Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантиришдаги муҳим йўналиш


Download 48.5 Kb.
Sana09.06.2023
Hajmi48.5 Kb.
#1470795
Bog'liq
1.1-Маъруза.Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантиришдаги муҳим йўналиш


Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантиришдаги муҳим йўналиш
http://www.parliament.gov.uz 05 декабр 2015 09:22

Республикамизнинг иқтисодиёт тармоқларига ва ҳаётимизнинг барча соҳаларига юқори технологияларни, жумладан ахборот ва коммуникация технологияларини жорий этиш давлат органларининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан интерактив ҳамкорлигини кенгайтиришда бир йўналиш саналади.


Айни вақтда ахборот ва коммуникация технологиялари босқичма-босқич жамият ҳаётининг барча жабҳаларига жадал кириб бормоқда ва мамлакатимиз тараққиётида юз бераётган туб ислоҳотларнинг амалга ошишида фаол иштирок этмоқда.
Дастлаб ахборот ва коммуникация технологиялари жамият ҳаётига саноат, ишлаб-чиқариш каби соҳаларда турли жараёнларни бошқариш ҳамда назорат қилиш механизми сифатида кириб келган бўлса, эндиликда ёшларга замонавий таълим-тарбия бериш, инновацион ва нанотехнологияларга асосланган илмий тадқиқотларни олиб бориш, ахборот алмашиш ва шу умуман жамият ҳаётида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш самарадорлигини ошириш каби турли соҳаларда кенг миқёсда қўлланила бошланди. Айниқса кейинги йилларда ахборот ва коммуникация технологияларидан ўзига хос бир йўналиш сифатида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятида кенг қўланилиши ушбу соҳанинг жамият ҳаётидаги ўрни ва ролининг янада ошиб бораётганлигидан далолат беради.
Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланмоқда. 2014 йилнинг 5 майида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган ресурс сифатида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олган расмий веб-сайтларнинг ташкил этилишига ва бу соҳада олиб борилаётган ишларнинг янги поғонага кўтарилишига олиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов 2012 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига ва 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган маърузасида “Электрон ҳукумат” тизимини, шу жумладан, бошқарув жараёнлари, шунингдек, бизнес соҳасига ва фуқароларга давлат хизматлари кўрсатиш тизимини шакллантириш концепцияси ва комплекс дастурини ишлаб чиқишни жадаллаштиришга, Ахборот тизимларининг идоралараро ва идоравий комплексларни интеграция қиладиган миллий тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратиш лозим” лигини таъкидлаган эди.

Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 27 июнда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ҳам ахборот соҳасини такомиллаштиришда муҳим омил бўлмоқда. Мазкур қарорга мувофиқ, 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида телекоммуникация технологиялари, тармоқлари ва алоқа инфратузилмасини ривожлантириш дастури тасдиқланди. Қарор ижросини таъминлаш доирасида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузурида янги тузилмалар – “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази ва Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази ташкил этилди. Ушбу марказлар олдида турган муҳим вазифалардан бири мамлакатимиз ахборот ресурслари, тизим ва тармоқларини жадал ривожлантиришдан иборатдир. Жумладан, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш марказининг фаолияти мамлакатимизда давлатнинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан электрон ҳамкорлик тизимини такомиллаштириш ва янада ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини ишлаб чиқишга қаратилган. Давлат органларида фойдаланиладиган маълумотлар базаси ва ахборот ресурсларини лойиҳалаштириш, ишлаб чиқиш ва бирлаштириш механизмини назарда тутадиган ушбу тизимни шакллантиришга ягона технологик ёндашувни таъминлайдиган мазкур марказ бу борадаги жаҳон тенденциялари ҳамда хорижий мамлакатлар тажрибасини таҳлил ва тадқиқ этади.


Бугунги кунда ахборот ва коммуникация технологияларига асосланган “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш жараёнида тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳолига вақт ва маблағни тежаган ҳолда сифатли давлат хизматлари кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Худди шундай 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида телекоммуникация технологиялари, тармоқлари ва алоқа инфратузилмасини ривожлантириш дастурига мувофиқ тегишли меъёрий-ҳуқуқий база такомиллаштирилмоқда. Бу эса ўз навбатида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан ўзаро ҳамкорлигини электрон шаклда амалга оширишга қаратилган ишларнинг янада фаоллашувига олиб келмоқда.


“Электрон ҳукумат” тизимида йигирмадан зиёд лойиҳа амалга оширилди. Ўзбекистон Республикасининг ҳукумат портали (www.gov.uz) шулар жумласидандир. Фуқаролар ёки тадбиркорлик субъектлари, ташкилот ва муассасалар вакиллари ушбу портал орқали давлат ҳокимиятининг барча элементлари бўйича тўлиқ ахборот олиши, у ёки бу давлат органига электрон шаклда расмий сўров юбориши мумкин. Порталда муҳим интерактив давлат хизматларининг реестри ҳам жойлаштирилган. Интернет тармоғида "ягона ойна" режимида Ягона интерфаол давлат хизматлари порталининг (www.gov.uz) ишга туширилиши бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Бугунги кунда ушбу портал йигирмадан ортиқ йўналиш бўйича 170 дан зиёд интерактив хизматдан фойдаланиш имконини бермоқда ва давлат хизматларини қамраб олишни кенгайтириб, ўз вазифаларини такомиллаштириб бормоқда.


Айни пайтда хавфсизликни таъминламасдан тараққиётга эришиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Шу боис “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш ва Ахборот хавфсизлигини таъминлаш марказининг ташкил этилиши ва улар ўртасидаги ҳамкорлик Ўзбекистонда миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш муҳим ўринга эга.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат” тўғрисидаги қонун лойиҳаси кенг муҳокама қилинди. Мазкур қонун лойиҳасини маромига етказишга масъул бўлган Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан экспертлар иштирокида ташкил этилган ишчи гуруҳи иш олиб борди. Қонун лойиҳасининг муҳокамаларида сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлари гуруҳи томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар инобатга олинди. Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида жорий йилнинг 18 ноябрида учинчи ўқишда қабул қилинди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилди. “Электрон ҳукумат” тўғрисидаги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29–моддасида белгиланган ҳар кимнинг фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳамда ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш каби ҳуқуқларининг амалга ошишида муҳим аҳамият касб этади. Худди шундай Конституциянинг 30 моддасида “Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозим” лиги белгиланган бўлиб, “Электрон ҳукумат” тўғрисидаги қонун лойиҳаси айнан ушбу норманинг амалга ошишини таъминловчи муҳим механизм сифатида ҳам алоҳида ўрин тутади.


Дунёда рўй бераётган муҳим ижтимоий-сиёсий жараёнлар, маданиятларнинг ўзаро қоришиб, турли ахборий-психологик ҳуружлар кучайиб бораётган бир пайтда мазкур йўналишдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, уни миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишнинг мустаҳкам ҳуқуқий кафолатига айлантириш устида ишлаш истиқболдаги устувор вазифаларимиздан бири бўлиб қолади, албатта.


Фахриддин Холбоев,


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари
қўмитаси аъзоси.
Download 48.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling