Ҳалима худойбердиева шеъриятида “ҚУШ” поэтик образининг ўзига хос хусусиятларига доир


Download 174.5 Kb.
Sana08.06.2023
Hajmi174.5 Kb.
#1462609
Bog'liq
Халима орн. -2023




ҲАЛИМА ХУДОЙБЕРДИЕВА ШЕЪРИЯТИДА
ҚУШ” ПОЭТИК ОБРАЗИНИНГ ЎЗИГА ХОС
ХУСУСИЯТЛАРИГА ДОИР


Юлдашева Дилноза Бекмуродовна - Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент
+998933401683
Аннотация
Мақолада Ҳалима Худойбердиева ижодида қуш номларининг ўрганилиш тарихи кўздан кечирилади, Ҳалима Худойберднева лирикасинининг халқчиллиги, эрк туйғусининг исёни бадиий гўзалликнинг яна бир қиррасини ташкил этади. Шоира шеърларининг ҳаётийлигини, халқчиллигини уларда кўтарилган ғояларнинг халқ тақдири, ҳаёти ва руҳонияти билан нечоғли чамбарчас боғлиқлигида кўришимиз мумкин.
Калит сўзлар: орнитоним, қуш номи, Қуш образи, лирика, лирик қаҳрамон, поэтик тимсол,халқчиллик, ватанпарварлик.
Маълумки, Ўзбекистон Халқ шоираси Ҳалима Ҳудойбердиева лирикасининг муҳим хусусиятларидан бири шеърларида лирик қаҳрамон руҳиятидаги кечинмаларнинг ҳолатлари ва жараёнларини бўрттириб тасвирлаш, инсон қалбидаги ботиний сезгиларини деталлаштириб кўрсатиш саналади [Ҳамидова М., 2002: 64-66]
Ҳалима Ҳудойбердиева лирик қаҳрамони табиатидаги ватанпарварлик, миллатсеварлик психологиясини кўрсатиш орқали бадиий ижодда реалистик тасвир тамойилларининг ёрқин акс этишини таъминлашга интилади. Шоира лирик қаҳрамони ҳаётнинг ўз кўнгли орқали кечган туйғулари суратини намоён этиш, ўз онги-тафаккурида уйғонган кечинмалари, ҳолатлари, кайфиятлари манзарасини яратишга интилди. 60-70-йиллар ўзбек бадиий тафаккур маданиятида кўз очган мазкур услубий йўналишни ўз вақтида устоз Зулфия ғоят нозиклик билан илғаган ва унинг етакчи белгиларини кўрсатган эди. Масалан, ёш шоира Ҳалима Худойбердиеванинг “Оқ олмалар” номли шеърий тўплами (1973)га устоз Зулфия томонидан ёзилган “Сўзбоши” мақоласида қуйидагиларни ўқиймиз: «Биз Ҳалиманинг шеърларини ўқиймиз: деҳқончасига содда ва сахий табиатдай сержилва, тупроқдай ғадир-будир покиза ибораларда ифодасини топган ўша туйғуларни ўқиймиз. У бизни ҳам ўша туйғулар гирдобига тортади. Бизни гўзалликларга, завқларга, юлдузлар сўзига, барглар шивирлашига ҳамдам қилади» [Зулфия, 1973: 4.].
Дарҳақиқат, шоира Ҳалима Худойбердиева лирикасининг халқчиллиги - бу бадиий идрок ва ифода маданиятидаги реалистик, романтик хусусиятлар, бадиий ижод ҳамда илҳом шукуҳининг ўзига хос табиати, адабиётнинг миллийлигини намоён этувчи бадиийликнинғ етакчи мезонларидан бири тариқасида намоён бўлади. Поэтик образлар халқчиллиги эса ижодкор онги-дунёқараши билаи боғлиқ равишда унинг оламни ва одамни тушуниши, табиат ва жамият воқелигини тушунтириши, фикрлаш тарзи ва тил хусусиятлари билан бир бутунликни ташкил этади. Буни шоира асарларидаги қуш номлари (орнитонимлар) билан поэтик образлар мисолида яққол кўриш мумкин.
Ҳ.Худойбердиева шеъриятидаги Қуш ёки Қушча образи бадиий-фалсафий фикрларни ўзида мужассамлаштирган серқирра маънони англатувчи тимсол. «Бўзлаётган жоним қуши», «Қушлар», «Гарчанд қуш эмасман», «Ҳиндикушдан нола келди», “Бўз тўрғайдай бўзласанг...”, «Бургутларим», «Турналар», «Бургут», «Икки қуш бор» сингари шеърлардаги Қуш образи шоира лирикасининг мағзини ташкил этган бахт ва қабоҳат, гўзаллик ва ёвузлик, ёруғлик ва зулмат сингари маъноларни англатади. Масалан, шоиранинг «Икки қуш бор» шеъри (1974)да бахт билан ғам қушларга қиёсланади. Шеърда икки қуш — бу лирик қаҳрамоннинг қувончли ва қайғули кунларининг поэтик тимсоли сифатида гавдаланади. Асарда тасвирланган «ғам қушининг ранги қоп-қора». Негаки:
Мен бир овчи ношуддан-ношуд,
Бу икки қуш ҳам бахт, ҳам шўрим.
Отдим, қаро қуш бўлмас нобуд,
Оппоқ қушни тутолмас тўрим...[Худойбердиева Ҳ.2000:, 108.].
Умуман, шоира Ҳалима Худойбердиева лирикасида қуш ёки қушча - эрк-озодлик тимсоли сифатида жаранглайди. Шоира шеърларидаги қушча шахснинг, лирик қаҳрамоннинг маънавий-интеллектуал эркинлигини ўзида мужассамлаштирган умумлашма образ даражасига кўтарилган. У онгимиздаги тушунчага муайян шақл бахш этади: «икки қуш бор: қувонч, ғам қуши». Шеърдаги илк сатрда баён қилинган бу фикр ботиний мантиқ тадрижига кўра шеър давомида бадиий ғоя даражасига кўтарилади. Шу асосда қушча образи шоиранинг ғоявий-эстетик ниятини ўзида акс эттирувчи, ижтимоий-фалсафий маъно ташувчи мажозий образ моҳиятини касб этади.
Шоиранинг “Бўз тўрғайдай бўзласанг...” деб бошланувчи шеъри фольклор мотивларига асосига қурилган икки тўртликдан иборат бўлиб, тўртликларнинг охирги мисралари ўзаро зид маъноли қофия асосига қурилган, тўртликларнинг қолган уч мисраси ўзаро қофиядош бўлиб, лирик қаҳрамон қушга, бўз тўрғайга мурожаат қилиб, уни куйлашга чорлайди:
Бўз тўрғайим бўзласанг, бўзла-бўзла, тўрғайим,
Интиқ соғинчларингни сўзла-сўзла, тўрғайим,
Чаппар уриб изласанг, изла-изла, тўрғайим,
Умрим тонготарида.
Аммо, сен куйламасдан узун кунни қилсанг кеч,
Кечда бош эгиб келиб, дема “Ўзинг ҳал қил, еч”,
Умид ипларинг уздим, унда, дўстим, келма ҳеч,
Умрим кунботарида [Худойбердиева Ҳ. 2006: 127.].
Шуниси муҳимки, шоира поэзиясидаги қуш образи шахснинг руҳий эркинлиги билан боғлиқ маънони ифодалашга ҳам хизмат қилади. Ерга қадалган уруғ униб-ўсиб, шохлари гуркираган дарахтга айлангани каби шоира шеъридаги Қуш поэтик образи дастлаб паррандани англатувчи гушунча-фикр тадрижий такомилига кўра бадиий ғояга, сўнгра мажозий маъно ташувчн тимсолли мазмун касб этади.
Ҳалима Худойбердиева лирикасинининг халқчиллиги, эрк туйғусининг исёни бадиий гўзалликнинг яна бир қиррасини ташкил этади. Шоира шеърларининг ҳаётийлигини, халқчиллигини уларда кўтарилган ғояларнинг халқ тақдири, ҳаёти ва руҳонияти билан нечоғли чамбарчас боғлиқлигида кўрамиз.
Демак, шоира лирикасидаги поэтик образлар, жумладан қуш образи ғоявий мақсаднинг инкишофинигина эмас, халқ кўнглининг ифодасини ҳам ўзида намоён этади. Шуниси эътиборлики, шоира шеърларидаги қуш ёки қушча поэтик образининг халқчиллиги – бу ўша шеърларнинг руҳида, маъно-моҳиятида мужассамлашган. Бу поэтик образ шеърлардаги лирик қаҳрамон тафаккур табиатини намоён этишига кўра ижодкорнинг кимлигини, қайси миллатга мансублигини ҳам ёрқин намоён этади. Ана шунга кўра шоиранинг қуш поэтик образи яратилган шеърларида халқчиллик руҳи, миллийлик хусусияти устивор эканлигини сезиш қийин эмас.
Адабиётлар:
1. Зулфия. Туйғун ўйлар, тошқин ҳислар куйчиси (Сўзбоши) // Ҳалима Худойбердиева. Оқ олмалар. Шеърлар. -Тошкент, 1973. – Б. 4.
2. Худойбердиева Ҳ. Сайланма (шеърлар, туркумлардан). – Тошкент: “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2000. – 448 б.
3. Худойбердиева Ҳ. Йўлдадирман (шеърлар, бахшиёналар, тўртликлар). – Тошкент: “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2006. – 496 б.
4. Ҳамидова М. Лирик характер миллийлиги ва бадиият // Ўзбек тили ва адабиёти. 2002. № 5. – Б. 64-66.








Download 174.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling