Абу Али ибн Сино иш устида. Рассом: Р. Арибжанов
Download 1.82 Mb.
|
Ибн Сино
Абу Али ибн Сино шогирдлари билан. XVII аср миниатураси Масиҳий билан Ибн Сино Журжонга — Масиҳийнинг ватанига йўл олдилар. Лекин йўлдаги қийинчиликлар ва сувсизлик туфайли Масиҳий бетоб бўлиб, вафот этади. Натижада, Ибн Сино азоб-уқубатлар чекиб, аввал, Нисо, сўнг Обивард, Тус, Шиққон ва Хуросоннинг бошқа шаҳарларида қисқа муддат турганидан кейин, ниҳоят, Каспий денгизининг жануби-шарқида жойлашган Журжон амирлигига етиб келади. Ибн Сино Журжонда 1012—1014 йилларда яшайди, лекин шу қисқа вақт ичида унинг ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири — Абу Убайд Жузжоний билан учрашув ва бир умрга дўстлашув содир бўлади. У Ибн Синога нафақат шогирд, балки содиқ дўст ҳам эди. У Ибн Сино билан олимнинг сўнгги дамигача, 25 йил давомида бирга бўлади. Ибн Сино таржимаи ҳолининг ёзилиб қолиши, кўпгина асарларининг таълифи ва тартибга тушиши ҳамда уларнинг кейинги авлодларга келишида Жузжонийнинг хизмати катта. Журжондалик вақтида Ибн Сино ҳам илмий ижод билан шуғулланди, ҳам табиб сифатида фаолият кўрсатди. Бу ерда у шогирдининг илтимосига кўра, мантиқ, фалсафа ва бошқа фанларга оид бир нечта рисола ёзди ва энг муҳими «Тиб қонунлари»нинг дастлабки қисмларини яратди. 1014 йил олим Журжонни тарк этиб, Райга кўчди. Ибн Сино Райга келган вақтида бу ерда бувайҳийлардан бўлмиш Маждуддавла Абу Толиб Рустам (997—1029) ва унинг онаси Саййида Хотун ҳукмронлик қилар эдилар. Бу ерда Ибн Сино савдойи дардига чалиниб қолган Маждуддавлани даволади ва шу сабабли салтанат тепасида турган Саййиданинг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлди. Лекин олим Райда ҳам узоқ туролмади, чунки Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг Райга ҳам ҳужум қилиш хавфи бор эди. Шу боис Ибн Сино Райни тарк этиб, нисбатан кучлироқ бўлган Ҳамадонга, Маждуддавланинг акаси Шамсуддавла (997—1021) ҳузурига кетади. Ҳукмдорни санчиқ касалидан даволаганидан кейин олимни саройга таклиф қиладилар. У аввал сарой табиби булиб ишлайди, сунг вазирлик мансабига кўтарилади. Давлат ишлари билан банд бўлишига қарамай илмий ишларини ҳам давом эттиради ва қатор асарлар яратади. «Тиб қонунлари»нинг 1-китобини тугатиб, ўзининг машҳур фалсафий қомуси — «Китоб аш-шифо» ни ҳам шу ерда ёзишга киришади. «Тиб қонунлари» нинг қолган қисмини ҳам Ҳамадонда ёзиб битиради. Абу Али ибн Сино мақбараси. Ҳамадон, Эрон Ибн Сино Ҳамадонда 1023 йилгача истиқомат қилади ва айрим сиёсий сабабларга кўра, шу йили Исфаҳонга жўнаб кетади. Умрининг қолган 14 йилини шу ерда ўтказди. Бу ерда хам у тинимсиз илмий иш билан машғул бўлиб, бир қанча асарлар яратди. Улар орасида тиб, фалсафа, аниқ фанлар, тилшунослик каби фанларга оид китоблар бор. «Китоб аш-шифо»нинг қисмлари, форс тилидаги «Донишнома» ва 20 жилдли «Инсоф-адолат китоби» шулар жумласидан. Жузжонийнинг ёзишича, Ибн Сино гарчи, жисмоний жуда бақувват бўлса-да, бироқ шаҳарма-шаҳар дарбадарликда юриш, кеча-кундуз тиним билмай ишлаш ва бир неча бор таъқиб қилиниб, ҳатто ҳибсда ётишлар олимнинг саломатлигига жиддий таъсир этди. У қуланж (колит) касаллигига чалинди. Алоуддавланинг Ҳамадонга юриши вақтида Ибн Сино қаттиқ бетоблигига қарамай, у билан бирга сафарга чиқади. Йулда дарди қўзғаб олимнинг тамомила мадори курийди ва оқибатда у шу дарддан 57 ёшида вафот этади. Олим Ҳамадонда дафн этилади. Унинг қабри устига 1952 йили мақбара ишланган (меъмори X. Сайхун). Мақбара Ибн Синога бағишланган музей хоналарини ҳам ўз ичига олади. Шайхур-раис Абу Али ибн Сино. Миниатура Замондошлари Ибн Синони «Шайх ар-раис» («донишмандлар сардори, алломалар бошлиғи»); «Шараф ал-мулк» («ўлка, мамлакатнинг обрўси, шарафи»), «ҳужжат ал-ҳаққ» («ростликка далил»); «Ҳаким ал-вазир» («донишманд, тадбиркор вазир») деб атаганлар. Жаҳон фани тарихида Ибн Сино қомусий олим сифатида тан олинган, чунки у ўз давридаги мавжуд фанларнинг қарийб барчаси билан шуғулланган ва уларга оид асарлар ёзган. Олим асарларини ўша даврда Яқин ва Ўрта Шарқнинг илмий тили бўлган араб тилида, баъзилари (шеърий ва айрим фалсафий асарлари)ни форс тилида ёзган. Турли манбаларда унинг 450 дан ортиқ асар ёзганлиги қайд этилган, лекин бизгача уларнинг 242 (160) таси етиб келган. Шулардан 80 таси фалсафага, 43 таси табобатга оид бўлиб, қолганлари мантиқ, психология, табииёт, астрономия, математика, мусиқа, кимё, ахлоқ, адабиёт ва тилшуносликка бағишланган. Лекин бу асарларнинг ҳаммаси ҳам олимлар томонидан бир хилда ўрганилган эмас. Ибн Синонинг кўпроқ фалсафа ва тибга оид китоблари жаҳоннинг кўпгина тилларига таржима этилиб, асрлар давомида қайта-қайта нашр қилиб келинмоқда, лекин шу билан бир вақтда, бошқа кўп асарлари ҳали қўлёзма ҳолида ўз тадқиқотчиларини кутяпти. Абу Али ибн Сино Ибн Синонинг илмий меросини шартли равишда 4 қисмга, яъни фалсафий, табиий, адабий ва тиббий соҳаларга бўлиш мумкин, олим шуларнинг ҳар бирида чуқур из қолдирган. Лекин Ибн Сино асарларининг миқдорий нисбатига назар солсак, олимнинг қизиқиш ва эътибори кўпроқ фалсафа ва тибга қаратилганини кўрамиз. Гарчи, уни «Авиценна» сифатида Ғарбда машҳур қилган унинг тиббий мероси, хусусан, «Тиб қонунлари» бўлсада, «Шайх-ар-раис» номи, энг аввал, унинг буюк файласуфлигига ишорадир. Олимнинг фалсафага оид энг йирик ва муҳим асари «Китоб аш-шифо»дир. У 4 қисмдан иборат: 1) мантиқ — 9 бўлакка бўлинган: ал-мадҳал — мантиққа кириш; ал-мақулот — категориялар; ал-иборат — интерпретация; ал-қиёс — силлогизм; ал-бурҳон — исбот, далил; ал-жадал — тортишув, диалектика; ас-сафсата — софистика; ал-хитоба — риторика; аш-шеър — поэтика (шеър санъати); 2) табииёт (бу ерда минераллар, ўсимликлар, ҳайвонот олами ва инсонлар ҳақида алоҳида-алоҳида бўлимларда гапирилади; 3) риёзиёт — 4 фанга бўлинган; ҳисоб (арифметика), ҳандаса (геометрия), астрономия ва мусиқа; 4) метафизика ёки илоҳиёт. Бу асарнинг айрим қисмлари лотин, сурёний, иброний, немис, инглиз, француз, рус, форс ва ўзбек тилларида нашр этилган. Ибн Синонинг яна бир фалсафий асари «Китоб ан-нажот» «Китоб аш-шифо»нинг қисқартирилган шакли бўлиб, у ҳам қисман жаҳоннинг бир неча тилларига таржима қилинган. Олимнинг фалсафий қарашлари яна «Ал-ишорат ва-ттанбиҳот» («Ишоралар ва танбиҳлар»), «Ҳикмат ал-машриқийн» («Шарқчилар фалсафаси»), «Китоб ал-ишорат фи-лмантиқ ва лҳикмат» («Мантиқ ва фалсафанинг ишоралари»), форс тилида ёзилган «Донишнома» («Билим китоби») ва бошқа турли ҳажмдаги фалсафий рисолаларда ҳамда «Тайр қиссаси», «Саломон ва Ибсол», «Ҳайй ибн Яқзон», «Юсуф ҳақида қисса» каби фалсафий мазмунли бадиий қиссаларда ўз аксини топган. Download 1.82 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling