Қадимги Шарқ ва Ғарб фалсафаси вужудга келиши ва ривожланишининг умумий қонуниятлари


Қадимги дунё Шарқ ва Ғарб фалсафасининг ривожланиш хусусиятлари ва муаммолардаги фарқлар


Download 40.61 Kb.
bet4/5
Sana23.04.2023
Hajmi40.61 Kb.
#1391616
1   2   3   4   5
Bog'liq
Aнтик давр фалсафаси

Қадимги дунё Шарқ ва Ғарб фалсафасининг ривожланиш хусусиятлари ва муаммолардаги фарқлар. Биринчидан, инсон муаммосини ўрганишга нисбатан ёндашувларда Ғарб ва Шарқ фалсафасида тафовутлар мавжуд. Ғарб фалсафасидан фарқли ўлароқ, Шарқ фалсафаси асосий эътиборни инсон муаммосига қаратади. Жумладан “Авесто”да фарзанд кўриш, болаларни билимли, одобли, жамият учун фойдали инсонлар қилиб тарбиялаш, келажакни ўйлаб иш тутиш умуминсоний маънавият эканлиги таъкидланади. Зардўшт Ахурамаздадан, серфарзанд хонадонга нима берасан, деб сўраганда у “Бундай одамларни ўз ҳимоямга оламан, ҳаётини фаровон, рисқини мўл қиламан” деб жавоб берган. Шарқ фалсафаси инсонни амалиёт, одамлар ҳаёт фаолияти, уларнинг турмуш тарзи нуқтаи назаридан ўрганади. Шу сабабли унда инсоннинг ўзлиги, унинг шакллари ва ҳолатлари, одоб-ахлоқ, ҳукмдорларга, турли ёшдаги одамларга, шунингдек жамиятдаги ижтимоий ҳолати турлича бўлган кишиларга амалий насиҳатлар билан боғлиқ бўлган айрим муаммолар кўп. Масалан “Авесто”да келтирилган “Забардаст ва қудратли бўлиш учун ҳамиша ҳақиқат ва ростгликка мувофиқ амал қилсанг, забардаст ва қудратли бўласан”, “Ҳақ сўздан ўзга ҳеч нарса билан шуғулланма”, “Дунёни тараққиёт ва камолот сари ҳаракатга соладиган кишилар бўлмоғи лозим”, “Ёлғон гапириб тирик қолгандан кўра, рост гапириб ўлган яхши”, “Ўз нафсини енгиб, жиловлаб олмаган киши, ҳеч нарса устидан ғолиб чиқа олмайди”7 каби фикрлар ҳозирги кунда ҳам аҳамиятини йўқотгани йўқ. Ғарб фалсафаси эса, инсонга унинг руҳий борлиғи ёки одоб-ахлоқ орқали мурожаат этмайди, балки унга борлиқ ва билишнинг умумий тамойилларини таклиф қилади. Шу боис у натурфалсафий, онтологик, гносеологик, методологик, эстетик, мантиқий, ахлоқий, сиёсий ва ҳуқуқий муаммоларни ўрганади.
Иккинчидан, Шарқ ва Ғарб фалсафасида динга муносабатда ҳам фарқлар мавжуд. Шарқ фалсафаси дин билан узвий ўзаро алоқада ривожланади: аксарият ҳолларда айни бир фалсафий оқим фалсафа сифатида ҳам, дин сифатида ҳам намоён бўлади. Бунга брахманизм, индуизм, буддизм, конфуцийчилик, зардўшдийлик мисол бўлиши мумкин. Ғарб фалсафаси эса, кўпроқ илмий методологияга таянади ва диндан ажралишга ҳаракат қилади. Қадимда Ғарбнинг фалсафий таълимотларидан бирортаси ҳам жаҳон динига ёки ҳеч бўлмаса қадимги Юнонистон ва Римда кенг тарқалган динлардан бирига айланмаган. Боз устига, Ғарб антик фалсафасида, аввало Демокрит, Эпикур, Лукреций Кар ва бошқа файласуфларнинг асарларида атеистик оҳанглар анча кучли.
Учинчидан, Ғарб ва Шарқ фалсафасининг категориялар аппарати ҳам ўзига хос фарқларга эга. Шарқ фалсафасида мифология ва «Ригведалар» таклиф қилган аксарият категориялар: инь – аёллик асоси ва янь – эркаклик асоси, уларнинг эфир билан бирикмаси – ци; ёки нарсаларга беш моддий биринчи асос – ер, сув, ҳаво, олов ва дарахтнинг бирикмаси сифатида ёндашиш табиий бир ҳол сифатида қаралади. Ҳаёт ва ўлим, жон ва жисмоний тана, жон материяси, онг ва унинг ҳолатлари категориялари айниқса кўп муҳокама қилинади. Сансара – жоннинг қайта гавдаланиши, ўзга шакл-шамойилда намоён бўлиши, карма – инсон ўлимидан кейин тириклик пайтида қилган ишларига яраша мукофот ёки жазо олиши ёки инсоннинг индивидуал тақдири, аскеза – ўзини ўзи чеклаш йўли билан ғайритабиий қобилиятларга эришиш, нирвана – энг юксак ҳолат, инсон эришишни кўзлаган олий мақсад, «материя кишанларидан халос бўлган жон ҳолати» каби тушунчалар киритилган. Албатта, Шарқ фалсафаси ҳаракат, қарама-қаршилик, бирлик, материя, онг, макон, вақт, дунё, субстанция каби одатдаги фалсафий категориялардан ҳам фойдаланади. Ғарбда эса, фалсафий тизимлар моҳияти ва уларнинг курашини акс эттирувчи фалсафий категориялар аппаратининг яратилишига алоҳида эътибор қаратилади. Тизим сифатидаги категориялар ҳақида илк бор Аристотелнинг «Категориялар» рисоласида сўз юритилган. У ўзидан олдинги фалсафий тафаккурни ўрганиш асосида категориялар жадвалини тузган. Бу жадвал қуйидаги категорияларни ўз ичига олган: моҳият (субстанция), миқдор, сифат, муносабат, жой, вақт, ўрин, ҳолат, ҳаракат, азоб-уқубат. Аристотелнинг категориялар жадвали фалсафа ва муайян фанлар эришган ютуқлар муносабати билан унинг таркибини ўзгартиришни таклиф қилган Янги даврга қадар категориялар ҳақидаги таълимотнинг ривожланишига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиб келди.

Download 40.61 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling