9-боб. Якунловчи қоидалар
55. Мактабларнинг инклюзив таълим соҳасида халқаро ҳамкорлиги халқаро шартномалар асосида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан педагогик ахборот ва тажриба алмашиш, педагог ходимларнинг малака ошириши ҳамда стажировка ўташи шаклида амалга оширилиши мумкин.
56. Мактаб директори болалар инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфларга қабул қилиниши учун белгиланган тартибда шахсан жавоб беради.
57. Ўқувчиларнинг мактабга келиб-кетишидаги ҳаёти ва соғлиғи учун жавобгарлик уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар зиммасига юклатилди.
Ўқувчиларнинг мактаб ҳудудидаги ҳаёти ва соғлиғи учун жавобгарлик мактабга юкланади.
58. Мактаблар инклюзив таълим соҳасида ўқувчиларнинг ота-оналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа таълим ташкилотлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар билан узвий алоқада фаолият кўрсатади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги 638-сон қарорига
2-ИЛОВА
Жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун давлат ихтисослаштирилган таълим муассасалари тўғрисида
НИЗОМ
1-боб.Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари бўлган болаларнинг (кейинги ўринларда — алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар) таълим тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган, шунингдек, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг (кейинги ўринларда — ихтисослаштирилган таълим муассасалари) мақомини белгилайди ва уларнинг фаолиятини тартибга солади.
2. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, бошқа қонунчилик ҳужжатларига ҳамда ўз уставига амал қилади.
3. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари таълим-тарбия бериш, коррекциялаш ва даволаш-соғломлаштириш муассасалари ҳисобланади ҳамда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг умумий ўрта таълим олишда ва уларни билиш имкониятларига мувофиқ тарбиялашда, уларнинг жамиятга мослашуви ва интеграциялашувида кўмаклашиш, шунингдек, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга фарзандларини тарбиялаш ва уларга таълим беришда ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилади.
4. Ихтисослаштирилган таълим муассасаси давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади.
5. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари аккредитацияси аттестация асосида, ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |