик иситма билан оғришни фойдали деб билади. Австриялик психиатр Ю. Вагнер-Яурег (1857—1940) шундай усулни қўллаб, захм касаллигини безгакни юқтириш орқали даволагани учун 1927 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлган. Абу Али ибн Сино Ибн Сино доришунослик соҳасида чуқур тадқиқотлар олиб борган. У антик олимларнинг фармацияси асосида мусулмон Шарқида пайдо бўлган янги фармациянинг шаклланишига якун ясади. Табобатда сано, кофур (камфара), ровоч, тамр-ҳиндий (ҳинд ҳурмоси) каби дориларнинг ишлатилиши, асал ўрнида кўп дориларнинг қанд (шакар) асосида тайёрланиши ҳам Ибн Синонинг хизматидир. Унинг доривор ўсимликларни йиғиш, сақлаш, қайта ишлаш усуллари ҳозирги доришуносликдаги усулларга жуда яқиндир. Табиий дорилар билан бир каторда Ибн Сино биринчилардан бўлиб кимёвий усулда тайёрланган дориларни ҳам ишлатган. Касалликнинг турига қараб аввал содда, сўнг мураккаб таркибли дори билан даволаган. Энг муҳими, у озиқ-овқатларнинг шифо-бахш таъсирига катта аҳамият бериб, даволашни шундай маҳсулотлардан (мева, сабзавот, сут, гўшт ва ҳ. к.) бошлаган. Дори тайинлашда беморнинг мижози (иссиқ, совуқ, ҳўл, қуруқ), ёши, иқлим шароитини ҳисобга олиш зарурлигини таъкидлайди. Ибн Сино фармацияси жуда пухта ўйланган фармакологик тадқиқот усулига асосланганлиги боис ўрта аср Европа фармациясидан анча ўзиб кетди ва замонавий доришуносликка яқинлашди. Олим ишлатган дориларнинг бир қанчаси ҳозирги фармакопеялардан мустаҳкам ўрин олган. Ибн Синонинг тибга оид ёзган асарларининг 30 дан ортиғи бизгача етиб келган, уларнинг орасида «Қонун» каби тиббий энциклопедия билан бир қаторда тибнинг айрим назарий ва амалий масалаларига бағишланган турли ҳажмдаги «Уржуза фи-ттибб» («Тиббий уржуза»), «ал-Адвият ал-қалбия» («Юрак дорилари»), «Дафъ алмадорр ал-куллия ан-ал-абдон ал-инсония» («Инсон баданига етишган барча зарарларни йўқотиш»), «Китоб ал-қуланж» («Қуланж ҳақидаги китоб»), «Мақола фи-ннабз» («Томир уриши ҳақида мақола»), «Рисола фи-л-боҳ» («Шаҳвоний қувват ҳақида рисола»), «Рисола фи тадбири ал-мусофирин» («Сафардагиларнинг тадбири ҳақида рисола»), «Рисола фи хифз ас-сиҳҳа» («Соғлиқни сақлаш ҳақида рисола»), «Рисола фи-с-сиканжубин» («Сиканжубин ҳақида рисола»), «Рисола фи-лфасд» («Қон олиш ҳақида рисола»), «Рисола фи-лҳиндабо» («Сачратқи ҳақида рисола») каби рисолалар ҳам бор. Абу Али ибн Сино Ибн Сино ўз давридаги илмлар таснифи масаласига ҳам жиддий эътибор билан каради ва бу соқада «Ақсом ал-улум ал-ақлия» («Ақлий илмлар таснифи») номли асар ёзди. Унда олим ақлий илмларни ҳикмат — фалсафа илмлари деб олиб, уларни назарий ва амалий қисмларга бўлди. Назарий илмлар ҳақиқатни билишга, амалий илмлар яхши ишларни бажаришга қаратилган. Назарий фалсафа 3 га бўлинади: 1) қуйи даражадаги илм, яъни табиатшунослик (тиб, кимё, астрология ва бошқа); 2) ўрта даражадаги илм — математика (геометрия, арифметика, астрономия, мусиқа); 3) олий даражадаги илм — метафизика (илоҳиёт). Амалий фалсафа ҳам уч қисм (ахлоқ, иқтисод ва сиёсат) га бўлиниб, биринчисида битта шахс, унинг феъл-атвори қандай бўлиши ҳақида; иккинчисида инсонларнинг оилада, хўжалик ишларида бир-бири билан муносабатлари қандай бўлиши ва учинчисида шаҳар ёки ўлка миқёсида кишиларнинг бир-бири билан муносабати қандай бўлиши, давлатни идора қилиш ҳақида гап боради. Бу туркумлар ҳам майда тармоқларга бўлиниб кетади. Асарда 29 илм тармоғи тилга олинади. Ибн Сино ҳақиқий ахлоқий фазилатларга ва идеал жамоага шу мавжуд дунёда эришув мумкин, жамиятда инсонлар ўзаро ёрдам асосида яшашлари керак деб таъкидлайди. Жамият кишиларнинг ўзаро келишуви асосида қабул қилинадиган адолатли қонунлар ёрдамида бошқарилиши лозимлигини айтади. Жамият аъзоларининг ҳаммаси бу конунга итоат этишлари, қонунни бузиш ва адолатсизлик жазоланиши лозим. Агар ҳоким подшонинг ўзи адолатсизликка йўл қўйса, халқнинг унга қарши қўзғолони тўғри ва жамият томонидан қўллаб-қувватланмоғи керак, деб ҳисоблайди. Ўзининг ахлоқ тўғрисидаги фикрларида инсонларнинг кундалик ишларидаги энг зарур ахлоқий муносабатларга, камтарлик, иззат-ҳурмат, жасурлик, тўғрилик, софдиллик каби хулқий қоидаларга алоҳида эътибор беради. Абу Али ибн Сино Ибн Сино ўзининг бой ва серқирра илмий мероси билан кейинги давр Шарқ ва Ғарб маданиятининг ривожига катта таъсир кўрсатди. Шарқнинг Умар Хайём, Абу Убайд Жузжоний, Насриддин Тусий, Фаридуддин Аттор, Ибн Рушд, Низомий Ганжавий, Фахриддин Розий, ат-Тафтазоний, Носир Хисрав, Жалолиддин Румий, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Улуғбек, Бедил, Баҳманёр ибн Марзбон каби мутафаккир ва олимлари ўз асарларида Ибн Сино таълимоти ва илмий ғояларини давом эттирдилар. Европада алломанинг асарлари 12-асрдан бошлаб лотин тилига таржима қилиниб, университетларда ўқитила бошланди. Европанинг машҳур файласуф ва табиатшунос олимларидан Жордано Бруно, Гундисвальво, Вильгельм Овернский, Александр Гельский, Альберт фон Больштедт, Фома Аквинский, Рожер Бэкон, Данте ва бошқалар Ибн Синонинг илғор фикрларидан ўз ижодларида фойдаландилар ва унинг номини зўр ҳурмат билан тилга олдилар. Ибн Сино илмий меросини ўрганиш ишлари янги даврга келиб жадал тус олди ва натижада чет эл ҳамда Ўзбекистонда махсус илмий йўналиш — синошунослик вужудга келди. «Тиб қонунлари»нинг лотинча таржимаси тўлиқ ҳолда 40 марта нашр этилди. Унинг айрим қисмлари немис, инглиз ва француз тилларига таржима қилинди, олимнинг фалсафий ва бошқа соҳаларга оид асарлари ҳам жаҳоннинг бир неча тилларида нашр этилди, унинг ижодига оид қатор йирик тадқиқотлар яратилди. Абу Али ибн Синонинг «Тиб қонунлари» китоби қўлёзмаласи саҳифаларидан бири Жаҳоннинг турли кутубхоналарида Ибн Сино асарларининг қўлёзмалари сақланади, шу жумладан, Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида ҳам аллома қаламига мансуб 50 асарнинг 60 та қўлёзмаси мавжуд. Европа олимлари Е. Бишманн, Ю. Руска Карра де Во, X. Корбин, Круз Хернандез, Л. Гарде, А. М. Гуашон, X. Лей, П. Моривидж, Ж. Салиба ҳамда араб, турк ва эрон олимлари М. У. Нажотий, А. Н. Нодир, Ж. Ш. Қанавотий, Саид Нафисий, Яҳё Махдавий, Умар Фаррух, Э. Иҳсонўғлу, Ф. Раҳмон, М. Мусо, Ҳ. Ғараба, М. Шоҳвардий ва бошқалар Ибн Сино ижодини ўрганишга маълум ҳисса қўшдилар. Россиялик олимлардан Е. Э. Бертельс, А. Я. Борисов, И. С. Брагинский, С. И. Григорян, Б. А. Петров, Б. А. Розенфельд, В. Н. Терновский, А. В. Сагадеев, М. М. Рожанская, Тожикистон олимларидан С. Айний, М. Диноршоев, Т. Мардонов, Н. Раҳматуллаев, А. Баҳовуддинов, Ю. Нуралиев бу йўналишнинг ривожланишига хизмат қилдилар. Ўзбекистонда Ибн Сино асарларини таржима ва тадқиқ этишда шарқшунос олимлар С. Мирзаев, А. Муродов, А. Расулов, У. И. Каримов, Ю. Н. Завадовский, А. А. Семёнов, М. А. Салье, П. Г. Булгаков, Ш. Шоисломов, Э. Талабов, Ҳ. Ҳикматуллаевлар улкан ишларни амалга оширдилар. Т. Н. Қори-Ниёзий, И. М. Мўминов, М. М. Хайруллаев, М. Н. Болтаев, А. Ахмедов, Г. П. Матвиевская, В. К. Жумаев, Н. Мажидов, О. Ф. Файзуллаев, М. Б. Баратовнинг монография ва мақолаларида Ибн Сино ижодининг турли қирралари тадқиқ этилган. Абу Али ибн Синонинг «Тиб қонунлари» китоби лотинча нусхаси Рус антропологи М. М. Герасимов, бир неча тарихий шахслар қатори, Ибн Синонинг ҳам калла суяги асосида ҳайкал-портретини яратган. Андижон тиббиёт институти ходимлари (Ю. О. Отабеков, Ш. Ҳ.Ҳамидуллин, Е. С. Соколова) Ибн Синонинг илмий асосланган тимсолини ҳайкал-бюстда тасвирладилар (1965). Ўзбекистонлик рассом С. Марфин Ибн Сино бадиий портретини ишлаган (1968). Ибн Сино ҳақида «Ўзбекфильм» студияси ижодкорлари (реж. Э. Эшмухамедов; О. Агишев, Э. Эшмуҳамедов сценарийси) «Даҳонинг ёшлиги» тарихий-биографик бадиий фильмини (1984) яратдилар. Ўсимликларнинг биринчи илмий таснифини яратган машҳур швед ботаниги Карл Линней (1707—78) доимо яшил бўлиб турувчи бир тропик дарахтни Ибн Сино шарафига Авиценниа деб атади. Ўзбекистон ерида топилган (1956) янги минерал Ибн Сино номи билан Авиценнит деб аталади. Бухоро шаҳри ва Афшона қишлоғида Ибн Синога ҳайкал ўрнатилди, Бельгиянинг Кортрейк шаҳрида ҳам Ибн Синога қўйилган (2000) ҳайкал бор. Афшонада Ибн Сино музейи очилди. Ўзбекистон ва Тожикистондаги тиббий олий ва ўрта билим юртларига, нашриётга, санаторий, шифохона, кутубхона, мактаб, кўча, жамоа хужаликлари, турар жой мавзеларига Ибн Сино номи берилди. Тожикистонда фан соҳасида катта ютуқларни тақдирлаш учун Ибн Сино номидаги республика давлат мукофоти таъсис этилган. Ўзбекистонда Ибн Сино халқаро жамғармаси тузилди (1999 йил), «Ибн Сино» ва «Сино» номли халқаро журналлар нашр қилинади. Download 1.82 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling