«Айбсизлик презумпцияси» — судланувчи яқин қариндошларига ҳеч қандай ҳуқуқий таъсир кўрсатмайди


Download 18.06 Kb.
Sana21.04.2023
Hajmi18.06 Kb.
#1374102
Bog'liq
ТАҲЛИЛ


«Айбсизлик презумпцияси» — судланувчи яқин қариндошларига ҳеч қандай ҳуқуқий таъсир кўрсатмайди

КОНСТИТУЦИЯ – ХАЛҚ ПАСПОРТИ

Шу кунларда Конституцияга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар ислоҳоти юртимиздаги энг муҳим сиёсий жараёнлардан бири бўлиб турибди.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум жорий йил 30 апрель куни ўтказилади. Айтиш жоизки, бу лойиҳа халқимиз томонидан энг кўп таклифлар билдирилган, халқаро экспертлар фикрлари инобатга олинган ҳужжат бўлди.
Янги таҳрирдаги Конституцияга киритилиши таклиф этилаётган нормаларнинг ярмидан кўпи инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг кафолатларини кучайтиришга қаратилган, десак, муболаға бўлмайди.
Масалан, илк маротаба асосий қонунда фуқароларнинг айбдор деб топилиши, қўлга олиниши ҳамда суд жараёнлари, шунингдек, маҳкумнинг ҳаёти ва унинг яқинларига таъсир кўрсатадиган ҳуқуқий оқибатларнинг олдини олиш билан боғлиқ аниқ моддалар киритиляпти.
Бу эса ўз навбатида, Конституцияда давлат ҳокимияти ўз фаолиятида қонун билан чекланишини, суверен халқ иродасига бўйсунишини, шахснинг ҳуқуқ
ва эркинликларини таъминлашни назарда тутувчи ҳуқуқий давлатнинг
барча белгилари ўз ифодасини топаётганидан далолат.
Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак. Бу энг муҳим бўлган «айбсизлик презумпцияси» принципи амалда рўёбга чиқарилишининг кафолатидир.

Янгиланаётган Конституцияда «айбсизлик презумпцияси» қандай ифодаланади?

Аввал, «айбсизлик презумпцияси» иборасига таъриф берсак, бу – айбдорнинг жинояти қонуний тартибда исбот қилинмагунча, уни айбсиз деб фараз қилиш.
Дарҳақиқат, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади. Судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас ёки ўзини айбдор деб кўрсатиш ҳам қонунда белгиланган тартибда айби исботланмагунча уни айбдор деб бўлмайди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда айни мазмун аниқ асослар билан келтирилган. Яъни, шахснинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан белгиланмагунча айбсиз деб ҳисобланади.
Шундай экан, энди шахсни айбдор деб топишга фақат суд ваколатли экани «айбсизлик презумпцияси»нинг олтин қоидаларидан бири ҳисобланади. Конституцияга айбсизлик презумпциясига оид яна бир муҳим норма қўшилмоқда. Яъни, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслигининг белгиланиши суд ва терговда шахс манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича янги кафолатлар тақдим этади.
Гап шундаки, шахснинг айбига оид далиллар етарли бўлмаганда, унинг ўз айбига иқрор бўлгани тўғрисидаги ягона далил билан чекланиш ҳолатлари ҳам мавжуд эди. Шу боис, Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар давлат-инсон ўртасидаги муносабатларга оид ҳуқуқ ва мажбуриятларга алоҳида эътибор қаратиш тарафдори эканини англатади.

Судланувчининг яқин қариндошлари тақдири!

Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўла олмайди. Республикамизда истиқомат қилаётган фуқаролар Конституциянинг 28-моддасига киритилаётган айни янгиликни улкан қувонч билан қарши олмоқда, десак, тўғри бўлади.
Боиси, илгари жамоатчиликда давлат фуқаролик хизматига кирувчиларга, умуман, давлат ишига қабул қилиниш жараёнида бевосита турли чекловлар бор, деган фикрлар пайдо бўларди. Бу судланган фуқароларнинг яқин қариндошларига нисбатан ҳуқуқий тарафлама белгиланадиган чекловлар эди.
Дарвоқе, олдин Конституциямиз қоидаларида ёки бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда шахс қилмиши учун унинг оила аъзолари жабр кўриши ҳолатларини учратиш мумкин эди, афсуски, бунга амал қилинарди.
Энди бундай эмас! Шахснинг судлангани унинг яқин қариндошларига ҳеч қандай ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди, дея янги таҳрирдаги Конституциямизда эътироф этилгани қувонарли ҳамда инсон ҳуқуқи ва касбий фаолиятига бўлган ҳурмат, демакдир.
Аниқроқ тушунтирадиган бўлсак, сиз қайсидир давлат ташкилотига ишга кираётган бўлсангиз-у, сизнинг яқин қариндошингиз муқаддам судланган бўлса, бунинг сизга нисбатан ҳеч қандай салбий таъсири бўлмайди. Бир сўз билан айтганда, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари Ўзбекистон Республикасининг асосий қонуни билан кафолатланади.
Тарихга назар ташласак, судлангани муносабати билан шахс ҳуқуқларини асоссиз чеклаш мумкин эмаслиги БМТнинг 1966 йил 16 декабрдаги Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пакт нормаларида умумий ҳолда белгиланган.
Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги умумий ҳолда Полша, Сербия, Испания, Хорватия, Словения ва бошқа давлатлар қонунларида ҳам мустаҳкамланган.
Хулоса шуки, ривожланган демократик давлатларда ҳеч бир шахс ўз ижтимоий-шахсий ҳаётини, ҳуқуқ ва қонунда белгиланган манфаатларини ҳимоя қилишни Конституциясиз тасаввур қила олмайди, шунинг учун мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаро янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳиятини чуқур англаб олиши зарур.


Барқарор ривожланиш маркази
нодавлат нотижорат ташкилоти билан
ҳамкорликда тайёрланди.
ЎзА
(Беҳруз Худойбердиев)
Download 18.06 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling