Қайчи катта ўрамларни кичкина матоларга ажратиб ташлайди. Игна эса кичкина, арзимас бўлишига қарамай, шу майда-чуйда матоларнинг орасини бирлаштириб, янги кийимлар ҳосил қилади. Сен ҳаётинг давомида игна каби бўл. Бўлакларни бирлаштир, бутунни ажратма. Инсонлар орасини ислоҳ қил. Улар орасига низо солма. Қалбларига муҳаббат уруғини эк. Инсонларни севишни ўрган, туғилиб ўсган диёрингни сев. Зеро, яратилган нарсаларни севмаган, Яратувчини севолмайди.
Инсонларга ёндош бўл, елкадош бўл. Кишиларнинг барча муаммоларини ҳал қилолмассан, аммо ғамга чўмган инсон ҳузурингга келса, дардини тингла. Айбдор узр сўраса, узрини қабул қилиб, бағрикенглик кўрсат, ёрдамга муҳтож келса, имконинг борича уни қўлла. Сен заминни гуллар билан тўлдирмасанг ҳам, унга гул экилиши учун тиканлардан тозала. Ўзинг энг ёмон вазиятда бўлсанг ҳам, инсонларга яхшилик улаш. Уларни зулматли жарлардан ёруғликка тортувчи мустаҳкам арқон бўл. Ана шунда инсонлар сени бошларига тож қиладилар!
Do'stlaringiz bilan baham: |