Андижон Давлат Университети, Физика –математика факультети ўқитувчилари А. Абдурахимов, Х. Мадаминов лар томонидан ёзилган “Физика астрономия тарихи” фанидан маъруза матнларига


Аҳмад ал-Фарғоний – Маъмун академиясининг бош астрономи


Download 415 Kb.
bet5/27
Sana29.12.2022
Hajmi415 Kb.
#1071706
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   27
Bog'liq
Физика хам астрономия тарийхы материаллары

Аҳмад ал-Фарғоний – Маъмун академиясининг бош астрономи

Маълумки араб теократик давлати–халифатининг маркази унинг асосчилари Муҳаммад пайғамбар ва унинг яқинларининг халифалик даврларида (VII аср) Мадинада бўлиб, Умайилар сулоласининг халифалигида Дамашқ шахрига кўчирилди. Аббосийлар сулоласининг халифалик даврида эса (VIII аср) халифатнинг маркази Боғдодга кўчирилди. Мазкур сулоланинг иккинчи халифи ал-Мансур (754-775 йиллар халифалик қилган) томонидан 762 йилда асос солинган. Боғдод – 637 йилда хонавайрон қилинган сасанидлар сулоласи даврида Эроннинг пойтахти бўлган Ктесифон шахри яқинида қурилди.


Халифаликнинг шаклланиши биланоқ, Бағдод шахрининг ривожланишида олимларнинг роли жуда катта бўлди. Бўлажак шаҳарнинг ўрнида турли геодезик ўлчашлар ва қурилишни режалаштириш бўйича ишларни халиф ал-Мансурнинг ўзи бошчилигида сарой мунажжимлари, жумладан форс Наубахт, Яхудий Манассий (арабча Машаллах). Бағдодни бевосита қурилишида эса таржимон Умар ибн Фортухан ат-Таборий /Табаристонлик/ иштирок қилди.
Бу даврда ал-Мансур саройига кўп олимлар ташриф буюрдилар, жумладан машҳур хинд олими Канака халифга Ҳиндистоннинг таниқли астрономи Брахмагуптанинг (VI аср) «Брахма – спухута - Сиддхант» асарини тақдим этди. Айни пайтда Бағдодда фаолият кўрсатаётган олим Иброхим ал-Фазорий ва Ёқуб ибн Тариклар «Сиддхант» асарининг арабча «Синдхинд» деб номланган тахлилини туздилар. Шундан сўнг Бағдод олимлар мустақил астрономик рисолалар – «Зиж» лар туза бошладилар. Ал-Мансур даврида ўнлаб астрология ва медицинага оид асарлар грекчадан араб тилига таржима қилинди.
Хорун ар-Рашиднинг халифлик даврида (786-809) ал-Фазорийнинг ўғли Муҳамммад ибн Иброҳим ва Наубахтнинг ўғли, халиф кутубхонасининг бошлиғи, ал-Фадл ибн Наубахтлар унинг саройида ишлаб форсча астроногик асарларни араб тилига таржима қилишди. К.Птолемейнинг «Алмажистий»сини араб тилига таржима қилган ал-Хажжож ибн Юсуф ал-Матар Хорун-ар-Рашиднинг буйруғига кўра Эвклиднинг «Бошланишини» /«Начало»/ ҳам араб тилига таржима қилди.
Ал-Мансур ва Хорун-ар-Рашидларнинг халифалигида саройда бир нечта математик ва астроном ишлаган бўлса, Хорун ар-Рашиднинг ўғли ал-Маъмун халифалигида /813-833/ Бағдодда кучли илмий мактаб вужудга келди.
Маъмун, отаси Хорун ар-Рашид даврида Хуросонни бошқариб, Марвда яшади ва 813 йили у Бағдод халифи деб эълон қилингандан кейин ҳам у яна 6 йил Марвда қолди. Боғдоддан узурпатор Иброхим ал-Махдий қувилгандан кейингина у Бағдодга келиб халифлик тахтига ўтирди. Ал-Маъмун Бағдодга келгач, Яхъё ибн Аби-Мансур шахарининг Шамассия дарвозаси ёнида қурилган расадхонада ишлай бошлади. Айни пайтда Дамашқ яқинидаги Касиюн тоғидаги Дайр-Мурран деб аталмиш христианларнинг черковида хуросонлик Хамид ал-Морверруди ҳам астрономик кузатишларини бошлади.
Абу-Райхон Беруний, Шамассия расадхонасида Яхъё ибн Аби-Мансур томонидан 828-829 йилларда эклиптиканинг (Қуёшнинг юлдузлар оралаб юрган йиллик кўринма йўли) осмон экваторига оғмалигини ўлчаганини ва бу кузатишларда ал-Хоразмий иштирок қилганини ўзининг «Геодезия» асарида келтиради.
Маъмун саройида Хоразмийдан ташқари Ўрта Осиёдан яна бир нечта олимлар – ал-Марвезийнинг, ал-Фарғоний ва ал-Жавхарийларнинг ишлагани маълум. Булардан ал-Марвезий марвлик бўлиб, у бир неча рисола ва «зиж» ларнинг муаллифи эди. Жумладан унинг «Осмон жисмларининг масофалари ва уларнинг хажмлари ҳақида» ги рисоласи, осмон жисмлари ўлчамларига тегишли дастлабки арабча илмий асарлардан эди. Ал-Аббос ибн Сайид ал-Жавхарий эса, Фароб (Сирдарё бўйидаги шаҳар) яқинидаги Жавҳар (ҳозирги Жанубий Қозоғистондаги Жавхартепа) шаҳарчасидан бўлиб, ал-Харронийлар билан бирга Синжар даштида Ер меридиани 1 градусли ёйининг узунлигини ўлчашда бош-қош бўлган олимлардан эди.
Бахтга қарши, Фарғоналик ал-Фарғонийнинг халиф Маъмуннинг «Донишмандлар уйи» (Байтул хикмат) га қачон ва қандай келиб қолганлиги хақида маълумотлар деярли йўқ. Бироқ унинг бу илмий мактабдаги фаолиятига тегишли маълумотлар етарлича мавжуд. Шубхасиз ал-Фарғоний IX асрнинг энг кўзга кўринган, буюк астрономларидан бўлган.
Машхур арабшунос олим И.Ю. Крачковский унинг «Китоб фи харакати ас - самавиййа ва жавами илм ан - нужум» (Юлдузлар хақидаги фан элементлари ҳақидаги китоб) асари ҳақида ёзиб шундай деган эди: «... у астрономиядан араб тилида битилган биринчи асарлардан бўлиб, ўрта аср Европасида бу сохада энг оммабоп асарлардан эди».
Ал-Фарғонийнинг тўла исми шарифи Ахмад ибн Мухаммад ибн Касир ал-Фарғоний. Туғилган йили аниқ бўлмай, маълум йилларда топилган ёшига дахлдор баъзи маълумотлар асосида унинг туғилган йили қилиб 798 йил олинган. Фарғоний ҳақида тарихда қоган охирги маълумот, унинг 861 йили Қохира яқинида Рауд оролига ўрнатилган Нилометрни таъмирлашда иштирок қилганлигини эътиборга олиб, у 860 йилларининг ўрталарида вафот этган деб тахмин қилинади.
Абу Райхон Беруний «Геодезия» асарида, халиф Маъмун даврида, Синжар сахросида Ер меридиани градусининг узунлигини ўлчашда Фарғоний ва бошқа юқорида эслатилган олимлар олган маълумотларга таянганини маълум қилади.
Кўп манбаъларнинг ҳам берган маълумотларига кўра, ал-Фарғоний Маъмуннинг халифлик даври (813-833) ва ундан кейин ал-Муътасимнинг халифлик даврларида (833-842) яшаб ижод этган. Нилометрни таъмирида иштирок этганлиги ҳақидаги маълумот эса, у Мисрга ҳам саёхат қилганидан дарак беради.
Тарихий манбаълар, Ал-Фарғоний томонидан қуйидаги 6 та асар ёзилганлигини бизга маълум қилади.

  1. Юлдузлар ҳақидаги фан элементлари тўғрисидаги китоб.

  2. Астурлаб ясаш ҳақидаги китоб. («Китоб фи санъа ал-астурлаб»).

  3. Астурлабни қўллаш ҳақидаги китоб. («Китоб амал ал-астурлаб»).

  4. Ал-Фарғоний жадваллари («Жадвал ал-Фарғоний»).

  5. Ой Ер устида ва остида бўлган дамларида вақтни аниқлаш ҳақида рисола. («рисола фи маърифа ал-авкат аллати якун ал-камар фиха фаун ал-ардау тахта»).

  6. Етти иқлим ҳисоби («Хисоб ал-акалим ассабъа»).

Булардан «Юлдузлар ҳақидаги фан элементлари» китоби, юқорида эслатилгандек араб тилида битилган биринчи астрономик асарлардан бўлиб, унинг турли номларида аталган қул ёзмалари Санк-Петербургдаги Шарқшунослик институти кутубхонасида Буюк Британиянинг Оксфорд шахрида (Бодля кутубхонасида) Парижда «Миллий кутубхонада», Қохирада (Миллий кутубхонада) Принстон (АҚШ университети кутубхонасида) ва Мораккода (Савийа Сиди Ҳамза кутубхонасида) сақланади. Мазкур асарда 836 йилда халиф Муътасим томонидан баён этилган Сурра ман раъа шахри ҳақида ҳам гап борганлигига қараганда, у 836 йилдан кейин ёзилганлиги маълум бўлади. Асарнинг Оксфорддаги арабча қўл ёзмаси лотинча таржимаси ва кенг қамровли шархи билан Голланд шарқшуноси олими Якуб Гоол томонидан 1669 йилда нашр этилган. Асарнинг лотинча таржимаси Иоани Севилский томонидан 1145 йилда бажарилган бўлиб, нашри анча кенйин 1493 йили амалга оширилди. VII асрда асарнинг лотин тилига ўгирилган бошқа яна бир таржимаси Г.Крамовский томонидан бажарилиб, у XVI асрда нашр этилди. Китоб яхудий тилига Я. Анатолий томонидан таржима қилинган. Асарнинг яхудийча таржимасидан лотин тилига кейинроқ Л. Христман ўгирди ва 1590 йилда нашр эттирди. Лотин таржималарида ал-Фарғоний (Алфраганус) деб ифода этилди ва кейинчалик олим бутун дунёда шу ном билан машҳур бўлди. Ал-Фарғонийнинг «Юлдузлар ҳақида фан элементлари» асари кузатишларга асосланган астрономия хронология ва география бўйича маълумотларнинг қисқача баёнини ўз ичига олиб ўқувчини олам тузулиши, ёриткичларнинг ҳаракати, календарлар ва география асослари билан таништиради. Мазмунан дарслик кўринишида ёзилган бу қўлланма фан билан қизиққан кенг оммага мўлжалланганлиги учун ҳам ўрта асрнинг энг оммабоп асарларидан саналади. Китоб ўттиз бўлимдан ташкил топган. Асарнинг дастлабки бўлимларида олим ўша даврда шарққа кенг тарқалган мусулмонлар, юнонлар, конт ва форслиларнинг тақвимлари устида олам тузулишининг геоцентрик системаси ҳақида осмоннинг айланиши тун куннинг алмашиниши сабаблари тўғрисида тўхталади. Ернинг инсон томонидан ўзлаштирилган қисмлари ҳақида гапириб, ал-Фарғоний бу географик узунлама бўйича тахминан 180о ни ташкил қилади деб ўқтиради. Асарнинг бўлимларидан бири «Ернинг ўлчамлари ва унинг етти иқлимга бўлиниши» деб аталиб, унда ал-Фарғоний Ер меридианининг айланасининг узунлигини Птоломейга нисбатан анча аниқ белгилаб 20 минг тўрт юз араб милига тенг чиқаради. Бу тахминан 40 минг саккиз юз километрга тўғри келади. Меридиан узунлигининг ҳақиқий қиймати эса 40007,98 км. Бундан кўринадики, Фарғонийнинг эришган қиймати IX аср учун жуда катта аниқликка эга эди. «Иқлим» атамаси аслида юнонча «Клима» - «оғиш» сўзидан олинган бўлиб, Птоломейнинг «Ал-Мажистий» сида Ер шарининг параллеллари орасидаги қисмлари шундай ном билан аталган эди. Мазкур асарнинг VI бобида экватордан қутбгача 39 «Иқлим» га тавсиф берилади. Бунда 25 та иқлим кундузисининг максимал узунлигининг бир-биридан 1/4 соатга (15 минут) фарқланадиган қилиб кейинги тўртта иқлим бир-биридан 1/2 соатга фарқланиб кундузисининг максимал узунлиги 20 соат билан чегараланадиган кенгламагача борган. Кейинги тўрт иқлимда эса кундузиларнинг узунлиги бир соатча фарқланадиган қилиниб 66о,5 ли кенгламагача борган ва ниҳоят кейинги олтита иқлим 66о,5 дан 90о гача кенгламалар зонасида жойлашиб, бир-биридан Қуёш бир ой мобайнида ботмайдиган, 2,3,4,5,6 ой ботмайдиган зоналарни ўз ичига олган. Ислом мамлакатларида Ерни етти иқлимга бўлиниши, бир вақтлар форс олимлари томонидан Ернинг ўзлаштирилган қисмининг етти «кишва» (иқлим) га бўлинганидан бошланган. Бу бўлимда турли иқлимлар учун Фарғоний томонидан кундузининг максимал узунлиги ва олам қутбининг баландлигига доир маълумотларни келтирилади. Бунда у Птолемейнинг "Ал-Мажистий"сидан фойдаланган.
Ал- Фарғоний бу асарида, шунингдек, турли иқлимлар чегарасида ётган мамлакатлар ва шахарларнинг рўйхатини келтиради. Бунда биринчи иқлим чегарасини Хитойнинг жанубий қисми, денгиз қирғоғи ва Хиндистоннинг чети орқали ўтказилади. Бу иқлим «Араблар ороли» (ҳозирги араб ярим ороли), Яман, Қизил денгиз, Абиссини (Эфиопия), Нилни ўз ичига олиб, ғарбий денгизда (яъни Атлантика океанида) тугайди.
Тибет, Хуросон, Ўрта Осиё, Хўжанд (Ленинобод), Устравшан (Ўратепа), Фарғона, Самарқанд, Балх, Бухоро, Хирот, Марв, Серахс, Тус, Нишопур, шунингдек Сирия ва Эроннинг бир қанча шахарларини Фарғоний тўртинчи иқлимга киритади. Бешинчи иқлимда Тошкент билан бирга Хоразм, Тараз (хозирги Жамбул), Осиёнинг шимолий шарқидаги яжуж (библиядаги Гога Магога), кейин, Озарбайжон ва Арманистонлар киради.
Асарнинг бир неча бўлими Қуёш, Ой ва планеталарнинг кўринма ҳаракатларига бағишланган бўлиб, унда Ойнинг бекатлари (28 та бекатга бўлинади) ва бу бекатлар сохасида жойлашган юлдуз туркумлари ва уларнинг ёруғ юлдузларига шарх берилади.
Асарнинг охирги бўлимлари Қуёш, Ой ва планеталаргача масофаларни аниқлаш масалаларига бағишланган бўлиб, уларнинг Ердан узоқликларини ал-Фарғоний қуйидагича белгилайди: Ойгача – 208542 миль, Меркурийга- 542750 миль, Венерагача – 364000 миль, Қуёшгача – 3 965 000 миль, Сатурнгача – 65 357 000 миль. Бу ерда бир араб мили – тахминан 2 километр эканлиги эътиборга олинса, бу маълумотлар Ердан эслатилган планеталар, Ой ва Қуёшгача бўлган ҳақиқий масофалардан анча кам эканлиги маълум бўлди.
Шунингдек, Фарғоний Ер хажми бирлигида Қуёш, Ой ва планеталарнинг хажмларини ҳам ҳисоблайди. Унда Ой –5/17; Меркурий 1/18; Венера 3/10; Қуёш – 51/2; Марс –1 1/6; Юпитер – 4 9/16; Сатурн –4. Ер хажми кўринишларида келтирилади. Бахтга қарши бу масалаларда ҳисоблаш методларидаги камчиликлар ўз кучини кўрсатиб, хатолик катта чиқади. Хусусан Ойнинг хажми унинг ҳақиқий хажмидан ун мартача кам чиққан. Асарнинг охирги бўлимларидан бир нечтаси ёритгичларнинг чиқиш ва ботиш вақтларини аниқлашга, Қуёш шафагига бағишланган.
Ёритгичларнинг параллактик силжиши (параллакси), Қуёш ва Ойнинг тутилиши назарияси масалаларига асарнинг охирги 4 та бўлими бағишланган бўлиб, уларда Қуёш ва Ой тутилишининг сабаблари ва шартлари баён қилинади.
Ал-Фарғонийнинг бошқа бир йирик асари ўрта аср астрономиясининг асосий кузатиш асбоби – астролябияга бағишланган бўлиб, мазкур асарнинг тўла исми «Ал-хомил фи санъа ал-астурлаб аш-шимоли ва-л-жануби би-л-ҳандаса ва-л ҳисоб» деб, қисқача эса, «Китоб фи санъа ал-астурлаб» деб аталади. Беруний ўзининг «Юлдузлар ҳақидаги фан» (Астрология) асарида Астролабия асбоби ҳақида ёзиб, у дастлаб грекларнинг кузатиш асбоби бўлганини таъкидлайди. Грекча «Астролобан» сўзи, астро-юлдуз ва «лабийн» ушламоқ сўзларидан олинган бўлиб, у осмонда қўзғалмас юлдузларнинг координаталарини аниқлайдиган асбобини билдиради. Ўрта аср араб ва мусулмон мамлакатлари астрономиясининг ривожланишида бу инструментларнинг турли хилларидан фойдаланишган. Ал-Фарғоний ана шундай астрономик кузатиш асбобларини ясашда қадимдан маълум бир нечта принципларга амал қилганини таъкидлаб, "..бироқ биз бу тамойиллар баён қилинган бирор бир тавсияномани рисолаларда учратмадик. Шуларга қарамай, асрлар давомида кишилар улардан фойдаланадилар ва уларнинг тўғрилигига далил келтира олмасаларда, ҳисоблашлар қилиб, уларга тақлид қиладилар. Шунинг учун хам биз ўтган олимларнинг астролябияни ясалиши ва амалда ишлатилиши билан боғлиқ фаолиятларнинг аслида тўғри эканлигини исботлаш мақсадида ушбу рисолани ёздик," - деб ўқтиради асар сўз бошисида олим.
Мазкур асар сўз боши ва етти бобдан иборат бўлиб, унинг биринчи, учинчи боблари, астролобия асбобининг асоси ҳисобланган стереографик проекциялашнинг умумий назариясига ҳамда осмон сферасининг олам қутбларидан туриб астролябия текислигига проекциялаш масалаларига бағишланган.
Рисоланинг тўртинчи – асосий боби астролябия ясаш учун зарур бўлган маълумотлар жадвалларини ўзида акс қилган. Хусусан бу бобда астролобия текислигида проекцияланган суткалик параллелларнинг (осмон экваторига параллел айланалар) радиусларини, ёриткичларнинг координаталари–астрономик узунламаси, тўғри чиқишлари орасидаги боғланиш формуласидан олинган маълумотларни, ҳамда энг ёруғ юлдузларнинг жадвалларини ўзида акс эттирган. Бу жадвалларда келтирилган маълумотлар асосида, осмон сферасининг асосий нуқта, чизиқ ва айланалари астролябия текислигида қандай акс эттирилиши рисолада тушунарли баён қилинган.
Асарнинг бешинчи ва олтинчи боблари, шимолий ва жанубий астролябил ясаш бўйича маслахатлар, жумладан унинг «ўргимчаги» (паук) ни ясаш ҳақида тушунча беради. «Ўргимчак» астролябиянинг юза қисмига жойлаштирилган қўзғалувчи доира диск бўлиб, унда суткалик ҳаракати туфайли ўз вазиятини ўзгартириб берадиган эклиптика (Қуёшнинг йиллик кўринма ҳаракат йўли) текислиги ва қўзғалмас юлдузларнинг энг равшанларининг ҳолатлари акс эттирилади.
Рисоланинг энг сўнгги еттинчи бобида эса, осмон сферасининг проекциясининг олам қутбидан эмас, балки Олам ўқининг ихтиёрий нуқтасидан бажарилаётгандаги холлар баён қилинган. Хусусан бунда осмон сферасининг айланаларининнг проекцияси айлана кўринишида эмас, балки марказлари бир тўғри чизиқда ётувчи эллипсларнинг қўринишларини олиши тушунтирилади. Ал-Фарғонийнинг «Астролябия ясаш ҳақида» ги рисоласи, ўрта аср шарқида борлиқни геометрик акс эттириш назариясини ривожлантиришда мухим роль ўйнаган асарлардан ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, юртдошимиз Аҳмад ал-Фарғонийнинг бу асарлари орқали бизгача етиб келган илмий мероси, у ўз замонасининг буюк олимларидан бўлганлигини маълум қилиб, ўрта аср Ўрта Осий олимлари ичида эса, биринчи машҳур астроном бўлган дейиш учун тўла асос беради.



Download 415 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   27




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling