Амалий машғулот Давлат бюджети нима ва у қандай вазифаларни бажаради?
Download 456 Kb.
|
8-amaliy mashgulot...
**2022 йил 17 мартдан бошлаб Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси 17%гача оширилди.
Жаҳон банкининг 2022 йил учун таҳлили шуни кўрсатадики, “Украинадаги низо Ўзбекистондаги иқтисодий ўсишни 2022 йилда инқирозгача бўлган баҳоланган тахминан 6%га нисбатан 3,6%гача секинлаштиради. Россия капитали импорти ҳамда давлат ва хусусий инвестиция лойиҳаларини банк томонидан молиялаштирилишига жуда боғлиқлигини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонда инвестициялар ўсишининг секинлашиши кутилмоқда. Ўзбекистон хом ашё товарларига (олтин, мис ва табиий газ) жаҳон нархларининг юқори бўлишидан фойда кўрса-да, пул ўтказмаларининг ЯИМнинг 6%и миқдорида қисқариши 2022 йилда жорий операциялар счёти дефицитининг ошишига олиб келади, бу янги давлат қарзлари ва захиралардан фойдаланиш ҳисобига молиялаштирилади. Натижада, умумий бюджет дефицити қарийб 4%ни ташкил этиши, давлат қарзи эса 42% даражасига етиши кутилмоқда” (манба – https://podrobno.uz/cat/economic/konflikt-na-ukraine-zamedlit-ekonomicheskiy-rost-v-uzbekistane-do-3-6-protsenta-vmesto-ozhidaemykh-6/). Солиқ ислоҳотининг тўртинчи йўналиши: - солиқ қонунчилигини соддалаштириш, солиқ муносабатлари соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги қарама-қаршиликлар ва зиддиятларни бартараф этиш, инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш; - солиқ солиш масалаларини тартибга соладиган ҳаволаки нормалар ва қонун ости ҳужжатларини максимал даражада чеклаган ҳолда, солиқ қонунчилигининг барқарорлигини ҳамда Солиқ кодекси нормаларининг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш. Йирик ва ўрта бизнес учун солиқ қонунчилигини маълум даражада соддалаштириш амалга оширилди, бу ҳақда юқорида айтиб ўтилган. Бироқ, солиққа оид қонунчилик кичик бизнес субъектлари, айниқса, айланмаси 1 млрд сўмдан ошган кичик бизнес субъектлари учун мураккаблашди. Ушбу корхоналар илгари ҳисоблаб чиқариш анча осон бўлган учта солиқни тўлашган (6-жадвал). 2019 йилдан бошлаб улар ҚҚС ва фойда солиғи каби ҳисоблаб чиқариш мураккаб бўлган солиқларни тўлашни бошлашди. Солиқ муносабатлари соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги қарама-қаршиликлар ва зиддиятларни бартараф этиш бўйича муайян даражада ишлар амалга оширилди ва амалга оширилмоқда, шунингдек ДСҚда инсофли солиқ тўловчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар анча самарали олиб борилмоқда. Солиқ қонунчилигининг барқарорлигини таъминлаш ва Солиқ кодекси нормаларининг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлашга келсак, бу ерда масала мураккаброқ: – республикамиз мустақиллигининг 30 йили мобайнида солиқ қонунчилиги тўртинчи бор тубдан ўзгармоқда. 2018 йилда бошланган солиқ ислоҳоти ҳали ҳам давом этмоқда. Ҳар йили муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда, бу солиқ тўловчилар учун маълум даражада қийинчиликлар туғдиради. Масалан, ҚҚС бўйича, 2019 йилдан бошлаб ҚҚСни ҳисоблаб чиқаришнинг оралиқ тизими қабул қилинган. 2020 йилда Солиқ кодексининг қабул қилиниши билан бу тизим бекор қилинди. Дастлаб асосий фондлар бўйича ҳисобга олишни чекловчи тизим жорий этилди, бир йилдан кейин эса чекловлар бекор қилинди. Шу тариқа, ислоҳотлар бошланганидан бери деярли ҳар йили шундай. Ҳа, солиқ тизими ривожлантирилмоқда, лекин қонунчиликдаги тез-тез ўзгартиришлар солиқ тўловчиларда мураккабликлар келтириб чиқаради. Маълумки, "молия осойишталикни яхши кўради"; - аксарият экспертларнинг баҳосига кўра, Солиқ кодексининг янги таҳририни илгаригисига қараганда тушуниш анча қийин. Бундан ташқари, солиқ солиш масалаларини тартибга соладиган ҳаволаки нормалар ва қонун ости ҳужжатлари сони камаймаган. Солиқ ислоҳотининг бешинчи йўналиши - солиқ назоратининг шакл ва механизмларини жумладан замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳисобига такомиллаштириш. Бу йўналишда катта ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда. Хусусан, сўнгги уч йилда солиқ назорати бўйича ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилмоқда: - электрон тизимлар солиқ тўловчилар томонидан солиқ мажбуриятларини бажармаслик ёки тўлиқ бажармаслик хавфи даражасига қараб уларни сегментлаш билан солиқ хавфи таҳлили; солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали солиқ ҳисоботи; солиқ тўловчилар ва уларнинг ҳисобварақларини рўйхатдан ўтказиш; - ҚҚС тўловчиларни рўйхатдан ўтказишнинг махсус тизими; - товарлар ва хизматларнинг идентификация кодларини жорий этиш билан электрон ҳисобварақ-фактуралар, шунингдек ҚҚС бўйича солиқ узилиши коэффициенти тўғрисида маълумот бериш тизими; - QR-кодлари асосида махсус назорат белгиларини рўйхатдан ўтказиш ва сканерлаш тизими; - онлайн-касса аппаратлари ва онлайн-терминалларнинг ахборот тизими; - кўчмас мулк ижара шартномаларини ҳисобга қўйишга мўлжалланган E-Ijara (ijara.soliq.uz) электрон сервиси; - асосий воситалар, номоддий активлар ва товар-моддий ресурсларни ҳисобга олиш, товарларнинг келиб тушиши ва қолдиғи таҳлили, онлайн-ҳисоби ва кузатиб боришни юритиш учун “E-aktiv” (E-ombor, виртуал омбор) ахборот тизими. Солиқ назоратини автоматлаштириш бўйича амалга оширилган улкан ишлар билан бир қаторда қуйидагиларни қайд этиш лозим: - кўпинча юқорида кўрсатилган маҳсулотлар тўлиқ ишлаб чиқилмаган ва эксперт баҳолашдан ўтказилмаган ҳолда жорий этилади. Масалан, МХИКда қарийб 88 минг номдаги товар ва хизматлар рўйхатдан ўтказилган. Бунда, тадбиркорлар талай хатоларни аниқладилар - бир маҳсулот учун турли кодлар, имло хатолари, маҳсулотларни мувофиқ бўлмаган тоифаларда акс эттириш. Аммо энг асосийси - ишлаб чиқувчилар товарлар сони 1 миллион бирликдан ортиқ бўлиши мумкинлиги ва шу туфайли кодларни шакллантиришда носозликлар аниқланганлигини эътироф этишди; - тизимлар жорий этилди, лекин уларни жорий этиш самарадорлиги ҳар доим ҳам самарали бўлмади. Масалан, 2020 йилда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини легаллаштириш мақсадида маркировкалаш тизими жорий қилинган. 2021 йил якунлари ўсишни ва тегишинча, ушбу маҳсулотларни легаллаштиришни кўрсатмади; - 2020-2021 йилларда жорий этилган, бироқ солиқ тўловчилар орасида синовдан ўтказилмаган электрон маҳсулотлар солиқ тўловчилар томонидан кўплаб шикоятларга сабаб бўлди. Бу ишлаб чиқувчилар тизимларни жорий этиш муддатларини ўзгартиришларига, солиқ тўловчилар томонидан ушбу тизимлар талабларига риоя қилинмаган тақдирда жарималарни бекор қилиш ёки кечиктиришга, уларни пухта ишлаб чиқишга, солиқ тўловчилар орасида синовдан ўтказишга олиб келди. Ушбу тизимларни жорий этишда шошилиш уларнинг самарадорлигига ва умуман солиқ маъмуриятчилиги тизимига таъсир қилади. Таклифлар 1) Умуман солиқ тизими бўйича: а) солиқ қонунчилигининг тез-тез ўзгариши солиқ тўловчига катта қийинчиликлар олиб келади. Амалдаги солиқ тизими халқаро стандартларга - биринчи навбатда солиқ тизимининг Европа моделига мувофиқ келади. Кейинчалик уни жиддий тарзда ўзгариш мақсадга мувофиқ эмас. 2022 йил якунига қадар солиқ тизими натижаларини таҳлил қилиш, унга айрим тузатишларни киритиш зарур. Шундан сўнг, 2023 йилдан бошлаб солиқ тизимидаги барча йирик ўзгартиришларга беш йиллик мораторий эълон қилиш зарур, солиқ ставкаларини ўзгартириш бундан мустасно; б) солиқ юкининг даражаси бўйича. Республикамизда у асосан Осиё мамлакатлари - Осиё йўлбарслари деб аталадиган мамлакатлар (Жанубий Корея, Хитой, Тайвань, Таиланд ва бошқалар) билан солиштирилади. Ушбу йўлбарсларда ўртача солиқ юки ЯИМнинг 21%ини ташкил қилади. Бироқ, ушбу мамлакатлар ўз иқтисодиётларининг ижтимоий йўналишини эълон қилмайди. Уларда пенсия тўловлари йўқ, тўлақонли Пенсия тизими ҳам мавжуд эмас. Ҳар бир оила ўзининг кексалари ҳақида ўзи қайғуради, яъни харажат қилади, лекин улар солиқ сифатида ҳисобланмайди. Мамлакатимизда солиқ юки аллақачон "Осиё йўлбарслари" га яқинлашди - 2021 йилда - 22,4% (улардаги каби ижтимоий тўловларсиз). Бунда биз ижтимоий йўналтирилган республика эканлигимизни унутмаслигимиз керак. Бундан ташқари, солиқларнинг ЯИМдаги улушига ва Doing Business рейтингига (Жаҳон банки рейтинги) эътибор қаратсангиз, солиқ юки даражаси ҳар доим ҳам Doing Business рейтингига тўғри келмайди. Мисол учун, Хитойда солиқ юки 19,4%, лекин рейтинг 130 балл. Аксинча, Чехияда юқори солиқ юки - 35,5%, лекин рейтинг 53 ёки Жанубий Кореяда - солиқ юки 26,5% ва рейтинг эса энг яхшилардан бири ҳисобланади - 24 банд. Бу ҳолат фақат солиқ юкини камайтириш ҳисобига ҳар доим ҳам солиқ тизимининг самарадорлигини ошириш мумкин эмаслигини тасдиқлайди. Сабаби, Doing Business рейтинги нафақат солиқ юки, балки кўрсаткичлар комплекси: солиқлар сони, солиқлар бўйича тўловлар сони, солиқлар бўйича ҳисоботларни тайёрлаш ва солиқни тўлаш учун вақт, электрон ҳисобот ва тўлов тизимининг мавжудлиги ва бошқалар бўйича тузилади. Республикамизда деярли мувозанатлашган солиқ тизими шаклланган, солиқ юкининг янада камайтирилиши яқинлашиб келаётган мураккаб ташқи сиёсат шароитида бюджет учун фақат йўқотишларга олиб келади. Бинобарин, олтин ва бошқа қимматбаҳо металларнинг нархи кўпинча ўзгариб туради. Масалан, 2005 йилга қадар олтиннинг нархи $700-800 дан ошмаган бўлса, ҳозир - $2000 доллар атрофида); в) республикамизда солиқ ислоҳоти натижасида солиқларни бирхиллаштириш яхши натижаларга олиб келди. Асосий бюджетни ташкил этувчи корхоналар (йирик ва ўрта) олтита умумжаҳон солиқни жуда паст ставкаларда тўлайдилар: - ҚҚС - 15% (жаҳондаги ўртача ставка); - фойда солиғи - 15% (жаҳондаги энг паст ставкалардан бири); - ЖШДС - 12% (ягона ва жаҳондаги энг паст ставкалардан бири); - ижтимоий солиқ - 12% (жаҳондаги энг паст ставкалардан бири); - мол-мулк солиғи - 1,5% (жаҳондаги энг паст ставкалардан бири); - ер солиғи. Бирлаштириш учун объектлар тугаши муносабати билан солиқларни (ер қаъридан фойдаланувчилар учун солиқлардан ташқари) янада бирхиллаштириш мақсадга мувофиқ эмас; г) солиқларни тўлаш ва ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари: мураккаб, тез-тез муддатда ва тегишинча тўловчилар учун оғир. Солиқларни тез-тез муддатда тўлаш уларнинг айланма маблағларида акс этади. Мисол учун, фойда солиғи бўйича солиқни тўлаш ва ҳисоботларни топширишнинг чораклик муддатида ҳали ҳам солиқ бўйича ойлик бўнак тўлови ва тегишли маълумотномани тақдим этиш амал қилмоқда. 2022 йилдан бошлаб солиқларни тўлаш ва ҳисоб-китобларни тақдим этиш муддатларининг аксарияти ойлик бўлди. Шу муносабат билан 2022 йил якунига қадар муддатларни қайта кўриб чиқиш ва 2023 йилдан бошлаб солиқларни тўлаш ва улар бўйича ҳисобот тақдим этишнинг ягона муддатларини белгилаш – чораклик ва йиллик; д) Солиқ кодексининг янги таҳрири тўғридан-тўғри амал қиладиган ҳужжат сифатида назарда тутилган эди. Бироқ, айрим солиқлар бўйича ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби, солиқ маъмуриятчилиги билан боғлиқ тартиблар ҳамон қонун ости ҳужжатлари асосида амалга оширилмоқда. Шу муносабат билан 2022 йил якунига қадар солиқ солиш бўйича аксарият қонун ости ҳужжатларини Солиқ кодексига киритиш зарур; е) ҳомийлик билан боғлиқ муаммолар. Корхоналарнинг молиявий ҳолатига ва тегишинча, уларнинг солиқларни тўлашига ҳомийликнинг ихтиёрий-мажбурий тизими жиддий таъсир кўрсатади. Барча даражадаги ҳокимиятлар ва давлат органлари корхоналарга ҳақиқатда “ҳомийлик солиғини" юклашади, ушбу ёрдамни олувчилар томонидан улар ҳар доим ҳам мақсадга мувофиқ фойдаланилмайди. Шу муносабат билан: - ҳомийлик маблағлари солиқ солиш базасидан чиқариб ташланиши керак эмас; - ҳам ҳомийда, ҳам олувчида ҳомийлик маблағлари ҳисоби ва ҳисоботи тизимини ташкил этиш зарур (ушбу маблағлар бюджет маблағлари сифатида ҳисобланиши керак). Солиқ органлари томонидан олувчида ҳомийлик маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат таъминланади. 2) Солиқлар турлари бўйича: ҚҚС. ҚҚС бўйича солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг анча самарали тизими жорий этилган. Юқорида кўрсатилган ташқи сиёсий ва иқтисодий сабабларга биноан кейинчалик унинг ставкаларини пасайтириш Давлат бюджети дефицитининг ошишига, бу эса унинг харажат қисми учун тегишли оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Маълумот учун - Европада ҚҚСнинг ўртача ставкаси - 21%, Европа ҳамжамиятининг махсус қонуни билан белгиланишича, иштирокчи давлатлар ҚҚС ставкасини 15%дан камайтиришлари мумкин эмас. Фойда солиғи. Солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг анча самарали тизими жорий этилган. 17-18% даражасида ягона ставкани жорий этган ҳолда - солиқ ставкаларини бирхиллаштириш лозим. Бўнак тўловларини бекор қилиш. Бир вақтнинг ўзида резидентлар ва норезидентлар учун фойдага солиқ солиш тизимини бирхиллаштириш. Маҳаллий ишлаб чиқарувчини аҳоли бандлигини таъминловчи асосий субъект сифатида қўллаб-қувватлаш мақсадида, шунингдек, маҳаллий йирик ритейлерлар томонидан импорт қилинадиган товарларнинг 50%дан 70%игача (улар томонидан реализация қилинадиган товарларнинг умумий массасида) реализация қилинишини ҳисобга олган ҳолда, импорт қилинадиган товарларни реализация қилишдан олинган даромадларга фойда солиғи икки баравар ставкада солинишини назарда тутиш (бунинг устига Солиқ кодекси алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш имконини беради - 80-модда). Акциз солиғи. Акциз солиғи - бу бошқа солиқларни камайишидан Давлат бюджетининг олинмай қолинадиган даромадларини қоплаши мумкин бўлган солиқ. Бу, айтиш мумкинки, "камбағалларни" таъминлаш учун "бойлар учун" солиқ. Бунинг учун, хусусан, қуйидагилар таклиф қилинади: - алкоголь (шу жумладан пиво) ва тамаки маҳсулотларига акциз ставкаларини 2 бараварга ошириш. Яъни, энг зарур бўлмаган маҳсулотлар қийматининг ошиши. Масалан, бир шиша ароқни ҳозир атиги 20-25 минг сўмга (атиги 2 долларга) сотиб олиш мумкин; - автомобиллар ва мобиль алоқа хизматлари учун акциз ставкаларини тиклаш. Булар энг ликвидли товарлардир; - “зарарли маҳсулотлар” - газланган ичимликлар, пальма ёғи асосидаги маҳсулотлар ва ҳоказо учун акцизни жорий этиш; - заргарлик буюмлари бўйича акцизлар тизимини тиклаш; - якуний истеъмолчига реализация қилинадиган бензин ва дизель ёқилғисига акциз солиғини бекор қилган ҳолда корхоналар-ишлаб чиқарувчилар томонидан реализация қилинадиган ишлаб чиқариладиган бензин ва дизель ёқилғиси учун ягона ставкани белгилаш (яна бирхиллаштириш). ЖШДС. Жаҳоннинг аксарият мамлакатлари (95%дан ортиқ) ЖШДСнинг прогрессив шкаласидан фойдаланади, чунки бу бир текис шкалага нисбатан анча адолатли тизимдир. Бир текис шкалада: 1 млн сўм оладиган фаррош ва 100 млн сўм оладиган тадбиркор бир хил — солиқни даромадининг 12%и миқдорида тўлайди. Бундан ташқари, илгари амалда бўлган ЖШДСнинг прогрессив шкаласида 0% ва 7,5% каби ставкалар бўлган. Республика аҳолисининг (бой бўлмаган) салмоқли қисми ЖШДСни 7,5% ставкада тўлаган. Яна мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар ва бошқа даромадлар бўйича ЖШДС 7,5% минимал ставкада тўланган. Шу муносабат билан амалдаги 12%лик ягона солиқ ставкаси билан бир қаторда, масалан, ойига МҲЭКМнинг 12 бараваридан ошадиган (ҳозир МҲЭКМ - 822 минг сўм) даромадлар бўйича 17-20% даражасида оширилган солиқ ставкасини ҳам кўриб чиқиш ва 2022 йил якунига қадар жорий этиш зарур. Яъни ойлик иш ҳақи 9 864 минг сўмдан ошган тақдирда ошган суммага оширилган ставка бўйича солиқ солинади. Айланмадан олинадиган солиқ. Айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ўрнига жорий этилган. Президентнинг 2018 йил 26 июндаги ПФ-5468-сон Фармонига мувофиқ, йиллик айланма (тушум)нинг 1 млрд сўм этиб белгиланган чегаравий миқдори 3 йилда камида бир марта қайта кўриб чиқилади. Бироқ Фармон қабул қилинганига деярли 4 йил ўтди, йиллик айланманинг миқдори ҳали қайта кўриб чиқилмаган. Таҳлил шуни кўрсатдики, айланмадан олинадиган солиқ тушумининг жиддий пасайиши рўй бермоқда. Бу шуни кўрсатадики, бир томондан, уни тўловчиларнинг бир қисми ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтмаслик учун сояга ўтиб, ўз даромадларини кўрсатмайдилар, иккинчи томондан, умумбелгиланган солиқларни тўловчиларнинг бир қисми ушбу солиқларни тўламаслик учун ўз айланмаларини камайтиришга ва кўрсатмасликка ва айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтишга интилишади. Шу муносабат билан Президент Фармони ижросини таъминлаш ва айланмадан олинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш учун йиллик айланманинг чегаравий миқдорини 3 млрд сўмгача ошириш зарур. Бундан ташқари, аксарият хорижий мамлакатларда солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимига ўтиш учун иккита ва ундан ортиқ мезонлар қўлланилишини ҳисобга олиб, айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар учун иккинчи мезон – ходимлар сони мезонини жорий этиш зарур. Бунда ҳар қандай фаолият тури бўйича ходимларнинг бу сони 100 нафардан ошмаслиги керак. Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, рента солиғи, бонуслар. Ўзбекистон ҳудудида ер қаъридан фойдали қазилмаларни қазиб олишни амалга оширувчи юридик шахслар биржа савдоларида ёки ваколатли органлар томонидан белгиланадиган тарифлар бўйича аниқланадиган қазиб олинган фойдали қазилманинг қиймати тарзида айни бир объектга эга бўлган учта солиқни тўлайди. Бунда солиқ солиш базаси қазиб олиш бўйича харажатлар ва зарарларнинг камаядиган суммасига фарқланади. Шу муносабат билан, эҳтимол, тегишли фойдали қазилмалар бўйича солиқ базасини (харажатли ёки харажатсиз) ва тегишли солиқ ставкаларини жорий этган ҳолда учта солиқни битта солиққа бирлаштириш (солиқларни бирхиллаштириш) имкониятини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Мол-мулк солиғи ва ер солиғи. 2022 йилдан бошлаб солиқ солинадиган база белгиланган энг кам қийматдан келиб чиққан ҳолда ҳисобланганидан паст бўлмаслиги керак бўлган мол-мулк солиғи бўйича тартибнинг жорий этилиши самарали чора ҳисобланади. Мол-мулк солиғи ва ер солиғини ягона кўчмас мулк солиғига бирлаштириш режаси прогрессив чора ҳисобланади. Бироқ, республикада мол-мулк ва ерни баҳолашнинг холис ва адолатли тизими йўлга қўйилмагунча, кўчмас мулк солиғига ўтиш ҳақида гапиришга ҳали эрта. Шу билан бирга, бюджетнинг харажат қисмини қўллаб-қувватлаш мақсадида мол-мулк солиғи доирасида транспорт воситаларига солиқ солиш тизимини жорий этиш. Бунинг учун қуйидаги шартларга риоя қилиш: - хизмат муддати 10 йилгача бўлган электр автомобиль транспорти солиқдан озод қилинади; - двигатели қуввати 120 от кучигача ва хизмат муддати 10 йилгача бўлган автомобиль транспорти солиқдан озод қилинади; - ногиронлар учун мўлжалланган автомобиль транспорти солиқдан озод қилинади. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ. Сувдан тежамкор фойдаланишни таъминлаш учун, маълумки, тегишли технологиялардан, хусусан, томчилатиб суғоришдан фойдаланиш зарур. Қуйидагилар таклиф этилади: - сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни - республиканинг сув муаммоларини молиялаштириш учун - ва биринчи навбатда, томчилатиб суғориш учун мақсадли солиққа айлантириш. Бинобарин, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича тушумлар ва Давлат бюджетида томчилатиб суғориш учун белгиланган харажатлар ҳажми бўйича мос келади; - сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари сўмда белгиланган ва ҳар йили индексация қилинади. Қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқларни ўстириш (етиштириш) учун, шу жумладан деҳқон хўжаликлари учун фойдаланиладиган сув ҳажми учун энг паст ставка - 1 куб метр учун 40 сўм миқдорида белгиланди. Томчилатиб суғориш усулидан фойдаланмайдиган сув истеъмолчилари учун ушбу ставкани икки баравар ошириш таклиф этилмоқда – бу мазкур технологияни жорий этиш учун рағбат бўлади; - томчилатиб суғориш учун ускуналарни ишлаб чиқариш ва ўрнатишни амалга оширувчи корхоналар учун фойда солиғи ставкасини пасайтириш; - томчилатиб суғоришни ривожлантириш учун маблағларни жамлаш ва уларни сарфлаш учун махсус жамғарма ташкил этиш зарур. Импортга солиқ солиш. Импорт қилинадиган товарларга божхона тўловлари ва нархларнинг пасайиши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг импорт аналогларига нисбатан рақобатбардошлигининг пасайишига олиб келиши мумкин. Бунинг оқибатида импорт ошиши ва улар билан рақобатлашаётган корхоналар банкрот бўлиши мумкин. Бизда, масалан, Россия ёки Хитойнинг йирик ишлаб чиқарувчилари билан рақобатлаша оладиган йирик корхоналар кўп эмас. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун “кўлам таъсири”га эришмасдан туриб, уларнинг рақобатбардошлигини божхона ва тарифларни тартибга солиш каби ҳимоя механизмларисиз таъминлаб бўлмайди. Шу муносабат билан қуйидагилар таклиф этилади: а) импорт қилинадиган товарларга ҚҚС истисносиз барча товарларга жорий қилиниши керак. Импортда тўловдан озод қилиш ушбу товарларни олувчи ўз маҳсулотларини реализация қилишда ўзи ва импорт қилувчи учун ҚҚС тўлашига олиб келади; б) миқдори катта бўлмаганлиги туфайли божхона божи бўйича имтиёзлар бериш мумкин; в) акцизлар. Қуйидаги градацияни жорий этиш: - республикада ишлаб чиқариладиган импорт қилинадиган товарлар учун тегишли ставкалар билан акциз солиғини жорий этиш; - республикада ишлаб чиқарилмайдиган импорт қилинадиган товарларга акциз солиғини бекор қилиш; - энг зарур бўлмаган товарлар импорти ва "зарарли товарлар" учун оширилган ставкаларда акциз солиғини жорий этиш; - озиқ-овқат маҳсулотлари учун амалдаги имтиёзларни сақлаб қолиш. Божхона тўловлари бўйича ҳам Солиқ кодексида, ҳам Божхона кодексида алоҳида ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиблари ўз аксини топганлигини, бунда номувофиқликлар мавжудлигини инобатга олиб, божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш масаласида иккала кодексни умумий тушунчага келтириш зарур, деб ҳисоблаймиз. Солиқ имтиёзлари. 2021 йил учун солиқ имтиёзлари суммаси 42,1 трлн сўмни, жумладан, Солиқ кодексига мувофиқ 33 трлн сўмни (78,4%) ташкил этди. Солиқ имтиёзларининг умумий ҳажмида ҚҚС улушига 35,7 трлн сўм, шу жумладан ҚҚС бўйича ноль даражали ставка (экспорт, халқаро ташишлар, қимматбаҳо металларни реализация қилиш) - 15,3 трлн сўм тўғри келади. Солиқ кодексига мувофиқ ҚҚС бўйича имтиёзларни тижорат банклари молиявий хизматлар бўйича, суғурта ташкилотлари - суғурта хизматлари бўйича қўллайди. 2021 йилда мазкур институтларга берилган имтиёзлар суммаси 9,1 трлн сўмни ташкил этди. Қуйидагилар таклиф этилмоқда: - товарларни (ишларни) экспорт қилишда тақдим этиладиган имтиёзларни имтиёзлар рўйхатидан чиқариб ташлаш. Яъни, бу истиснолар сақланиб қолади ва имтиёзлар ҳисобланмайди; - қонунийлаштириш - имтиёзлар ҳукумат қарорлари билан фақат фойда солиғи ва божхона божи бўйича ва фақат тегишли ставкаларни камайтириш бўйича берилиши мумкин. Солиқ маъмуриятчилиги 1. Юқоридаги таҳлиллар шуни кўрсатдики, солиқ маъмуриятчилиги бўйича солиқ назоратини автоматлаштириш борасида катта ишлар амалга оширилган. Аммо камчиликлардан ҳоли эмас. Солиқ назорати учун янги электрон маҳсулотларни жорий этишда қуйидаги методологиядан фойдаланиш таклиф этилади: - ўз ишланмалари ва халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқишни амалга ошириш; - холис баҳолаш учун ишланмани мустақил экспертларга топшириш. Баҳолаш натижаларига кўра - маҳсулотни пухта қайта ишлаш; - ишланмаларни маълум сондаги корхоналарда ва муайян бир ҳудудда 1 йилга тажриба синовидан ўтказиш учун топшириш. Параллел равишда, маҳсулот ҳақидаги маълумотлар ОАВга, ССПга ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларга берилади; - синовни таҳлил қилиш ва ўрганиш. Синов натижалари ва вазирлик ва идораларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда маҳсулотни пухта қайта ишлаш; - маҳсулотни тасдиқлаш; - маҳсулотни солиқ тўловчилар ва ОАВ учун тақдим этиш. Бир вақтнинг ўзида - солиқ органлари ва солиқ тўловчилар ўртасида маҳсулот бўйича ўқитишни ташкил этиш; - маҳсулотни амалга киритишни у тақдим этилганидан кейин олти ой ўтгач амалга ошириш. 2. Тизимли мувофиқлаштиришнинг мавжуд эмаслиги, айрим функцияларнинг такрорланиши, солиқни йиғувчи органлар томонидан хос бўлмаган функцияларнинг бажарилиши (ДСҚ, ДБҚ, Молия вазирлиги, Прокуратура ҳузуридаги Департамент). Барча цивилизациялашган давлатларда солиқ ва божхона хизматлари Молия вазирлиги таркибига киради. 90-йилларнинг бошларида МДҲнинг аксарият давлатларида солиқ ва божхона хизматлари Молия вазирлигидан ажралиб чиқди. Ҳозирги вақтда ушбу хизматлар фақат Ўзбекистонда мустақил бўлиб қолган. Солиқларни йиғиш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиришни ошириш мақсадида қуйидагилар таклиф этилади: - ДСҚ ва ДБҚни Молия вазирлиги таркибига киритиш. Бюджетнинг харажатлари ва даромадлари бир "қўлда"да бўлиши керак; - бир вақтнинг ўзида Молия вазирлиги таркибида ДСҚ ва ДБҚнинг қуйи тузилмалари фаолиятини назорат қилувчи тузилмани ташкил этиш; - маҳаллий ҳокимият органларининг солиқ органлари фаолиятига таъсирини истисно қилиш мақсадида бир нечта туманлар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияларини ташкил этиш; - солиқ ва божхона органларини сақлаш даражаси улар йиғадиган солиқларнинг камида 1%ини ташкил қилиши керак. 3. Амалдаги молиявий санкциялар ҳуқуқбузарлар – корхоналарнинг мансабдор шахсларига эмас, балки биринчи навбатда корхонага кучли таъсир кўрсатади. Солиққа оид қонунчиликни бузганлик учун амалдаги санкциялар тизимини корхоналардан аниқ ҳуқуқбузарларга - корхонанинг мансабдор шахсларига қайта йўналтириш билан қайта кўриб чиқиш. 4. Хусусий солиқ маслаҳатчиларининг ривожланган тузилмасининг мавжуд эмаслиги. Аксарият ривожланган мамлакатларда солиқ ҳисоби аутсорсингга - хусусий консалтинг фирмаларига топширилади. Хусусий солиқ маслаҳатчилари тизимини ривожлантириш дастурини жорий этиш.
|
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling