Ҳалол луқма Муаллиф: Рауф Жиласун Хаётий вокеаларга асосланган Тўғри яшаш нима дегани? Инсон қандай қилиб пок яшаши, ҳалол луқма
Download 0.99 Mb. Pdf ko'rish
|
Ҳалол луқма
КУТИЛМАГАН ИШ
Юсуф афанди Aбдулкарим қишлоққа қайтиб келгач, бошида бироз хавотирланди, аммо сабабини билиб олганидан кейин хавотири севинчга айланди. Aнчадан бери ичида бир ваҳима яшар эди. Aбдулкарим бир кун келиб пулга, мол-дунёга мағлуб бўлиб, ҳаром луқмага қўл узатиб қўйса-я! Шу фикр унга тинчлик бермас эди. Яна... кунларнинг бирида ўғли Истанбулдан очиқ- сочиқ кийинган қизни эргаштириб кириб келишидан қўрқар эди. Бу қўрқувлар баъзан тушларига ҳам кириб, Юсуфга тинчлик бермас эди. Шунча ишдан кейин ўғлининг ғоятда ҳақли сабаб билан ота-онасининг бағрига қайтиб келиши Юсуфни қаттиқ севинтирди. У билан бирга амалга оширмоқчи бўлган режалари ҳам бор эди. Бир куни кечки овқат маҳалида шу ҳақида гап очиб қолди. – Ўғлим, қайтиб келганинг бир томондан жуда яхши бўлди. Мен энди қариб қолдим. Ферма ишлари менга оғирлик қиляпти. Худога шукур, меҳнатларимнинг самарасини кўриб турибман. Aгар қарши бўлмасанг, бисотимизда нима бўлса сотиб, пулига тўқиш ускуналари олайлик. Aбдураҳимни ҳам ёнимизга чақирамиз. Ўзимизнинг фирмамизни очайлик, ахир. Нима дейсан? Бу фикр Aбдулкаримга жуда ёқиб тушди. Отаси, ростдан ҳам жуда яхши режани айтган эди. Ўтган йиллар мобайнида анча-мунча сармояга эга бўлишган эди. Ўзининг ҳам анча-мунча йиғиб қўйган пули бор. Aбдураҳим ҳам ҳисса қўшадиган бўлса, кичикроқ фабрика очиб, тадбиркорликни бошлашлари мумкин. Юсуф афандининг режаси амалга ошди. Aбдураҳим ҳам Қирққалъадаги ишидан бўшади ва фирма таъсисчиларидан бирига айланди. Ҳатто Ойшанинг қаллиғи Фарид ҳам қишлоқдаги ерини сотиб, бу шерикчиликка қўшилди. Aбдулкарим Ёзгатга қайтаётганида, Марямни яқин бир дўстининг ёнига ишга жойлаб келган эди. Энди, кичикроқ бўлса ҳам ўзлари фабрика очганларидан кейин, Марям ҳақида отасига гап очди. Отасининг розилиги билан Марямни ёнига чақириб олди. Юсуф афанди бошида Марям исмидан бироз чўчиган эди, аммо қиз Ёзгатга келгач, бу хавотир тарқаб кетди. Марямни ўз қизидек яхши кўриб, унга тан берди. У аслиингл из бўлса ҳам, Ёзгатдаги қанчадан-қанча турк хотинларига қараганда диндорроқ ва тақводорроқ эди! Aбдулкарим яна енг шимариб ишга киришиб кетди. Қисқа вақт ичида меҳнатлари мева бера бошлади. Фабрика маҳсулотлари таърифи Ёзгатга, секин-секин бошқа шаҳарларга ҳам тарқалди. Кунларнинг бирида дастурхон атрофида суҳбатлашиб ўтиришганди. Юсуф афанди гап очди: – Менга қулоқ сол, ўғлим. Ишларимиз, Aллоҳга шукурлар бўлсин, ўйлаганимиздан ҳам яхши кетяпти. Мен қариб қолдим. Сенинг ёшинг ҳам ўтиб боряпти. Тенгдошларингнинг болалари мактабга чиқяпти. Шу Марям қизим сенга муносиб. Сезишимча, сенда кўнгли бор. Динига амал қилиш учун шунча йўл босиб ўтган, бу йўлда ота-онасини ҳам ташлаб келган бу қизни ҳимоя қилиш бизнинг ҳам бурчимиз. Хулқи хулқимизга, фикри фикримизга мос. Менга қолса, сен учун энг муносиб умр йўлдоши – Марям. Хўп десанг, мен шу ишни охирига етказмоқчиман. Иш борасида отаси билан бемалол гаплашадиган Aбдулкарим уйланиш ҳақида гап очилгач, бирдан жимиб қолди. Aслида, ўзи ҳам Марямга уйланишга тайёр. Ичида жон деб турибди. Яна бошини эгди: – Ўзингиз яхшироқ биласиз. Сиз нима десангиз – шу! Юсуф афанди ҳам ўғлидан айнан шу жавобни кутганди. Кулиб ўғлининг елкасини силади. Кейин ўрнидан қўзғалди. – Сен шу ерда кутиб тур-чи, – деб хонадан чиқди. Тўппа-тўғри Марямнинг хонасига қараб кетди. Эшикни тақиллатди. Марямдан изн олгач, ичкарига кирди. Марям Юсуф афанди бежиз келмаганини сезиб турарди. Чунки Юсуф афанди шу пайтгача у билан ёлғиз гаплашмаган. – Марҳамат, афандим! Юсуф ерга ёзиғлиқ кўрпачага чордана қурди. Марямнинг ҳам ўтиришини сўради. Секин-секин гап бошлади. – Эшит, қизим, уйимизга, юртимизга келиб бизни бени ҳоя мамнун ва бахтиёр қилдинг. Шу даражада мамнунмизки, мен сени Aллоҳнинг амри, Пайғамбарнинг қавли билан ўғлимга келин қилмоқчиман. Буни сен билан бир дўст, ҳатто бир ота сифатида гаплашиш учун ёнингга келдим. Шу таклифга нима дейсан, менга очиғини айтаверишинг мумкин. Марям шошиб қолди. Бутун кунларини Aбдулкарим билан оила қуриш хаёли билан ўтказар, аммо ҳозир орзуларининг бунчалар осон рўёбга чиқаётганига ишонгиси келмаётган эди. Бошини қуйи солганча жимгина ўтирарди. “Ҳа” деёлмади, аммо кўзларидан сизаётган ёшлар унинг қалб тўридан розилигининг аломати ўлароқ қайнаб чиқмоқда эди. Юсуф оталарча меҳр билан унинг бошини силади: – Унда, қизим, хайрли бўлсин, иншааллоҳ! Aбдулкарим билан Марям, Ойша билан Фарид бир кунда қилинган тўй кечаси чимилдиққа кирдилар. Юсуф афанди учун ўша кун ҳаётидаги энг бахтли кунлардан бири бўлди. Корхоналари кун сайин кенгайиб бормоқда эди. Янги ишчилар ола бошладилар. Ишчиларнинг барчасига олинган фойдадан ҳисса ажратилар эди. Иш соатлари маълум соатларга боғлаб қўйилмаганди. Ҳар кунлик иш режалари бор, режа бажарилгунча ишлашда давом этиларди. Бир куни Меҳмет Заки Ёзгатга келди. Мақсади – нима қилиб бўлса ҳам, Aбдулкаримни Истанбулга қайтариш. Лекин унинг янги ишхонаси ва иш суръатини кўриб, бу ниятига эришолмаслигини англаб етди. Ишларига омад тилагач, қандай келган бўлса, яна ўшандай Истанбулга қайтиб кетди. Яна бирмунча вақтдан сўнг кутилмаганда мистер Жеймс кириб келди. Қизининг ҳасратига чидай олмаган ота унинг мусулмонлигига кўниб, Aнглияга олиб кетмоқчи бўлди. Марямни исломий либосларда кўриб, жуда ҳайрон қолди. Аммо жаҳли чиқмади. Қизини ортиқ қайтаролмаслигига кўзи етгач, унга бахт тилашдан бошқа иложи йўқ эди. Бир неча кун меҳмон бўлиб, Юсуф афанди билан Ёзгатнинг тарихий ерларини кезишди. Кетадиган куни Юсуфга: – Қайтяпман-у, кўнглим тинч, – деди. – Қизим билан куёвим дунё уйларини обод қилиш билан бирга, охират диёрлари учун ҳам тайёргарлик кўришнинг уддасидан чиқишаётган экан. Жисман бўлмаса ҳам, руҳан улар билан биргаман. Мен уларнинг ҳақига дуо қиламан. Тилагим, сизлар ҳам мен учун дуо қилсангиз. Куёвим ишида муваффақият қозонишига шубҳам йўқ. Унга қўлимдан келганича ёрдам бераман. Юсуф афандига қудаси жуда маъқул келган эди. Мусулмон бўлмаса ҳам, ислом дини ҳақида анча-мунча нарса билар экан. Ичида бу бандасига ҳам жаноби Ҳақдан ҳидоят сўраб дуолар қилди. Юсуф афанди ва Aбдулкарим бошчилигида ташкил қилинган корхона кечаю кундуз изланиб ишлашда давом этар, тўқилган матолар жуда харидоргир эди. Баъзи харидорлар мол учун аввалдан пул тўлаб, навбатда турмоқчи бўлишар, аммо бу ниятларини Aбдулкарим ҳам, Юсуф афанди ҳам қабул қилишмас эди. Улар бундай тижоратга ўрганишмаганди. Фақат тайёр молларини пулга сотиб, бошқа харидорларга навбати келгунича кутишларини айтишарди. Юсуф афанди кўзи очиқлигида фарзандларининг шундай ишни бошлаб олишгани учун ўзида йўқ хурсанд, бунинг учун Яратганга тинмай шукрлар қиларди. Бу орада Aбдулкарим ўғилли бўлди, исмини Юсуф қўйдилар. Энди бобо ва набира Юсуфлар деярли бутун кунни бирга ўтказадиган бўлдилар. Кунлар ўтгани сари Юсуф афандини бир ташвиш боса бошлади. Барчага аҳволи яхшилигини айтса ҳам, аслида, тез-тез терлаб, ҳолсизланарди. Бир оқшом барча фарзандларини ёнига чақирди. Уларга гапи бор эди. Барчалари унинг атрофига чўкка тушиб ўтирдилар. – Болаларим, кўриб турганингиздек, кундан-кунга нураб боряпман. Умр ўзи шунақа нарса. Одам туғилади, яшайди ва ўтади... Ўлимга ҳеч қандай чора йўқ. Aллоҳ таоло бизни инсон қилиб яратди. Ўзига ибодат қилишимиз учун бизга ирода ато этди. Биз иродамиз етганича курашамиз, нафсимизни, шаҳватимизни енгамиз. Ҳақ таолога бўлган бандалик бурчларимизни бажарамиз. Дилбандларим! Шу йўлда қолишни хоҳласангиз, нафсни йўлдан оздирадиган ичкиликни асло уйингизга киритманг. Ҳаром луқмадан ҳазар қилинглар. Ризқингиз кенг бўлиши учун, албатта, шунга яраша ишланглар, лекин топганларингизни Aллоҳ буюрган жойлардан бошқасига сарфламанглар. Унутмангки, мол- дунё инсонга фақат жаҳаннамдан жой ҳозирлайди! Даромадингиздан, ҳақингиздан закотларингизни тўкис беринглар. Йўқсилларга, дин ва илм йўлида бўлганларга кўмаклашинг. Насиҳатларимни бажарсаларинг, бу дунёда насиб этган саодатни охират диёрида ҳам тотишда давом этасизлар, иншааллоҳ... Юсуф афанди жондан ортиқ севган фарзандларига шу гапларни айта олганидан мамнун эди. Аммо яна бир нарса борки, тилининг учида турган бўлса ҳам, айтишга журъат қилолмади. Аллоҳ хоҳлаган пайтида, албатта, ўлим фариштаси келади. Aна ўшанда Aбдулкарим ҳам бошқа фарзандлари қаторида меросдан улуш олади. Бу эса ҳаром! Чунки у ўз ўғли эмас... Бутун умри давомида ҳаром луқмадан ҳазар қилган Юсуф афанди бундай ишга қандай йўл қўйиши мумкин?! Шу фикр уни қийнаб юборган эди. Аммо Aбдулкаримга: “Сен менинг ўғлим эмассан”, дея олмаётган эди. У Aбдулкаримни ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормайдиган инсонлардан қутқариб, уни чин мусулмон қилиб тарбиялаш учун ёнига олганди. Бунинг уддасидан чиқаётганига ишонарди. Ҳозир, умрининг сўнгги кунларидаги бордарду ғами шу муаммо билан боғлиқ эди. Download 0.99 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling