Abulg’oziy Bahodirxonning lingvistik qarashlari
Download 17.83 Kb.
|
5-амалий ТТ (1)
5-mavzu. Abulg’oziy Bahodirxonning lingvistik qarashlari Хива хони Абулғози Баҳодирхон ҳижрий 1012 йил раббийул аввал ойининг 15-кунида Урганч шаҳрида туғилган. У ўзбекларнинг қўнғирот уруғидан бўлган. Абулғози барча фанларни, айниқса, тарих ва адабиётни пухта эгаллаб, даврининг алломаси даражасига кўтарилди. Бу ҳақда муаллифнинг ўзи «Шажараи турк» асарида қуйидагиларни ёзади: «Бу фақирға худойи таоло иноят қилиб, кўп нимарса берган турур. Хусусан, уч ҳунар берган турур. Аввал сипоҳигарликнинг қонуни ва йўсиниким, нечук отланмоқ ва юрумак ва ёвга ёсоқ ясамоқ, кўп бирлан юруганда нечук қилмоқ, оз бирлан юруганда нечук қилмоқ. Дўстга, душманга нечук сўзлашмак. Иккинчи, маснавийёт ва қасоид ва ғазалиёт ва муқаттаъот ва рубоиёт ва барча ашъорни фаҳмламаклик, арабий ва форсий ва туркий луғатларнинг маъносини билмаклик. Учинчи, одам аҳдиндин то бу дамгача Арабистонда, Эрон ва Туронда ва Мўғулистонда ўтган подшоҳларнинг отлари ва умрларининг ва салтанатларининг кам ёки зиёдин билмаклик». Абулғози Баҳодирхондан иккита тарихий асар мерос қолди: «Шажараи тарокима» (тахминан 1658 – 1661 йиллар орасида ёзилган) ва «Шажараи турк» (1663 – 1664 йиллари ёзилган). Биринчи асар туркман муллалари, шайхлари ва бекларининг илтимоси билан ёзилган, унда туркманлар тарихи ҳақида батафсил маълумот берилади. Бу асарнинг танқидий матни, русча таржимаси ва лингвистик тадқиқоти 1958 йили Ленинградда (ҳозирги СанктПетербургда) нашр этилди. 1995 йили эса «Шажараи тарокима» асарини Қозоқбой Маҳмудов Тошкентда нашрга тайёрлади. Иккинчи китоб «Шажараи турк» турклар тарихини ёритишга бағишланган. Бу асарнинг 7-, 8- ва 9-бобининг бир қисмини Абулғозининг ўзи ёзган. Биринчи бобдан еттинчи бобгача ҳамда 9-бобнинг давоми Абулғози вафотидан сўнг унинг ўғли Анушахон топшириғига мувофиқ Маҳмудбий ибн мулла Муҳаммад Урганчий томонидан ниҳоясига етказилган. Бу ҳақда асарда шундай дейилади: «...Абулғозихони жаннатмакон бу китобни тасниф қилиб ярмига етканида хаста бўлдилар, ўғилларига васият қилиб турарларким, бу китобни нотамом қўйманг, итмомига саъй қилинг. Ул сабабдин Абулмузаффар валмансур Анушахон ибн Абулғозихон марҳум ва маҳфурик, бу бадайи бедизоат ва каминаи беиститоат Маҳмудий ибн мулла Муҳаммад замон Урганчий бўлғайман, «бу китобни итмомига еткур» деб ҳукм қилдилар». Абулғозий Баҳодирхоннинг тилга бўлган муносабати юқоридаги икки асарда ўз ифодасини топади. Муаллиф ҳар икки асарда ономастик (антропонимик, топонимик, этнографик) маълумотлар бераётган пайтда албатта унинг этимологияси ҳақида сўз юритади. Масалан, «Шажараи турк» асарининг иккинчи бобида Мўғулхон зикрида мўғул этноними этимологияси ва бу сўзнинг фонетик ўзгариши ҳақида шундай дейилади: «Асл лафз мўғул мунгул турур. Авомнинг тили келмасликидин бора-бора мўғул тедилар. Мунгнинг маъносин барча турк билурлар, қайғу маъносина турур. Улнинг маъноси сода дил, яъни қайғули сода темак бўлур». Ёки дўрман этноними ҳақида қуйидагиларни ёзади: «...Мўғул тўртни дурман дер. Ёт эл бу йигитларга дўрманлар теб от қўйдилар». Бундан ташқари, одам антропоними ҳақида шундай дейди: «Лафзи одам араб тили турур. Ернинг қиртишини одим дер. Азроил туфроқни ернинг ичиндан олмади, тақи қиртишиндан олиб эрди, анинг учун Одам тедилар». Абулғози Баҳодирхон у ёки бу сўзнинг келиб чиқиши ҳақида фикр юритаркан, уни бошқа тилларга ҳам қиёслайди. Бошқа тиллардаги фонетик ўзгаришларга ўқувчи диққатини тортади. Жумладан, «Шажараи турк» асарининг «Унгут элининг зикри» қисмида унгут атамасининг келиб чиқиши ҳақида қуйидагиларни ёзади: «Хитой халқи ўз юртининг тошидин бир баланд девор тортиб, икки учини тенгизга етказиб эрдилар... Карвон кириб чиқмоқ учун бир киши дарвоза ери қўюб, анға темурдин дарвоза қурдилар. Андағ деворни араб сад дер. Туркий тили бирлан бурқурқа дерлар. Хитой халқи унгу дерлар... Хитой подшоҳлари турк халқиндин бир неча жамоага, сизларга ҳар йилда ўн чоқли нимарса берайин, Саднинг дарвозаларини сақласангиз теб берур нимарсасин қарор қилди. Ул турклар ани қабул қилиб, сақладилар... Ул жамоатта унгут тедилар. Мўғул тилинда унгутнинг «т»си ёйи нисбаттек. Садни унгу, сақлағон кишиларни унгут тедилар. Садчи теган бўлур». Кирайт (қорабуран темакдир), турқоқ (пошоҳни ухламай сақлаб турувчи), қиёт (мўғул киён «тоғдан оққан сел»нинг кўплиги) каби қатор этнонимлар. Губал (мўғул Гу «яхши», балиқ «шаҳар») каби бир қанча топонимлар, муран, водий каби гидронимлар этимологияси ҳақида ишончли маълумотлар беради. Хусусан, муран гидроними ҳақида шундай ёзади: «Оқиб боратурған улуғ сувни туркий тилинда сой дер. Тожик кечкиндур ва улуқин рудхона дер ва араб водий дер. Мўғул муран дер». Абулғози Баҳодирхон у ёки бу сўзнинг маъносини ёритишда мўғул, хитой тиллари материалларига изчиллик билан қиёслайди. Бу эса унинг қиёсланаётган тилларни ҳам чуқур ўрганган полиглот олим эканидан далолат. Абулғози Баҳодирхон нутқнинг софлиги учун курашди, халқ билан содда тилда мулоқот қилиш лозимлигини уқтирди. Бу ҳақда «Шажараи тарокима» асарида қуйидагиларни ёзди: «Барча билингким, биздин бурун туркий тарих айтканлар арабий луғатларни қўшиб турурлар ва форсийларни ҳам қўшуб турурлар ва туркийни ҳам сажъ қилиб турурлар, ўзларининг ҳунарларин ва устодликларини халққа маълум қилмоқ учун биз мунларнинг ҳеч қайсисини қилмадук, анинг учун ким бу китобни ўқиғувчи ва тинглагувчи албатта турк бўлгуси турур. Бас, туркларга туркона айтмак керак, то уларнипг барчаси фаҳм қилғайлар, бизнинг айтган сўзимизни билмасалар андин не ҳосил?..» Муаллиф ҳар икки асарнинг бошида инсоннинг пайдо бўлиши, тўғрироғи, яратилиши (айни пайтда, тилнинг келиб чиқиши ҳақида ҳам) фикр юритади. Шу кунга қадар инсоннинг пайдо бўлиши ҳақида турли қарашлар мавжуд. Уларни икки катта гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчиси инсонни эволюцион йўл билан пайдо бўлганини эътироф этса, иккинчиси бирданига пайдо бўлганини, дунё яратилганини тарғиб қилади. Дунёдаги деярли барча диний таълимотлар иккинчи қарашни олға суради. Бу жиҳатдан христиан ва ислом динлари ҳам умумийликка эга. Абулғози Баҳодирхон ҳам ислом динининг вакили сифатида инсоннинг Оллоҳ томонидан яратилганини, инсон тупроқдан ясагани ва жон ато этганини баён қилади. Одам Атодан тортиб то Нуҳ алайҳиссаломгача бўлган шажара барча диний китобларда деярли бир хил берилади. Масалан, «Шажараи тарокима» «Ибтидо» Одам Адам Шис Шит Ануш Энуш Кайнан Кенан Махлойил Маколалил Бард Ёред Ахрух (Идрис) Хонух Матушолаҳ Мотушалаҳ Лимак Ламак Нуҳ Нўҳ Сом Хом Ёфас Сом Хом Ефим Турк Ёфаснинг ўғли ҳисобланади ва ундан тарқалганлар турклар номи билан юритилгани эътироф этилади. Бундай қарашга мувофиқ, тилларнинг хилма-хил бўлиши Бобил минорасига бориб тақалади. Дастлаб барча одамлар бир тилда (араб тилида) гаплашган. Чунки Оллоҳ Каъба тупроғидан ясалган инсон суратини Макка билан Тойиф ўртасига қўйиб жон ато қилган ва унинг тили араб тили бўлган. Одамлар шаҳар ва осмонўпар минора қуришга аҳд қиладилар. Одам фарзандлари қураётган шаҳар ва минорани кўриш учун Парвардигор осмондан тушдилар. Кўрадики, одамзоднинг барчасининг тили бир, шаҳар ва минора қуришдан бошқа нарсаларни қилиш ҳам қўлидан келади. Шунинг учун уларни ер юзига тарқатиб, тилларини ҳам бир-бирига тушунмайдиган қилиб қўйиш керак экан деган хулосага келади ва шундай ҳам қилади. Тилларнинг аралашувига сабаб бўлиб қолган шаҳарни Бобил (аралашув) деб юритдилар. Абулғози Баҳодирхон «Шажараи турк» асарида Ёфас авлоди бўлган Турк ва унинг шажараси ҳақида батафсил маълумот беради. «Шажараи тарокима» асарида эса турк шажараси таркибига кирувчи Ўғузхон шажараси ҳақида фикр юритилади. Шундай қилиб, Абулғози Баҳодирхоннинг ҳар икки китоби туркий халқлар ва уларнииг генезиси ҳамда тил тарихи ҳақида маълумот берувчи қимматли асардир. Download 17.83 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling