Қадимги Шарқ ва Ғарб фалсафаси вужудга келиши ва ривожланишининг умумий қонуниятлари
Download 40.61 Kb.
|
Aнтик давр фалсафаси
Тўртинчидан, Қадимги Ғарб ва Шарқда материянинг тузилиши ҳақидаги таълимотда ҳам фарқлар мавжуд. Ғарб антик фалсафасида материянинг дискрет тузилиши ҳақидаги таълимот – атомистика вужудга келди. Унинг асосчилари қадимги юнон файласуфлари Левкипп ва Демокрит бўлган, атомистика ғояларини Эпикур ва қадимги рим файласуфи Лукреций Кар ривожлантирган. Демокрит дунё атомлар ва бўшлиқдан иборат деб ҳисоблаган. Унинг фикрича, атомлар – сифатга эга бўлмаган майда зарралар. Сифатлар атомларнинг шакл, ўрин ва тартиб жиҳатидан уйғунлигидан пайдо бўлади. Демокрит, нима учун сут осон ичилади?, деган саволга, шунинг учунки, сут, «юмалоқ атомлар»дан иборат, нима учун хантални сутдай ичиш мумкин эмас? Шунинг учунки, хантал атомлари «илмоқсимон»дир, деб жавоб беради. У нарсалар сифати ва уларнинг ранг-баранглигини ҳам шундай тушунтирган. Демокритнинг атомистикасида сабабиятнинг содда изоҳлари билан бир қаторда айни шу сабабиятни нарсаларнинг ўзида, аниқроғи – атомларда кўришга бўлган интилишга ҳам дуч келиш мумкин. Шарқ фалсафасида эса, материянинг дискретлиги, унинг тузилиши муаммоси қўйилмайди. Унда материяга асосан жонга «халақит» берувчи муайян омил ёки шакл билан бирликда ёки муайян субстанционал асос сифатида ёндашилади.
Бешинчидан, Ғарб ва Шарқ фалсафасида билиш муаммоларини ечишда фарқлар мавжуд. Ғарб фалсафасида билиш эмпирик, ҳиссий ва оқилона жараён сифатидаги эмас, балки мантиқий жараён сифатида ҳам қаралади, яъни мантиқ муаммолари атрофлича ўрганилади. Бу муаммоларни ўрганишга Суқрот, Платон, айниқса Аристотель улкан ҳисса қўшган. Шарқ фалсафасида эса, мантиқ муаммолари билан амалда ҳинд ньяя (сансар, қоида, мулоҳаза, предметга кириш, мантиқ) мактабигина шуғулланган. Ньяя фалсафий муаммоларни ечишда мушоҳаданинг аҳамиятини алоҳида қайд этган. У ҳақиқатнинг тагига етишнинг тўрт манбаи: идрок этиш, хулоса чиқариш, таққослаш ва исботлашни ўрганади. Бу манбалар ҳақиқий билимга эришиш имконини беради. Умуман олганда қадимги Шарқ фалсафасига кўпроқ ўзини ўзи билиш хос. Олтинчидан, Ғарб ва Шарқ фалсафасидаги ўзига хослик ва фарқлар ижтимоий муаммоларни ўрганиш жараёнида айниқса бўртиб намоён бўлади. Шарқ фалсафасида бу ўтмиш, ҳозирги давр ва келажак манбаи бўлган «дунёвий инсон» муаммолари, шунингдек умуминсоний қадриятлар, ўзини ўзи камол топтириш, бошқа одамларни бошқариш учун зарур бўлган инсоний фазилатлар муҳим аҳамиятга эга. Масалан, Конфуций Осмонга, унинг улуғворлигига мурожаат этиб, ижтимоий тузилмалар иерархияси, кишилар қатъий субординациясининг зарурлигини кўрсатишга ҳаракат қилади: «Осмон ҳар бир инсонга унинг жамиятдаги ўрнини белгилайди, уни тақдирлайди, унга жазо беради..»8. “Авесто”да эса инсоннинг ҳақ-ҳуқуқлари, бурч ва масъулияти ҳақида фикр билдирилган. Жумладан, агар одам олган қарзини ўз вақтида қайтариб бермаса, у тунда бировнинг уйига ўғирликка кирган одам билан баробардир. Шунингдек, унда қариндошларнинг ўзаро оила қуриши тақиқланган, авлодларнинг соғлом, бенуқсон туғилишига эътибор қаратилган. Борди-ю эркак зурриёт қолдиришга қобилияти бўлиб, сўққа бош бўлиб юрса, унинг пешонасига тамға босиш ёки белига занжир боғлаб юришга мажбур эканлиги белгиланган. Шарқ фалсафасида қонун муаммосига ҳам кўп эътибор берилади. Айрим файласуфлар уни рад этган, айримлари эса унга таянган. Халқ ва подшо муаммоси ҳам Шарқ фалсафасининг муҳим муаммоларидан бири ҳисобланади. Жумладан, “Авесто” да ҳуқуқий масалалар: жиноят ва жазо, оила ва никоҳ, мулк билан боғлиқ масалаларни тартибга солувчи қоидалар ўз ифодасини топган. Оилавий муносабатларни тартибга солишга қаратилган қоидаларда эр хотиннинг бир-бирига хиёнати ёки никоҳсиз эр-хотинлик муносабатларида бўлган кишилар тан жазосини олган. “Венидат” (Девларга қарши кураш қонуни) нинг 13, 14 бобларида сувни тежаш, уни қадрлаш, ундан унумли фойдаланиш ҳақидаги қоидалар битилган. Унда ҳар куни экинни икки марта суғориш мумкинлиги, ҳар бир кунда экувчи бир белкурак кенглик ва чуқурликдаги ариққа сиғадиган сув олишга ҳақли эканлиги, сувни тақсимлаш билан коҳинлар шуғулланиши, сувни ифлослантиришни тақиқловчи қоидалар белгилаган. Бу қоидаларни бузганларга нисбатан мажбурий меҳнатга жалб қилиш жазоси белгиланган9. Ғарбда, хусусан, қадимги юнон ва қадимги рим фалсафасида эса ижтимоий муаммолар доираси кенгроқ. Уларни ўрганиш усуллари ҳам Шарқ фалсафасидаги усуллардан анча фарқ қилади. Биринчидан, Демокритдан бошлаб, қадимги дунёнинг деярли барча файласуфлари давлат, қонун, меҳнат, бошқарув, уруш ва тинчлик, майллар, манфаатлар, ҳокимият, жамиятнинг мулкий табақаланиши муаммоларига мурожаат этганлар. Иккинчидан, бу ижтимоий-фалсафий муаммоларни тадқиқ этиш жараёнида инсонни жамиятга боғлаб ўрганиш айниқса муҳим аҳамият касб этади. Масалан, Демокрит шундай деб ёзади: «Умумий муҳтожлик айрим инсоннинг хусусий муҳтожлигидан оғирроқдир. Зеро умумий муҳтожликда ёрдамга ҳеч қандай умид қолмайди»; «қонун одамларнинг ҳаётини тартибга солишни хоҳлайди, бунга у фақат одамлар ўзларига яхши бўлишини истаган тақдирда эришиши мумкин. Зеро қонун ўзига бўйсунадиган кишиларгагина ижобий таъсир кўрсатади»; «Оқил одамга бутун дунё очиқ. Зеро яхши қалб учун бутун дунё ватандир»10. Платон ҳам ижтимоий муаммоларни таҳлил қилган. У давлатнинг моҳияти ва шаклларини шахс, айниқса подшони шахси нуқтаи назаридан ўрганган. Унинг фикрича, подшо ҳақиқатпарварлик, оқиллик, мардлик, адолатпарварлик каби фазилатларга эга бўлиши лозим; умуман олганда, подшода инсоннинг барча қобилиятлари мавжуд бўлиши даркор. Платон инсоният тарихида биринчи идеал давлат назариясини яратади. У давлатнинг уч шаклини тан олади: монархия, аристократия ва демократия. Бу шаклларнинг ҳар бири икки кўринишда: қонуний ва ноқонуний ёки зўрлик ишлатишга асосланган кўринишларда амал қилади. Платон давлатнинг қонуний шаклини маъқул кўради. Унинг фикрича, давлатни файласуфлар ҳаммадан яхшироқ бошқара оладилар. Платон ўзининг «Давлат» асарида бу ҳақда шундай деб ёзади: «Агар қашшоқ ва йўқсиллар ўз шахсий манфаатларини қондиришни кўзлаб, жамиятни бошқариш имкониятини қўлга киритган бўлсалар, бундан яхши иш чиқмайди: ҳокимият беллашув майдонига айланади ва бундай ички уруш унинг иштирокчиларини ҳам, қолган фуқароларни ҳам ҳалокатга маҳкум этади. Ҳокимият уни севгувчи кишилар қўлига ўтиши ҳам ярамайди. Акс ҳолда улар билан бу севгида рақиблар беллашади...»11. Аристотель ҳам ўзининг «Сиёсат» асарида ўз давлат назариясини баён этган. У: «Давлат нима учун вужудга келган ва инсонни унинг жамиятдаги ҳаётида бошқарувчи ҳокимиятнинг нечта тури бор?», деган саволни ўртага ташлайди ва ўзининг бу саволига шундай жавоб беради: «Давлат яшаш учун яратилмайди, балки асосан бахтли яшаш учун яратилади... Давлат оилалар ва жамоалар ўртасида яхши ҳаёт кечириш учун алоқалар ўрнатилганда, фаровон ва ўзига тўқ мавжудлик мақсадида вужудга келади»12. Давлат ҳокимияти масаласига келсак, Аристотель унинг «уч яхши» ва «уч ёмон» шаклини қайд этади. Давлат ҳокимиятининг «яхши» шакли деганда у жамиятга хизмат қилувчи ҳокимият шакллари: монархия, аристократия, «полития», яъни ўрта синф ҳокимиятини тушунади. Давлат ҳокимиятининг «ёмон» шакллари қаторига Аристотель тирания, соф олигархия ва ашаддий демократияни киритади. Қадимги дунё фалсафаси ҳақидаги сўзимизга якун ясар эканмиз, шуни қайд этишни истар эдикки, у мазкур дунё маданиятининг ўзаги ҳисобланади, Ғарб ва Шарқ маънавий цивилизациясининг қиёфасини белгилайди. Гап шундаки, фалсафа қадимги дунёнинг барча маънавий қадриятлари: санъат ва дин, ахлоқ ва эстетик тафаккур, ҳуқуқ ва сиёсат, педагогика ва фанни қамраб олган. Хуллас, Шарқ маънавий цивилизацияси шахснинг борлиғига, унинг ўзликни англаш туйғусига ва моддий дунёдан узоқлашиш орқали ўзини ўзи камол топтиришига мурожаат этиш руҳи билан суғорилган бўлиб, бу Шарқ халқларининг турмуш тарзида ва маданий қадриятларни ўзлаштириш усулларида ўз аксини топган. Ғарб маънавий цивилизацияси ўзгаришларга, ҳақиқатнинг тагига етиш йўлидаги изланишларга очиқ бўлган. Бу изланишлар турли, шу жумладан атеистик, интеллектуал ва амалий йўналишларда кечган. Умуман олганда қадимги дунё фалсафаси кейинги даврлардаги фалсафий тафаккур ва маданиятга, кишилик жамиятининг ривожланишига улкан таъсир кўрсатган. 1 Қаранг Алиқулов Ҳ. Караматов Ҳ. Арастунинг Искандарга насиҳати. Форс тилидан таржимаси // Ўзбек педагогика онтологияси.-Т.: Ўқитувчи, 1995.-Б 39-46.. 2 Қаранг. Алиқулов Ҳ. Караматов Ҳ.Арастунинг Искандарга насиҳати. Форс тилидан таржима. // Ўзбек педагогик онтологияси.-Т.: Ўқитувчи, 1995 –Б.39. 3 История философии: Энциклопедичексий словарь. –М.: 2001. –С.115 4 История философии: Энциклопедичексий словарь. –М.: 2001. -С.172 5 Қаранг Бобоев Ҳ. Ғофуров З. Ўзбекистонда сиёсий ва маънавий –маърифий таълимотлар тараққиёти. -Т.: Янги аср авлоди, 2001. –Б.85. 6 Умарзода М. Овесто сирлари // Жаҳон адабиёти. 1997 №4 –Б.19-20. 7 Умарзода М. Овесто сирлари // Жаҳон адабиёти. 1997 №4 –Б.19-20 8 Конфуций. Уроки мудрости. -М.: ЭКСМО, 2005. –С.46 9 Қаранг Сулаймонова Ф. Шарқ ва Ғарб. -Т.: Ўзбекистон, 1997. –Б.25-26. 11 Платон \\ Всемирная энциклопедия. –М.: Современный литератор, 2001. –С. 782. 12 Аристотель \\ Всемирная энциклопедия. –М.: Современный литератор, 2001. –С. 69 Download 40.61 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling