Азизлар инсоният жавоҳирлари ҳисобланган тарихий обидаларимиз Чор мустамлакачилиги вақтида миллий тарихимизни йўқотиш мақсадида эътиборсиз қолдирилди, уларнинг асрий кошинлари шилиб олиниб дунё музейларига сотилди
Download 18.43 Kb.
|
бахром ирзаев
Азизлар инсоният жавоҳирлари ҳисобланган тарихий обидаларимиз Чор мустамлакачилиги вақтида миллий тарихимизни йўқотиш мақсадида эътиборсиз қолдирилди, уларнинг асрий кошинлари шилиб олиниб дунё музейларига сотилди. Шўролар даврида эса гўёки “илмий археологик тадқиқ этиш” ва “муҳофазалаш” баҳонасида қастдан харобага айлантирилди. Аслида эса улар қандайдир хазина ва дафиналарни қидирдилар. Биргина Самарқандда 1920 йил 8 июндаги Вяткин ва Кастаньелар қарори билан 20 та кетмон, 10 та бел, 2 лом, 4 теша, 10 пақир, 100 аршин ип, 4 ғалтак, 2 та кирка билан қуролланган 20 нафар ишчи ишга туширилди (ЎзР МА. Ф. Р-394 – фонд, 1-йиғма жилд, 3-иш, 43-бет.). 1920 йил октябрда Д.И.Нечкин, акад., В.В.Бартольд, проф., А.Э.Шмидтлар раҳбарлиги ва кўрсатмаси асосида ташкил этилган “археологик” қазув ишларида 20-25 кишилик гуруҳлар бир бирига халақит бермаслиги учун турли жойларда иш бошладилар (ЎзР МА. Ф. Р-394 – фонд, 1-йиғма жилд, 3-иш, 309-310 бетлар). Советча муҳофаза шу тарзда аёвсиз олиб борилди. Қора ишчилар орасида маҳбуслар жуда кўп эди ва улар кечаю кундуз ишладилар (ЎзР МА. Ф. Р-394 – фонд, 1-йиғма жилд, 3-иш, 44-бет). Натижада бинолар бунёд этилганида усталар томонидан қурилган сув қочириш тизими бутунлай вайрон бўлиб, иморатлар тезда зах тортадиган бўлиб қолди. 1939 йил 1 апрелдан Самкомстарис Бибихонимни йилига 12498 сўм (савдо дўконлари, фото, қизил чойхона, этикдўз хоналари)га, Улуғбек мадрасасини фотография уйига – 3300, Шердор мадрасасини фотостудияга – 980 сўм, Тиллакори мадрасасини рассомлар уюшмасига - 360 сўмга, Чорсу тикув артели, дўконлар, этикдўз, тамаддихонага-18573 сўмга, Хўжа Аҳрор мажмуасини мактаб ва тикув устахонасига йилига 5688 сўмга, жами 41399 сўмга ижарага беради (ЎзР МА. Ф. Р-394 – фонд, 1-йиғма жилд, 222-иш, 45-бет). Аксар совет идоралари, ишлаб чиқариш корхоналари, ички Россия шаҳарларидан кўчириб келтирилган ишчилар ҳам мадраса, масжид ва хонақоҳларга кўчиб кирди. Айримлари омборларга айлантирилди. Аҳоли қишда кўмир ва ўтин билан таъминланмаганлиги учун қадимий масжид ва мадрасалар ҳовлисидаги сўлим ҳовузлар атрофларидаги қадимий тут, чинорларни исиниш учун қирқиб ёқиб юбордилар. Кейинроқ эса масжид, мадраса ҳужраларнинг ғиштларидан шўро қурилиши учун ҳам фойдаланилди. Шаҳарларнинг қадимий тароватидан асар ҳам қолмади. Шу ўринда ўзим суҳбатлашган самарқандлик машҳур уста Миршамси ҳожи Сайфиевга қулоқ тутинг: “устоз усталардан эшитган эдим, советлар ҳукуматининг илк йилларида ҳақиқатан Самарқанд шаҳрининг қадимий ўринларида маҳаллий халқ назаридан узоқ ҳолда жуда катта кўламда қазув ишларини олиб боришган экан. Уларнинг айтишича Ишратхона мақбарасидан узоқ бўлмаган ерда “археолог”лар катта миқдорда хазина топган ва уни кун бўйи бир неча аравада устига латталар ёпилган ҳолда қуролли ҳарбийлар назорати остида қаергадир ташиган эканлар. Ўзим Соҳибқирон Амир Темурнинг сингиллари Ширинбека оқа мақбараси ёнида ишлаётган эдим. Шу пайт бир киши шошиб келди ва қўлида ҳужжатини кўрсатиб, ўзини археолог деб таништирди. Ёнида ҳарбий кийимда яна бир икки киши ҳам бор эди. Улар ҳеч кимнинг халақит бермаслигини тайинлаб қадимий қабрларнинг бирини ковлай бошладилар. Биз ўз ишимиз билан оввора эдик. Бир пайт бояги кишилар латтага ўралган нималарнидир олиб тезлик билан кетишдилар. Шу пайт устам, пастга тушиб қабрни тўғрилаб қўйгин, улар ҳамма нарсани ёйиб ташлаб кетишади, дедилар. Мен мақбарага кирсам, қабр деярли очиқ ҳолда қолдирилган эди. Пала-партиш қазилганидан қабр тошлардаги нодир ёзувлар зарарланган, майитнинг суяклари сочилиб ётарди. Улар шунчалик эски эканлигидан мўрт бир ҳолга келиб қолганди. Ҳатто, маликанинг узун сочларни ўрнига қўяётганимда икки учидан шишадек чирс-чирс синиб тушарди. Мен авайлаб барчасини жой-жойига қўйдим. Гувоҳи бўлдимки, четроқда кичикроқ бир узук тушиб ётарди. Демак, у замонларда маликалар айрим қимматбаҳо тақинчоқлари билан кўмилган эканлар. “Археолог”ларнинг асосий дарди эса менга маълум бўлди”... Аслида бугунги постим умуман бошқа нарса ҳақида эди. Хуллас, ҳозирги Қирғизистоннинг Қизилқия туманидаги пурвиқор тоғлари бағрида бир вақтлар қадимий Олтин Мозор қишлоғи жойлашган эди. Элнинг хотирасига кўра бу ерда Найман хони Кучлиқхоннинг ёзги қароргоҳи бўлган. Чингизхон билан жангда мағлубиятга учраган Кучликхон ўз хазинасини шу ерга яширган экан. Бу атроф қишлоқларда ҳамон найман уруғи вакиллари истиқомат қилади. Айтишларича, 1930 йилнинг ёзида қишлоқда ўзларини Помир геология қидирув илмий экспедицияси гуруҳи деб таништирган кимсалар иш бошлайди. Гуруҳга оддий ишчи бўлиб кирган Худойназар Темуров уларнинг “илмий экспедиция”сининг асл мақсади Кучлукхоннинг хазинаси эканлигини англаб қолади. Аввалига Худойназар Темуров уларни тинч йўл билан ниятларидан қайтаришга ҳаракат қилади. Экспедиция раҳбари Сумин бўлса уни ишдан четлаштирган ҳолда билганидан қолмайди. Шундан сўнг Худойназар Темуров уруғ оқсоқоллари билан маслаҳатлашган ҳолда ўзи курашга киришади. Бир неча бор “олим”ларнинг дафинага яқинлашиши билан ҳужумга ўтади ва қишлоқ аҳлининг қаҳрамонига айланади. Экспедиция раҳбари эса ГПУга хабар бериб бу воқеалардан хабари бўлган барчани қамоққа олдириб ҳаммасини Тошкентга йўллайди. Қишлоқни эса бутунлай вайронага айлантириб халқини турли ҳудудларга тарқатиб юборади. Иш билан танишар эканман юқоридаги тарихий шаҳарларимизда олиб борилган советча “илмий тадқиқот”лар ёдимга тушди. Айнан Мусо Сайиджонов, Низомиддин Хўжаев каби олим боболаримиз ҳам миллий қадриятларимиз бўлган тарихий обидаларимизга нисбатан советларнинг варварча муносабатига қарши чиққани учун маҳв этилган эди. Хуллас ўзининг тарихий қадриятларининг талон тарож этилишига қарши чиқиб шўро жаллодлари томонидан йўқ қилинган Худойназар Темуров бошчилигидаги жабрдийда бовурларимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан оқланиши ҳар жиҳатдан тарихий адолатнинг қарор топиши бўлар эди. Қолаверса, Муҳаммад Аминбек, Шермуҳаммадбек, Омон паҳлавон, Ислом паҳлавон, Раҳмонқулибеклар йигитлари сафида Туркистон озодлиги йўлида шаҳид бўлиб муқаддас Ватанимиз тупроғида қолган қирғиз қардошларимиз арвоҳига ҳам миннатдорлигимиз рамзи бўларди. Бош прокуратурадаги масъул зотлардан мазкур иш юзасидан ижобий хулосаларини интизорлик билан кутиб қоламиз. Бу фикрга Сиз нима дейсиз. Қуйида ишнинг қисқача мазмуни ва қаҳрамонлари суратларидан жойлайман. Энг қизиғи ишда қанчадир одамнинг ўлдирилгани даъво қилинади. Аммо, уларнинг на исми шарифи на айбланувчилардан айбдорлигини исботловчи ашёвий далиллар келтирилмайди. БЎТАЁР АМИРОВ ВА БОШҚАЛАР. 1930 йил 9 июл куни тонгда Қирғизистоннинг Қизилқия тумани Жарғучак қишлоғидаги Помир геология қидирув илмий экспедицияси лагерига номаълум гуруҳ ҳужум қилиб, экспедициянинг 2 одамини ўлдирган ва 4 та винтовка, 1 та наган қуролини олиб кетган. Кейинроқ экспедиция раҳбари ўринбосари Сумин Николай Григоревични 4 одами билан Терсачар девонидан Олой водийсига ўтаётганда яна ҳужумга учраган. Гуруҳ аъзоларининг пулларини тортиб олишган, Суминнинг ўзи оғир ярадор бўлган. 1930 йил 16 июлда Юдин гуруҳига ҳам ҳужум бўлиб, икки киши ўлдирилган винтовкалари тортиб олинган. Шундан сўнг экспедиция Тошкентга ГПУга ёрдам сўраб чиққан. ГПУ ишга киришиб экспедицияда ишлаб кейин гумон билан ҳайдалган Худойназар Темуров, Ярмат Игамбердиевлар бошлиқ 13 кишини гумонланувчи сифатида зудлик билан қамоққа олади. 1930 йил 2 август куни сўроққа тортилган Помир экспедицияси бошлиғи ўринбосари, геолог Сумин: гуруҳнинг 8 нафар аъзоси Ленинграддан, Фарғонадан 7 нафар ишчи олингани, ҳужумда 3 нафари ҳалок бўлганини ва ҳужумдан сўнг Олойда ўзлари доимо гўшт, сут, ёғ олиб юрган қирғиз манопларидан Саидназаровга дуч келганини айтади. 1930 йил 5 сентябрга келиб ҳибсга олинганлар сони 40 нафарга, 19 сентябрда 46 нафарга етди. Муттасил жисмоний қийноқлар остида олиб борилган сўроқлардан сўнг уларнинг 36 нафари айбдор деб топилди. Ишга янада кучлироқ сиёсий тус бериш ниятида Худойназар Темиров Афғонистондан келган Фузайл махсум таъсирида экспедиция вакилларининг қуролларини тортиб олиб 30 одамни қуроллантириб Афғонистонга Иброҳимбек лақай қўшинига қўшилишни ният қилган. Шу мақсадда Олтин мозорлик Қорақул Нуровнинг уйида йиғилган ва қўй сўйиб Муҳаммад Али тўқсабо ва Хидирали тўқсабо Ибрагимовлар ҳам уларга фотиҳа берган деган уйдирмани ўйлаб топадилар. 1930 йил 3 октябрь куни Тошкентда Шарқ бўлими ОГПУ 4-бўлими Муртазин имзолаган қарорда Абдурахмон Саид Назаров, Носир Қарақулов, Мирза Аҳмед Тохтаров, Бўтаёр Амиров, Назир Эгамбердиев, Шамсиддин Шарипов, Камар Мансуров каби ҳибсга олинганлардан ягона аксилинқилобий жиноий гуруҳ тузиб, барчаси ЎзССР ЖКнинг 78-моддаси билан малакаланади. Айблов баённомасида эса жиноий гуруҳ 9 нафар экспедиция аъзосини ўлдиргани қайд этилган. 1931 йил 30 январь куни машъум “учлик” 36 одамнинг 6 нафарини отувга, 14 нафарини 10 йилдан, 1 нафарини 8 йил, 10 нафарини 5 йилдан, 4 нафарини 3 йилдан концлагерга ҳукм қилади. Бир кишини 10 йилга Свердлов вилоятига сургунга буюради... 1963 йил 5 сентябрь санаси билан Жўра Тохтаровнинг ўғли Саид Жўраев Ўш вилояти прокурорига ариза ёзиб отасининг 3 йилга ҳукм қилиниб изсиз кетганини ва қатағон қурбони бўлганини маълум қилади. Шундан сўнг иш 1963 йил 30 октябрда иш КирССР КГБ А.Кутманалиев сўрови билан Тошкентдан олиниб, 1963 йил 28 ноябрь КирССР Бош прокурори протести асосида иш Олий судга юборилади. 1963 йил 10 декабрь КирССР Олий суди томонидан фақатгина Жўра Тохтаров номи оқланади. Download 18.43 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling